Мулкдорлик тузумида оғир саноатнинг ривожланиши

Баҳодир Чориев

Бугунги кунда қайси бир давлатнинг оғир саноати ривожланган бўлса ўша давлатнинг иқтисоди барқарордир. Бунга ривожланган давлатлар яққол мисол бўла олади. Ҳозирги ривожланаётган давлатлар ҳам ушбу қоидага амал қилиб мамлакатларига иқтисодий барқарорликни олиб келдилар.
Биламизки, саноатнинг жуда кўп турлари мавжуд. Масалан, оғир саноат(машинасозлик саноатининг барча турлари киради), енгил саноат( халқ хўжалиги зарурияти ва текстил саноатининг барча турлари киради), тоғ-кон саноати, қишлоқ хўжалиги саноати ва бошқа ҳар хил саноат турлари мавжуддир. Бугун биз мамлакатлар иқтисодининг ғурури бўлган, ишлаб чиқаришнинг асосини ташкил қиладиган оғир, машинасозлик саноатларининг мулкдорлик тузумидаги ўрнига тўхталиб ўтамиз. Агар эътибор қилсак, барча ривожланган ва ривожланаётган давлатларнинг асосий ишлаб чиқариши машинасозлик саноати ортидандир. Бу саноат тури мамлакатларнинг асосий ишлаб чиқарувчи соҳаси, уларнинг ғурури ҳисобланади. Бу соҳанинг маҳсулоти мамлакат ялпи ишлаб чиқаришида катта салмоққа эга бўлиб, энг муҳими жуда кўп одамларни иш ўринлари билан таъминлайди.
Машинасозлик саноати ўз ичига бир қанча турларни қамраб олади. Булар, самолётсозлик, ҳар хил турдаги юк машиналарини ишлаб чиқариш, турли-туман енгил машиналар, қишлоқ хўжалигининг жуда кўп турдаги машина ва ускуналари, уй-рўзғор буюмлари, саноатнинг бошқа турлари учун ишлаб чиқариш дастгоҳлари ва машиналари, ҳарбий соҳадаги барча қурол-аслахалар ва ҳоказолардир.
Мамлакатимиз Ўзбекистонга иккинчи жаҳон уруши даврида Россиянинг кўплаб шаҳарларидан машинасозлик саноатининг жуда кўп тури кириб келди ва йиллар давомида бу саноат турлари мамлакатимизда ўсиб, ривожланиб борди. Афсуски, узоқни кўра билмаган Каримовнинг “аросатдаги тузум”и бу соҳани вайрон қилиб юборди. Самолётсозлик саноати, қишлоқ хўжалигига ихтисослашган юзлаб корхоналар, турли -туман маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган минглаб завод ва корхоналар 20 йил ичида деярли бутунлай фаолиятини тўхтатди. Бу ердаги кучли , ўз ишини аъло даражада билган, ўз ишига содиқ мутахасислар бу соҳадаги иқтисодий ночорлик ва таназзул натижасида чет элларга чиқиб, бошқа давлатларнинг завод ва корхоналарида самарали ишлаб келмоқдалар. Жуда ачинарлиси шундаки, бу соҳанинг таназзулга учраши мамлакат иқтисодига анча йиллик муаммони келтирди. Тўғри, мамлакатимизда янги соҳа – енгил автомобилсозлик соҳаси бу тузум тарафидан яратилди ва ривожланмоқда, лекин бой берилган саноатни ўрнини бу соҳа қоплай олмайди. Ўзбекистонда сиёсий ислоҳат ортидан биз мамлакатда янги тузум, мулкдорлик тузумига асос солқмоқчи эканмиз машинасозлик соҳасида қандай ижобий ўзгаришлар қилишимиз хақида тўхталиб ўтмоқчиман.
Мамлакатнинг қўшни давлатлар билан чегаралари очилиб, алоқалар бир мунча яхши йўлга қўйилгач, машинасозлик соҳасининг маҳсулотларига кучли эҳтиёж сезилади. Биз, авваломбор Совет давридек иқтисодга амалдорларнинг аралашувига йўл қўймаймиз. Давлатнинг асосий иши иқтисоднинг ривожланиши учун барча шароитларни яратиб бериш, яъни мамлакатда қонун устуворлигини, адолатли, демократик бошқарувни, матбуот ва сўз эркинлигини , солиқ ставкаларини камайтиришни, божхона ислоҳатини, инвесторларга қулай имкониятларнинг яратилишини ва ҳокозаларни таъминлашдир. Энг муҳими янги яратилаётган корхоналарда давлат улуши эмас, балки Ўзбекистондаги фуқароларнинг улушининг катта бўлишини таъминлаймиз.
Хўш, бу қандай амалга оширилади? Ўзбекистондаги барча давлатга қарашли машинасозлик соҳасидаги корхоналар охиригача хусусийлаштирилади. Бу соҳа давлат аралашувидан холи бўлади. Бу соҳанинг эгалари, албатта ўз фойдаларини кўзлаб, бошқа давлатлар билан янги қўшма корхоналар тузишга ва корхоналарини ривожлантиришга ҳаракат қиладилар. Бошқа давлатлар билан яқиндан иқтисодий алоқалар қилишда улар ўртакаш ёки пора эвазига иш битирмайдилар. Бу соҳа эгалари ўз ишбилармонлиги, фойда ва зарарларини ҳисоблаб корхоналарини юритадилар. Агар биз бу соҳани қўллаб, улар учун яхши шароитлар қилиб берсак бу соҳанинг ривожланиши кўп куттириб қўймайди. Шуни айтиш жоизки, машинасозлик корхоналари турли-туман корхоналар билан яқин алоқада бўладилар. Мисол учун, юк машиналарига мотор қисмини тайёрлаш учун камида юзлаб машинасозлик корхоналари билан тиғиз алоқа қилинади, минглаб деталлар ишлаб чиқарилади ва уларнинг барчаси келтирилиб мотор заводида мотор ишлаб чиқариш учун фойдаланилади. Мана шу машиназосликдаги мураккаб мотор ишлаб чиқаришда бир неча ўн минглаб кишилар меҳнат қиладилар. Турли туман юк машиналарини ишлаб чиқаришда эса, камида минглаб ҳар хил турдаги машинасозлик корхоналарнинг ўзаро ҳамжихатликдаги иқтисодий алоқалари керак бўлади. Ишчилар, инженерлар ва соҳа мутахасизларининг сони юз мингларни ташкил қилади. Демак, бу соҳани ривожлантиришда нафақат Ўзбекистон ичидаги машинасозлик корхоналари, балки қўшни давлатларда ҳам машинасозлик корхоналарини ҳам замонавийлаштириб, уларни ҳам ҳамкорликка жалб қилишга тўғри келади. Истаймизми, йўқми, Марказий Осиёда машиназосликни ривожланишида Ғарб давлатлари билан бир қаторда Россия давлати ҳам катта ўрин тутади. Россияни МО машинасозлик саноатига жалб қилиниши келажакда Россиянинг ўзидан ҳам кўплаб буюртмалар тушушига олиб келади.
Насиб этса, Ўзбекистонда тўғри сиёсий ислоҳатларни амалга оширсак , иқтисоднинг эркин ривожланиши учун жуда катта имкониятлар пайдо бўлади. Келжакда, Ўзбекистонда яратилаётган барча машинасозлик корхоналари давлат иштирокисиз ва давлат улушисиз тақсимланади. Келажакда ерлар хусусийлаштирилиб, ер эгасини топади. Ер эгалари – мулкдорлар пайдо бўлади. Бу мулкдорлар ўз ерларидан ўз билганларича фойдаланадилар.Улар Ўзбекистондаги яхши иқтисодий иқлим туфайли янги қўшма корхоналар тузиш имкониятларига эга бўладилар. Биз ишонамизки, келажакда машинасозликнинг янги турларига ихтисослашган қўшма корхоналарнинг турлари айнан янги мулкдорлар ҳисобидан кескин ошади.
Фарғона водийси ҳозирги кунда енгил автомобилларни ишлаб чиқаришга ихтисослашмоқда. Шу йўлдан бориб, келажакда енгил автомобилларнинг барча бутловчи қисмларини иложи борича Фарғона водийсидан ишлаб чиқаришни йўлга қўямиз. Тошкент вилоятининг Бекабод шаҳридан Навоий вилоятигача янги машинасозлик корхоналарини қуриш мақсадга мувофиқдир, чунки яқин масофаларда жойлашган машинасозлик корхоналарида бутлов қисмини ишлаб чиқариш ва уни йиғиш анча арзонга тушади. Келажакда Ўзбекистон барча турдаги қишлоқ хўжалиги техникаси, ҳар хил турдаги юк машиналарига катта эҳтиёж сезади. Демак, биз келажакда Ўзбекистон ва МО давлатлари учун керакли бўлган кўплаб техникани Ўзбекистон ва Мо давлатлари билан хамкорликда ишлаб чиқарамиз.
МО ўзаро иқтисодий алоқалар учун ягона пул бирлигига эга бўлса ёмон бўлмас эди. Мисол учун, қиймати АҚШ долларига тенг бўлган Турон пул бирлигига, қиймати АҚШ сентига тенг бўлган Турон тийинларига асос солинса ўзаро иқтисодий хамкорлик анча чуқурлашар эди.Агар, ушбу Турон пул бирликларига МО дан чиққан саркардалар эмас, Алишер Навоий, Абай, Рудакий, Маҳтумқули, Чингиз Айтматов, Бердақ, Манас, Чўлпон, Абдулла Қодирий каби халқ шоир ва ёзувчиларининг суратлари акс эттирилса жуда яхши бўлар эди.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares