“Ozodlik” радиосининг ўзбек хизмати эшиттиришлари ва “Harakat.net” интернет сайти берган хабарлар асосида шу йилнинг 1 ноябрь – сешанба куни электр энергияси ва табиий газ берилмаётганидан норози бўлган Жиззах вилояти, Пахтакор тумани Навбаҳор жамоа хўжалигининг Чаманзор қишлоғида истиқомат қилувчи 60 нафарга яқин аёллар ғалаён кўтариб кўчага отланганидан хабарингиз бор.
Гап шундаки, шусиз ҳам қишлоқда, пахта-ю пилла, бўйдойу полиз етиштиришнинг машаққатли, айтиш мумкин бўлса, қора меҳнатида товонлари ёрилиб, қўллари қавариб, ой юзини офтоб урган аёлларга жудаям қийин. Буни қадди букилиб минг бир чаноқлардан пахта терган, буғдой, пилланинг “план”и учун жонини берган, бундай оғир менҳнатларни кўрган, бошидан ўтказган одамгина билади. Тасаввур қилинг, қуёш уфқ деб аталмиш болишига бош қўйганига анчагина бўлган бир пайтда кун бўйи эгатларга минг бир марта эгилгани камлик қилганидек, 100-150 килограмм пахта қопларини ортмоқлайвериб, беллари букилган, ғўза чаноқлари оппоқ билакларини беаёв тилган аёл оёғини зўрға судраб даласини тарк этади. Бир кунлик тирикчилик ташвиши, йўқ, азоби, изтироби шу билан тугай қолса, кошки эди. Йўқ-да. У шўрликни ҳали уйида қора қозони кутаяпти. Жўжа бирдек жон ахир. “Бир товуққа ҳам дон, ҳам сув керак” деганларидек, болаларининг оғзига иссиқ тутиш учун таом ҳам тайёрлаши керак ҳали. Оз бўлса-да, шароит бўлса-ку, ўзбекнинг аёли чарчамайди, чарчаш нима билмайди. Унинг сўз бойлигида “чарчоқ”, “толмоқ” деган сўзгинанинг ўзи йўқ, ҳатто. Бироқ хориб уйга қатган аёлнинг кўнгли электр чироғисиз қоп-қоронғу уйдан-да зимистон бўлиб кетади. Таом тайёрлашга тараддуд кўриш учун хира шам ёруғида қийналиб бўлса-да, қидирганларини топади. Ана энди топган-тутганини қозонга ташлаши, егулик тайёрлаши керак. Шундай бир пайтда табиий газнинг ловуллаб туришини кўриш ўзбек аёлининг, ҳа, қишлоқ аёлининг орзуси, аниқроғи, ушалмас армони. “Юрай деса йўл калта, чўзай деса, қўл калта”, нима қилсин бу шўрликлар, ахир. Ноилож қолган аёл ғўзапояни ўчоққа қалайди. Кун бўйи эзилиб ёққан ёмғирдан намиқиб кетган эмасми, у ўлгир ҳам ҳа деганда ҳил олай демайди, аввалига, обдон буруқсиб, узоқ тутайди. Чор-атрофни қоп-қора тутуннинг қўланса ҳиди тутиб кетади. Бошида пиёзнинг аччиғи ёшларини шашқатор қилган бўлса, ана энди қора тутуннинг бадбўйидан кўзлари ачишган аёл ўт олдириш учун қозон тагига, ўчоққа бош суқиб, бор кучи билан пуфлайди: “Пуф, пуф, пуф”… Қарабсизки, қозондаги овқатга ҳам, аёлининг нафақат эгни-боши, ҳатто бутун вужудига тутуннинг қўланса ҳиди сингиб кетади… Аёл шўрлик ит азобда таом тайёрлаб бўлганида, дастурхонга келтирганида, совуқдан жунжиккан гўдаклари кўрпачага бурканганча оч-наҳор ухлаб қолган бўлади. Бу каби кўргуликлардан аёл асабий, эр ҳамиша тажанг… Қишлоқ аёлининг бу каби азобларидан изтиробланган само ҳам кўз ёш қилаётгандек гуё, аксига олиб, ёмғир узоқ ёғади, тинмайди, тинай демайди… Қишлоқ аёлининг бир кунини оз бўлса-да тасаввур қилдингизми, қила олдингизми? Ё раб, ёқа тутасан. Бу ҳолат менга йигирманчи асрнинг бошларини эслатади, э, воҳ, қайси замонда яшаяпмиз ўзи?! Бироқ, илож қанча, яшаш керак. Яшаш учун кураш деб мана шунга айтсалар керак-да….
1 ноябрь куни Пахтакор тумани, Навбаҳор жамоа хўжалигининг Чаманзор ( аслида Чаманзор эмас, азобзор, уқубатзор деб аталиши керак бу қишлоқ!) қишлоғида яшовчи аёлларнинг бу азиятлардан сабр косалари лиммо-лим бўлди, тўлди, тўкилди. Ҳамма нарсанинг ҳам чегараси бор, ахир. Улар Давлатдан, Ҳукуматдан фаровонлик, аниқроғи, газ ва свет сўраб, оёққа қалқиди. Ҳақсизлик ва ҳақоратлардан паймонаси тўлган аёллар “Чаманзор” қишлоқ фуқаролар йиғини биноси олдида тўпланишди. Қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Товбой ака Самиев қарасаки, аҳвол чатоқ. Ғазаб отини эгаллаган аёлларни тарқатиб, тинчитиб бўлмайдиган.
– Тинчланинглар, талабларингизни қондириш учун мен ҳозир ҳокимиятдан, туман газ ва электр тармоғидан одам чақираман, – деди Самиев коловланиб, кейин тегишли жойларга қўнғироқ қилишга тушиб кетди.
Бироқ, не ажабки, на ҳокимиятдан ва на газ ва электр тармоқларидан бирор бир зоғ келмади, келай демади. Ё ғазабланган аёлларни назар-писанд қилишмади, ва ё улар қаршисида кўринишдан қўрқишди, янаям ким билади дейсиз?
Аммо зум ўтмай ҳозиру нозир бўлган ички ишлар формасидаги тўрт нафар кишидан бири ўзини туман ИИБ бошлиқ муовини деб таништирди-ю. Аммо исм-шарифини айтмади, ё айтгиси келмади.
Аввалига у аёлларни қўрқитиб қўйиш учун гапни пўписадан бошлади:
– Бу нима қилганларинг? Бутун бир вилоятнинг қаерида газ ё доимий свет борки, Пахтакорда бўлади. Яхшиликча, тезда тарқалинг. Газ ҳам, свет ҳам ремонт! Йўқса, барчангизга “Сичқоннинг инини минг тангга қиламан” ҳали. Уйларингизни битта-битта тинтиб чиқаман, текширувдан ўтказаман. Илгариги замон бўлганида-ку, аёллар лом-лим демай, тарқалишган бўлармиди? Бироқ, бу гал аёллар ҳам бўш келмади:
– Бизни қўрқитадиган замонлар ўтиб кетган. Нима, Ҳукуматга халқ керак эмасми? Яхшиси, бизнинг талабимизни қондиринглар, аҳолига газ, свет беринглар, йўқса, ҳозироқ катта трасса йўлга чиқиб, ундаги ҳаракатни тўсиб қўямиз! Қачон газ, свет сўрасак, таъмирда дейсизлар. Шусиз ҳам йил бўйи газ бўлмади. Уч ой ёзда ремонт қилмай, нима қилдинглар, бизни алдайман, аврайман деб овора бўлманг! – дейишди аёллар бир овоздан.
Ўзини туман ИИБ бошлиғининг ўрибосари деб таништирган кимса, қараса, дўқ билан тиши ўтмайдиган, кейин ноилож муроса-ю мадора йўлига ўтди:
– Яхши, тинчланинг, ҳозироқ айтаман, газ ҳам, свет ҳам бўлади, – деди у бир қадам ортга чекиниб.
Гарчи ёмғир челаклаб қуяётган бўлса-да, аёллар уйларига тарқалишни хаёллларига ҳам келтиришмасди. Ғалаёнчиларнинг қаттиқ талаблари туфайли кўп ўтмай қишлоққа электр энергияси келди.
– То жума кунига қадар кутамиз. Агар то шу кунгача газ берилмаса, биз ўша куни кўпчилик бўлиб яна кўчага чиқамиз, йўлни тўсиб қўямиз, – дея шарт қўйишди аёллар. Вакилнинг ваъдасини олгачгина аҳоли аста-секин тарқалди.
Кечга бориб қишлоқларга табиий газ келди.
– Ўша куни свет келди. Бироқ туман ИИБ бошлиғининг муовини кетиши билан, кўп ўтмай, яна узиб қўйишди. Лекин кечга бориб газ берилди. Бироқ, биласизми, номигагина газ бор холос. Шунчалик паст ёнадики, унда овқат пишириш амримаҳол. Чой қўйсангиз бир, бир ярим соатларда зўрға қайнайди. Агар ишонсангиз, берилаётган газни ёқсак, ҳатто газ ҳисоблагич ҳам айланмайди, ишламайди. Лекин аҳоли шунисига ҳам шукур қилмодқа, – дейди мазкур ғалаён иштирокчиси, “Бирдамлик” Халқ Ҳаракати Жиззах вилоят бўлими раҳбари Саида Қурбонова, – Электр токи эса ҳар доимгидек, бир кунда 3-4 соат берилади, холос. Эй, майли. Биз светдан кўра, газга кўпроқ муҳтожмиз. Чунки светда чой қайнатолмаймиз, электр бизга жуда қимматлик қилади. Газ эса светга қараганда ҳарҳолда арзон. Халқ газимизнинг борми-йўқми бўлиб ёнаётганидан ҳам хурсанд, терисига сиғмайди. Шунинг учун энди 4 ноябрь куни аёлларимиз газ, свет сўраб, норозилик намойишига чиқишмайди.
Саида опанинг сўзларини тингларканман, ўйлайман: Хўп, Пахтакорлик аёллар эътибор ва адолат истаб, қисман бўлса-да муддаоларига эришишди, гарчи шаҳамдек ҳил бермаса-да, хонадонларда табиий газлари бор энди. Аммо газ ва электр энергиясининг муаммоси бу – биргина Жиззах вилоятига, ёинки Пахтакор туманигагина хос эмас, бу оғриқ Республикамизнинг барча ҳудудларини қамраб олиб, маддалаб ётибди. Шундай экан, хўш, у ҳолда, Водийда, Қашқадарё-Сурхандарё воҳасида, ёинки Самарқанду Бухорода, умуман олганда, Ўзбекистоннинг чекка туманларида яшовчи аҳоличи? Остона ҳатлаётган бу қоронғу қишда газсиз, электр энергиясисиз уларнинг ҳоли не кечаркин? Қандай умргузорлик қиларкин? Яна ва яна жаҳаннам азобини кўрасизми, шунга кўнасизми, қачонгача, юртдошларим, айтинг ахир?!
Малоҳат
Бирдамлик Халқ Ҳаракати Ўзбекистон бўлими матбуот маркази