СУДНИНГ НАВБАТДАГИ ҚЎҒИРЧОҚ ТЕАТРИ БОШЛАНДИ

   Ёдингизда бўлса, “Ҳақ гап учун ҳукуматдан ҳадя” сарловҳали  хабаримизда интернет сайтларида чоп этилган “Пластик чўнтакка зарар бўлаяпти”  мақола муаллиф, Бирдамлик Халқ Ҳаракати Жиззах вилоят бўлими раҳбари Саида Қурбоновага нисбатан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 139-моддаси, 2-банди билан жиноят иши қўзғатилганлиги ҳақида хабар бергандик.

         Муаллифнинг мақоласида Ўзбекистонда жорий этилган пластик карточкаларининг аҳоли ҳамёнига кони зазар бўлаётганлиги  танқид остига олинган эди. Буни қарангки, айни шу кеча кундузда Ҳукумат Саида Қурбонованинг ушбу ҳақ гапи учун муаллифга  ҳадя бериш жараёнини бошлаб юборди. Афтидан бундай  ҳаракати орқали Ҳукмат муқаддас Қурбон ҳайити арафасида С. Қурбоновани шу тақлид қизғин қутламоқни қўзда тутган кўринади.

            Бугун, 4 ноябрь куни Саида Қурбонованинг “жиноий иши” юзасидан Жиноят ишлари бўйича Мирзачўл (олдинги Гагарин) туман суди, аниқроғи қўғирчоқ театри  иш бошлади. Одатдагидек, суд деб аталмиш текин томошанинг илк мажлисида жавобгар ва даъвогарларга сўз берилди. Даъвогар Раъно Бобокаримова  “Мен ҳақиқатдан ҳам туман тўғриқхонасидаги суҳбатда пластикага ун ололмаётганлигим ҳақида айтгандим” дея тасдиқлади. Бироқ у судда Саида Қурбонова “менга туҳмат қилди, ҳақоратлади, шаънимга тегди, унга жазо беришингизни сўрайман” деган жумлаларни баён қилган эмас. Даъвогарнинг бу каби мужмал кўрсатмаси “режа”сини бузиб қўйишидан ҳадиксираган театр режиссёри – судья Маҳбуба Абдуазимава “Фуқаро Бобокаримова, айтингчи, сиз мазкур сўзларингизни матбуотда эълон этилишини жавобгар  Қурбоновадан сўраганмидингиз?”. Табиийки, бу саволга йўқ деган жавобни олган судья ҳавотирни четга суриб, енгил тин олди.  Жавобгар Саида Қурбонова эса “Ҳурматли судья, мен “Пластик чўнтакка зарар бўлаяпти” деган мақолам билан ҳеч кимни ҳақорат қилмаганман. Шахсиятига ҳам тегмаганман. Бу мақоладаги сатрларда туҳмат ҳам йўқ. Фақат ҳақиқат бор. Ишга қонуний баҳо беришингизни сўрайман” дея  суд саҳнасида ҳозир бўлган дирижёру рижессёрларга  тушунтиришга уринди.

        Минг надомат билан айтиш жоизки, мазкур томошага жавобгарнинг ҳимоячиси ташриф буюрмади.

        – Адвокатимнинг нима учун келмаганига ўзим ҳам ҳайронман, – дейди С. Қурбонова биз билан бўлган суҳбатда.

            Шу алфозда суд томошасининг биринчи қисми ниҳоясига етди.

          Маълумот ўрнида эслатиб ўтамиз, Жиноят ишлари бўйича Мирзачўл туман судининг мазкур сайёр томошаси  Жиноят ишлари бўйича Пахтакор туман суди биносида бўлиб ўтди. Кўп пардали мазкур томошанинг давоми 7 ноябрь куни жиноят ишлари бўйича Мирзачўл туман суди биносида бўлиши режалаштирлиган. Суд театрининг томошасига марҳамат.

 Бирдамлик Халқ Ҳаракати Ўзбекистон бўлими раҳбари Малоҳат Эшонқулова

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares