“Инсон ўтган кунларидан кейинчалик афсусланмайдиган тарзда яшаши керак. Ортда қолган ҳар бир кунидан рози бўлиб яшаши керак”.
Бу пурҳикмат ибораларни эсимни таниганимдан буён биламан. Тўғри, бир кам дунё-бу, дейдилар. Гарчи, қалбимни тирнайдиган, ёш бўлсамда, юрагимни кемирадиган ўзимга яраша дардларим ичимда. Дардсиз одам борми бу дунёда?!
Муштипар Онажонимни ва жонажон Ватанимни ҳар кун соғинганимда кўролмаётганим энг оғир, чидаб бўлмас дардимдир. Бу сўзларни ёзайми, ёзмайми, деб кўп ўйландим. Охир-оқибат ёзишга аҳд қилдим…
Ҳар бир ниятимиз ҳамиша биз орзулагандек бўлмас экан. Агар шундай бўлганида эди, эҳ-хеее, бу дунё ўзгача бўларди. Кўп томондан қалбим ўксик бўлсада, лекин, бир жиҳатдан, айтиш жоизки, асосий жиҳатдан кўнглим тўқ.
Яратганга минг шукурки, болалигимдан то шу кунгача фақат яхши инсонларни менга танитди. Бундан кейин ҳам, илоҳим, шундай бўлсин! Энг қизиғи, ҳаёлимда йиллар мобайнида ўйлаб юрадиганим, аслида, умуман танимаганим инсонларни Аллоҳ ўзи менга яқинлаштириб қўяди. Билмадим, ҳамма одамларда ҳам балки шундайдир. Ҳеч бу ҳақда бошқа одамлар билан гаплашиб кўрмаган эканман. Баъзида шуларни ўйлаб лол қоламан.
Бундан ташқари, кичкинагина 31 йиллик ҳаётимда негадир кутилмаган бурилишлар кўп бўлди, гоҳ яхши томонга, гоҳ тескариси. Солиштирганимда яхшиси кўпроқ.
Балки бу гапларим ғалати тарзда кимларгадир эриш туюлар, худди 80-90 ёшдаги қарияларга ўхшаб, эзмаланиб ёзаётганга ўҳшарман. Бироқ, қалбимдагиларни айтябман, холос.
Ўтган кунларимдан ҳеч афсусда эмасман, гарчи кўнглим ўксик бўлсада. Ҳар бир кунимдан мамнунман. Боиси, юқорида айтганимдек, Яратган мени яхши инсонларга дуч келтирди. Бундай инсонлар, албатта, Устозларим, дўстларимдир. Кўп дўстларим ва кейинчалик Устозимга айланган азиз инсонлар ҳаётимда бисёр. Буларнинг деярли барчасини бир сабаб бўлиб, тўсатдан, тасодифан таниганман. Бир қарашда шундай кўринади. Аслида, ҳеч нарса тасодиф эмас. Аллоҳнинг инояти ва ҳикматидир бу. Шу паллада, бу мўътабар барча инсонларнинг номларини санаб ўтсам, каттагина рўйхат бўлиши муқаррар. Фурсати келганда бошқа бу ҳақда ёзарман. Лекин, сиёсатга кириб, адолат йўлида бўлишимда асосий хизмати сингган мен учун азиз ва қадрли бўлган Устозларим номларини айни дамда, айтиб ўтишни жоиз, деб билдим. Улар: Шокиржон Мўминжонов, Музаффармирзо Исҳоқов, Акбарали Орипов, Васила Иноятова, Абдураҳим Пўлатов, Пўлатжон Охунов, кейинроқ, Собитхон Устабоев, Насрулло Саййид, Холдор Вулқон, Музаффаржон Мирзаев, Анвар Садриевлардир.
Сўнгги вақтларда эса, Ризо Обид, Ёдгор Обид, Бобур Маликов, Жаҳонгир Муҳаммад, Мўътабар Тожибоевалардан кўп билим ва тажрибалар ўргандим ва ўрганябман. Бу меҳри дарё, қалби қуёш барча азиз Инсонларни ҳақли равишда, ифтиҳор ила УСТОЗЛАРИМ, деб айта оламан. Негаки, бу кишилардан ўрганганим ҳар бир сўз мен учун қадрли улкан мактабдир.
Ҳазрат Навоий айтган эканлар:
Ҳақ йўлинда ким сенга бир ҳарф ўргатмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз минг ганж ила.
Шу Инсонлар атрофида эканман, ўксик қалбим ҳам бутундир.
Сизга таъзим, азиз Устозлар!
***
Шу кунларда байрам устига байрам. Аввал боши, Рамазон Ҳайит байрами, кеча Ватанимиз Мустақиллигининг 20 йиллиги (ҳар нечук байрамда энди.-У.Б.)
ва Устозимиз Жаҳонгир Муҳаммаднинг таваллуд айёмлари.
Бугун, 2 сентябрда эса, Устозимиз Бобур Маликовнинг таваллуд айёмлари. Бу ҳали ҳаммаси эмас, бугун Бобур Маликов билан бирга севимли, жасоратли Устоз адибимиз, Ўзбекистон халқ шоири Шукрулло домла ҳам ўзининг муборак 90 ёшини нишонламоқдалар…
![]() |
| Бобур Маликов |
Таниқли давлат ва сиёсат арбоби жаноб Бобур Маликов бугун, 2011 йилнинг 2 сентябрида ўзининг муборак Пайғамбар 63 ёшларини қарши олмоқдалар.
Олийжаноб, меҳри дарё ва қалби қуёш, мўътабар ва ажойиб Инсон, қадрли Бобур Мажидовичнинг улуғ 63 Пайғамбар ёшида, не тонгки, камина мухбирингиз, табрик нома ёзиб турибман. Бобуржон акага табрикнома ёзиш, мен учун нафақат фахру ифтиҳор, балки, шарафдир.
Келинг, аввал боши, одатимизга кўра, Бобур Маликовнинг таржимаи ҳолини келтириб ўтсамда, сўнг, қалбимнинг тўридаги номаларга ўтсам.
Атоқли давлат ва сиёсат арбоби, Муҳаммад-Бобур Мажидович Маликов 1948 йилнинг 2 сентябрида Тошкент шаҳрида зиёлилар оиласида дунёга келган.
Отаси – Мажид Маликов (марҳум) урушдан кейинги оғир вақтларда Фарғона вилояти Охунбобоев тумани Ойимча қишлоғида жамоа хўжалиги (колхоз)га узоқ йиллар раислик қилади.
Онаси – Ҳайринисо Ая, жорий 2011 йилнинг 21 августида ўзининг қутлуғ 90 ёшини қарши олган. Айни кунда Тошкентда яшайдилар.
Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Йўлдош Охунбобоев Ҳайринисо Аянинг отаси ва Бобур Мажидовичнинг бобосидир.
Бобур Маликов 1949-1957 йилларда Фарғонада яшаб, 1967 йилда Тошкентдаги авиатехникумни тамомлаб, бир йил терувчи-уста вазифасида ишлаган.
1972 йили Тошкент Давлат Университети (ТошДУ)нинг ҳуқуқшунослик факультетини тамомлаган. 1972-1977 йилларда Тошкент шаҳри ва Республика прокуратураси тизимларида фаолият олиб борган Бобур Маликов, 1977 йилдан Адлия тизимида ишлаган.
1983 йилда Тошкент вилояти судининг аъзоси, 1985 йилда Олий Суд аъзоси, 1987-1989 йилларда эса, Андижон вилояти суди раиси, кейинроқ, яъни, 1989 йили Ўзбекистон Олий Суди раиси ва бир вақтнинг ўзида СССР Олий Судининг аъзоси лавозимида ишлаган.
1991 йили Ўзбекистон Адлия вазири лавозимига тайинланган.
1993 йили (19 февралдан 1993 йилнинг оҳиригача) Ўзбекистон Республикасининг АҚШдаги биринчи фавқулотда ва мухтор элчиси лавозимида фаолият олиб борган.
Бобур Маликов Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси лавозимидан Ислом Каримов сиёсатини «фашизм», дея атаб, 1993 йилда истеъфо бериши ортидан ҳозиргача АҚШда сиёсий муҳожирликда оиласи билан бирга яшаб келмоқда.
Б.М.Маликов Ўзбекистон ҳукумати хизмати тизимида туриб, жасорат билан мухолифат сафларига ўтган ягона, юқори лавозимдаги мансабдор ҳисобланади.
Бобур Маликов собиқ СССР Олий Суди аъзолиги даврида СССР Бош прокуратураси терговчилари Гдлян ва Ивановлар Ўзбекистонда олиб борган ишларини қатағон атаб, 3,5 мингдан ортиқ «ўзбеклар иши», «пахта иши» каби сохта айбловлар билан судланган кишиларнинг оқланишларига эришган.
Оилали, икки фарзанди бор.
***
Авваллари Бобуржон акани Туронзамин ва Замондош веб-саҳифалари орқали сиртдан танирдим. Юқори лавозимларда ишлаганларини, Йўлдош Охунбобоевнинг набиралари эканлигини ва профессор Гога Аброрович Ҳидоятов ва Санжар Умаровларга қариндошлиги борлигини билардим, холос. Лекин, кунлар келиб, бу киши билан суҳбат қуришим етти ухлаб тушимга ҳам кирмаган эди. Ҳа, кўп нарсалар худди шундай етти ухлаб тушимга ҳам кирмаган.
Ўрта мактабда ўқувчилик пайтларимда, болаликдаги юрист ва журналистлик орзуларим, кейинчалик одил судья бўлиш ниятларим палласида ҳам, ёҳуд кейинроқ давлат ишларида ишлаб юрган кезларим ҳам, орадан йиллар ўтиб муҳожир бўлиб, дунёнинг бир чеккасига келиб, бир пайтлар ҳурматим бўлган ҳукуматга мухолиф сафларда бўлишлигим етти ухлаб тушимга кирмаганди. Энг қизиғи, бундан ўн йил муқаддам кимдир менга бугунги кундаги тақдиримни аввалдан айтганида борми, шубҳасиз, ўша одамни ақлдан озган бир телба деган бўлардим. Аммо, тақдирдан қочиб бўлмас экан. Ўн йил бурун ўшандай эдим, бугун бундайман, яна ўн йилдан кейин қаерда, қандай бўламан ёлғиз Ўзигагина аён…
Яна энг қизиғи, бунга, туриб-туриб ўзим ҳам ҳайрон қолиб, кулиб қўяман. Андижонда ёки Тошкентдалик пайтларимда ҳам шу журналистика соҳасининг ичида эдим. Ўша пайтлари ёнимда бўлган ёки олдиларига борсам юзма-юз ўтириб, бемалол суҳбатлашишим мумкин бўлган инсонлар билан Ватанда суҳбатлашмасдан, дунёнинг ишларини қарангки, Ўзбекистондан жуда олисдаги Норвегияда ўтириб, телефонда суҳбатлар ёзиб олишимни ўйласам, тақдир ҳукмига лол қоламан. –Ўшанда нега Тошкентда бу инсонлар билан гаплашмаганман?, деб қўяман, ўзимга-ўзим баъзан. Жавобини ҳам энди биламан. У пайтлари ғўр бола эдим, у дамларда фикрларим тубдан ўзгача, ҳаёлларимда бошқа осмонимда юрардим. Эндиликда ҳаётнинг улкан қозонида аста-секин пишиб борябман, чоғи.
Кўрмаганимни кўрябман, эшитмаганимни эшитябман, билмаганимни билябман, гапирмаганимни гапирябман, ўйламаганимни ўйлаябман, ўқимаганимни ўқиб, уқмаганимни уқябман, шекилли. – Бу ҳали бошланиши, -дейди, тажрибали кишилардан бири. –Ҳа-а-а-а-а, деб, қўяман.
***
Бобуржон аканинг таваллуд кунига табрикнома ёзишни ният қилиб, қўлимга қалам олгандим, тўғрироғи, компьютер ёнига ўтиргандим, табрикнома баҳона қайси кўчаларга кириб-чиқиб юрибман?!.
***
Сиртдан таниганим Бобуржон акани негадир бугун худди юз йилдан буён биладиган, ҳамиша мен билан бирга бўлган энг яқин Инсондай биламан. Бобуржон ака билан Замондош ТВга суҳбат тайёрлар эканман, ҳар сафар кўп нарса ўрганаман. Кадрдан ташқари, шахсий суҳбатларимизда эса, янгидан-янги нарсаларни ўзимда кашф этаман. Аслида, бу шахсий суҳбатларимиз ҳам шахсий бўлиб, шахсий эмас. Боиси, Бобуржон ака билан оддий одамлар билан гаплашгандай гаплашиб бўлмайди. Негаки, у кишининг ҳар бир сўзини иложи борича хотирамда сақлаб қолишликка ҳаракат қиламан. Худди, ўқув юртларидаги талабалар каби. Қачон суҳбатлашсак, қўлимда дафтар ва қаламим бор. Бундан ташқари, у кишининг ҳар бир суҳбатини аудио тарзда тасмаларга муҳрлаб, кейин файлларни алоҳида дискларга кўчириб қўяман. Албаттаки, бу ишларга Бобуржон аканинг шахсан руҳсатларини олганман. Фурсати келар, насиб қилса, албатта, бир нималар ёзиш ниятим бор. Шунинг учун айтаманки, бу шахсий суҳбатларимиз ҳам шахсий бўлиб, шахсий эмас. Тўғри, ҳозирча шахсий. Вақти-соати келганда, бу суҳбатлар шахсий эмас, барчамизники бўлиб қолишлигига иймоним комил, иншоаллоҳ.
Бобуржон акани балки кўпчилик билмас. У киши билан қалбдан суҳбатлашсангиз, соатлар сониялардек ўтишини сезмаймиз. Энг муҳими, шахсан мен, авваллари ҳеч кимдан эшитмаган антиқа мавзуларни Бобуржон акадан биринчи бўлиб, эшитаман. Шу кунга келиб, менда ғалати бир тушунча пайдо бўлдики, шу кунгача ўқиганларим ва ўқитган домлаларим дарслари, кўрган-билганларим ва кичик ҳаётий тажрибаларим бир томон, Бобуржон акадан ўрганаётганларим эса, яна бир томонга, ғарқ икки паллага ажралиб қолди. Ҳар гал “шахсий” суҳбатларимиз тугаганидан кейин ўйланиб ҳеч ўйимга етолмайман. -Нега, нима учун, қандай, қанақа, қачон, нима сабабдан, -каби саволлар ёғилганидан ёғилиб, қуюлганидан қуюлиб келаверади. Кейинги суҳбатларимизга эса, бир вагон саволларим, қарабсизки, таппа-тайёр турибди.
***
Кези келганда шуни айтишим керакки, Замондош ТВдаги муаллифлик кўрсатувим номини ҳам бежиз “Ўрганишга молик мавзулар”, деб атамаганмиз. Кўп ўйланганман, ҳар хил вариантлар бўлган. Оҳири Устозимиз, Замондош Ҳалқаро Фонди раҳбари Ризобек ака Обидов, -Улуғбек, келинг яхшиси, кўрсатув номини “Ўрганишга молик мавзулар”, деб номлай қолайлик, нима дейсиз?, -деганларида, ростдан ҳам Ризобек ака юрагимдагини топиб айтганларини ҳис қилганман ўша дам.
***
Энг қувонарлиси, Бобуржон ака билан “шахсий” суҳбатларда ўзимни эркин тутаман. Истаган, ўзимни қизиқтирган саволларни тўғридан тўғри, ҳеч иккиланмай беравераман. Одатда, авваллари, катта аудиторияларда, профессор домлаларга ёки юқори лавозимларда ишлайдиган, илмли ва тажрибали кишиларга савол беришда биз каби ёшлар минг каловланиб, етти ўлчаб бир кесиб, сал-пал ўйланиб, кейин савол берардик. Гарчи шундай экан, албатта, Бобуржон ака билан эркин гаплашишим менга қувонарли бўлмасдан кимга қувонарли бўлсин?!
Кейин билиб, ўзимга топдимки, Бобуржон аканинг тарбия ва маданияти бизнинг оиламиз тарбиясига жуда-жуда ўхшар экан. Сўнгги пайтларда ҳар гал Бобуржон ака билан мароқли суҳбатлашсам, раҳматли дадам Каримжон ака, тоғам Мўминжон ака, катта бобом Алижон боболар кўз олдимга келаверади. Ҳар ҳил одамлар билан шу пайтгача кўп гаплашганман, ҳеч бундай бўлмаган. Бу яқин, меҳрибонларим, афсуски, бу дунёдан кетганлар. Ҳозир дадам ва тоғамлар ҳаёт бўлганларида улар ҳам муборак 63 Пайғамбар ёшида бўлардилар. Дадам 9 ёшимда Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган, 21 октябрь 1989 йили, юрак хуружидан тўсатдан оламдан ўтган. Тоғам эса, беш йил муқаддам Ватандан кетганимдан кейин оғир хасталик билан қазо қилган. Ҳар иккиси ҳам ажойиб, беғубор инсон эдилар. Дадам иқтисодчи, тоғам эса ҳарбий-офицер бўлган. Улар узоқ йиллар шўролар пайтида Россия ва Германияда муҳим давлат ишларида ишлаганлар. Дадам билан тоғам болалигидан дўст бўлганлар. Шунинг учун бўлса керакки, буларнинг характери, дунёқараши ва маданияти бир ҳил бўлган.
II жаҳон уруши (Улуғ Ватан Уруши-У.Б.) ветерани Алижон бобом (марҳум, темир йўллар муҳандиси) эса, Хонободдаги Сув омбори қурилишида Республикада таниқли раҳбар шахс Солижон Меҳмонов (марҳум) билан бирга узоқ йиллар раҳбарлик лавозимларида бирга мардонавор ишлаганлар. Андижон вилоятининг собиқ ҳокими Қобилжон Обидов бу лавозимга келмасидан аввал, шўролар пайтида бобом ва С.Меҳмоновлар билан бирга Хонободда ишлаган.
***
Бобуржон ака билан суҳбатлашганимда кўп билим ва тажрибаларни ўрганишим билан бир қаторда яқинларимни кўргандай бўлишим менга ҳар томондан завқ ва қувонч баҳш этади.
Бобур Мажидович ажойиб, бетакрор, беғубор, дилкаш ва самимий инсон. Ҳеч ўйламаган эдим, ўзбек судьялари, министрлари ичида шундай инсон ишлаган деб. Одатда, кўрганим судьялар, прокурор, терговчилар ва ҳаттоки вазирлар (бир пайтлар қариндошларимдан вазирлар ҳам бўлган, шунинг учун озроқ бўлсада, уларни ҳам биламан) тубдан бошқача одамлар бўлган. Уларнинг аксариятини (ҳаммаси ҳам эмас, албатта) кўрган одам борки, қўрқиб кетади, худди, бир алвасти-ажинани кўргандай. Кибри баланд, маданияти йўқ, тарбия ва аҳлоқсиз, юзларидан негатив ёвузлари оқиб турадиган бесўнақай ва ғўдайган баджаҳл бу кишилардан нормал одам борки, минг чақирим узоқда бўлишни истайди.
Буларни бир томонга қўйиб, Бобуржон акага разм солсангиз, ё булар ҳақиқий адолатпеша юристлар эмас ёки Бобуржон ака бошқа мамлакатдан Ўзбекистонга маҳсус олиб келинган юристга ўхшайди, назаримда. Албатта, ҳақиқий рисоладагидай судьялар, Бобур Маликов каби ҳалол ва пок ҳамда халққа яқин, ибратли инсонлар бўлишлари керак эмасми?! Афсуски, бизларда бундай эмас…
Бобуржон ака нафақат малакали юрист, балки, ижодкор ҳамдир. У киши фалсафий йирик шахс. Б.М.Маликов юқори салоҳиятли, интеллектуал бой, юксак маданиятли, шу билан бирга, истараси иссиқ файзли ва нуроний, ҳақиқий ватанпарвар, фидоий бебаҳо, ўзбек зиёлисидир.
Бобуржон аканинг ҳаёти биз ёшлар учун ибратли, беқиёс, улкан Мактабдир!
Тақдир мени Устоз Бобур Мажидович Маликовдек дилбар Инсонга рўбарў қилганлигидан бағоятда хурсандман. Бунинг учун Яратганга ҳамдлар айтаман!
Бир куни, -Бобур ака, нега мақолалар, китоблар ёзмайсиз?,- деб, сўрасам, -Улуғбек, мен ёзишни ёқтирмайман, -дея, жавоб бердилар. Шунда айтдим: -Албатта, Сиз ҳақингизда бир куни китоб ёзаман!..
Насиб қилса, мазкур ёзганим Табрикнома, бир кун келиб, ёзилажак китобларимнинг илк саҳифалари бўлса не ажаб. Зеро, бу қадрли Инсоннинг ҳаёти, билим ва тажриба Мактаби не-не улкан китобларга жо бўлгусидир!
Азиз УСТОЗ!
Қутлуғ 63 Пайғамбар ёшингиз, таваллуд айёмингиз муборак бўлсин! Ҳамиша саломат бўлинг! Яратган Эгамдан қалбингиздаги барча ниятларингиз рўёбини сўрайман! Илоҳим, кейинги 65, 70, 80, 90, 100 ёшли айёмларингизни Озод бўлғуси, Ватанимизда катта шодиёналарда яқинларингиз ва дўстларингиз билан қарши олишликни насиб айласин! Ўшанда бизлар ёнингизда хизматда бўлайлик!
Узоқ умр кўринг! Биз ёшлар кўп билим ва тажрибаларни Сиз ва Сиз каби азиз Инсонларимиздан ўрганайлик. Шукрким, яхши Инсонлар бу дунёда ҳали кўп! Шундай Яхши Ҳазрати Инсонлар билан Замондош эканлигимдан доимо шодман!
Сизнинг муборак Пайғамбар ёшингизга етиб юрайлик!
Туғилган кунингиз қутлуғ бўлсин, қадрли Бобур Мажидович!
Юз билан юзлашганда
Ёдга олинг бизларни
Сизни УСТОЗ дегувчи
Шогирд ўғил-қизларни.
У.Б.
Мен куйласам шеърларим йиғлар,
Кўнглимдаги сирларим йиғлар,
Ўтган умрим, йилларим йиғлар,
Фақат, буни биров билмайди.
Абдукарим Жумабоев
Ҳаёт ва умр ҳақида…
Ғунча очилгунча ўтган фурсатни,
Капалак умрига қиёс этгулик.
Баъзида бир нафас олгулик муддат,
Мингта юлдуз сўниш учун етгулик.
Азиз асримизнинг азиз онлари,
Азиз одамлардан сўрайди қадрин,
Фурсат ғаниматдир шоҳ сатрлар-ла,
Безамоқ чоғидир умр дафтарин.
Ғафур Ғулом
Бу умр синовдир, синов бегумон,
Поклигу, ростликдан яралгай иймон.
Қайтади не қилсак яхши ё ёмон
Эгри-ю, тўғри-ю аён бариси,
Дилга жо этайлик ғамдан нариси.
Ориф Тўхташ
Ҳаёт – тушунмаган фалсафам менинг,
Умр – кундаликка ўхшаган дафтар.
Дунё – кипригимда қотиб қолган мунг.
Ажал-руҳ кўкида ёввойи каптар.
Беҳзод Фазлиддин
Самимий эзгу тилаклар ила,
Улуғбек Бакиров.
2 сентябрь, жума, 2011 й,
Норвегия.
Read more: http://zamondosh.blogspot.com/2011/09/2-63.html#ixzz1WqUDawW8





