Икки йил давомида қилаётган ёзишмаларим, ҳаракатларим ва ушбу мақолани ёзишимдан мақсад, кимнидир каматиш ёки кимдандир қасос олиш эмас, автоҳалокат туфайли ҳаётдан бевақт кўз юмган, ўзи айбсиз бўлса хам, мархумлигида жиноятчиликда айбланган ўғлим Бектурди Оллабергановнинг номини оқлашдир.
Мен Комилжон Оллаберганов 1946 йилда туғилганман. Хива шаҳрининг йўлдош Охунбобоев кўчасидаги 11-уйда яшайман. Беш нафар фарзанднинг отасиман. Карилик нафақасига чиққунимга кадар Хоразмдаги 79-автобазада ҳайдовчи бўлиб ишлаганман. Оиламизда ҳаёт рисоладагидек давом этаётган эди. Аммо 2009 йилнинг 10 сентябрь куни содир бўлган воқеа ҳаётимизни буткул ўзгартириб юборди.
Ўша куни А-380-сонли автомобиль йўли 546-километрида ўғлим Бектурдининг бошқарувида бўлган 22-J 50-73 рақамли «Нексия» машинасига рўпарасидан келаётган 80-В 226 АА рақамли «Мерседес-Бенц» автобуси келиб урилиши натижасида ўғлим ва орка уриндикдаги бир нафар йўловчи воқеа жойида ҳалок бўлган. Бир неча киши жарохат олган.
На айбдор ва на автобусдаги бошқа йўловчилар жабр кўрганларга ёрдам беришмаган. фақат «Нексия»даги учинчи йўловчи машинанинг эшигини очолмай, жиғибийрон бўлиб колаверган. Ўша атрофда юрган бошқа бир кишилар «Нексия»нинг эшигини очиб, қолган тирик одамни чиқариб олишган.
Аммо гап шундаки, кейинчалик терговчи хулосасида автобусга «Нексия» урилганлиги, ўғлим машина тормозини босмай, нотўғри бурилиб, йўл ҳаракати қоидасини бузганлиги учун айбдор бўлиб чикди.
Менга хабар келгандан кейин, машина топиб, Питнак шаҳридаги ўликхонага бордик. Милиция ходимларидан авария содир бўлган жойни кўрсатишларини сўрадим. «Боришингизга ҳожат йўқ, барча ўлчовларни қилиб, тергов тугагандан кейин сизга хабар берган эдик», дейишди. Жасадни олиб уйимга қайтдим.
ўғлимнинг маъракалари, еттисини ўтказгач, 2009 йилнинг 19 сентябрида ўғлимга хотира тоши ўрнатиш учун воқеа жойига бордик. Тошни ўрнатаётган пайтимизда ёнимизда бир неча одам тўпланди. Улар содир бўлган аварияни кўрган одамлар экан. «Нексия»даги йигитлар курбон булишди. Россиядан келаётган автобус карама-карши йўлда тухтаб турган «Нексия»га келиб урилди», дедилар. Айтишларига ўура, Россиядан келаётган автобусда одамлар ва юк жуда кўп бўлган. йўловчиларни шу заҳоти бошқа автобусларга миндириб юборишган. Автобус ҳайдовчилари эса «Нексия»даги одамларга ёрдам бермасдан фақат қўнғироқ қилиш билан банд бўлишган.
Шуларни эшитгач, хотира тошини ўрнатиб бўлиб, воқеага аниқлик киритиш учун терговчи Қудрат Матёкубов билан учрашувга бордим. «Мен ҳозир авария содир бўлган жойдан келдим. воқеа сиз айтгандек эмас экан. Ҳаммаси аксинча экан», деб, терговчидан, воқеа жойини бирга бориб, ўлчовларни менинг иштирокимда олиб, кўздан кечиришини, талаб қилдим. Терговчи, «Вақтим йўқ, уч-тўрт кундан кейин келинг, ҳозир эса мана бу хатни олиб, 93-автобазадан машинангизни олиб кетинг», деди.
Хатни олдим-да, автобазага бордим. У ернинг ходимлари билан учрашдим. Қарасам, ўша авария содир қилган автобус жойида йўқ. Автобаза қоровулидан, автобус қаердалигини, сўрасам, «Автобусни олиб кетишганига уч-тўрт кун бўлди, ҳайдовчилари менга, ҳамма нарса жойида, барчасини тахт килдик, дейишди», деди. Икки кундан кейин терговчи Қудрат Матёкубов ва 2 гувоҳ, бошқа томондан адвокат Қозокбой ва яна 2 гувоҳ иштирокида воқеа содир бўлган жойга бордик. Кўп ўлчовлар ўтказилиб, ҳаммаси видеотасвирга олинди.
Шунда терговчи «Нексия»нинг тормоз бериб тўхтаган жойига аввалги текширувда эътибор бермаганини оғзаки тарзда буйнига олди. Шундай бўлса-да биринчи текширув пайтидаги ўлчов схемасини талаб килишимга карамай, менга бермади. «Уни экспертизага юбордик», деб баҳона килди. Бизнинг иштирокимизда қилинган иккинчи ўлчов схемаси нусхасини хам бергани йўқ.
Ҳеч ақлга сиғмайди. Авария 10 сентябрь куни содир бўлган. Мен «Нексия»ни 93-автобазадан 19 сентябрь куни олиб кетдим. Автобусни мендан 4 кун олдин олиб кетишган. Иккинчи ўлчовни 21 сентябрда ўтказдик. Шу ҳолда терговчи К. Матёкубов ва Р. Жуманиёзовлар нимани экспертиза қилишмоқчи бўлишди?
Мен шу кунгача Хазорасп туманининг Питнак шаҳри ва вилоят давлат автомобиль назорати бошқармаси ўртасида ғиз-ғиз қатнайвериб, овораи сарсонликда чарчадим, фақат терговчиларнинг ҳақоратлари ва ёлғон гапларини эшитаман. Терговчи Р. Жуманиёзовдан, «Нима учун автобусни экспертиза килмасдан, яхшилаб текширмасдан, ҳайдовчиларга бериб юбордингизлар», деб сўрасам, у менга, «ҳайдовчилар олдимга келиб, адресингизни олиб кетишди, уларга ҳамма гапни тушунтириб юбордим, эртасига яна олдимга келиб, Комил ака билан учрашдик, уйига бориб таъзия билдирдик, хама нарса жойида, деб, мени алдаб кетишди», деди. Терговчи дегани алданганини билиб, индамай колаверадими?
Қуйида ушбу жиноят иши ҳақиқатни аниклашга ҳаракат килинмай, фақат бир томонлама, марҳум, эндиликда хеч нарсага аралашолмайдиган ўғлим Бектурди Оллабергановни айблаш учунгина олиб борилганини исботловчи фактларни келтириб ўтишга ҳаракат киламан:
1. Автотехник экспертиза хулосаси тайёр бўлишидан 10 кун олдин аварияга учраган транспорт воситаси бериб юборилган. воқеа содир бўлган жойни кўздан кечириш баённомасида урилиш нуқтаси нотўғри белгиланган.
2. Урилиш нуқтасидан автобус ва «Нексия»гача бўлган масофа, автобусдан қолган тормоз излари, йўналишда мавжуд бўлган йўл нуқсонлари кўрсатиб ўтилмаган.
3. Воқеа содир бўлган жойни кўздан кечириш баённомасига илова килинган фотосуратларда воқеа жойи тўлиқ акс эттирилмаган. Суратларга қараб урилиш нуқтаси йўлда қолиши мумкин бўлган изларни аниқлаб бўлмайди.
4. Воқеа содир бўлган жойни кўздан кечириш баённомаси ва унга илова килинган схемада йўлнинг қатнов қисмини эни 8,4 метр, урилиш нуқтасидан йўлнинг қатнов қисмининг жануб томон чеккасига бўлган масофа 3,7 метр қилиб белгиланган. Схемада автобуснинг ўнг томон ғилдирагидан қолган тормоз йўлининг бошланиш жойидан йўлнинг жануб томон қатнов қисми четигача бўлган масофа кўрсатилмаган.
5. Жиноят ишида Тупроққалъа йўл таъмирлаш мухандиси мутахассис тарикасида сўроқ килинган. Қаҳрамон Райимбоевич Сапарбоев воқеа содир бўлаётган жойда йўлнинг қатнов қисми эни 8-8,3 метрлар атрофида бўлиб, ремонт ишлари олиб борилаётганлиги сабабли тезлик соатига 70-90 километрдан ошмаслиги керак эди, деб кўрсатма берган.
6. Жиноят иши буйича ИИБ терговчиси Қ. Матёкубов 2009 йил 20 октябрдаги сўроқ баённомасида, 2009 йил 22 сентябрда воқеа содир бўлган жойни кўздан кечириш учун борганлиги, тормоз изларининг тўқнашувга алокаси йўқлигини, кўрсатган. Лекин уни мажбурлаб, тазйиқ ўтказиб, ўлчашлар ўтказилгани ҳақида гап-суз йўқ.
7. Катта терговчи К. Матёкубов 2009 йил 14 ноябрь кунидаги жиноят иши буйича сўроқ килинганда, ИИБда 1997 йилда буён ишлаб келаётгани, 2009 йилнинг сентябрь ойида лавозими оширилиб, катта терговчиликка тайинлангани, воқеа содир бўлган жойда катор улчашлар ўтказмагани, жойни кўздан кечириш ҳаракатлари ўтказишга тажрибаси етмагани учун камчиликларга йўл куйгани, автоуснинг чап томонғилдиракларидан 11 метр, унг томонғилдиракларидан 71 метр тормоз излари қолгани, химоячи Қозокбой Мадаминов ва Комил Оллабергановларнинг каттик талаби асосида нотўғри улчагани, уларнинг талабини бажармаса, устидан турли жойларга шикоят килишларидан курккани, воқеа содир бўлган жойда «Нексия» автомашинасидан тормоз излари воқеа содир бўлганидан 12 кун кейин бошқа транспортлардан қолган булиши мумкинлиги, кейинги кўздан кечириш вактида аникланган тормоз излари бўлган воқеага алокадор эмаслиги, кўздан кечириш ЖПК моддаларига зид ўтказилгани, шунинг учун хакикий эмаслиги, ҳақида кўрсатма берган. Шунингдек терговчи томонидан «кўздан кечириш баённомасига илова килинган 1-фотосуратда йўлнинг шимол томонидан транспорт воситасидан колдирилган тормоз изи куринади, лекин ушбу излар кўздан кечириш баённомаси ва илова килинган схемага нима учун ёзилмаган», деб берилган саволга, у «тормоз изи йўл чеккасида бўлгани учун ёзмаганман», деб жавоб берган.
8. Автобус ҳайдовчиси Йўлдош Жалилов гувоҳ тарикасида сўроқ килинганида, «Мен «Нексия» автомашинаси ҳаракатланиб келаётганини 200 метр масофадан кўрганман. Менинг тезлигим соатига 90 километр (ҳақиқатда эса 103,3 км/соат бўлган) эди, «Нексия» автомашинаси камида 150 км/соат тезликда келаётган эди, 5-6 метр қолганида бирданига олдимга чиққани сабабли тормоз боса олмадим, тўқнашув содир бўлган пайтда тормоз босдим» деган мазмунда кўрсатма берган. Бундай тезликда тўқнашган машина урилиш нуқтасидан канча масофага ўтиб кетади? Компьютер графикаси ёрдамида траекториясини аниклаш мумкин.
9. Жиноят ишининг Йўлдош Жалиловга нисбатан бўлган бир қисмини ҳаракатдан тугатиш ва маъмурий жавобгарлик масаласини ҳал қилиш учун чиқарилган қарорда «Фукаро Жалилов Йўлдош Рузиевич 80-В 266 АА давлат белгили автобусни йўлда белгиланган ҳаракат тезлигига 103,3 км/соат тезликда ошириб бошқариб йўл ҳаракати қоидаларини 12,2 банди талабларини қўпол равишда бузгани аниқланди» дейилиб, нусхаси Бухоро вилояти ИИБ ЙХХБга қарор ижро килишлик учун юборилган. Ушбу қарорда ҳайдовчи Й. Жалилов томонидан йўл ҳаракати қоидасининг 12,2 банди қўпол равишда бузилгани тўқнашув билан сабабий богланишга эгалиги ёки эга эмаслиги асослантирилмаган.
10. Жиноят иши буйича мутахассис тариқасида сўроқ килинган, Питнак шаҳар МБ ЙХХГ катта инспектори Баходир Хусинов сўроқ килинганда воқеа содир бўлган жойдан 150-300 метр масофада йўлнинг хар икала томонидан тик нишаблик огоҳлантирувчи йўл белгилари ўрнатилгани, бу ер ахолии яшаш жойига кирмаслиги, тезлик соатига 100 км қилиб белгиланганини, билдириб кўрсатма берган. Нима, МБ ЙХХГ ходими йўл ҳаракати қоидаларининг 12,3 пунктини билмайдими?
11. Терговчи Қудрат Матёкубов ўз кўрсатмасида малакаси камлиги, илгари бундай ўлчовларда катнашмаганини, баён этган. Лекин йўл транспорт ҳодисаси тўғрсидаги маълумотномада кўрсатиб ўтилган, ИИБ бошлиғи майор Х. Машарипов, ЙХХБ бошлиғи, полковник А. Холмуротов, Хазорасп туман прокурори, адлия маслахатчиси Хасановларнинг хам малакаси кам эканми?
12. Терговчининг айтишича, ўғлим 10 соат рулда бўлган. Аслида ундай эмас. ўғлим йўловчилари билан йўл бўйидаги ошхонада соат тонгги 5дан 7 гача ётиб, дам олиб, кейин йўлга чиққан. Автобус ҳайдовчилари ҳақида ишда хеч кандай маълумот йўқ. Чунки ишда автобуснинг асосий ҳужжати хисобланадиган йўл варақаси йўқ. Топограф диски йўқ. Автобус қаердан чиққани, рулда ким бўлгани, ҳайдовчиларнинг соғлиги, автобуснинг созлиги ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.
Шу ва шунга ўхшаган фактларни баён қилиб кўп инстанцияларга мурожаат қилдим. Мана икки йилга караб боряптики, ҳеч бир инсон дардимни эшитишни хоҳамади. Адвокатларга мурожаат килай десам, битта аризани 50 минг-100 минг сўмга ёзиб беришади, гонорарни фақат АҚШ доллари билан олишади. Неча марта прокурор қабулига киролмай юрдим. Ўзбекистон Республикаси Президентига, Президент аппаратига, республика миллий хавфсизлик хизматига, республика бош прокуратурасига шикоят аризалари йўлладим. Шунда ҳам натижа чиқмади.
Мен дардимни кимга айтай. Аризаларимда жавоб олмокчи бўлган саволларимни осмондан олганим йўқ. Лекин бирорта саволимга жавоб олмадим. Фақат ксерокопиядан чиққан, тушунарсиз хатлар олдим. Бир фарзанд доғида куйган отаман. Етим қолган набираларимнинг хақ ҳуқуқини талаб қилиб силлам қурияпти. Конун химоячилари мусулмон сифатида одамгарчилик юзасидан келиб, таъзия билдириб, бор гапни оғзаки тушунтириб кетишганида ҳам кўнглим хотиржам тортарди. Булар-чи, ҳамма нарсани пул кучи билан ечишмоқчи. Ахир менинг барча ҳаракатларим ўғлимнинг руҳи тинчланиши учун-ку! Наҳот булар ўзларини абадий билишса? Оддий халққа беписандликни банда кўтаради, Оллоҳ-чи? Мендек канча одамлар Хоразмда адолат учун курашиб, дардига дармон тополмай сарсону саргардон…
Комил ОЛЛАБЕРГАНОВ, хоразмлик фукаро.



