(ёки Марказий Осиёдаги миллатчиликнинг маънавий, иқтисодий, сиёсий сабаблари ҳақида)
Кейинги 22 йил ичида Марказий Осиё ҳисобланмиш ҳудудларда: айнан миллатчилик оқибатида қатор қирғинлар бўлиб ўтди. Афсуски, бу ҳудудларда макон топган бирон институт, бирон илмий марказ миллатчиликнинг сабабларини, қирғинларнинг оқибатларини атрофлича ўргангани, уларга сиёсий баҳо берилгани йўқ. Ҳолбуки, бу хил ўрганиш миллатчиликнинг илдизларини очиш учунгина эмас, келгусидаги бўлиши мумкин бўлган зиддиятларнинг олдини олиш учун ҳам зарур эди.
СССР тарқаб, Марказий Осиё республикалари ўз мустақилликларини эълон қилмасдан сал олдин – 1989 йили Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятида, 1990 йили Қирғизистоннинг Ўш-Ўзган шаҳарларида ва орадан 20 йил ўтгандан кейин 2010 йил июнида яна Ўш ва Жалолобод вилоятларида миллатлараро қонли тўқнашувлар бўлиб ўтди.
Ҳар бир фожианинг маънавий, иқтисодий ва сиёсий сабаблари бор.
Ўтган асрнинг 80 йиллари охирларида Фарғонада иқтисодий аҳвол ночор бўлиб, ер етишмас, аксарият ҳовлиларда беш-олти оила яшар, ишсизлик мавжуд эди. Бунинг устига 1989-90-йилларга келиб, Ўзбекистон ҳукумати мамлакатни бошқараолмай қолганди. Шундай бир шароитда фарғоналикларнинг оми қисми ўзбек ва ахсикат (месхети) турклари билан уришиб, натижа фожиаларга олиб келди.
Қонли тўқнашувлар кўпинча турли миллатга мансуб оддий одамларнинг ўзаро ғижжиллашишидан бошланиб, кейин муштлашувга ўтиб кетади ва маънавиятнинг, байналмилал тарбиянинг етишмаслиги оқибатида зиддият кучайиб, катта фожиалар келиб чиқади. 1989 йилги Фарғона фожиаси ҳам шундай бошланган эди…
1989 йили «Бирлик» газетасига келган ва босиб чиқарилган бир хатда ҳам айтилганидек, исми Марат бўлган бир татар йигити бошқа бир турк билан (агар хотирам панд бермаса, пивохона олдида) жанжаллашиб қолишган, бир ўзбек йигити татар қардошининг ёнини олган, шу ерда турган туркларнинг бир қисми ўз қавмининг тарафини олган. Иккинчи томонда ҳам ўзбек қавмига тегишли «тарафдор»лар пайдо бўлиб, муштлашув кучайиб кетган. Кейинчалик, татар йигити бир четда қолиб кетиб, жанжал турк ва ўзбек урушига айланган… Маҳаллий ҳукумат эса, бу қизиққон кимсаларга эътиборсиз қараган… Туркий халқлар ўртасида низо қўзғашни «чин дилдан» истаб турган КГБ бу вазиятдан усталик билан фойдаланган: КГБ йигитлари бир неча мотоциклларда (ўзларини Бирлик аъзолари деб таништириб) шаҳарма шаҳар, қишлоқма қишлоқ бориб, «турклар ўзбекларни қираётгани»ни айтишган, ўлган болани паншахага қистириб олингани «туширилган» суратлар ҳар икки халқ орасида тарқатилган: туркларга бу суратлар туркларники, ўзбекларга ўзбекларники деб тушунтирилган. Натижада ақли ноқис, аммо, қони қайноқ қардош халқларнинг оми вакиллари бир-бирини ўлдира бошлаган.
Онг даражаси пастлиги ва маънавиятнинг етишмаслиги шу даражадаки, қўшни туркий халқлар ўзининг иқтисодий аҳволи ёмонлигини қўшнисининг яхши яшаётганлигидан кўришади. Машхур кинооператор ва режиссер Абдулазиз Маҳмудга ўша пайтдаёқ суҳбат берган ўзбекларнинг кўплари туркларнинг шаҳона ёшаётганига урғу бериб гапиришган. Аслида туркларнинг яхши яшаши уларнинг минталитети, бошларига тушган фожиалар, илгари нисбатан ривож топган Гуржистондай жойда яшаб келганлигидир. Ўзбек содда халқ, шўро ҳукумати «пахта миллий бойлигимиз» деса ишониб, пахтани экиб, ўз ёғига ўзи қоврилиб юраверган. Месхети турклари жабр кўрган халқ, шўронинг тарғиботи шунчаки чўпчак эканлигини ўз танасида синаб кўрган ва давлат берган ойликка қараб ўтирмаган, ўзининг уддабурролиги билан озми кўпми бойлик орттирган.
2010 йил июнида ўзбекларни қатли ом қилган қирғизлардан чиққан фашист галалари ҳам ўзбекларнинг ўзларидан яхши яшаётганидан, қиғизлар гўё «ўз юртида келгиндилардай умр кечираётганидан» зорланишади ва ўзбекларнинг иқтисодий ўсишини кўролмаганини урғулашади. Аслида бу ердаги ўзбеклар минталитетида, савдо сотиққа ўчлик, уддабурролик мавжуддир. Иккинчидан, шаҳар ерида миллатчи қирғизлар давлат ишларига аралаштирмаса, иш жойлари тайин бўлмаса, (маълум бир фоиз аҳоли) савдо сотиқ қилишга мажбурку!
Аслида, Фаоғонадаги туркларнинг ўша пайтда яхши яшагани ўзбекларнинг ночор турмушига сабаб бўлмаганидай, Ўш ёки Жалолободдаги ўзбеклардан бир қисмининг бой бадавлат бўлиши қирғизларнинг камбағал бўлишига сабаб бўлган эмас…
1990 йилнинг майидаги қирғинда ҳам, 2010 йилнинг июнидаги геноцидда ҳам ҳукуматдаги миллатчиларнинг қўллари аён кўриниб турибди. 1990 йилнинг апрелида (тўқнашувдан бир қанча кун олдин) тикув цехларида қирғизлар учун пешонабоғ ва ниқоблар, ёқилиши керак бўлган уйларнинг дорвозаларига боғланадиган рўмоллар тиктирилгани ҳақидаги фактлар кейинроқ маълум бўлди. 1990 йилнинг май ойида аксарият тоғлик қирғизлар Ўш атрофидан ер беришни талаб қилиб, «пастга» тушишди: бир пайкалда ўзбек қавми иккинчисида қирғизлар митинг уюштиришди. Кўп ўтмай, қирғиз расмийлари ҳам қаттиқ аралашган, жанжал бошланди. «Сарт(ўзбек)лар ўз юртига кетсин», деган талаблар бўлди. Аслида бу ерлар ўша пайт Қирғизистон ҳисоблансада, ўзбекларнинг подшоси бўлган Бобур Ўшда 500 йил олдин ҳукмронлик қилгани, мақбаралар қурдиргани, Бобурдан минг йил олдин ҳам бу ҳудудларда ўзбек қавмлари яшагани ҳисобга олинмади… Тўқнашув пайти қирғиз ҳукумати қирғиннинг олдини олиш ўрнига «титуллик» халқ томонда бўлди, ҳатто ДАНнинг махсус машиналарига ўрнатилган мегафонларда қирғиз маҳалларга бориб, уларни тайёр бўлиб туришга, ўзбеклардан ўч олишга чақиришди. Верталётларда автоматлар ташлашди. Буларнинг аксарияти Абдулазиз Маҳмуд олган тарихий тасмаларда акс этган, унга суҳбат берганлар верталётларнинг номерларигача айтишган. Ўша пайтда Ўшга туркий халқларнинг буюк ёзувчиси Чингиз Айтматов ҳам келган. У давлат бошлиқлари ва норасмий ташкилотларнинг раҳбарлари билан учрашиб, икки тамоннни келиштиришга ҳаракат қилган. Буюк ёзувчи ўзи ҳам мансуб бўлган халқнинг фашистик тўдаларига «ҳайвонлар», деб бақирганини эшитганлар бор. Аммо бу ҳаракатларга қарамасдан, норасмий хабарларга кўра ўшанда мингга яқин миллатдошларимиз ўлдирилди, ўнлаб қирғизлар ҳам қазо топди. У пайтда СССР борлиги учун шўро аскарларининг тинчликпарвар кучлари етиб келиб, қонли қирғинни тўхтатишга ёрдам қилди. Акс ҳолда, қирилганлар сони миллионлаб бўлиши мумкин эди. Абдулазиз Маҳмудов видиотасмаларида 1990да Ўш ва Ўзганда ўлдирилган миллатдошларимизнинг жасадлари, кунпая кун қилинган, ёндирилган уйлар, ўшлик ва ўзганликларнинг оҳу фарёдлари акс этган. Абдулазиз Маҳмуд тинчликпарвар кучларнинг вакилларидан ҳам суҳбатлар олган. Уларнинг комондонларидан бири фожиа Афғонистондагидан, ҳам даҳшатлироқ эканлигини айтади. Энг ёмони шуки, тўхтатиш иложи бўла туриб, бу қирғинларни тўхтатмаган Масалиев сингарилар КПСС МКнинг бюро аъзолилига сайланишди. Бироқ ўшанда қотиллардан бир қисми жазога тортилди. Ошкоралик бўлмагани учун қанча одам қирилгани, қанча уй ёқиллганию, қанча одам ярадор бўлгани айтилмади ва ёзилмади. Ёпиғлиқ қозоннинг ёпиғлиқ қолиб кетиши ҳам янги фожиаларнинг такрорланишига сабаб бўлди.
Миллатчилик бирдан фожиали тус олмайди. Миллатчилик, бирон ҳудуддаги иқтисодий, сиёсий аҳволнинг ночорлиги ва шу маъанавий касал билан «оғриган» ҳукуматдаги ва «пастроқ»даги зиёлилар, халқнинг оми вакиллари орасида илдиз отиб, сўнг кўпчилик омма онгига сингади, ҳаётдаги етишмовчиликлар, ишсизлик каби иллатлар, ҳукуматларнинг ўз вазифаларини бажара олмай қолганлиги, буларнинг ҳамаси сабаб бўлиб оми аҳоли совуқ ва иссиқ қуролга қўл етказади.
2010 йил июнида 1990 йилдаги фожиа каттароқ кўламда қайтарилди… Бу гал қирғизларнинг фашистлашган тоифалари қанчадан-қанча миллатдошларимизни отиб ташлашди, қўйдай бўғизлашди. Булар ҳам етмагандай, аёлларни, ёш қизалоқларни зўрладилар, йигитларни тириклай ёқиб, томоша қилибгина қолмай, ёнаётган мурдани ҳам тепишди. Бунинг устига кўплаб қўли узун кимсалар киллерлар ёллаб, кўпчилик ҳолларда ўзбекларни нишонга олишди.
Ўзбеклар ўз уйларини ҳимоя қилиш учун баррикадалар қуришган, аммо қирғиз армиясига тегишли БТРлар бу баррикадаларни суриб ташлаб, армия ва милиция томонидан қуроллантирилган фашистик тўдаларга ўзбекларни қириш учун йўл очиб бердилар… Қирғиз фашистик тўдалари ўзбекларнинг жонига қасд қилиб қўймасдан молларига ҳам қасд қилишди, минглаб уйларни ёқишди. Хуллас, норасмий манбаларга кўра мингдан ошиқ, халқаро комиссиянинг ҳисоб китоби бўйича, 470 одам нобуд бўлган: уларнинг 80 фоизи ўзбеклар, қолгани қирғизлар бўлиб чиқди. Киллерлар узбекни ҳам қиргизни хам отган, деган фикр бор. Миллатчиликнинг даҳшатлилигини кўрингки, талофот кўрган 80 фоиз аҳоли вакилларининг устидан эндиликда минглаб «делолар» (80 фоиз дело) очилган, ўлган ҳам, жабрланган ҳам ўзбек, энди қамаладиганлар ҳам ўзбеклар бўлиб чиқяпти. Кейинги бир йилда, халқаро ёрдам туфайли, Ўшнинг гуллаб-яшнаб турган ҳовлилари ўрнига кўп қаватли бинолар қуришган, аммо у ерда 85 фоиз уйлар қирғизларга берилган…
Ҳозирга келиб, бировлар 2010 йил июнидаги жанжални ўзбеклар бошлади, улар ўзбек тилини расмий тил сифатида тан олишни талаб қилдилар, дейди. Биринчидан, халқаро комиссия ўзбеклар бу хил талаблар билан чиқмаганини эътироф қилди. Иккинчидан, мабодо миллатдошларимиз ўз тилини сақлаб қолиш учун шу ғояларни кўтаришган бўлса, бунинг учун уларни қирғин қилиш керакми? Ахир улар ҳам қирғизистон фуқароларику! Қирғизларнинг ўз нуқтаи назарини ифодалашга қанчалик ҳуқуқлари бўлса, ўзбекларнинг ҳам шунчалик ҳуқуқлари бор эмасми!? Энг даҳшатлиси шуки, Ўшнинг мери Мирзакметовга ўхшаганлар бу қирғинни уюштирувчилардан бири бўлиб, ҳар бир ёқилган уй, ўлдирилган одам учун қотилларга пул тўлаб турган. Шундай миллатчи фашистнинг ҳалигача ўз постини тарк этмагани, Қирғизистонда хокимият йўқлигидан далолатдир…
Ўзбек ва қирғиз зиёлиларидан анча-мунчаси ҳозиргача 1990 ва 2010 йилги тўқнашувларни КГБ уюштирган, деб айтишади. 1989 йили турк қардошлар ҳам бу қонли жанжал юқоридан уюштирилган деб интерьвюлар беришган. Хўш, ўзбек ва қирғиз зиёлилари айтгандай, бу ҳодисаларни КГБ уюштирган бўлса, турк биродарлар айтгандай, юқоридан ташкиллаштирилган бўлса, халқнинг ўз калласи йўқми? Ахир халқ дегани «ол бос», деса қопаверадиган, ит эмаску!? КГБ нега бу хил халқаро тўқнашувни Болтиқбўйида уюштиришга интилган бўлсада, уюштираолмади. Юртимиздаги қавмлар онгли бўлиб, қардошлик туйғулари қалбларида бардавом бўлганда бу хил фожиани КГБ эмас, АҚШнинг жасуслик бўлимлари ҳам уюштира олмасди…
Мен бу гапларни осмондан олиб гапираётганим йўқ. 10-15 йилдан бери Ўзбекистон шимолию, Қозоғистон жанубидаги аҳоли орасида яшайман. Бу ерда яшайдиган оми ўзбеклар орасида Сайрам, Туркистон Ўзбекларники бўлиши керак, деганга ўхшаш фикр бўлганидай, тарихимиз бир эканлигини билмайдиган айрим оми қозоқлар ўртасида ҳам Тошкент, Бўстонлиқ бизларники бўлиши керак, деган гап сўзлар юрадики, бу гапларга вақтида нуқта қўйилмаса, оқибати хуник бўлиши мумкин. Ўзаро зиддиятни келтириб чиқариши мумкин бўлган бу хил фикрлар оддий одамлар орасида ҳам, зиёлилар ва айрим арбоблар орасида ҳам мавжудлигини яшириш, ҳар икки халққа хиёнат қилиш билан баробар. Бугунги кунда, айниқса, зиёлилар, туман ва вилоят даражасидаги раҳбарлар, куч ишлатар тизимлари вакиллари онгида ҳам бу хил фикрнинг бўлиши хатарлидир. Бу тенденциянинг чуқур илдиз отишининг олдини олиш, ҳар икки мамлакат арбобларининг кечиктириб бўлмас вазифасидир. Чунки шундай хавф бор. Бир гал мен чегаранинг Ўзбекистон томонида савдо сотиқ билан юрган аёллар ва милиция ўртасида қий-чув, тўполон бўлганининг гувоҳи бўлдим. Тўполончилар орасида ўзбек ва қозоқ аёллари бор эди. Жанжал босилгач, мен тўладан келган, афтидан аламзадалиги билиниб турган милиция капитани ёнига келиб, халқ билан ўйнашиб бўлмайди, бу аҳволда уруш бўлиб кетиши мумкин-ку, дедим. У эса, пинагини ҳам бузмай, «бундан кўра уруш бўлиб кетгани яхши эди», деб минғирлади. Мен унинг маънавиятига, бу совуқ гапни айтаётиб пинагини ҳам бузмаганига ҳайрон қолдим. Шундан бир оз ўтиб, Жанубий Қозоғистондаги Қазғурт туманига қарашли ДАН блок постидан ўтаётиб биз утирган автобусни инспектор тўсди ва «Ҳаммаларинг паспортларингни кўрсатинглар», деб ўдағайлади. Ҳамма паспортини тепага кўтарди. Инспектор бўлса, яшил паспортларнинг ҳаммасини йиғиб олиб, «паспорти олинганлар менинг ортимдан юрсин», дея пастга тушиб, блок пост канторасига кириб кетди. Мен ҳам охирроғида яшил паспортлилар қаторига бориб турдим… Ҳаммадан Н суммада пул йиғиб олган инспекторга яқинлашиб ўзимни таништирдим ва «кўка, Ўзбекистоннинг милицияси Қозоғистон фуқароларини, Қозоғистон полицияси Ўзбекистон фуқароларини қийнаса, ўртада қозоқлар ундай, ўзбеклар бундай деган гап сўзлар кўпайиб кетадику», дедим. «Не бўпти, кўпайса?» савол берди полиция майори. «Худо сақласин, сўғиш бўлиб кетишида мумкин», дедим. У эса пинагини бузмай, «война неизбежный», деганида баданимдан совуқ тер чиқиб кетди. Бу хил совуқ фикр вилоят, туман идораларида турли лавозимларда ишлаётган хизматчилар орасида ҳам борлиги мени танг қолдирди. Ўзбекистон чегарасида бир ёш чегарачи, довдираб, Қозоғистонлик ёш йигитни отиб қўйганди. Мен бу ҳодисани ўрганиб, ўша чегарачи ва уни тарбиялаганларни танқид қилиб ВВСда чиқиш қилганман. Шу арафада Жанубий Қозоғистонда вилоят газеталарини назорат қиладиган «азамат» менга, “Ўзбекистон жим юрмаса, бизникилар эзиб қўяди”, деб сўзлади. Мен, бу ерда халқ айбдор эмаслигини тушунтирмоқчи бўлдим. Аммо у гапимни тинглашни ҳам истамади. Ўша пайтлари Қозоғистондаги ошкораликдан фойдаланиб ёзилаётган маколалардаги биртамонламалик бекорга эмасда, экан, деб ўйлаб қолдим… Кейинроқ Жанубий Қозоғистонга Н. А. Назарбоев келди, Сайрамда Ўзбек театрини очиб берди ва ўзбек халқига муҳаббат тўла гапларини гапирди. Бир- биримизни қозоқ, ўзбек деб юрмайлик, ҳаммамиз бир ота онанинг фарзандаларимиз, деган мазмунда узоқ сўзлади. Шундан сўнг оммавий ахборот воситаларидаги ўзбекларга нисбатан айтиладиган салбий гаплар нисбатан камайди…
2004 йили дўстимиз, «Сайрам сабоси» ўзекча газетасининг таъсисчиси ва муҳаррири Абдумалик Сармонов билан биргаликда, бу хил кайфиятни олдини олиш учун оммавий ахборот воситаларини мониторинг қилиб, журналистларни йиғиб, конференция ўтказишга имкон бериши керак бўлган проект ёзиб, Олмаотадаги Сорос фондига топширдик. Афсуски, улардан бу режа ўтмаганлиги ҳақида жавоб олдик… Мен ҳали ҳам шу хил проект асосида иш қилиш ва икки халқ орасида яхши кайфият ҳосил қилгувчи публицистик материаллар тайёрлаш керак, деган фикрдаман. Бугунги кунда Қозоғистон ҳукуматининг, хусусан, Н. А. Назарбоевнинг хизмати туфайли нотинч кайфият авж олмаяпти, деб ўйлашга асослар етарли.
Ботир НОРБОЙ, филология фанлари доктори.



