Жиззах вилояти, Зарбдор тумани.
Бўстон шаҳарчаси, Саркисов кўча-
4-уйнинг 1-хонадонида яшовчи,
1-гуруҳ ногирони БАРОТОВ
Абулфайз томонидан
иккинчи маротаба
ОЧИҚ ХАТ
АВВАЛИГА ИМТИЁЗ ДОИМИЙ ДЕБ ИШОНТИРИШДИ, БЕШ ЙИЛДАН КЕЙИН УНИ КОВЛА-КОВЛА ҚИЛИШИБ, ИМТИЁЗ БИР ЙИЛЛИК ЭКАН ДЕБ, БИР МИЛЛИОН СЎМ ГАЗ ТЎЛОВИНИ БЎЙНИМГА ИЛИШИБ, ҚАРЗГА БОТИРИШДИ.
Шохдор Ортиқовнинг ташрифи
2007 йилнинг июнь ойида уйимга келган Зарбдор туман ҳокимлиги мутахассиси Шохдор Ортиқов, “Зарбдор” туман газетаси муҳаррири Н. Зайниддинов ва “Шодлик” маҳалласи –“Мустақиллик” даҳаси оқсоқоли Абдураҳмон Умурзоқов гувоҳлигида шундай деган эди:
-Президентимизнинг 2007 йилни ижтимоий ҳимоя йили деб эълон қилганлиги муносабати билан Зарбдор туманидаги кам таъминланган оилаларни коммунал тўловлардан озод қилиш учун вилоятдан 31 та квота (ўрин) ажратилди. Улар қаторига сизнинг оилангизни ҳам киритдик. Сизга иккита имтиёз таклиф қилмоқчимиз -500 минг сўмлик болали сигир оласизми ёки коммунал тўловдан озод бўлишни хоҳлайсизми?
Мен мол асрашим учун шароитим йўқлиги сабабли, коммунал тўлов имтиёзини танладим.
Ҳокимлик мутахассиси яна шундай деди:
-Фақат сиз 1-гуруҳ ногиронлигингиз муддатсиз бўлгандагина коммунал тўловидан доимий равишда озод бўлишингиз мумкин.
Унга ногиронлигимнинг “муддатсиз”лиги ҳақидаги ВТЭК хулосаси нусхасини бердим.
Ҳокимлик мутахассиси кетаётганида, даҳа оқсоқоли Абдураҳмон Умурзоқов унга савол берди:
-Сиз устозга (у мени шундай деб ҳурматлайди) газ тўловидан абадий озодсиз деяпсиз. Кейин, имтиёзингиздан яна бирон чалкашлик чиқиб, устозни овора қилиб қўймайсизми ишқилиб.
Бу гапдан ҳокимлик мутахассиси Шохдор Ортиқовнинг юзи бужмайиб кетди.
-Ҳей, нималар деяпсиз ўзи, ўйлаб гапираяпсизми бу гапни, чалкашлик деганингиз нимаси? Қайси институтни тамомлагансиз? Мен очиқчасига ваъда бераяпман: “ Зарбдордаги 15 нафар кам таъминланган оилалар қаторида Абулфайз Баротовнинг оиласи ҳам бугундан бошлаб газ тўловидан бутунлай озод бўлди.”
Ҳокимлик мутахассиси Шохдор Ортиқов, “Зарбдортумангаз”нинг директори Б.Обрўев тузган ва туман ҳокими Ўскан Азимов тасдиқлаган квота рўйхатини вилоят ҳокимлиги тасдиғидан ўтганидан кейин, 2007 йилнинг июль ойида менга берган эди.
Рўйхатда квотанинг амал қилиш муддати кўрсатилмаганлиги сабабли Шохдор Ортиқовнинг гапларига ишонгандим.
НАЗОРАТЧИ ШУШАЕВА МАХФИРИ: “КВОТАНГИЗ ҚАЛБАКИ,
УНИ ЎЗИНГИЗ ТЎҒРИЛАБ ОЛГАНСИЗ,” -ДЕДИ
2010 йилнинг март ойида “Зарбдортумангаз” филиалининг Бўстон шаҳарчаси, “Шодлик” маҳалласига янгидан тайинланган “Зарбдортумангаз” назоратчиси Шушаева Махфири уч йилдан кейин биринчи марта уйимга келиб, ҳеч бир асосга эга бўлмагани ҳолда газ ҳақини тўлаб қўйишимни талаб қилди. Мен унга квота ҳужжатини кўрсатиб, унинг мазмун-моҳиятини батафсил тушунтирдим. Бу гапларимни эшитган назоратчи, “бу қоғозингизни тан олмайман, уни ўзингиз тўғрилаб олгансиз,”- деди.
Назоратчи бу ҳаракати билан Фуқоролик Кодексининг 150-моддаси талабларини қўпол равишда бузаётган эди. Ушбу моддада даъво муддати 3 (уч) йил деб белгиланган. Ана шу даврда “Таъминотгаз” ташкилоти қорздорликни ундириш учун қонуний таъсир чораларини (жумладан, истеъмолчини газ тармоғидан узиб қўйиши, ишини судга ошириш сингари чораларни) кўриши лозим эди. Чунки ўтиб кетган даъво муддати ҳолатлари учун “Таъминотгаз” ташкилоти айбдор эканлиги қонунда белгилаб қўйилган.
Назоратчи Шушаева эса бу ҳолатларни четлаб ўтиб қонунга зид иш қилгани етмагандай, Президент Фармони билан жорий этилган квота имтиёзини ҳам шубҳа остига қўйган эди.
Шохдор Ортиқов ҳузурида
Назоратчи Шушаева Махфири тинчимни бузаверганидан кейин, 2010 йилнинг 10 май куни Зарбдор туман ҳокимлигига бориб, Квотага оид ҳужжатларни тайёрлаган Шохдор Ортиқовга учрашиб, воқеани айтдим. У киши, “Президент Фармони ўйинчоқ эмас, имтиёз тепадан келган,”- деб, мени хокимнинг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Олим Қулматовга рўпара қилди.
Аризам билан квота нусхасини олиб қолган ўринбосар масалангизни ҳал қилиб, бу ҳақда сизга ёзма равишда жавоб бераман деб, ваъда берди.
Орадан икки ойдан ортиқ вақт ўтди.
Ўринбосардан жавоб келмади.
Абонент бўлими бошлиғи Х.Қорабоевнинг таҳдиди
2010 йилнинг июль ойида “Зарбдортумангаз” филили Абонент бўлими бошлиғи Х.Қорабоевдан “Огоҳлантириш ҳати” олдим. 2010 йилнинг 24 феврал санаси билан рўйхатга олинган, № 5404-рақами хатни почтальон Мамаражаб тўрт ярим ойдан кейин, яъни 15 июлда уйимга келтириб берди. Хатда, “2010 йил 1 январь ҳолатига кўра газдан қарзим 385716 сўм эканлигини, вақтида тўламаганим учун 38571 сўм пения қўлланилгани айтилиб, агар қарзимни 10 кун ичида тўламасам, суд ижрочилари департаментини юбориб, мажбурий равишда тўлаттириши ҳақида огоҳлантирилган эдим.
Бирон марта ҳам газ ўлчагичимни текшириб кўрмаган назоратчи Шушаева, ҳокимликка шикоят қилганимдан кейин, 400 минг сўмдан ортиқроқ қарздорликни осмондан олиб, бўйнимга илиб қўйган эди.
ххх
2010 йилда қуйидаги идора ва маҳкамаларга квота нусхаларини илова қилиб буюртмали хатлар жўнатдим.
Зарбдор тумани ҳокими Э.Ғайбуллаевга (икки марта),
Зарбдор туманида 2007 йилда ҳоким бўлиб ишлаган Ў.Азимовга,
(Ҳозир у Зомин туман ҳокими).
Жиззах вилоят ҳокими С.Исмоиловга,
Жиззах вилоят прокурори П.Бобожоновга,
Республика Бош прокурори Р. Қодировга,
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг
нашри –“Ҳуқуқ” газетасига,
Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримовга.
“Сиз айтган имтиёз 2003 йилдаги Президент Фармони билан
бекор қилинган”
Юқори идораларга ёзган шикоятларим бўйича, 2010 йилнинг июль ойида вилоят ”Марказгазтаъминот” УК мувофиқлаштириш бошқармасидан икки нафар вакил назоратчи Шушаева билан уйимга келди. Вакиллардан биттаси, 2003 йилдаги Президент Фармони билан ногиронларга имтиёзлар бекор қилинганини айтди.
Мен вакилга квота рўйхатини кўрсатиб, унинг мазмун-моҳиятини тушунтирдим.
Квотангиздаги имтиёзлар 2003 йилдаги Президент Фармони билан бекор қилинганини ҳозиргина айтдим-ку,- деди вакил ногиронлигимга ишора қилиб.
Савияси ғовлаб кетган вакилга Квотани яхшилаб ўқиб чиқишини илтимос қилдим. Квотадаги 15 нафар фуқоронинг оилавий шароити деган жойига, “кам таъминланган, боқувчисини йўқотган,”- деган сўзлар ёзилган бўлиб, фақат менинг фамилям рўпарасига, “кам таъминланган сўзидан кейин, 1-гуруҳ ногирони,”- деган жумла киритилганди. Вакил ана жумлага ёпишиб олиб, квотадаги имтиёзларни йўққа чиқараётган эди.
Мен боғдан келсам, “имтиёзингиз 2003 йилги Президент Фармони билан бекор қилинганини айтдим-ку,”- деб, нуқул тоғдан келаётган вакил билан гапни қисқа қилдим.
-Менинг қўлимда Президентимиз Фармони билан жорий қилинган ва туман ҳокими тасдиқлаб берган квота бор. Унинг бекор қилингани ёки қанча муддатга амал қилиши ёхуд қалбакилигини исботлаб беринг-да, газ ҳақини ундираверинг,- дедим унга.
Шу гапимдан кейин вакиллар лом-мим демай жўнаб қолишди.
Зарбдор туман ҳокимлиги мутахассиси
Шохдор Ортиқов шаддодлик йўлига ўтди
Ўн кунлардан сўнг ўша вакиллардан Олим дегани назоратчи Шушаева билан яна уйимга келиб, “сизнинг қарздорлигингизни 70 минг сўмча камайтирдик, қолганини тўлаб бораман деб, манови қоғозга қўл қўйинг,”- деди.
Ундан ҳам квотанинг бекор қилингани ҳақида асос талаб қилдим.
Шу пайт ҳокимлик мутахассиси Шохдор ортиқовга квота масаласида савол берган даҳа оқсоқоли Абдураҳмон Умурзоқов келиб қолди. У вакилнинг гапларини эшитиб, жаҳли чиқиб кетди.
-Гапим тўғри чиқдими, устоз,- деди у ҳовлиқиб. –Айтган эдим-а, бу имтиёзнинг таги пуч, хўжа кўрсинга қилинган деб. Ҳалиги ҳокимликадаги квота ҳужжатларини таёрлаган Шохдор Ортиқовга бориш керак, алдагани учун жавоб берсин.
Менинг ўрнимга Абдураҳмон вакил билан ҳокимликка кетди. Ҳокимлик мутахассиси Шохдор Ортиқов жўяли бир гап айтолмай, шаддодлик йўлига ўтган, Абдураҳмоннинг гапларидан жойидан сапчиб тушаверган.
Кейин Абдураҳмон вакил билан “Зарбдортумангаз”га ҳам борган. У ерда ҳам квотани тушунадиган ва унга аниқлик киритадиган одам топилмаган.
Ажабланарлиси, 2010 йилнинг10 май куни ҳузурида бўлганимда, “Президент Фармони ўйинчоқ эмас, имтиёз тепадан келган” деб, мени ҳокимнинг иқтисодий масалалари бўйича ўринбосари Олим Қулматовга рўпара қилган Шохдор Ортиқов, икки ой ичида фақат ўзигагина маълум бўлган сабабларга кўра ўзгариб қолган, квота масаласидан ўзини жон-жаҳди билан четга олаётган эди.
Прокурор терговчиси ҳам
масалани ҳал қилишда ожизлик қилди
Вилоят прокурорига ёзган шикоятим бўйича Зарбдор туман прокуратурасининг терговчиси Тўйчиев мени чақириб, суҳбат ўтказди. Мен унга квота нусхасини бериб, воқеани тўлиқ баён қилдим.
Терговчи квотага аниқлик киритиб бераман деди. У Шохдор Ортиқовни чақириб, квота ҳақида сўраган. Жўяли бир гап айта олмаган Ортиқов аравани қуруқ олиб қочиб, терговчини ҳам чалғитишга уринган.
Хуллас, терговчи ҳам бу масални ечишга ожизлик қилди.
Интернетда чиқиш қилганимдан кейин
Квотага аниқлик киритадиган идорани Ўзбекистонда топа олмаганимдан кейин, 2010 йилда “Янги дунё”да “Ахмад бир кило сабзи трамвай кетди,” “Бирдамлик”да эса “Камбағални туянинг устида ҳам ит қопаверади” сарлавҳали мақолаларимни эълон қилдим.
Раҳбарлар интернетда эълон қилинган мақолаларимни Шушаевага берганларидан кейин у мени тинч қўйди. Фақат кўча-куйда кўриб қолганида, “газ ҳақини тўласангиз яхши бўларди,”- дейди. Мен эса, “инетернетдаги мақоламни ўқидингизми, ўшандаги Важларимга ассосли жавоб беринг, майли газ ҳақини тўлайман,”- дейман
Шундай деб хайрлашамиз.
Назоратчи Шушаева қаҳрга минди
Назоратчи Шушаева билан мушук-сичқон ўйини 2011 йилнинг 1 июнидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 283-Ф-сонли фармойишига мувофиқ республикада табиий газ истеъмолчиларини тўлиқ хатловдан ўтказиш жараёни бошлангунга қадар давом этди.
2011 йилнинг 27 июнь куни “Зарбдортумангаз” филиалининг газ билан таъминлаш бўлими бошлиғи Лапас Тайлоқов бир гуруҳ газчилар билан уйимга келиб иситиш печимни узди.
Унга квотани кўрсатган эдим, Л.Тайлоқов деди:
-Бу қоғозингизнинг бизга қизиғи йўқ. Бизга печкангизни узиш буюрилган. Дарҳол газ ҳақи учун 100 минг сўм бермасангиз плитангизни ҳам узамиз
Газ плитамни узмасин деб, Тайлоқовга 50 минг сўм бердим.
ххх
28 июнь куни назоратчи Шушаева нотаниш бир кишини эргаштириб, бир гуруҳ газчилар билан уйимга бостириб келди.
Нотаниш киши юқоридан келган вакил экан. Ўзини Дилшод деб таништирди-ю, аммо вазифасини, фамилиясини айтмади. “Мен махфий одамман, фамилиямни, вазифамни айтишим мумкин эмас, таъқиқланган”-деди у.
“Махфий вакил”га Квота рўйхатини
кўрсатиб балога қолдим
-Бир чақага арзимайдиган қоғозингизни менга пеш қилманг,- деб, ўшқирди у.
Кеча келган гуруҳдагилардан биттаси, “бу уйни текширганмиз, иситиш печини узганмиз, 50 минг сўм газ ҳақини тўлаган,”- деганига қарамай, вакил дарҳол газ плитамни ҳам узишга буйруқ берди. Важларимга, тушунтиришларимга қулоқ солмай, далолатнома туздириб, бир миллион сўм қарздорликни бўйнимга илди.
Далолатномага имзо чекмаган эдим, “ҳозир битта қўнғироғим билан туман прокурорни шу ерда тикка қилайми,”- деб, дўқ урди.
Назоратчи Шушаева мен ҳақимда вакилга нималар деган, билмадим, лекин “салла олиб кел деса, калла олиб келадиган” вакил ёшимни, ногиронлигимни ҳисобга олмади, 70 яшар мендек қарияни, ноқонуний равишда иситиш печини ўрнатиб олган жиноятчи муттаҳамсан деб, кўпчилик ўртасида беҳурмат қилди.
Вакил Шушаеванинг тўхмат гапларига қанчалик ишонган тақдирда ҳам, менга бундай муносабатда бўлмаслиги керак эди. Менинг ҳам Важларимга қулоқ солиши лозим эди. Аммо у бундай қилмади. Одоб доирасидан чиқиб кетиб, мени ҳақоратлаш даражасигача борди.
Ҳурматли Ислом Абдуғаниевич!
Бир вақтлар Жиззах вилоятида гўзал ва обод масканлардан бири бўлган чўлқуварларнинг маъмурий маркази Бўстон шаҳарчаси, масъулиятсиз раҳбарларнинг лоқайдилиги туфайли харобаликка юз тутди. Хусусийлаштириб олинган кўплаб маданий-маиший бино ва объектлар қаторида икки қаватли уйлардаги юзлаб хонадонларни иссиқлик билан таъминлаб турган иккита қозонхона иншооти ҳам талон-тарож қилинди. Натижада иситиш манбаъидан мосуво бўлган фуқоролар қишнинг аёзли кунларидан омон чиқиш мақсадида хонадонларига қўлбола иситиш печлар ўрнатишиб, газ тармоғига уланиб ола бошладилар.
Энг қизиғи, печларни кўрса ҳам кўрмасликка олган, уни ноқонуний демаган “Зарбдортумангаз” филиалининг назоратчилари Вазирлар Маҳкамасининг Фармойишидан кейин печларнинг кўпчилиги газ ҳисоблагичларга уланмаганлигини рўкач қилишиб, уларни ноқонунийга чиқаришиб, эгаларига катта миқдорда жарималарни қўллай бошладилар.
Шундай ҳақли савол туғилади:
Мен-ку, газ тўловидан озодман деб, печимни газ ўлчагичимга уламаганимни тан оламан. Нега назоратчилар вақтида бу салбий ҳолатларнинг олдини олмади, печларни рўйхатдан ўтказмади, расмийлаштириб, чора кўрмади? Истеъмолчиларнинг газдан ноқонуний фойдаланиб келишаётганини кўрса ҳам кўрмасликка солиб, сукут сақлаб келишди? Балки шунга айтсалар керакда, “бир балоси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур,”- деб.
ххх
2010 йилнинг май ойидан бери квота масаласида ўнлаб идораларга қилган мурожаатларим натижасиз якун топганидан кейин, 2011 йилнинг июль ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва “Узтрансгаз” акциядорлик компанияси Бош директорига буюртмали хат жўнатдим. Шикоятларим ўтган йилдагидек эътиборсиз қолиб кетиши мумкинлигини ўйлаб, биринчи марта Президентимизга интернет орқали ОЧИҚ ХАТ йўлладим.
“Зарбдортумангаз” ҳуқуқшуносининг
хулосасига шубҳаларим
“ОЧИҚ ХАТ”дан кейин “Зарбдортумангаз”нинг шу вақтгача қорасини кўрсатмай келган ҳуқуқшуноси назоратчи Шушаевани эргаштириб уйимга келди. Ҳуқуқшуноснинг исми Ортиқбой бўлиб, Форишнинг Ухумидан экан. Унинг қўлида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва “Узтрангаз” акциядорлик команиясига юборган аризаларимнинг нусхалари бор эди. Аризаларимнинг охирига, “квота нусхаларини илова қилмоқдаман,”- деган ёзув киритгандим. Аммо ёзув бор-у, квота нусхасининг ўзи йўқ эди. Бу ҳақда ҳуқуқшуносдан сўраганимда, у Зарбдор туманининг иқтисодий масалалар бўйича бош мутахассиси Б.Абдуалиев тузган квота рўйхатининг нусхасини кўрсатди. Рўйхатнинг тепа қисмига, “табиий газ учун” деб ёзилган эди.
Ҳайрон бўлдим. Чунки ҳокимликдан менга беришган квота рўйхатини «Зарбдортумангаз» директори Б.Обрўев тузган эди. Ҳуқуқшуносдан бунинг сабабини сўраганимда, у негадир кетишга шошила бошлади. Иккала рўйхатдаги фамилияларни бир-бирига солиштиришнинг имкони бўлмади. Электр-энергияга оид квота рўйхатини тузган Б.Абдуалиевнинг газ квотаси масаласига аралашиб қолганлиги сирлигича қолди.
Хуллас, уддабурон ҳуқуқшунос, салкам бир ярим йилдан бери ечилмай келаётган квота масаласини икки ҳафтага қолдирмай, “Зарбдортумангаз” фойдасига юмалоқ-ёстиқ қилиб ташлади. Унинг хулосаси бўйича вилоят ҳокими ўринбосари К.Жўраевнинг 2011 йил 17 августда менга йўллаган, № 03-581-рақамли жавоб хати матнини ўзгаришсиз келтираман:
“Сизнинг “Зарбдортумангаз” корхонасида газ тўловлари бўйича ҳисоб-китобнинг тартибсизлиги тўғрисидаги аризангиз Зарбдор туман ҳокимлиги ва “Марказгазтаъминот” УК вилоят мувофиқлаштириш бошқармасининг масъул ходимлари томонидан ўрганиб чиқилди.
Сиз яшайдиган уйда газ ҳисоблаш ускунасидан ташқари бир дона иситиш печи ноқонуний равишда газ тармоғига уланганлиги, шунингдек, 2008, 2009 ва 2010 йиллар учун газ тўловлари тўланмаганлиги маълум бўлди.
2007 йил “Ижтимоий ҳимоя йили” деб эълон қилинганлиги муносабати билан Зарбдор туман ҳокимлиги томонидан ҳудуддаги 15 нафар кам таъминланган оилалар, шу жумладан Сизнинг ҳам коммунал хизматлардан 2008 йил 1 январгача озод этилганингиз ҳақида, 2007 йил 10 февралдаги 39-сонли қарори қабул қилинган. Квота муддати бир йилга амал қилишини, қолган давр учун газ ҳақини тўлаб боришингизни маълум қиламиз.”
Ҳурматли Ислом Абдуғаниевич!
Давом қуруқ бўлмаслиги учун, К.Жўраевнинг жавобидаги биринчи абзацини тўлиғича келтиришни лозим топдим:
“Сизнинг “Зарбдортумангаз” корхонасида газ тўловлари бўйича ҳисоб-китобнинг тартибсизликлари тўғрисидаги аризангиз Зарбдор туман ҳокимлиги ва “Марказгазтаъминот” УК вилоят мувофиқлаштириш бошқармасининг масъул ходимлари томонидан ўрганиб чиқилди…”
Дод деб юборгинг келади бу жавобдан. Ахир, мен бир ярим йилдан бери “Зарбдортумангаз” корхонасидаги газ тўловлари ҳисоб-китобларидаги тартибсизликлари ҳақида эмас, балки асабимни эговлаб келаётган дардисар квотага аниқлик киритишни сўраб, тўрт томонга шикоят қилиб келаяпман-ку?
Шундай ҳақли савол туғилади:
1. Квота қарорини Зарбдор тумани ҳокимлиги қабул қилган экан, нега улар бир ярим йилдан бери менинг барча сўровларимга сукут сақлаб келишди?
2. Нега “ОЧИҚ ХАТ”дан кейин ҳаракатга тушиб қолишди?
4. Зарбдор туман ҳокимлигининг иқтисодий масалалар бўйича бош мутахассиси Б. Абдуалиевнинг газ квотаси рўйхатини ҳам тузганини шубҳалидир.
5. 2007 йилда квота ҳужжатини тайёрлаган “Зарбдортумангаз” филиалининг директори Б.Обрўев ҳамда Зарбдор тумани ҳокимлиги мутахассиси Шохдор Ортиқовлар, “квотанинг амал қили муддатини” рўйхатда нега кўрсатишмади?
6.Ҳокимлик мутахассиси Шохдор Ортиқовнинг, “квота муддати доимий,”-деб, ёлғон гапирганиничи?
7.2010 йилда шикоятим бўйича “Марказгазтаъминот” УК мувофиқлаштириш бошқармасидан келган вакиллар квота масаласига аниқлик ирита олмай кетишганининг сири нимада экан?
Бундай ҳақли саволларга жавоб берадиган вақт келди деб ўйлайман.
Ғайриқонуний иш қилганлар, мамлакатимизда фуқоролар мурожаатлари қонун билан ҳимояланганини, узрли сабабларсиз ариза ва шикоятларни кўриб чиқишдан бош тортган шахсларга нисбатан жавобгарлик белгиланганини наҳотки билмасалар?
“Фуқоролар мурожаати тўғрисида” 2003 йилда қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 18-моддасида, фуқоролар мурожаатини кўриб чиқиш муддати аниқ белгиланиб, ариза ва шикоятларни моҳиятан ҳал этиши шарт бўлган давлат органига тушган кундан эътиборан бир ой ичида, қўшимча текшириш талаб қилинмайдиган шикоят ва аризалар эса ўн беш кундан кечиктирмай кўриб чиқилиши шарт дейилган.
2. Ушбу қонуннинг 24-моддасида эса, мансабдор шахсларнинг фуқоролар мурожаати тўғрисидаги қонун талабларини бузганлиги, ариза ва шикоятларни кўриб чиқишни узрли сабабларсиз пайсалга солганлиги учун жавобгарлик белгиланганлиги айтилган.
ххх
Зарбдор тумани ҳокимлиги, “Марказгазтаъминот” УК мувофиқлаштириш бошқармаси ҳамда “Зарбдортумангаз” мутасаддилари вилоят ҳокимлигига берган хулосаларида, ўзларининг ноқонуний ҳаракатларини хаспўшлашга, ташкилоти шаънини ҳимоя қилишга уринган бўлсалар, иккинчидан, адолат талаб қилиб, ўзларига тинчлик бермаётган мендек “шикоятчини” товламачи –муттаҳамга айлантириш, иккинчи марта Президендан ёрдам сўрамайдиган қилиб қўйишдан иборат эди, деган фикрдаман.
Улар ҳозирча ўз мақсадларига эришдилар. Аммо улар, фуқороларнинг шикоят қилиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қонунлари билан мустаҳкамлаб қўйилганлигини унутиб қўйишгани таажжубланарлидир.
Вилоят ҳокимлигининг жавобидан кейин
“Зарбдортумангаз” ҳужумни кучайтирди
2011 йилнинг сентябрь ойи бошида, “Зарбдортумангаз” филиалидан 2011 йил 23 август санаси билан рўйхатга олинган, № 5/1126-рақамли таҳдидли огоҳлантириш хатини олдим. Хатда, “2011 йил 28 июнь ҳолатига кўра газдан қарздорлигим 968070 сўм эканлигини, агар зудлик билан “Зарбдортумангаз” филиалига келиб, дарҳол ҳисоб-китоб қилмасам, қарзимни мажбурий тартибда ундириш учун ишим нотариал ва суд органларига оширилар экан.
ххх
Ҳозир Жиззах вилоятида коммунал тўловлар бўйича катта тадбирлар амалга оширилмоқда. Вилоят телевидениеси газ ва электр энергиясидан катта қарзи бор раҳбарларнинг исми-фамилияларини мунтазам равишда эълон қилиб бормоқда, вилоят газетаси эса қарздорларнинг рўйхатини чоп этмоқда.
Рўйхатда кўплаб фуқороларнинг газдан қарздорлиги 5-6 милион сўм, ҳатто ундан ортиқроқни ташкил этган бўлсаларда, мутассади раҳбарлар менинг бошимга солган кулфатни уларнинг бошларига солаётганлари йўқ. Чунки улар мен хом сут эмган бандага ўхшаб, қўлимда асосим бор-ку,- деб, Президентга ОЧИҚ ХАТ йўллашиб, адолат излашмаган.
Квота имтиёзи ҳақида мулоҳазаларим
Энди квотанинг доимий ёки доимий эмаслиги ҳақида тахминларга тўхталиб ўтсак: 2010 йилнинг 10 май куни Зарбдор тумани ҳокимлиги мутахассиси Шохдор Ортиқовга учрашиб, воқеани айтганимда, у киши, “сизнинг масалангизни ҳал қиладиган киши ҳокимнинг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Олим Қулматов бўлади,”- деб, мени унга рўпара қилгани бежиз эмас деб ўйлайман. Ўз навбатида ўринбосарнинг аризамни нега жавобсиз қолдирганини ҳам тушунгандайман.
Демак, “Зарбдортумангаз” филиалининг ўша пайтдаги директори Б.Обрўев квота рўйхатини ҳокимликка тақдим этганидан кейин, квотачиларга ҳомий топиш масаласи ҳал этилгани шубҳасиз. Буни бир неча йил назоратчиларнинг хонадонимизга қадам босмаганлигидан ҳам билса бўлади. Кейин масъулиятсиз раҳбарларнинг лоқайдликлари туфайли бу иш ора йўлда қолиб кетганми ёки бошқа сабаблари борми –бу томони менга қоронғу.
Яна бир гап. Зарбдор туман ҳокимлиги томонидан тайёрланган квота рўйхати, вилоят ҳокимлиги томонидан тасдиқланганидан кейингина уни бизларга беришган. Демак, вилоят ҳокимлиги Зарбдорга аҳолиси сонига қараб, квота (ўрин) ажратган. Демак, квота ҳақидаги қарорни вилоят ҳокимлигидан ҳам излаш керак деган тахмин юзага келаяпти. Агар шундай қилинса, вилоят ҳокими ўринбосари К.Жўраевнинг жавобидаги, “2007 йил -ижтимоий ҳимоя йили” деб эълон қилинганлиги муносабати билан Зарбдор туман ҳокимлиги томонидан 15 нафар кам таъминланган оилаларни, шу жумладан Сизни ҳам коммунал хизматлардан 2008 йил 1 январгача озод этилиши тўғрисида 2007 йил 10 февралда Зарбдор тумани ҳокими 39-сонли қарор қабул қилган,”- деган иддаолари пучга чиқиши эҳтимолдан узоқ эмас.
Квота рўйхатини 2007 йилнинг июль ойида олганимни ҳисобга оладиган бўлсак, ярим йиллик имтиёз даҳмазанинг кимга кераги бор деган савол туғилиши табиий. Орадан уч йил ўтиб, назоратчи Шушаева бу ишни ковла-ковла қилганидан кейин эса, ҳокимлик мутахассиси Шохдор Ортиқов рўйхатни ҳаммага бермагани маълум бўлди. Чунки қўшнимиз Инобат Инатуллаева, “менинг ҳам квотага илинганимни ҳокимликдан айтишганди, лекин қўлимга бирон ҳужжат бергани йўқ. Маҳалламизга янгидан тайинланган назоратчи Шушаева Важларимни тан олмай, аллақачондан бери мендан газ ҳақини ундираяпти, сизда квота рўйхати бор экан, бир нусхасини берсангиз, унга кўрсатардим- деб, илтимос қилди.
Жавоб талаб саволлар бирин-кетин пайдо бўлаётгани табиий.
Вилоят ҳокимлигига хулосаса тайёрлаган ҳуқуқшунос -2007 йилда квота ҳақида Зарбдор тумани ҳокими қарор қабул қилганми ёки йўқми – нега бу ҳақда лом-мим демади?
Қарор бормикин ўзи?
Бор бўлса, ушбу ҳужжат билан танишишим имконияти бўлармикин?
Вилоят ҳокими қабул қилган қарор билан-чи?
Коммунал тўловлар масаласида бир ой кечиксангиз, “газ ҳақини тўлаб қўй,”-деб, эшик турумини бузишгача борадиган назоратчилар уч йилгача мени безовта қилмаганининг сабабини ҳам билсам бўладими?
Ана шу саволларга қониқарли жавоб олганимдан кейингина К.Жўраевнинг жавобини асосли деб ҳисоблашим мумкин.
Ҳурматли Ислом Абдуғаниевич!
Ҳозир қарзимни бўлиб-бўлиб тўлаб бораяпман. Фақат раҳбарларнинг беш йилдан кейин мени ҳеч бир сабабсиз қарзга ботиргани алам қилади.
Сиз ҳар доим жиноят жазосиз қолмаслиги керак, қонун барчага баробар, ҳар бир киши ўз ҳуқуқи учун кураши лозим деб, қайта-қайта таъкидлайсиз. Шундай экан, менинг ҳақ-ҳуқуқимни, қадр-қимматимни оёқ ости қилган, Зарбдор туман ҳокимлиги, “Марказгазтаъминот” унитар корхонаси мувофиқлаштириш бошқармаси ҳамда “Зарбдортумангаз” филиали мутассадилари ҳайриқонуний ҳаракатлари учун қонун олдида жавоб берсалар адолатдан бўларди деб, ўйлайман.
Адолат бугун бўлмаса эртага юзага чиқади деган ишончда, Ўзбекистон Республикаси Президентига иккинчи маротаба “ОЧИҚ ХАТ” йўллашга мажбур бўлдим. Хатимдаги Важларимга узил-кесил аниқ ҳамда асосли жавоб олишимга ишончим комил.
Чуқур ҳурмат билан: Абулфайз БАРОТОВ.
.
Ҳурматли Баҳодир ЧОРИЕВ!
(ОШ) тадбирига оид мақола сифатида чоп этишингизни сўрайман.
Сизга ҳурмат билан Абулфайз БАРОТОВ.
2011 йил, 13 октябрь.




