Уйғонур

Ёдгор Обид

Дардларим сочсам самога
тўлғониб осмон уйғонур,
Ҳасратим очсам мабодо
… чўғланиб чўлпон уйғонур.

Ларзага келгай замин ҳам
оқса кўзимдан томчи ёш-
Тебраниб тоғлари ҳарён
бағрида вулқон уйғонур.

Шиддати оҳимни айтдим
оламни айлаб бохабар,
Топса гар бу ҳолдин хабар
ошкор ё пинхон уйғонур.

Англамас дил дардим фақат
кимки жаҳолатга асир,
Ул жаҳолат пажасинда
зулму- бўҳтон уйғонур.

Ҳолатим- ҳолати элдин,
дардларим- дарди Ватан,
Аслида шул ҳам сабаб дил-
қаърида тўфон уйғонур.

Рағбати эл иймон эрса
бошқа йўлга чора йўқ,
Хорлиги ҳаддан зиёда
ҳар дилда исён уйғонур.

Талпинур ул майдон талаб-
олгай адолат ханжарин,
Кўз очар, ғафлатда қолмас,
Келганда имкон уйғонур.

Ўзбекистон қамоқхонасида йигирма йилдан бери азоб чекиб ётган дўстим Мурод Жўра номидан бир шеър

1.
Тиконли симларга қадалган нигоҳ,
Тиконли симларга ўралган тақдир…
… Ўйлар – оғир тугун. Оғриқли сўроқ,
Қадамлар товуши қоришиқ таҳқир…

2.
«Қуёш ботаябди…» «Нима ишинг бор,
Унинг йўли бошқа. Сеники бошқа…»
Шафақ нурларига илашиб ночор-
Тутқун хаёл урар бошини тошга.

3.
Залворли одимлар. Синиқ товушлар.
Кишанбанд эзгулик. Кишанбанд орзу.
Юрак зил тортади. Вужуд увушар.
» Тақдир- шу. Ватан- шу. Эрксиз элинг-шу!»

4.
Туркистон, Туркистон, буюк ҳибсхона,
Ўз элин бағрида банд этган Ватан,
Орзудан бегона. Руҳдан бегона….
Мен-хаста жондирман. Сен-хаста бадан.

5.Хаёлимни бўғар. Бўғзимни бўғар-
Тиконли симларга айланган тақдир.
Фарёдим бағрингга қандайин сиғар-
Сенсиз- мен сағирман. Менсиз- сен сағир.

Тонгги йўқ тун бўлмас. Ноумид- шайтон.
Қалблар талпинади. Тепади юрак.
Талпина- талпина ёғдулар томон-
Нигоҳлар ханжарга айланса керак.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares