Ўзбекистон мустақиллигининг 20 йиллиги арафасидаги ўйлар

Мана, Совет Иттифоқи қулаб Ўзбекистон мустақил бўлганига 20 йил бўлаяпти. Сарой шоирлари ва диктаторнинг маддоҳлари шу 20 йил ичида Ўзбекистон оламшумул муваффақиятларга эришгани тўғрисида оғиз кўпиртиришда ким ўзар ўйнашаяпти. Менда эса бу қалбаки, ясама қувончдан эса заррача ҳам йўқ.. Ҳолбуки, мен ҳам бошқа мамлакатларнинг гражданларига ўхшаб Ватаним мустақил бўлган кунни самимий қувонч билан нишонлагим,машинамга ватан байроғини ўрнатиб олиб, кўчаларда хурсандчилигимни намойиш қилиб юргим келади. Бу ерда
мен атайлаб фуқаро атамасининг ўрнига гражданин атамасини ишлатдим,чунки фуқаро фақир, яъни қашшоқ,камбағал,ожиз сўзининг кўплиги бўлиб, қашшоқлар,камбағаллар ,ожизлар деган маънони англатади.Мен эса, Ўзбекистондаги ҳокимиятни узурпация қилган диктатор ҳақиқатдан ҳам бир вақтлар собиқ Совет Иттифоқи республикалари ичида ривожланиши бўйича Россия ва Украинадан кейин 3- ўринда турган Ўзбекистон гражданларини 20 йил ичида Ўзбекистон фуқароларига, яъни қашшоқ ва камбағалларига(албатта диктатор,унинг оиласи бундан мустасно) айлантиргани рост бўлса ҳам, ўзимни фуқаро деб аташларини хоҳламайман. Ростини айтсам, 1991 йил Совет Иттифоқи қулаганида барча ўзбеклар қатори мен ҳам қувонганман. Ота боболаримиз орзу қилган мустақилликка эришдик, деб ич-ичимдан шодланганман, чунки ҳар бир халқ учун мустақилликка эришиш жуда катта қувонарли, тарихий воқеадир. Ўша пайтда Ўзбекистон халқи илк бора эркинлик туйғусини ҳис қила бошлаган кўп соҳаларда ўзгаришлар бўлишига умид боғлаган , аммо қафасдан қутилган қуш учишни билмагани каби Ўзбекистон халқи ҳали ўзининг аниқ йўлини белгилай олмаган эди Пихи қайрилиб кетган коммунист сиёсатчиси Каримов шу вазиятдан устамонлик билан фойдаланиб қолди. У ўзи қафасдан чиқди да, қолганларни яна қафасга итарди ва йигирма йилдан бери салкам ўттиз миллион халқини шу қафаснинг ичида сақлаб келмокда. Бу сиёсатдан норози бўлганларни эса қамоқларда йўқ қилмоқда ёки мамлакатдан қувиб чиқармоқда.У Ўзбекистон турмаларига МДҲдаги бошқа давлатларга нисбатан энг кўп одамни тиққан. Уларни мажруҳ, касалванд, ишга яроқсиз қилиб қўймоқда. Маҳкумларнинг кўпи калтакланиб, шафқатсиз қийноқлар остида, туҳматларга қолиб, муддатига муддат қўшилиб турмаларда ўтирибди. Азобга солиниб , ўлдириб юборилмоқда. Диктатор тўғри ислоҳотлар олиб боришни хоҳламагани натижасида халқ расмий ҳисоботларда келтирилаётганидек иқтисодий-ижтимоий юксалиш у ёқда турсин, аксинча тобора моддий-маънавий жиҳатдан қашшоқлашиб бормоқда. Каримовнинг халққа нисбатан юргизаётган шафқатсиз сиёсати оқибатида ҳукумат ва халқ орасидаги жар жудa  чуқурлашган. Халқнинг диктаторга нисбатан ишончи йўқолган. Мамлакат ичкарисидаги халқ қанчалик эътибордан узоқ бўлса, ўзга юртларда мардикорчиликда юрган ватандошларимиз унданда кўпроқ муаммолар гирдобига ташлаб қўйилган. Каримов ўз ҳокимятини сақлаб қолиш мақсадида халқни фақатгина қўрқитиш йўли билан ўзига бўйсундириб келмоқда. Авваллари болалардан: “Келажакда ким бўлмоқчисан?” деб сўрасангиз: “ Фазогир,учувчи, денгизчи!” деб жавоб беришар эди. Ҳозирги болалардан: “Келажакда ким бўлмоқчисан?” деб сўрасангиз милиционер, солиқчи, прокурор , МХХ ёки божхона ходими бўлмоқчилигини айтишади. Бунинг ҳайрон қоларли жойи йўқ,чунки Каримов олиб бораётган сиёсат куч ишлатар тизимларга жамиятни тўлиқ назорат қилиш имкониятини бериб, одамларни қўрқувда яшашга мажбур қилмоқда.
Кеча олийгоҳда дарс бериб юрган профессор бугун бозорда Хитойнинг молини сотиб ўтирибди ёки бир пайтлар машина деб аталган шалдироқ аравасида кирakашлик қилиб юрибди.Кеча божхона ёки МХХга ишга кирган студенти эса бугун янги “Нексия” миниб юрибди.Буни кўрган ёшлар бойлик орттириш учун кенг имкониятлар очиб берилган МХХ, милиция,прокуратура ёки божхонада ишлашни хоҳлаши табиий, лекин бунинг натижасида ёшларимиздан Беруний,Форобий, Билл Гейтс, Эйнштейнлар эмас бировнинг ҳаққини ейишдан тоймайдиган, керак бўлса ўз миллати, ҳатто ота-онасини ҳам сотиб кетаверадиган Павлик Морозовлар,Бериялар,Вишинский каби диктаторнинг малайлари етишиб чиқади. Бугунги ўзбеклар аждодларини эслашса Форобий,Беруний,Бухорийларни номини тилга олиб фахрланишади.Келажакдаги авлодларимиз бугунги Каримов даврини эслашса кимнинг номини тилга олиб фахрланишади ? Шуларни ўйласам қувончим ғамга айланади.Қачон мустақиллик байрами диктаторнинг байрамидан бутун халқ қувонч билан нишонлайдиган умумхалқ байрамига айланар экан деб ўйлайман. Порахўрлик ботқоғига ботиб кетган диктатор ағдарилганидан Қоҳира кўчаларида қувонаётган арабларни кўрганимда менинг халқим ҳам қачон шундай қувонар экан деб ўйлайман.Қачон ?

Шарифахон Тўйчибоева

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares