Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида жиноятчилик кўпаймоқда

Шарифахон Тўйчибоева

Ўзбекистон Республикасидаги расмий ОАВлар мамлакатда ҳамма нарса зўр эканлигини, мамлакат гуллаб яшнаётганлигини, халқ фаровон яшаб эрта- ю кеч тинмай ҳукуматимизга ва шахсан Ислом Каримовга миннатдорчилик билдиришаётгани жар солаётган бир пайтда Ўзбекистон Республикаси Тошкент вилояти Оҳангарон туманида ишсизлик ва йўқчилик натижасида фуқаролар томонидан кўплаб ҳуқуқбузарликлар,оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этилмоқда. Мисол учун, ўз вилоятида иш топа олмагани учун Андижон вилоятидан Оҳангаронга келган 26 яшар Элмурод Ўрмонов шу йилнинг 8 март куни шаҳарнинг “Шарқ” махалласидаги Восточная кўчасида фуқаро Виктория Бубенчиковадан нархи 300000 сўм бўлган “Верту” қўл телефоннини қўрқитиш йўли билан тортиб олади ва уни деҳқон бозорида бор- йўғи 27 000 сўмга сотиб юборади. Кўп ўтмай Элмурод Ўрмонов қўлга тушди ва жиноят ишлари бўйича суди уни саккиз йилга озодликдан маҳрум этди. Биринчи қарашда бу гўё адолат танатнасидек кўринади, аммо шу ёшгина йигитнинг 8 йилга озодликдан маҳрум этилганига унинг ўзигина сабабчими? Агар қоғозда эмас,амалда ҳукумат халқни ўйлаб иқтисодиётни ривожлантирганда, янги иш ўринлари барпо қилганда бу йигит ўз вилоятини ташлаб бегона шаҳарларга келмасди ва балки, жиноят йўлига кириб кетмасди. Қолаверса, битта телефон учун уни саккиз йилга озодликдан маҳрум этиш тўғримикан? Ахир, у ҳам кимнингдир фарзанди, яхшими -ёмонми бизнинг ватандошимиз. Унинг биринчи марта жиноят содир этганини эътиборга олиб, жабрланувчига етказилган зарарни қоплашни унинг бўйнига юклаб шартли жазо белгиланса ҳам бўлардику ! Оиладасидан йироқда, қамоқда ўтказилган йиллар унинг тарбиясига ва соғлиғига ёмон таъсир қилмайди, у яна жиноят йўлига кирмайди деб ким кафиллик беради? Давлатга миллионлаб зарар етказган юқори мартабали амалдорлар содир этган жиноятлари учун озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар олиб амалда сувдан қуруқ чиқиб кетишди.Бундай амалдорларнинг яна қанчаси жазоланмасдан юрибди.Битта телефон учун эса ёшгина йигит саккиз йилга озодликдан маҳрум этилди. Юқоридаги фактлардан кўринишича “ҳамма қонун олдида тенг, аммо баъзилар яна ҳам тенгроқдир” принципи Ўзбекистонда, афсуски, яна ҳали кўп йиллар ҳукмронлик қилади.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares