Синдирилган велосипед…

Шу йилнинг ёз ойларида уйга, Қашқадарёга бориб келиш насиб қилди. Таъсуротларим орасида мени жуда таъжжуб ва хаяжонга солган ҳаётимизнинг бир шингил воқеаси мени ҳануз қийнаб келади.

Гап шундаки, июль ойларида вилоятимизга президент И.Каримов ташриф буюрди. Келиши ҳақидаги шов-шувлар эса уч кун бурун бошланди. Биринчи кунданоқ эрталаб соат 9 дан 15 га қадар шаҳар ва туман йўллари тақа-тақ ёпилди ва иккинчи куни ҳам шу ҳолат такрорланиб фақат 17 ларда очилди холос. Учинчи кунда эса ваҳималироқ бўлиб, кеч соат 22.30 гача чўзилиб кетди. Шу кунларнинг тафсилотлари ёдимга келади, ўз ишига етиб боролмаган ишчилар, узоқ сафарга отланиб билети қўлида қолиб кетганлар, уқишига етиб боролмаган талабалар, касалини кўришга етиб борлмаганлар, умуман тезкор операция талаб касалларни ҳам рухсат олиб кел деб йўлдан ўтказмаганлари, ёш гўдакнинг велосипедда йўлни билмай кесиб ўтгани учун милиция ходимлари томонидан синдирилган велосипедию, еган калтаклари, Қарши шаҳрида уқийдиган уғил-қиз талаба жиянларимнинг соат 23.00 да уйларига кириб келганлари(чунки транспорт йўқ, 15-17 км масофани чекка йўллар орқали пиёда юришга туғри келган) ва ҳокозолар…  Мана сизга юртбошининг вилоятимизга 3 соатлик ташрифи. Арзирмикин ёш гўдакнинг кўз ёшлари. Еган калтаги учун эмас, синган велосипеди учун, арзирмикан деганимнинг сабаби: мана неча йилдирки энг тоза ва катта газ конлари устида жойлашган Қарши туманида хонадонларда газ йўқ, сув берилмаётганлиги неча йил бўлганини сурасангиз, аҳолининг ҳатто эсида ҳам йўқ бўлса керак, коммунал хўжалик фақат ҳокимият атрофини тозалашу, кимнингдир юқоридан келишини кутиш билан овора. Касалхоналиримизнинг аҳволи эса, алоҳида масала.

Бу рўйхатни ҳали узоқ давом эттирса бўлади, лекин мавзумиздан узоқлашмайлик. Шу ўринда савол туғилади, агар ойдан ойга, йилдан йилга муаммолар камайиш ўрнига кўпайиб бораётган бўлса, ўз кунини ўзи бир аммаллаб кўраетган халқимизга ўз ташрифи билан яна муаммони кўпайтиришми? Ёки сценарийси олдиндан ёзилиб, актёрлари ҳам олдиндан тасдиқланган ўнта қарияю, иккита фермер билан дўстона суҳбатми?

Мақолани ўқиб яна бир президентимизу, ҳукуматни қораловчи чиқибди дейишингиз мумкин, аммо бу аввалом бор ўзимга ўзим савол тариқасида ёзилган юрак нидоси деса ҳам бўлади. Чунки ўзимдан сурайман: -сен нима қилдинг, аҳволни ўзгартириш учун? Туғри гуноҳни бировга юклашдан осони йўқ, ўзинг қандай ҳисса қўшдинг деган савол туғилади доимо. Менинг фикрим, ҳар қандай ҳолатда ҳам бизнинг ўзимиз ҳаракат қилишимиз керак деб ўйлайман.

Жамшид Рахмон.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares