Маълумингизким, исёнкор икки журналист М. Эшонқулова ва С. Амоноваларнинг иддаоларига кўра ЎзМТРКда иқтисодий ўғирлик, маҳаллийчилик, гуруҳбозлик, ижтимоий тенгсизлик каби илллатлар авж олганлиги хусусида икки йилдирки ЎзМТРК атрофида катта шов-шув кезмоқда… Ана шундай кунларнинг бирида икки журналистни жонидан тўйдириб, “портлаб кетишига” сабабчи бўлган Алишер Журақулович Хаджаев Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов томонидан Мустақиллик арафасида “Дўстлик” ордени билан тақдирланди. Бу бежиз эмас. А. Ж. Хаджаев Ўзбекистондаги халқлар дўстлигини мустаҳкамлаш борасида кейинги 2-3 ой ичида мисли кўрилмаган жонбозлик кўрсатганди. Мукофот баҳонаи сабаб А. Хаджаевнинг дўстлик, биродарликни барқарорлаштириш борасидаги фидоийлиги хусусида икки оғиз:
Маълумингизким, ЎзМТРК қошида Медия марказ деб номланган ҳашаматли бино қад кўтарди. Адашмасак, нақд олти гектардан ортиқ майдонда савлат тўкиб турган бу бинони Мустақиллигимизнинг 20 йиллигига туёна сифатида топшириш режалаштирилган эди. Шу боис икки ой олдин Медиямарказда тозалаш, саранжому саришта қилиш ишлари авж олдирилди. Буёқ теккан эшик-ромлару полларни артиб-суртиш, супир-сидир дегандек… Энг қизиғи, бу юмушларнинг бари Медиямарказнинг “вориси” бўлган Ўзбекистон телерадиокомпанияси ходимлари – журналистлар, муҳаррирлару техник ходимларнинг гарданига тушди. ЎзМТРК тизимидаги “Ўзбекистон”, “Спорт”, “Тошкент” ва ниҳоят «Yoshlar» телерадиоканалининг барча ходимлари ойлар мобайнида Медия марказни “ялаб-юлқаш”га сафарбар этилди.
Эсиз, мабодо ЎзМТРК тизимидаги ходимларнинг барчаси маҳаллий халққа мансуб ходимлар бўлганидами, тўғрими-нотўғрими, қонунийми-йўқми, ҳарҳолда машҳур Медия марказни ювиб-тараш ишлари хамирдан қил суғургандек амалга ошган бўларди… Бироқ “Спорт” ва “Тошкент” каналида рус миллатига мансуб муҳарриру журналистларнинг бисёрлиги А. Хаджаев пишираётган ошга пашша бўлиб тушди… Биласиз, руслар биз ўзбекларга нисбатан “закунчи”роқ бўлишади. Шунинг учунми, ҳарҳолда, ЎзМТРКда фаолият юритаётган рус миллатига мансуб ходимлар ўзларига юклатилган фаррошлик юмушидан норози бўлиб, “Нега энди бу ҳайҳотдек бинони фаррошлар эмас, биз журналистлар, техник ходимлар ойлаб тозалашимиз керак экан? Нима учун бизнинг мамлакатда ҳамма ўз ишини билиб қилмайди?!” дея айни Мустақиллик байрами олди ғалаён кўтариб, ЎзМТРК раҳбариятига ташланиб қолса бўладими?
Қўл ўз қўл остидагилардан бу каби қаршиликларни мутлақо кутмаган А. Хаджаевга ходимларининг бу каби норозилик кайфияти жуда қимматга тушди. Яъниким, ғалаённи бостириш, ғалаёнчиларнинг оғзига уриш мақсадида Мустақиллик байрами муносабати билан (таассуфки, айёмларда байрам пули бериш тўхтатиб қўйилганига икки йил бўлганди) ЎзМТРКи тизимидаги минглаб ходимларининг ҳар бирига нақд 50.000 ( эллик минг сум, қора бозорда 20 $) сумдан байрам пули беришга мажбур бўлди. Табиийки, мустақиллик олди оиласидаги қора қозони лоақал бир кун бўлса-да қайнашини ўйлаб мамнун бўлган ходимлар мум тишлаб, тарқалишди… Бир сўз билан айтганда, А. Хаджаевнинг “уддабурролиги”, “ишнинг кўзини билиши” боис ЎзМТРКдаги рус миллатига мансуб ходимларнинг норозилиги шу тақлидда “бостирилди”… Энди, айтингчи, 1-сентябрь олди ЎзМТРК раҳбари А. Ж. Хаджаевнинг “тинчликни сақлаб қолиш” йўлидаги бу “матонати” ҳар қандай мукофотга, айниқса, “Дўстлик” орденига муносиб эмасми?
Илова ўрнида шуни ҳам эслатиб ўтиш жоизки, ул жанобнинг бундай юксак мукофот – “Дўстлик” орденига муносиб деб топилишида ЎзМТРК раиси А. Хаджаев ва унинг қуда бўлмиши Бош Вазир ўринбосари Абдулла Негматович Арипов ўртасидаги ДЎСТОНА МУНОСАБАТЛАР ҳам муҳим рол ўйнаган, албатта.
ЗУЛФИЯ



