«Озодлик», Фуад қори ва ЎХХ

Шуҳрат Бобожон, («Озодлик») : 24 сентябр куни Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг Россия бўлими раҳбари Фуад Рустамхўжаев Ивановодаги уйи олдида отиб кетилди. Қотиллар таксида унинг уйи олдигача келган ва Рустамхўжаев билан ўзбек тилида қаттиқ-қаттиқ сўзлашишган.

Баҳодир Рустамхўжаев, (марҳумнинг укаси, «Озодлик»): Бу нарсани шу қўшнилардан бири айтган, биз кўрганимиз йўқ. Ўша аёл гувоҳлигича, қора таксида келган, қора кепкали, бўйлари узун, “нерусской внешности”, яъни рус бўлмаган. У “Улар ўзбек тилида гаплашди”, демаган, “Рус тилида гаплашмади улар”, деган.

Изоҳ: ЎХХ қайси мамлакатда бўлим очса хабар қилиб, ким сайланганини эълон қилган. Росияда қачон бўлим очилган ва ким Фуад қорини раҳбар этиб сайлаган? Бу ҳақда Интернетда маълумот тополмадим.

«Озодлик»: Шунингдек, ҳаракат вакилларига кўра, бир ой муқаддам Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари Фуад Рустамхўжаевнинг Андижондаги уйига борган ва унинг оила-аъзоларини Фуад сиёсий фаолиятини давом эттирса, унга нисбатан «чоралар кўрилишидан» огоҳлантирган.

Баҳодир Рустамхўжаев, («Озодлик») : Конфликт ёки маҳаллий келишмовчилик тўғрисида акамга қарши бўлганлар ҳақида акам мен билан ҳеч гаплашмаган. Менга шунақа таҳдид бўляпти ё бошқа, деб ҳеч гапирмаган. Ҳеч ким хаёлига келтирмаган эди.

«Озодлик»: -Уни ҳаракатнинг Россиядаги мувофиқлаштирувчиси этиб тайинлаган эдик. У Россияда ҳаракатимизга янги аъзоларни жалб қилиш билан фаол шуғулланиб келаётган эди. Биз бу қотилликни Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизматининг навбатдаги жинояти, деб биламиз, – деди Муҳаммад Солиҳ.

Изоҳ: Ким тайинлаган? ЎХҲ низомида шундай яширин раҳбар тайинлаш назарда тутилганми?

«Озодлик»: – Фуаднинг ўлими ҳам шундай тушкунлик уйғотмоқда. Аммо бу ҳаракатни тўхтатмаслик¸ аксинча уни кучайтириш керак! Зотан бу курашга ўлимни бўйнимизга олиб чиққанмиз. Биз ҳали қўлимизга қурол олганимиз йўқ¸ аммо сафларимизга бу режим билан энг радикал шаклда курашишга ҳам тайëр одамлар кириши керак¸ дейди 24 сентябр куни ўз фаолидан ажраган Ўзбекистон Халқ ҳаракати раиси Муҳаммад Солиҳ.

Изоҳ: Бу Ўзбекистон исломий ҳаракатига чақириқми? АҚШ радиоси Ўзбекистонни ҳам Афғонистонга айлантирмоқчими? Бу Ўзбекистон Халқ ҳаракатига қўшилганларни подудар қўйиш эмасми?

«Озодлик»: Терговчилар Фуад Рустамхўжаевнинг ўлими унинг диний фаолияти билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини ҳам айтишмоқда.

«Россияда охирги бир неча йил давомида бир нечта мусулмон жамоалари раҳбарлари ўлдириб кетилган. Ўтган йилнинг 10 октябрида уйига кетаётганида номаълум шахслар томонидан ўз машинасида отиб кетилган Янги Уренгой масжиди имоми Исомуддин Акбаров шулар жумласидандир. Асли Наманган вилоятининг Уйчи тумани Машҳад қишлоғидан бўлган 51 ёшли Исомуддин Акбаров 90-йиллар ўрталаридан буён Янги Уренгой масжидида имомлик қилиб келган. Исомуддин Акбаров қотиллари ҳам ҳанузгача аниқланмади.»

Изоҳ: Нега бу имом ҳақида «Озодлик» жар солмайди? Фуад қори ҳам бугунгача бир жойда бир нарса ёзмаган ва сиёсий фаол бўлмаган. Фақат Муҳаммад Солиҳнинг ошпази бўлган ва бир марта сўзга чиқиб камчиликларни умумий тарзда танқид қилган.Шунинг учун ҳам олдин бу ҳақда ҳеч қаерда ёзилмаган.

Шуҳрат Бобожон,(«Озодлик»): Фуад билан бундан роппа-роса бир йил олдин Истанбулда Муҳаммад Солиҳнинг уйида учрашган эдим. Хоразмдан келтирилган авангард гуручга фарғонача ош қилган эди раҳматлик.»

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares