БАХТСИЗЛИГИМИЗ ҚОМУСИ

ёхуд Ўзбекистон конституцияси билан Ўзбекистондаги
ҳаётнинг мутлақо номувофиқлиги тўғрисида
Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари ҳақида, уларнинг нақадар демократик эканлиги хусусида оммавий ахборот воситаларида ниҳоятда кўп ёзилади ҳамда бисёр гапирилади. Шунингдек, мамлакатда айни масалалар билан боғлиқ ҳужжатлар, кодекслар, қонунлар ва қарорлар ҳам етиб – ортади. Бош дастуриламал ҳисобланувчи ҳамда «Бахтимиз Қомуси» дея ўта баландпарвоз номланувчи Ўзбекистон конституциясининг ўзидагина инсон манфаатлари, шахс ҳуқуқлари ва эркинликлари билан боғлиқ фикрлар йигирмадан ортиқ жойда тилга олингандир.
Конституциянинг муқаддимасидаёқ, «Ўзбекистон халқи: инсон ҳуқуқларига содиқлигини тантанали равишда» эълон қилиши, «халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоидалари устунлигини» тан олиши, «инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этишни» кўзлаши таъкидланган. Кейинги боблар ҳамда моддаларда фуқароларнинг кўпдан-кўп шахсий ҳуқуқлари ва эркинликлари, уларнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлари батафсил санаб ўтилган. Ҳа, ҳаммаси оғизларда-ю қоғозларда зўр. Аммо, аслида-чи?! Амалда-чи?!
Конституцияни варақлаймиз: унинг 2 – моддасида давлат халқнинг манфаатларига хизмат қилиши айтилади. Агар, ҳақиқатан ҳам шундай бўлса, мана, мустақилликдан кейин ҳам йигирма йил кечаётган эсаям, нечун, Ўзбекистоннинг аксарият фуқаролари ним оч ҳамда нисф яланғоч вазиятда яшамоқдалар?! Энг кам иш ҳақини-ку қўя турайлик, ҳаттоки, ўртача ойлик маошлар ҳам турмуш талабларидан келиб чиқилса, бир ҳафтагаям етмайди. Нимага Ўзбекистон ижтимоий – иқтисодий кўрсаткичлар бўйича жаҳоннинг энг қолоқ ҳамда қашшоқ мамлакатларидан-да орқада қолиб кетди? Хўш, қани бу ерда давлатнинг ўз конституциявий мажбуриятларини бажаргани!
«Ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга. Ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланиши мумкин эмас»лиги уқтирилган 25 – модданинг ҳаётдаги ҳақиқий инъикоси қандайлигини сафарларга чиққанда, шаҳарларга юмуш билан борганда ўзининг ватанида эмин – эркин юролмай, «ҳокимият вакиллари»нинг турли тазйиқлари ҳамда таҳқирларига учраган, миршабхоналарда, ҳибсхоналарда кеча – кундузлаб, ҳафталаб ушлаб турилган, калтакланган ва таланган жабрдийдалардан сўранг!
29 – моддада белгилаб қўйилган «Ҳар ким ўзи излаган ахборотни излаш олиш ва уни тарқатиш» ҳуқуқидан оддий фуқаролар нариги ёқда турсин, ҳатто, ўзининг хизмат вазифасини адо этаётган профессионал журналистлар ҳам фойдаланишлари деярли имконсизлигига бисёр марталаб гувоҳ бўлганман. Айнан ўзим-да, фаолиятимда бундай муаммоларга қайта – қайта дуч келганман.
31 – моддадаги «Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга» сўзларини ўқиганда Ўзбекистоннинг диний эркинликлар чекланган, диндорлар таъқиб остига олинган мамлакатлар рўйхатининг бошидан мустаҳкам ўрин эгаллаб турганлиги, мамлакатнинг қамоқхоналари ва зиндонлари минглаб гуноҳсиз мусулмонлар билан тўлиб – тошиб кетганлиги, улар диний эътиқодлари учунгина азоб – уқубатлар чекаётганликлари, беихтиёр, ёдга тушади.
34 – моддадаги «… мухолифатчи шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қадр – қимматини ҳеч ким камситиши мумкин эмас» жумласи билан танишганда эса, аслида, ҳибсхоналарда ўлдириб юборилган ва ўлдириб юборилаётган, турмаларда беш – ўн йиллаб қийин – қистов исканжасида оғир касал ҳолида ушлаб турилган, қувғинларда – қочқинларда жон сақлаб, хавф – хатарлар таҳликаси остида сарсон – саргардон юрган мухолифатчиларнинг аҳволи эсга тушади.
«Ҳар бир шахснинг меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш» ҳуқуқларини кафолатловчи 37 – модданинг ҳам умуман ва мутлақо бажарилмаётганлигини-да зинҳор – базинҳор инкор этиш мумкин эмасдир. Чунки, миллион – миллионлаб ўзбекларнинг (норасмий манбаларга кўра, биргина Россиянинг ўзида 7 миллион нафардан кўп ўзбек мардикори бор, Қозоғистонда эса айни рақам ўртача 2 миллионни ташкил этади) мамлакат ичкарисида ва ташқарисида сарсонлик – саргардонликда, хорлик – зорликда иш излаб юрганликларининг ўзиёқ инсоннинг ҳаёт – мамоти билан боғлиқ ана шундай ҳуқуқлари ҳақиқатда ниҳоятда қўпол равишда бузилаётганлигини сўзсиз исботлаб турибди.
Ўзбекистон конституцияси билан асл ҳаётий вазият ўртасидаги юқоридаги сингари қарама – қаршиликлардан кейин 43 – моддадаги «Давлат фуқароларнинг конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди» мазмунидаги ҳамда унинг 93 – моддасида баён қилинган «Ўзбекистон Республикасининг президенти: фуқароларнинг ҳуқуқларига ва эркинликларига, конституция ва қонунларга риоя этилишининг кафилидир» маъносидаги таги пуч, лўттибозона ҳамда масхараомуз иддаоларга нима дейсиз?!
Булардан ташқари, Ўзбекистонда кейинги йилларда ҳуқуқ ҳимояси билан шуғулланувчи ўнлаб халқаро ҳамда нодавлат ташкилотлар зўравонлик билан ҳайдаб чиқарилганлиги, шунингдек, кўплари асоссиз равишда ёпиб ташланганлигиям бу борадаги аҳволнинг нақадар аянч эканлигини кўрсатиб турибди.
Одатда, қоида бўйича, ҳурмат юзасидан «конституция» сўзи ҳамма жойда бош ҳарф билан ёзилади. Менинг эса, очиғини айтганда, Ўзбекистон конституцияси тўғрисида ошкора ҳамда холисона фикр юритар эканман, айни каломни катта этиб ёзишга қўлим бормади. Негаки, бундай мутлақо амал қилмайдиган, фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш учун эмас, халқнинг ҳамда мамлакатнинг инқирози ва таназзули учун хизмат қилаётган, шунингдек, президент бошлиқ ҳаромхўрлар тўдаси учун ниқоб ҳамда қурол вазифасини ўтайдиган бундай «конституция» ҳеч қандай ҳурмат – эътиборга лойиқ ҳам, сазовор ҳам эмасдир.
Хўш, мана шундай вазиятда Ўзбекистон конституциясини қандай қилиб «Бахтимиз Қомуси» дейишга тил айланади?! Аслида эса, Ўзбекистон конституциясини айни туришида «Бадбахтлигимиз қомуси» дея атасак, уни муносиб номлаган бўламиз.
ЭЛТУҒЁН.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares