6-октябрь куни эрталаб Пахтакор тумани Оқбулоқ хўжалигига икки опам билан бирга фотиҳаликка бордим. Ярим соатлардан кейин қайтдик. Пахтакор щаҳрига кираверишда вилоят ва туман раҳбарияти машиналарини катта йўлнинг ўртасига тўхтатиб қўйиб ўзлари кўчанинг юзида турибди. Атрофлари тўла миршаблар. Икки томондан келаётган машиналарни масжид билан нон пишириладиган бинонинг оралиғидаги майдонга тўплаётган экан.
Биз ўтирган митти автобуснинг ҳайдовчиси миршабларнинг бирига «Мен теримчиларни пахтазорга ташлаб келаяпман» деди. Формадаги йигит унга қулоқ ҳам солмадида «ҳайда ичкарига» деди. Бизни «штрафной» машиналарни тўплайдиган жойга ўхшаш «ичкари»га олиб кирди.
Ичкарида 50 яқин хар хил автомашиналар, ҳайдовчилар, йўловчилар, 20 га яқин ИИБ ходимлари, уларнинг бошлиқларидан К.Умаров ҳамда Пахтакор туман ҳокими Э.Солиев турган экан.
Йўловчилар жуда кўп. Биз каби зарурат туфайли чиққан йўловчилар манзилига етолмай сарсон. Бир аёл ёш ўспиринни етаклаб олган. Йигитча зўрга юраяпти. «Кўтариб олай десам оғир, юр дейин десам докторлар юргизманг деган. Буларга айтсам (милицияларни кўрсатиб) қулоқ солмайди» дейди нима қилишини билмай ҳайрон турган жувон. Ҳар йили аҳвол шу! Фуқаролар (гарчи Конституциямизда эркин ҳаракатланиш ҳуқуқи берилган бўлсада) ҳатто туман, вилоят ҳудудида ҳам ҳоҳлаган жойларига боришаолмайди…
Мен «ичкари»дан чиқаётиб туман ҳокими Э.Солиевни учратдим. Ҳоким менга «Нимага пахтага чиқмадингиз» деди. Биз фотиҳаликдан келаётганимизни, келинларим пахта тераётганлигини, невараларимга қараб турганлигимни, зарурат юзасидан уйдан чиққанлигимни айтдим. «Сиз ўзингиз нимага пахта термайсиз» деди. «Сиз ҳам пахта териб кўринг, каранг қанча ёш йигитларни атрофингизга тўплаб турибсиз» дедим. Ҳоким тутақиб кетиб «Мен сизга ўхшаб сасиб юрганим йўқ, таъминот билан шуғулланаяпман» деди, яна нимадир деб ғудранди. Аммо гапини англайолмадим…
Ўйлаяпман: «Қизиқ, инсон Инсон бўлгандан кейин унинг тўйи бор, маракаси бор. Бу ҳокимлар ва ДАН ходимларининг йўлтўсарлик қилиб, одамларни қийнашга қандай ҳақи бор. Агар бошқа мамлакатларда шундай ҳол юз берса, фуқаролар ҳокимни дарров судга беришар, ҳеч кимга бўйсунмасликка ўрганган суд ҳокимияти уларни албатта жазога тортган бўларди. Айтганча, Э.Солиев «таъминот билан шуғулланаяпман» деганда нимани назарда тутди экан? Хўжалигимизда қарайиб икки ойдирки газ йўқ. Теримчиларнинг саксон фоизи аёллар. Ҳамиша ҳам вақтида уйларига келолмайди. Баъзан километрлаб йўл босиб, пиёда қайтишади. Эрта келганидан кеч келган вақти кўп. Баъзан кеч соат 10 да ҳам уйларига етишади. Улар ўчоқда овқат пишириб едираман, дегунларича болалари ухлаб қолади Баъзан ҳафталаб сув йўқ.
Коллеж ўқувчиларику ҳафтасига уйига келиб бир ҳафталик озиқ-овқатларини олиб кетишаяпти. Мактаб ўқувчилари ҳам ўзларини ўзлари таъминлаяпти. Фермерлар иссик овқат пишириб беришаётгани йўқ.Озиқ-овқат бераётгани йўқ.
Мана, октябрь ойининг 6 куни ўтаяпти. Бироқ сентябрь ойининг ёғ-уни хали тарқатилмади. Шуям ойма-ой камайиб бораяпти. Ёғ 0,5 кило ўрнига 0,3, 0,25 кг га, ун 3 кило эди. 2,5 кило 2 кило бўлди. Ҳокимнинг таъминоти шумикан?
Ҳоким менга: «сизга ўхшаб сасиб юрганим йўқ», деганида «мен сасиб юрган бўлсам, Сиз ҳидлаб турибсизми?» деб айтгим келди, аммо шайтон ҳай бердим. Раҳмон: «Тўхта: у билан тенг бўлма, у каби копиб гапирма» деди. Раҳмоннинг гапига кириб катnа йўлга чиқдим. Уччаламиз икки км. пиёда юриб чор ночор бир машинага ўтирдик. Хуллас кута -кута 5 соатдан ортиқ вақтда уйга етиб келдик.
Саида ҚУРБОН.
Жиззах вилоят Пахтакор тумани.



