Ваҳм босар кўз юмсам, қилсам хаёл,
Гўё кимдир қўйдек боғлаб бўғизлар.
Қон аралаш оқар сўзим бемажол:
– Кечирмайдидунё сизни, ёвузлар.
Кўз очсам болиқнинг даҳшати ортар,
Қонли ўпқон қаърига тинмай тортар.
Бўғзида тиғ- мен эмас, элим ётар…
Кечирмайди дунё сизни, ёвузлар.
Гарчи ўз дардимдан эмасман фориғ,
Аммо алам бордир аламдан ортиқ.
Эрк деган элимга шуми мувофиқ…
Кечирмайди дунё сизни, ёвузлар.
Неча фарёд чекди, қилди маломат,
Чангалидан чиқармади жаҳолат.
Ўз қонига ғарқ бўлди эл оқибат…
Кечирмайди дунё сизни, ёвузлар.
Ориятсиз бош эгмайди ор қилиб,
Ўз элига ўз юртини тор қилиб.
Айтдим – қўйдим гапнинг борин зор қилиб…
Кечирмайди дунё сизни, ёвузлар.
Байтмабайт
1.
Дарди ҳижратдин ривоят истасанг кел, мендан сўра,
Захми ғурбатдан шикоят истасанг кел, мендан сўра.
2.
Ўз ўтимда қорилурман, ҳечкимсага эрмас аён,
Заҳми туҳматдин ҳимоят истасанг кел, мендан сўра.
3.
Бир нафас дил дардкаши бўл, дардимни изҳор айлайин,
Баҳри ҳимматдин иноят истасанг кел, мендан сўра.
4.
Гарчи кездим қанча йўллар, топмадим ҳамдами дил,
Аҳли миннатдин ҳимоят истасанг кел, мендан сўра.
5.
Барча элнинг ётганини кўрдим қонига булғониб,
Касри офатдин аломат истасанг кел, мендан сўра.
6.
Бағри саҳро, бағри тоғ юрт ҳасратлари ҳам шу қадар,
Сабри ғафлатдин далолат истасанг кел, мендан сўра.
7.
Вақти ҳушликлар ҳам насиб ўлғай -кўрармиз охири,
Шахди журъатдин кафолат истасанг кел, мендан сўра.




