Бугун 17 август Саиджаҳон ака Равонийнинг туғилган куни муносабати билан, сафдошимизни таваллуд куни билан самимий қутлаб, бизга юборган қайта ишланган мухаммасларини эътиборингизга хавола этамиз:
***
Саиджаҳон Равоний: ТАХМИСЛАР
***
1. Муқимий ғазалига тахмис
2. Машраб ғазалига тахмис
3. Яссавий хикматига тахмис
***
МУҚИМИЙ
ғазалига тахмис
Мафтун этдинг мани гўё қадимий афсонада,
Ҳуснда сен малика, ман чокаринг остонада,
Қолса-да лек ақлу хушим сен ўзинг ягонада,
Ошиқ эрмасман юзингга якка бу Фарғонада,
Зоҳид истар Каъбаларда, барҳаман бутхонада.
Кўрку ҳуснинг васфин этгали заиф хома-ю тил,
Бўйларингга сарвиноз ўлсун таним туфроқу гил,
Бир нигоҳ лек солмадинг ким дея бу ғариб бедил,
Кимга дод айлай бу бедодингни ман, эй сангдил,
Ошно бўлдим десам, кўнглунг сенинг бегонада.
Қилди-ло ҳажру фироқинг ақлу ҳушум гечалар,
Назму наво бирла васлинг мен ўтиндим нечалар,
Ишқинг ўтида ёнишимдин не ўт ичра печалар,
Шамъи рухсоринг ёнар маҳфилда гул-гул кечалар,
Бормуди қасдинг магар куйдургали парвонада.
Ёр қоши дер уюлуб, “ҳеч қошумга келмагил”,
Холи қўй, эй ёрон азиз, йиғлошумга келмагил,
Асру қўйдим майга ружу, ёнбошумга келмагил,
Манъ этиб, эй муҳтасиб, ҳар дам бошумга келмагил,
Бўлса найлай маст бўлмай масканим майхонада.
Мунча ошиқ доимо суйганидин бўлғай табоҳ,
Аҳли аъдо шоду хуррам, қайғурар аҳли салоҳ,
Ҳар ғўшадин хайдалурман сак мисоли бепаноҳ,
Манзилимни сўрма, эй мағрури мулку дастгоҳ,
Даҳр саҳройи жунун уй бўлмагай девонада.
Хома бирлан кўб Равоний қилди нола интизор,
Ай, фидоий ошиқин ким сендек этгай хору зор,
Боғу ризвон ичра лек қилган маҳал сайри гузор –
Булбул айлар наволар ёлғиз дема, эй гулузор,
Чўғздек қилгай Муқимий ҳам наво вайронада.
***
МАШРАБ
ғазалига тахмис
Юз лоба ҳусни афсоналарға,
Тишлари инжу, маржоналарға,
Лаб узра холи бир доналарға –
Кўрсат юзингни мастоналарға,
Ишқингда куйган парвоналарға.
Бошимға солди бисёр уқубат
Кўйингда бўлмиш авжи рақобат,
Ҳамон умидвор этгум ибодат,
Мендин дуодир, сендин ижобат,
Жоним тасаддуқ жаноналарға.
Бўйлари раъно гул лоладайсан,
Олгувчи эс-хуш шаробу майсан,
Кечти не холим лек қарамайсан,
Эй кўнгли қаттиғ, раҳм айламайсан,
Қилгил назора бечораларға.
Эрурман асли қирқ ишда моҳир,
Сочай бўйингдин дуру жавохир,
Вале бамисли Мажнуну Тохир,
Куйган ғарибман, шафқат қил охир,
Кўйингда юрган девоналарға.
Сани Равоний севарки жондин,
Чиқди саломат “Буюк Турон”дин,
Ул сен туфайли шодон замондин,
Машраб сени деб кечти жаҳондин,
Бошини қўйди остоналарға.
***
ЯССАВИЙ
хикматига тахмис
Қай хайит ё байрамда шодон бўлғон ошиқлар,
Ҳар замон жало, хамда зиндон бўлғон ошиқлар,
Ҳалқи учун ситамда қурбон бўлғон ошиқлар,
Ўн саккиз минг оламда ҳайрон бўлғон ошиқлар,
Тобмай маъшуқ сўроғин сарсон бўлғон ошиқлар.
Бўлмағонидин маҳбуб, ғуссадин бағри тўлуб,
Тунлари бедор бўлуб, юм-юм ашки тўкулуб,
Элда лек мағрур туруб, азоб чекса ҳам кулуб,
Ҳар дам боши ўргулуб, кўзи Ҳаққа термулуб,
Ҳу-Ҳу тею жўр бўлуб, гирён бўлғон ошиқлар.
Элға чин ўғил бўлғон, шаҳд-авжи довул бўлғон,
Маъшуқаси гул бўлғон, ишқи номақбул бўлғон,
Бемағлул мағлул бўлғон, кўнгли таназзул бўлғон,
Куйуб-ёнуб кул бўлғон, ишқида булбул бўлғон,
Кимни кўрса қул бўлғон, мардон бўлғон ошиқлар.
Ранжу ғамдин тоғлағон йўқ дўсти ўртоғлағон,
Қалбин, ғусса тиғлағон, назм ила хушчоғлағон,
Ғанимни ҳам ёғлағон, бўлса бемор, соғлағон,
Ҳиммат қурин боғлағон, юрак бағрин доғлағон
Фарёд уриб йиғлағон, гирён бўлғон ошиқлар.
Адолатни ахтариб, ғурбатларда ўртаниб,
Навқиронликда қариб, адошиб, мазхабланиб,
Қувлардин тамаланиб, оқ-карони кеч таниб,
Гоҳи юзи сарғайиб, гоҳи йўлларда ғариб,
Тасбеҳлари “Ё хабиб”, жавлон бўлғон ошиқлар.
Равоний хоҳ таъқиқ бўл, ошиқларға рафиқ бўл,
Разолатға тўсиқ бўл, халқингға муттафиқ бўл,
Назмда соф ақиқ бўл, номингға мустаҳиқ бўл,
Ахмад сен ҳам ошиқ бўл, сидқинг ила содиқ бўл,
Даргоҳиға лойиқ бўл, жонон бўлғон ошиқлар.
***
Андижон
2011



