«БИРДАМЛИК ХАЛҚ ДЕМОКРАТИК ҲАРАКАТИ» ФАОЛИ БОТИР НОРБОЕВ ВА «ЗАМОНДОШ ТВ» МУХБИРИ УЛУҒБЕК БАКИРОВ СУҲБАТИ

Савол: – Ботир ака! Мана, Ўзбекистон мустақиллигига 20 йил тўлибди: Нималарга эришдик, нималарни йўқотдик?
Жавоб: -Ўзбек, менимча, 20 йил ичида, аста секинлик билан миллат сифатида обрўсини йўқотди. Эркин Воҳид бир пайтлар «Қайга борсам, бошда дўппим, ғоз юрарман, гердайиб», деган эди. Ҳозир бундай дея олмайди. Бу гапни айтиш ҳар бир ўзбекка, шу жумладан менга ҳам оғир: ўзбекнинг бўйнигина эмас, белиям букилиб қолди. Ҳозир ўзбекнинг ҳатто қўшни туркий халқлар оладўппилилар, олачопонлар, сартлар, қуллар деб камситяпти.
Ўтган йилнинг июн ойида Қирғизистонда ўзбекларга нисбатан бўлган қатли ом, Ва ҳозир ҳам бўлаётган камситишлар, қама қамалар ўзбекнинг миллат сифатида обрўсизланганининг қайғули ва мудҳиш кўринишидир… Қирғизистондаги фашистик тўдалар 20 йил аввал шундай қатли ом уюштирган эди. У пайт майли, СССР пайти эди, Ўзбекистон ҳукумати аралашолмади. дейлик. 2010 йил қирғизларнинг фашистик тўдалари кўрдики, ўзбекнинг ёнини оладиган бирон ҳукумат, бирон халқаро ташкилот йўқ! Қирғиз Фашистик тўдалари ҳам, ҳукуматдаги миллатчилар ҳам бемалол қирғин қилишаверди…
Савол: – Ташқи ишлар вазири Владимир Норов, президент Ислом Каримов Қозоғистонда бўлиб ўтган Саммитда Қирғизистондаги бу қатли ом халқаро текширувдан ўтказилиши кераклиги ҳақида гапирдику?
Жавоб:- Тўғри, гапиришди. Менимча, гарчи кечроқ бўлсада, бу арбобларнинг шу гапларни айтгани яхши бўлди, Қирғиз ҳукумати Халқаро комиссияга йўл беришида шу гапларнинг ҳам роли бўлгандир, балки…
Аммо қирғизлар ҳам дарҳол бу гапнинг: «нега бўлмаса Андижон қирғини халқаро текшурувдан ўтказилмади», деб қайтимини қайтаришди.
Қирғизистон фожиаси – ҳар бир ўзбекнинг, паспортида ўзбек ёзилган ҳар бир фуқаронинг қалб дарди бўлиб турибди. Хуллас, бу дардни ҳам ҳисобга олиб айтадиган бўлсак, Ўзбекистон ичидаги ва ташқарисидаги оддий ўзбекнинг ютуқларидан кўра, йўқотган нарсалари кўпроққа ўхшайди. Илгари Ўзбекистонда озми кўпми одамларда иш бор эди. Ҳозир ишсизлик борлигини ҳукумат ҳам тан олмоқда. Илгари колхозчи ойлик оларди. Бу ойликка ўзбекистонлик деҳқон ҳеч бўлмаса 2,3 қоп ун харид қилиши мумкин эди. Ҳозир Ўзбекистонда фермерлар қўлида ишлаётганлар ойлик олмайди. Масалан, мен билган Хоразм вилоятида арзимаган ерга экин экиш ёки фақат пахтани ғўзапоясини олиш, молига ўт ўриш учун фермерга ёлланиб ишлаётганлар бор.
Савол: – Қозоғистонда фермерларнинг аҳволи бундан яхшими?
Жавоб: – Козогистонда хам ахвол идеал эмас, лекин, Ўзбекистон билан солирштирсак, Ўзбекистондагидан яхши. Уларга давлат фалон нарса эк, пистон нарсани экма, деб буйруқ бермайди, улар ерни солиғини тўлашади, ўзлари нима экса экиб, қаерда сотса сотишаверади. Ҳозир Қозоғистонда ер эгалари, фермерлар кўпайиб кетган. Пахтасини ҳам, торвуз қовунларни ҳам ўзбеклар экиб, териб беришади. Бировлар Қозоғистонда аҳвол яхши эмас, дейди. Агар Қозоғистонда аҳвол ёмон бўлиб, Ўзбекистонда яхши бўлганида, деҳқон ёки қурувчи иссиқ жойини совутиб, бу ерларга келиб ишламасди…
Савол: – Хўш, фермерлик яхши йўлга қўйилганининг Қозоғистондаги халққа фойдаси бўляптими?
Жавоб: -Ҳа, бўляпти! Айтайлик, ҳозир (сентябр бошларида) Чимкент бозорларида сабзавот, мева чева жуда кўп. Нархлар Тошкент бозорларидагидан анча арзон. Масалан, 50, 100 тангага, яъни, бир минг, бир ярим минг сўмга торвуз ёки қовун олиш мумкин. Тошкентда эса шу нархга қовун торвуз олаолмайсиз. Агар фермерлик ишлари тўғри йўлга қўйилганда ўзбекистонда ҳам нархлар арзон бўларди.
Савол: – Бунинг сиёсатга боғлиқ томонлари ҳам бор эмасми?
Жавоб: – Албатта бор! Сиёсат ҳамма соҳаларда акс этади. Қозоғистонда давлат, ҳукумат халққа қарашяпти, фермерликни нисбатан тўғри йўлга қўйган. Ишлаётганларга, ҳатто ишсизларга кредит беради. Шу учун ҳам бошқа юртларга оммавий равишда кетиб ишлаётганлар жуда оз.
Савол: – Қозоғистон билан Ўзбекистонни сиёсий томондан ҳам солиштириб бераоласизми?
Жавоб: – Солиштириш мумкин. Ўзбекистонда халқ манфаати йўлида астойдил ишлаётган партиялар йўқ. Ўтган асрнинг 85 – 90 йилларида астойдил ишлаган, партия ва ҳаракатлар йўқ қилинди. Илгари кишилар жамоат ташкилотларига, партияларга уюшиб, халқнинг фаровонлиги йўлида курашиши мумкин эди. Ҳозир шу эркинликлар ҳам йўқ… Ишлаши мумкин бўлган Бирлик, Эрк, Бирдамлик партиялари, харакатлари бугунги кунда Ўзбекистонда рўйхатга олинмаган. Тўғрисини айтганда, рўйхатга олингандан кейин ҳам бу ташкилотларнинг нормал ишлашига кўзим етмайди. Масалан, Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари мустақил ташкилоти деган рўйхатдан ўтган ташкилот бор. Бу ташкилот бирон жиддий иш қилаолмайди, сал қимирлашса. дархол юкоридан чақириб, қийин қистовга олишади.
Савол: – Қозоғистондачи? Бундай воқеалар бўлмайдими?
Жавоб: – Қозоғистонликларнинг, бу сиёсий соҳада ҳам ўзига хос устунликлари бор… Улар Олмаота каби марказий шахарда ҳам бемалол йиғинлар ўтказишади, митингларга чиқишади…»Нағз Оқ жол», «Озод» деган мухолиф партиялар ишлаяпти. «Республика», «Свабода слова» каби мухолиф нашрлар мунтазам чиқиб турибди. Ҳатто Қозоғистондаги ўзбекзабон газеталар, Ўзбекистондаги ўзбекча газеталардан кўра эркинроқ. Нашрларда жамиятни, раҳбарларни танқид қилиш таъқиқланган эмас.
Ўзбекистонда эса… мисол билан гапирақолай, масалан, бир гал тўртта одам чойхонада йиғилиб гаплашиб ўтирсак бизни сумкасида «кўзи» бор «видиочи» яширин равишда видиога оляпти. Мен ўрнимдан туриб, ўша томонга юришим билан «видиочи» сумкасини олиб қочиб кетди.
Вилоятлардаги одамлар ниҳоятда қўрқиб қолган! Комондировкага борсангиз сиз билан учрашишга қўрқишади. Мабодо бир амаллаб учрашсангиз, учрашган одамларингизни терговга чақиришади, ҳеч бўлмаса тушунтириш хатлари олишади. Улар яхши гаплар ёзишсаку, яхши, агар сал бошқачароқ ёзишса, дарҳол устингиздан дело очишади…
Ўзбекистон мухолифатига у ёки бу даражада алоқаси бор одамларга чегаралардан ўтиш қийинлашиб бормоқда. Мен Ўзбекистон фуқаросиман, шунга қарамасдан, у ёққа ўтсам ҳам, бу ёққа ўтсам ҳам Қозоғистон божхонаси ҳеч нима демай ўтказади, аммо Ўзбекистон томондан паспортга мухр уришда анча ушланиб қоламан. Компьютерларида нимадир ёзилганми, очиб қарашлари билан қандайдир бланкларни тўлдира бошлашади. Менинг орқамда навбатда турганлар чегарачи зобит бланк топиб уни тўлдиргунларича анча кутиб қолишади.
Савол: – Нуқул йўқотишлар ҳақида гапиряпсиз. 20 йил ичида топган нарсаларимиз йўқми?
Жавоб: – Албатта, биринчи навбатда топилган нарса, бу олинган аччик тажрибадир – математикада айтилгандай, манфий натижа хам натижадир. Минг аччик булмасин, демак, бундай тажриба хам керак экан. Бундан хам аччикрогидан Аллохнинг узи халкимизни асрасин. Чет элдан қўним топган мухолифатга келсак…..Чет элдаги Ўзбек мухолифатининг топган нарсалари бор. Мана, 20дан ортиқ мухолиф сайтлар ишлаяпти. Телевидения очибсизлар, газеталар ҳам чиқяпти. Бу оммавий ахборот воситалари ҳақиқатни баҳоли қудрат ёритишяпти. Худди шулар туфайли, Ўзбекистон сиёсатидаги номақбул томонлар очиқ ёритилиб турибди. Аммо чет эларга бориб жимгина юрган қўштирноқ ичидаги «мухолифатчилар» ҳам йўқ эмас. Хуллас, 20 йил давомида ўзбек топган нарсалар йўқотилган қадриятлардан кўп бора кам…
(Қисқартириб берилди)

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares