ҲАҚ ГАП УЧУН ҲУКУМАТДАН “ҲАДЯ”

Биз ҳар куни ҳаётни кузатамиз. Ундан нималарнидир ўрганамиз, хато-камчиликларимиздан хулоса чиқарамиз, ютуқларимиздан қувонамиз. Ҳа, инсон худди шундай умргузорлик қилади. Дўстим, сиз сиёсат ва иқтисодни бир четга суриб қўйингда, оддий бир инсон, ҳаётни синчоков кузатаётган бир шахс сифатида виждонан айтингчи, Ўзбекистонда жорий этилган пластик карточкалар кутилган натижани бердими, бераяптими? Бир сўз билан айтганда пластика тизими фуқароларимизга фойда бўлаяптими, ё зарар бераяптими? Адашмасам, Худони танийдиган, имонли одам бу сўровимизга бир сўз билан йўқ деб жавоб берган бўларди. Тўғрими? Нега? Назаримизда, пластик карточкани ҳаётга тадбиқ этмасдан туриб, аввало, унинг тизимини ишлаб чиқиш лозим эди. Энг аввало узоқ вилоят, туман ва қишлоқлардаги мавжуд нафақат дўконларга, барча деҳқон бозорларига ҳам пластик карточкалар билан ишловчи “терминал” деб аталувчи матоҳни ўрнатиш ва унинг мунтазам ишлаши, аҳолига хизмат кўрсатишини таъминлашга эришиш лозим эди. Биз нима қилдик. Томдан тараша тушгандек шарта пластикни жорий қилдик, қўйдик. Буни биров тушуниб, биров тушунмай қолди. Нега бунча шошилдик? Назаримизда, бу борада ҳукумат халқни ўйлаган эмас, аксинча, нақд пул тушуми муаммосини бартараф этишга уринган эди, холос. Бундай бедодликнинг товонини эса мана, бир неча йилдирки, яна мазлум халқимиз тортгандан тортиб ётибди.

Гап шундаки, ишчи-хизматчиларнинг ҳар бир ойлик маошларидан шусиз ҳам “отнинг калласидек” “налог” (солиқ) олиб қолиниши аниқ. Кейинги пайтларда эса, бу каби ўлпонларга қўшимча электр энергияси ва табиий газ учун тўғридан тўғри ойлик маошидан ушлаб қолиш, электр ва газ таъминоти ҳисоб рақамига ўтказиш урф бўлди. Эй, нимасини айтасиз, калтак дегани доимо шу омманинг бошида синаракан-да. Бу кўргуликлар камлик қилганидек, ҳали айтиб ўтганимиздек, кейинги йилларда ойлик нақд пул ўрнига “пластик” деган бало чиқди. Аммо тан олиб айтиш керак, аслида, пластик карточкалар зўр ва қулай матоҳ, йўғ-э, восита демоқчи эдим. Агар барча савдо шаҳобчалари унга амал қилса, мамлакатда пластик карточкалар билан муомала тўғри йўлга қўйилган бўлса, албатта. Бироқ бизда пластик деса, ҳамманинг лабидан учуқ тошадиган бўлиб қолди. Нега дейсизми? Чунки мамлакатда пластик карточкалари билан ишлайдиган тизимнинг ўзи умуман йўқ ҳисоби. Шу сабабли бечора одамларимиз савдо-сотиқда нақд пул тополмай овора-ю сарсон. Қўли нақд пулни кўрган, нақдининг ҳавосини олган “терминал”ли бойваччалар эса, пластик карточкаларда савдо қилишга рўйхушлик берай демайди. Молининг устига фоиз қўймаса, платикка ҳечам бермайди.

Ўзбекистонда ишчи ва хизматчи аҳоли қарйиб 100 фоиз пластикка ўтган ҳисоби. Бироқ бозорларда пластикка хизмат қилувчи ускуналар ўрнатилмаганлиги боис, аҳоли мева ва полиз маҳсулотларини харид қилиш бахтидан бебаҳра. Бу бедодликка барҳам бериш йўлини қидирган аҳоли эса пластикдаги пулларини гарчи фоизга бўлса-да нақдига алмаштириб олишга мажбур. Бу жараён бошида 5 фоиз эди, аҳолининг эҳтиёжига кўра нархлар мисли кўрилмаган даражада ўсди. Айни дамда 20 фоиз. Бу – пластигингиздаги 100 минг сўмдан 20 минг суми ҳавога совурилди, осмонга учди дегани. У ҳолда аҳоли ойлик маошларини пластикка ўтказиш учун нечун рози бўлишган дерсиз? Ўзбекистон шароитида бу саволни бериш мутлақо ўринсиз. Нега? Негаки, бу каби ҳукумат тадбирлари оммавий равишда ўтказилади. Ходимдан, оддий фуқародан истак-ҳоҳишини сўраб ҳам ўтиришмайди. Ҳар бир ташкилот раҳбари ходим олдига бир парча оқ қоғоз ва пластикка ўтказиш ҳақидаги ариза матнини қўяди. Бу буйруқ! Уни кўчириб, имзо қўйишга ҳамма мажбур. Қани, кўрсатмага амал қилмай, буйруққа бўйсунмай ҳам кўришсинчи, бир зумда ишсизлар сафидан жой олишади. Ана шунақа…. Ҳа, нимасини айтасиз, бу пластик деган матоҳнинг дастидан кейинги пайтда ҳамюртларимиз минг бир ранж, алам билан умргузорлик қилишмоқда. Буни билмайсизми? Ватандаги бу манзара барчангизга ойнадек равшан. Гап шундаки, мана шу ҳамма билган ҳақиқатни айтгани, ёзгани, сайтда эълон қилгани, ҳалқ ғамини еб, эл ҳолига куйгани, куйингани учун айни шу кеча кундузда Саида опа Қурбоновага ҳукумат томонидан “туҳфа” тортиқ қилинмоқда.

Хабарингиз бўлса, шу йилнинг бошларида “Бирдамлик” Халқ Ҳаракати сайтида Жиззах вилояти Папхтакор туманида истақомат қилувчи фаолимиз Саида Қурбонованинг “Пластик чўнтакка зарар бўлаяпти” сарлоҳали мақоласи чоп этилганди. Содда тилда баён қилинган мақолага кўз югуртирган киши унда Ўзбекистонимизнинг нақафат Пахтакор туманида, балки барча ҳудудида ҳар куни содир бўлаётган ҳолат, айтиш мумкин бўлса, фуқароларни ташвишга солаётган, қийнаётган пластик билан боғлиқ одатий бўлиб қолган муаммолар тилга олинганига гувоҳ бўлиши табиий.

Э, бу ота-боболаримиз кўп доно бўлишган экан-да: “Тўғри гап туққанингга ёқмайди” деб хўп топиб айтишган экан. Буни қарангки, Саида Қурбонованинг пластик борасида айтган тўғри гапи ҳукуматнинг бошига тўқмоқ бўлиб тушибди. Акс ҳолда бугунги кунда Саида опа терговма-тергов бўзчининг мокисидек қатнармиди?

– Пластик ҳақидаги ўша хабарим чиққанидан кейин ҳаял ўтмай, яъни йил бошларидаёқ тергов ҳаракатлари бошланган эди. Кейин Мустақиллик байрами бўлди. Кейин эса пахта терими бошланди. Шу муносабат билан тергов тўхтаб қолганди. Пахта мавсуми тугади-ю, мени яна Пахтакор туман ички ишлар бўлими терговчиси Саидвали Боймуродов чақира бошлади, – дейди Саида Қурбонова куюниб.

С. Қурбонованинг гапларига кўра, “Пластик чўнтакка зарар бўлаяпти” мақоласида тилга олинган туман марказий туғриқхона санитаркаси Раъно Бобокаримова мазкур мақола мазмунидан ўзини таҳқирлаган ҳис қилиб, ҳуқуқ идораларига арз қилган.

– ИИБ терговчиси С. Боймуродов иштирокида Раъно Бобокаримова билан яраштирув бўлди. Тушунмовчиликлар ўртага ташланди. Гарчи пластикка оид хабаримда Раънонинг шаънига тил теккизмаган, ҳақорат ва туҳмат қилмаган, аксинча, бор ҳақиқатни қоғозга тушурган бўлсам-да, ҳатто мен ундан кечирим сўрадим, – дея баён қилади Саида опа телефон орқали биз билан бўлган суҳбатда, – Терговчи ҳузуридан чиққач мен Раъно билан очиқчасига гаплашдим. У “Менга ишим керак, менга тинчлик керак. Мен ҳам бундай кўнгилсизликларни истамайман” деб қолди. Бундан кўриниб турибдики, Раъно Бобокаримова ўз ихтиёри билан менинг устимдан ҳуқуқ идораларига арз қилган эмас. Уни шунга мажбур қилишган. Аслида Раънонинг менга ҳеч бир эътирози, ҳеч қандай даъвоси йўқ.

Саида опанинг гапларидан шуни англаш мумкинки, аслида ҳақиқий даъвогар Раъно эмас, ҳукумат идоралари, аниқроғи, ҳуқуқ-тартибот органлари.

Бироқ, жорий қилган пластик карточкаларни оддий бир фуқаро томонидан танқидга учраган ҳукумат опага қарши тўғридан-тўғри ҳужумга ўтишни ўзига эп кўрмай, пичоқнинг сопини ўзидан чиқаришга уринган, аниқроғи, бир жабрдийдани иккинчи жабрдийда фуқарога қарши қайраш орқали, С. Қурбонованинг попугини пасайтириб қўйишга эришишни мақсад қилган кўринади.

Натижада, С. Қурбонова ҳукумат идораларининг маъмурлари томонидан қўлланилган бундай ҳийла-нарангнинг қурбони бўладиган бўлди. Айни кунда фаолимизга Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 139-моддаси, 2- банди билан жиноий иш қўзғатилган. Мазкур модданинг 2-бандида “Туҳмат қилиш, яъни била туриб бошқа шахсни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиш… Нашр қилиш ёки бошқа усулда кўпайтирилган матнда ёхуд оммавий ахборот воситалари орқали туҳмат қилиш – энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорида жарима, ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, ёхуд уч ойдан олти ойгача қамоқ ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади” деб кўрсатилган.

– Мен бир нарсани тушунмаяпман. Терговчининг ўзи мени Раъно Бобокаримова билан юзлаштирди, бизни яраштирди. Биз ўзаро келишиб олдик. Бу ҳолатдан кейин тегов тўхтатилмайдими? Терговчи эса мени чақиргани-чақирган. Бу борада адвокат маслаҳатига муҳтожлигим бор, – дея зорланади Саида Қурбонова.

Адашмасак, Саида опа энди ё ахлоқ тузатиш иши ва ё бир дунё жарима билан жазоланади. Ахлоқ тузатиш ё қамоқ жазосини билмадигу, аммо опага албатта жарима солиниши тайин деган ўй ўтади кўнгилдан. Бундан муддао не? Ҳақ гапни айтиб ҳайқирган одамни ҳукумат олдида муттаҳам қилиш, қарздор қилиб қўйишми? Мамлакат аҳолисини рўзғор тебратиш, нон топиш, қорин тўйғазиш, оила боқишдек тирикчилик ташвишлари билан бир умр банд қилиб қўйганларидек, адашмасак, Саида опани ҳам жарима тўлашдек муаммо билан ўралаштириб қўйиш кўзда тутилган чоғи. Акс ҳолда Раъно Бобокаримова аризачи сифатида атай ёлланармиди? Ҳўш, жарима ҳам солинди. Кейинчи, кейин нима бўлади дерсиз? Қаранг, 8 декабрь, Конститутция айёми ҳам остона ҳатлаб турибди-ку? Бу йил мустақилликнинг 20 йиллиги муносабати билан “ОЛТИН АМНИСТИЯ” фармони кутилмоқда. Демоқчи бўлганимиз, Саида Қурбоновага ЎзРЖКнинг 139-моддасида кўзда тутилган жиноий жавобгарликни елимлаб ёпиштириш обдон, ҳар томонлама пухта ўйлаб қўйилган қадам, аслида. Йўли, ҳийласи шунақа бўлади ўзи бу ҳукумат деганларининг…. Аввал амалдорлар таъбири билан айтганда “ҳаддидан ошган”, яъни адолат истаган ва ҳақ дея ҳайқиришга чоғланган одамларни қўрқитиб қўйиш учун жиноий ишни туфлаб ёпиштиришади, юракларини ёришади-да, алал оқибат “Мана, ҳукуматнинг отасига раҳмат денг, аминистияга тушдингиз” дейишади. Айбсиз айбдор одамни яна авф ҳам қилиб қўйишади. Назаримизда бу каби салбий ҳолатлар замирида “бағрикенг” ҳукуматга, “валломат” юрт отасига сиғинишга, сажда қилишга даъват бор, янаям аниқроғи, мажбурлаш бор.

Саида опанинг тақдирига оид бу воқеадан қандай хулоса чиқариш мумкин? Қизиқ, қачонгача одамлар ҳақ гапни айтмай, ҳақиқатдан кўз юмиб яшашади? Қачонгача тўғри сўзни айтганлар, ҳукумат тамонидан “тўқмоқ”ланади, турли баҳоналар билан жазога тортилади? Бунинг боиси не? Нима бу? Оммани қўрқув ва ваҳима остида, қуллик ва тобеликда узоқ ушлаб туришга интилиш усулими бу? Билмадим. Айтинг, виждонан айтинг, Саида Қурбонова жазога лойиқ иш қилдими? У ҳақ гапни айтдими, ё туҳмат қилдими? Бир нарса денг, ахир. Модомики, бугун бу каби фожиаларга қарата шу тақлид сукут билан жавоб қиларканмиз, эртага бу каби балолар, ҳақсизликлар сизнинг, бизнинг, барчамизнинг бошимизга, ҳаётимизга соя солиши мумкин.

Ўзбекистон “Бирдамлик” Халқ Ҳаракати Матбуот Маркази.

Малоҳат.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares