ТАРИХЧИ ОЛИМ ВА КУРАШЧИ ЁДИ

Биз, ўзбекистонлик зиёлилар, ўтган асрнинг 60-70 йилларида Туркистон озодлиги учун ўзича тинч кураш олиб борган, 1986 йилги Олмаота шаҳрида юз берган Желтўқсон қўғалонига йўлбошчилик қилган курашчи ва олим Сарқитбек Бектош ўғли Имашевнинг 68 ёшида вафот этганини эшитиб ғоят қайғурдик. Сарқитбек Имашев 1943 йили Қозоғистонда Ер жаннати деб ном олган Еттисувда дунёга келган эди. Бўлғуси олим ва курашчи мактабни тугатгандан кейин Санкт Питербург университетининг тарих факультетига ўқишга кириб уни муваффақиятли тугатди. Тақдир уни бу шаҳарга боғлаб қўйди. У ўн йилга яқин Ленинград(Санкт Питербург)даги СССР фанлар акдемиясининг Шарқшунослик бўлимида ишлади. Академиянинг кутубхонасидаги қадимий қўлёзмалар билан чуқур танишган ёш олим, Марказий Осиё ва Қозоғистон тарихи билан астойдил шуғуллана бошлади. У қанча кўп ўқиган сайин туркий халқлар тарихи баъзи бир Европа қадимшунослари айтганидай 800, 900 йил эмас, 3 минг йилдан ошиқ эканлигига амин бўла бошлади.

Санкт Питербургда олган билимлари унинг кейинги ҳаёти ва ижодида муҳим рол ўйнади. У қозоғистонга келиб, турли нашриётларда муҳаррир, бўлим мудири сифатида фаолият юритаркан, ўз билимини китобларга сингдиришга ҳаракат қилди. Кейинчалик, Сарқитбек Имашевнинг ўнлаб мақолалари, “Шажара сири”, “Занги бобо”, “Алаш ҳақида”, “Чингизхон ҳақида ҳақиқат ва ёлғон”, “Сийирши” сингари қатор китоблари дунёга келди. У туркий халқларнинг келиб чиқишини кўплаб диний ва тарихий китоблардан, Птолемей асарларидан,“Таврот”да ва хитой манбаларидан фойдаланиб, жой номлари, тоғ ва водийларнинг отларидан келиб чиқиб, туркий халқларнинг тарихи 3,5, 4 минг йилларни бўйлашини исботлади. Шунингдек, Сарқитбек Имашевнинг Сир, Аму дарёлари ва уларнинг бўйида яшаган халқлар асосан туркийлар бўлганлиши ҳақидаги
фикрлари ҳам ишонарли. Тарихчи олим ўз китобларида Чингиз, Амир Темур, Йилдирим Боязид каби тарихий шахсларга ҳам ҳаққоний баҳо бераолган. Туркийлар бир ота онанинг фарзандлари деб билган С. Имашев туркий қозоқларнинг кўп йиллик шажарасини яратди. Шу тариқа туркий халқларни камситиб келган Европа олимларининг фикрлари баҳсли эканлигини, туркийлар, худди яҳудийлар, греклар, хитойлар ва ҳиндлар каби қадимий халқ эканлигини ўзича исботлади. С. Имашев ҳали СССР барқ уриб, гуллаб яшнаб турган бир пайтда,тузумга қарши исён кўтарганлардан бири бўлди. У Питерда яшаган давридақ Ўрта Осиё ва Қозоғистон қандай забт этилганини. коммунистлар бу юртларни қай даражада хўрлаганини чуқур ўрганган эди. Бу билимлар уни мақола ва китоблар ёзишгагина эмас, амалий курашга ҳам ундади. Аммо унга қўшиладиган мардлар топилмади.70- йиллар бошида У Москва марказида «Туркистонга озодлик беринг!» деб ёзилган мингга яқин варақани тарқатди. Тез орада уни Москва КГБси қўлга олди. Бу ҳаракатлари учун У КГБ ертўлаларида, руҳий касалликлар касалхоналарида ётишга мажбур қилинди. Москва КГБси уни Олмаотага жўнатди. С. Имашев қатор дўстлари, журналист ва олимлар, ўз яқинлари кўмагида ҳибсдан озод бўлди. Аммо
тарихчи олим курашини тўхтатмади. Марказий Осиё ва Қозоғистондаги қатағонлар, ерли аҳолининг аҳволи ҳақида китоблар ёзди. Аммо унинг китобларини босадиган мард йўқ эди. Ахийри у қўлёзмаларини чет элларда бостиришга умид қилди. 390 бетлик қўлёзмасини чет эл фукаролари ёрдамида «Озодлик» радиосининг қозоқ шуъбасига етказа олди. Аммо узоқ йиллар ўтсада, бу қўлёзманинг тақдирини билолмади. Курашчи олим ўзининг асосий ишларидан бўлган қўлёзмасининг китоб бўлганини кўролмай армонда кетди. С. Имашев қўрқмас ва толмас курашчилардан бири эди. 1986 йили Динмуҳаммад Кунаев халқнинг инон ихтиёрисиз Колбинга алмаштирилганда у ёшларга етакчи бўлиб майдонга чиқди… Бунинг учун ҳам турли тазйиқларга учради. Сарқитбек Бектош ўғли Имашев 5 йилгина олдин нафақага чиқиб, тинч ижодий меҳнатини давом эттираётган эди. Шафқатсиз ўлим, толмас курашчи, қадимшунос олимни орамиздан олиб кетди. Сарқитбек Бектош ўғли Имашевни у билан бирга ишлаган, озодлик йўлида курашган сафдошлари, унинг китобларини ўқиган китобхонлар ҳеч қачон унутмайдилар.
Дадахон Ҳасан – ҳофиз ва шоир.

Ёдгор  Обид- халқ шоири.
Ботир Норбой – филология фанлари доктори.
Бахтиёр Исабеков – тилшунос тарихчи олим
Бахтиёр Каримов – фалсафа фанлари доктори, профессор.
Гулчеҳра Нуриллаева – шоира.
Сейтбай Байдуллаев – «Туркистон бирлиги» уюшмаси фаоли.
Ҳайитбой Абдуллаев – Ўзбекистон Бирлик халқ ҳаракати партияси Тошкент
бўлими раҳбари.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares