Дунёда бир қанча давлатлар туризмни асосий даромад манбаи деб ҳисоблайдилар. Дархақиқат, туризмнинг ривожланиши ҳар қандай мамлакатда катта даромадга , фуқароларни иш билан таъминлашга, бандлик масаласига, мамлакатни дунёга танитишга, буни ортидан кўплаб инвестицияни кириб келишига ва мамлакатни янада ривожишига катта йўл очади. Энг мухими мамлакатнинг валюта захиралари кўпаяди, мамлакатнинг пулини қадрсизланишига йўл қўйилмайди. Банк сохаси ва бошқа иқтисод сохаларида хам ўз навбатида доимий ривожланишда бўлади. Туризм бизнесининг иқтисод ривожланиши, мамлакат равнақи учун жуда катта ўрни бор.
Энди туризмни мамалакатимиз Ўзбекистон мисолида қандай ривожлантириш мумкин, шулар хақида фикр юритсак.
Биламизки, хозирги Ўзбекистонда туризм бизнеси жуда ачинарли ахволда. Бу соха хозирги Каримовнинг аросатдаги иқтисоднинг энг ачинарли сохаларидан бирига айланди. Мисол учун бир йилда Ўзбекистонга қарийиб 450 минг инсон турист сифатида ташриф буюраётган бўлса, уларнинг кўпчилиги мамлакатимиздаги туризм сохасидаги хизматлардан қониқиш хосил қилмаётганлигини айтиш мумкин. Жуда сифатсиз хизмат, сохадаги бюрократизм, ушбу сохани тўлиқ хусусийлашмаганлиги, туризм сохасига оғир кишан бўлиб, уни олдинга қараб ривожланишига қаршлик қилмоқда. Бу соха хақида камчиликларни жуда кўплаб гапириш мумкин. Келинг, энди сохани ривожлантириш хақида фикрларимни билдирсам.
Бошқа давлатлардан мамлакатимизга турист сифатида ташриф буюрмоқчи бўлган хар бир шахс авваломбор ташқи ишлар вазирлигига қарашли Ўзбекистон элчихоналарининг консуллик бўлимига виза олиш учун мурожат қиладилар.
Консуллик бўлимидаги бир қанча бюрократик тўсиқлардан ўтган сайёх мамлакатимиздаги аэропортларга келиб қўнадилар. Аэропртларимизнинг кўримсизлиги, у ердаги навбат кутишлар, кўплаб бюрократик жараёнлар албатта сайёхларга жуда салбий таъсир қилади. Демак, биз келажкда барча консуллик хизматларини имкон борича соддалаштиришга, аэропорт фаолияти ва хизматларни юқори даражада кўтаришимиз жуда мухимдир. Мамлакатга келаётган сайёхлар албатта бизнинг дарвозамиздаги уларга бўлаётган хизматларга муносабати жуда мухимдир.
Кейинги масала мамлакатимизда хизмат кўрсатаётган мехмонхона хизматидир. Афсуски сайёхларга хизмат кўрсатаётган мехмонхоналар мамлакатимизда жуда кам, борида хам етарлича сифатли хизмат кўрсатилмайди. Демак, бу соханинг ривожланишига катта эътибор беришимиз керак. Улар бутунлай эркин ва мавжуд Ўзбекистон қонунлари асосида фаолият қилиши керак. Бу ерда қонунлар хам иқтисод равнақига хизмат қилиши жуда мухимдир. Биз кўплаб хориждаги мехмонхона комплексларини мамлакатимизга кириб келиши ва бу ерда сайёхларга сифатли хизмат кўрсатишининг тарафдоримиз. Келажакда четдан келган мехмонхона бизнесисиз Ўзбекистонда сайёхлик ва мехмонхона сохасини ривожлантириб бўлмайди. Чунки четдан келган сифатли мехмонхона хизмати ва сохадаги эркин, соғлом рақобат бу соханинг мамлакатимизда яхши ривожланишида мухим рол ўйнайди.
Туризм сохасидаги барча ташкилотлар тўлиқ хусусий бўлиши, бу ерда давлатни аралашуви қатъий тақиқланиши керак. Солиқ ва бошқа тўловларни минимал даражага тушириш лозим. Бу сохада хизмат қиладиган ташкилотларнинг кўпайиши, ўз навбатида сохадаги кучли рақобатни келиб чиқариб бу эса ўз навбатида сайёхларга хизмат қилиши сифати ва кўламини оширади. Бу эса иқтисодга қўшимча солиқ ва бошқа тўловларни кўпайтиради.
Мамлакатимиздаги қадимий тарихий обидаларнинг барчаси хусусийлашмасдан давлат тасарруфига қолиши керак. Бу обидаларни бошқариш, таъмирлаш ва бошқа ишларнинг барчаси мамлакат парламентига юклатилиши лозим. Парламент ўз навбатида давлат мухофазидаги бу обидаларни кўз қарочиғидай асраши ва келажак авлодга етқазиб бериш вазифасини жуда яхши бажармоғи керак. Бу ердаги парламент назорати ушбу обидаларнинг қаттиқ назорати ва бу ерда бўлиши мумкин бўлган коррупцияни оёғига болта уради.
Ўзбекистонда хозирги йўлларнинг барчаси давр талабига жавоб бермайди, келажакда биз қурмоқчи бўлган кенг ва сифатли йўллар туризм сохасини жуда яхши ривожланишига туртки бўлади.




