ҲОКИМНИ КАЛТАКЛАШДИ

Мана, беш-олти йилдирки Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманига асли Қўшрабодлик бўлган Нурали Абдуғаниевич Бердибоев ҳокиму мутлақ.

Ҳоким сифатида иш бошлаган Нурали Бердиёровнинг йиғлишда айтган илк сўзлари шундай бўлган эди: “Ҳой, Оқдарёнинг оқбилак хонимлари. Бизнинг Қўшрабоддагилар газ нима билишмайди. Асрлардирки, умр бўйи тезак ёқишади. Сизларга айтадиганим шу: бугундан бошлаб табиий газ деган нарсани унитасизлар. Ер тагидаги заҳираларнинг ҳам кети, адоғи бор. Токи мен ҳоким эканман, Оқдарёнинг оқбилак хонимларига таппи қилдириб, тезак ёқтираман. Тушунарлими?!” деган эди ҳоким жаноблари ғолибона. Йўлбарс изидан, йигит сўзидан қайтмайди, деганлари рост чиқди. Нурали Бердиёров ваъдасининг устидан чиқди. Мана, худо ҳоҳласа, беш йилдирки Оқдарёнинг оқбилак хонимлари узукун таппи қилиш билан овора.Ҳоким жаноблари амр қилганларидек, табиий газ деган сўзни ўз луғатларидан ҳам чиқариб ташлашган…

Шу кеча-ю кунзузда нима бўлди денг? Айтган сўзини қиладиган, ушлаган жойидан кесадиган шундоқ ҳокимни ҳали 30 ёшга ҳам тўлиб-тўлмаган бир успирин ўласи қилиб калтакласа денг.

Гап шундаки, Оқдарё деб аталмиш ўз салтанатида сайру саёҳат қилиб юрган Нурали Бердиёров тумандаги “Шоҳ Жаҳон” ресторанининг соҳиби Уктамхонинг эркатойи Азизхонга рўпару келди. “Туманга комиссия келаяпти. Сизлар эса ресторон ёнидаги, кўча юзидаги пахтани сув бостириб ўтирибсанлар. Нега бақирайиб турибсан. Тезда реторанингни ёп-да, челаклаб сувни таши!” дея ўшқирди. Ҳокимнинг чираниши Азизхонга чивин чаққанчалик ҳам таъсир қилмади. Бу ҳолат ҳамиятига теккан Нурали Бердиёров “Ё Пирим! Менинг қўлим эмас, Бош Вазир Шавкат акамнинг қўли!” деди-да бола-пақирнинг ёзига тарсаки тортиб юборди. Азизхон худди шуни, дастлабки ҳужумни кутиб тургандек, ҳокимга ташланди. Вой, гавданинг катталигига ишонманг экан, тўла одам хомсемиз, пўк бўларакан. Йўқса, шундай девқомат ҳоким жаноблари ёш боланинг бир зарбасига дош беролмай балчиққа юзтубан йиқилармиди… Нурали Бердиёров шу йиқилганича, устма-уст тушаётган тепкидан ўзини ўнглаб ололмади, ҳамма жойи маматалоқ бўлгани қолди. Нима бало, карат-э бўйича қора белбоғи бормиди дейман бу боланинг, ҳатто “ҳакамлик” қиламан деган ҳокимнинг ҳайдовчиси ҳам қуруқ қолмади…

Худди мана шу ур-йиқитнинг устига ҳорижнинг энг охирги русумида чиққан автобомилида келиб қолган “чимпион”имиз Азизхоннинг падарибузруквори Уктамхон негадир ҳокимга ҳиммат кўрсатгиси келмади. Аксинча, машинасининг калитини бепарво ўйнатганича “Яша ота ўғил, яхшироқ ур, қайтиб келмайдиган қилиб тушир” дея ўғли Азизхонни илҳомлантириб турди…

Бу можоранинг гувоҳлари билан суҳбатлашарканман, “Ҳукумат вакилига қўл кўтаргани учун камида 7-8 саккиз йил олади энди бола бечора” дедим юрагим ачишиб.

– Э, қайда, – дея бепарво қўл силтади текин томошанинг гувоҳи бўлганлардан бири, Бу гапнинг бўлганига бир ойдан ошиб қолди. Лекин Азизхон, ана, ошиғи олчи, ўйнаб юрибди…

– Йўғ-э, – елка учирдим ишонқирамай.

– Ҳокимбобо милисага арз қилмабди, ҳеч кимга чурк этмабди. Негаки, Ҳокимимизнинг районимиз бойларидан тили қисиқ экан… Оларини олиб, еярини еб қўйган экан.. Мана, ишонмасангиз, мен айтай, хокимбобо куни кеча қишлоғимиздаги катта фермирнинг уйига келиб очиқ-ойдин пул, пора сўрабди…, – деди суҳбатдошим ишонч билан.

Кейин билсам, таъмагир ҳоким шу тақлид ёш болалардан таъзирини еса-да, бироқ мум тишлаб юраркан…

ЗУЛФИЯ.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares