ЭЛДАН КЕЙИН АЙТИНГ, БАХТЛИМАН СЎЗИН!

Бахтни ҳар ким ҳар хил тушунади. Муҳаббат ёшидаги йигит ва қизлар ўз севганига эришишни катта бахт деб ўйлашади. Аслида бу ҳам хато эмас: киши жуфти ҳалоли билан бир- бирини тушиниб, англаб яшашининг ўзи бахтиёрлик белгиси. Бундай шахслар ўз ҳаёти давомида, муҳаббат жабҳасида бахтига эришмаганлардан кўра кўнгли бутун бўлиб яшаши,  савоб ишларни кўпроқ қилиши мумкин.

Аммо муҳаббатига эришиш саодати кишининг ШАХСИЙ БАХТИдир! Нима бўлмасин, шахсий бахт исми катта ҳарфлар билан ёзиладиган Инсон учун ҳақиқий бахт эмас! Ўйлаб кўринг, севган ёрингизга эришдингиз, уй жойингиз, иш ўрнингиз, машинангиз, қўйингки, яхши ҳаёт кечиришингиз учун зарур бўлган ҳамма нарсангиз бор. Аммо яқинларингизда, ака-укангизда, опа синглингизда булар йўқ. Улар ишсиз – мардикор, уй-жойдан сиқилган… чор ночор яшашади. Агар Сиз шуларни кўра била туриб, ЎЗИНГИЗНИ бахтли ҳисоблаётган бўлсангиз янглишасиз. Инсон зоти, агар ҳақиқий Инсон бўлса, у ҳеч бўлмаса, ўз яқинларининг ҳам бахтли яшаши ҳақида ўйлайди, амалий фаолият олиб боради…

Борингки, вақт келиб, оилангиздагилар, қариндош уруғларингиз, сизнинг ҳам амалий кўмагингиз туфайли,  аввалгидан кўра яхшироқ ҳаёт кечира бошлашди: уларда ҳам уй жой, яшаш учун зарур ашёлар мавжуд. Аммо бу ОИЛАВИЙ БАХТдир. Шахсий, оилавий бахтлар Инсоннинг ўзини тўла бахтли деб айтишига асос бўлаолмайди. Афсуски, ўзбек халқининг минглаб вакиллари шахсий ва оилавий бахтни ҳақиқий бахт деб тушунадилар… Ҳолбуки, бахтнинг, бахтиёрликнинг ҳам турли даражалари бор!  Яъни Сиз ўз оила аъзоларингиз, яқинларингиз билан бахтли яшасангизу, маҳаллангиздаги, туман ва вилоятингиздаги, борингки, ВАТАНИНГИЗДАГИ минглаб, миллионлаб кишилар хароб аҳволда яшаса, шунда Сиз ўзингизни бахтли санасангиз, демак, Сиз ҳақиқий маънодаги ЕТУК, КОМИЛ ИНСОН эмассиз! Етук инсонлар битта ўзи ёки оиласини ўйламайди, бутун халқнинг,  инсониятнинг бахтини ўйлайди.

Инсониятнинг энг буюк вакиллари, виждонли фарзандлари шу жумладан ёзувчи-шоирлар ўзларининг келиб чиқишидан, бойлиги ёки камбағаллигидан қатъий назар, халқнинг бахтини ўйлаб, унинг озод ва эркин яшаши учун курашиб ўтганлар…

Туркий халқларнинг буюк шоири Алишер Навоий жуда катта ер ва мулк эгаси эди. Аммо, «халқ ёмон яшаса, менга нима, ўзимнинг ҳамма нарсам борку», деб оёғини узатиб ўтирмади. Кучи етган, замон кўтарган даражада элига яхшиликлар қилди: мол мулкини ўзининг даласида меҳнат қилаётганлардан аямади, Ҳиротнинг турли жойларида қозон остириб, етим есир, ғариб ғуроболарни боқди. Хазина бўшаб қолганда, Ҳусайн Бойқаро ёнида юрган худбин амалдорлар халққа солиқ солишни таклиф қилдилар. Шоҳнинг ўнг қўл вазири бўлган Навоий элдошларига оғир бўлишини ўйлаб бу солиқни бир ўзи тўлаб юборди. Алишер Навоий бойликлари билангина эмас, ўзининг ғазал ва достонлари билан ҳам халқига хизмат қилди, Инсон буюклигини куйлади, уларни саодатга эриштириш йўлларини ахтарди… «Одаме эрсанг демагил одами, ониким йўқ халқ ғамидин ғами», деб ҳайқирди! Унинг бу сўзлари ҳозиргача ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Қаранг, бир қарашда оддийгина ҳисобланган бу мисраларда қанчалик теран маъно бор: агар сен одам бўлсанг, халқ ғамини ўз ғамим деб билмаган, халқ дардини чекмаган кишиларни одам деб билма, дейди ҳазрат! Бу билан, тўғридан тўғри халқ бахти саодати йўлида курашаётган одамларгина Инсонлик мақомига эришган, деган буюк ғояни илгари суради.

Бу хил адиблар туркий ўбеклар орасидагина эмас, деярли барча халқларнинг вакиллари орасида ҳам бор! Ўзи яҳудий миллатига мансуб бўлсада, ўриснинг буюк ёзувчиси сифатида ном қозонган  Лев Толстой жуда катта бойлик эгаси эди, қўли кўп нарсаларга етарди. Аммо у ҳаётда қийинчиликлар билан яшаётган ватандошларини кўрди ва уларга ёрдам қўлини чўзди, вақти-вақти билан хайрия ва эҳсонлар қилиб турди. У асарларида ўрислар яратган тузим кўпчиликни бахтли қилаолмаганини,  ҳаётда тубан инсонларнинг кўплигини бадиий образларда акс эттирди ва шу билан ҳаётни, инсон феълини яхши томонга ўзгартириш учун амалий кураш олиб борди. Унинг «Уруш ва тинчлик», «Анна Каренина», «Тирилиш» сингари асарлари амалий курашидир. Бу хил гапларни рус халқининн  Пушкин,  Некрасов сингари адиблари ҳақида ҳам айтиш мумкин. Некрасов бир асарида, «Сен шоир бўлмаслигинг мумкин, аммо граждан бўлишга маҳкумсан», деган ғояни илгари сурди. Бу фикр, юқорида Навоийдан келтирилган иқтибосга ҳамоҳангдир.

Ўзбек адабиётининг шўро даврида яшаб ижод қилган Абдулла Қодирий ва Чўлпон, Фитрат ва Усмон Носир, Одил Ёқуб ва Шукрулло, Абдулла Ориф ва Эркин Воҳид каби адиблари ўз вақтида халқнинг қалб дардларини етук асарларида акс эттирдилар. Аммо улардан аксарияти ҳозирда орамизда йўқ. Биз билан ҳамнафас яшаётган, ўзларини Навоийнинг шогирдимиз, деб ҳисоблайдиган тирик шоирлардан Эркин Воҳид ва Абдулла Ориф эса бугунги кунга келиб халқни эмас, ўзларини, оилаларини ўйлайдиган кимсаларга айландилар. Ҳолбуки, улар бир пайтлар, ўзбекнинг ғамини ейман, халқ бахти саодати йўлида курашаман, деб шеърларида ваъда берганлар(Абдулла Орифнинг: «Беҳудага бир ёққа борсам, қўлларимдан ушлаб ўшал дам, курашларнинг сафига қўшинг, қур, ярат, денг, ҳайқир денг, жўш денг, Шундай яшар одатда одам», каби мисраларини эсланг). 1989 йили бирликчи шоир Ёдгор Обид қамалган пайти бир гала ёшлар шоирни озод қилиш ҳақида хат ёзиб Абдулла Орифга ҳам имзо чектириш учун борганида: «мен шоирман, прокурор эмасман», деб уларни хуш қабул қилмаган. Кейинчалик шоир Юсуф Жума ноҳақ қамалганда  уни озод қилиш ишига ҳисса қўшмади, ёзувчи Эмин Усмон турмада ўлдирилганда у ёзувчилар уюшмасининг бошлиғи сифатида бу ҳодисага совуққон муносабатда бўлди. Бундан ҳам ёмони, бу воқеалардан кейин: «Ҳар битта отилган Пушкин эмасдир, ҳар битта қамалган эмасдир Чўлпон», деб жабрдийда ижодкорларни ҳақоратлаб шеър ёзди.

Ҳозирда Ўзбекистон қаҳрамони бўлиб юрган Эркин Воҳидов гарчи, мансаби йўқ кезларда, ўзини гўё, халқнинг халоскори, Бирлик халқ ҳаракатининг раҳномоси сифатида кўрсатиб юрган бўлсада, ёғлироқ мансабга эришгач, «Ўзбегим»нинг муаллифи эканлигини, «Лекин аввал сенга бўлсам, содиқ ўғлон Ўзбегим», деганларини унутди. Юқори доираларга хизмат қила бошлади. Ўзбек халқини хору зор бўлишига йўл очиб берган амалдорларни мақтаб шеърлар ёзди…

2010 йил июнида Қирғизистон жанубида ўзбек милатига мансуб 500га яқини киши ўлдирилди, минглаб ўзбеклар ярадор қилинди. Эркин Воҳид ва Абдулла ОРиф эса, ўзбеклар қатли ом қилинганини, ҳозир ҳам турли тазйиқларга дуч келаётганини кўриб кўрмаганликка олишмоқда. Ҳатто бу воқеаларга бағишлаб шеър ёкт мақола ёзишга ҳам ярашмади. Қатли ом ҳақида оламшумул асарлар ёзишмаса ҳам, Ўзбек миллатига мансуб қаҳрамонлар сифатида Қирғизистондаги  ўзбекларнинг қатл этилганидан, хўрлангани ва зўрланганидан норози эканлигини Қирғизистон ҳукуматига, афкор оммага билдиришмади.

 Ўз халқи ташвиши, унинг дарди билан яшаган шоирлар тарихда ҳам, бугунги кунда ҳам улуғланадилар. Чет элларда ва Ўзбекистон ичкарисида яшаётган, шеърлари расмий матбуотда босилмаётган, китоблари чоп этилмаётган бўлсада, Юсуф Жума, Гулчеҳра Нуриллаева, Дадахон Ҳасан, Ёдгор Обид, Карим Баҳриев, Дилором Исҳоқова… каби ижодкорларнинг халқ дард ҳасратини акс эттирган, Қирғизистон  ўзбекларига ҳамдардлик билдириб ёзган шеърлари, мақолалари қўшиқлари интернет сайтларда, қўлёзмаларда бўлсада тарқалмоқда, севиб ўқилмоқда, тингланмоқда. Булар ўша улуғ Навоий айтган қутлуғ дард – «Халқ ғами» билан яшаётган шоирлардир. Ўш шаҳрида туғилиб, Тошкентда яшаган шоир Шавкат Раҳмон: «Бахт сўзин айтаман, халқимдан кейин», деб ёзган эди. Зеро, халқи бахтдан йироқ шоирнинг бахтлиман, дейишга ҳақи йўқ!

Ботир НОРБОЙ.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares