Пресс-релиз

Биз, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, “Ёшлар”
телерадиоканалининг собиқ ходимлари Эшонқулова Малоҳат ва Амонова
Саодат 2009 йилнинг декабрь ойидан буён ўзимиз фаолият юритиб
келаётган ЎзМТРКда, хусусан, “Ёшлар” телерадиоканалида содир бўлаётган
маҳаллийчилик, ижтимоий тенгсизлик, гуруҳбозлик, иқтисодий
ўғирликларга қарши чиқдик ва ишхонамиздагим авжуд муаммолар хусусида
ҳукуматимизнинг барча идораларига, хусусан Президентимизга, Бош
вазирга, давлат маслаҳатчиси И.Б Абдуллаевга, Ўзбекистон Республикаси
Бош прокурорига, Республика миллий хавфсизлик хизмати раҳбари Р.
Иноятовга бир неча маротаба шикоят аризалар ёздик, телеграммалар
жўнатдик. Шикоят хатларимиз асосида “Ёшлар” телерадиоканалида текшириш
ишлари ҳам ўтказилди, бироқ раҳбарият томонидан содир этилган барча
қонунбузарликлар, мингдан-минг афсуски, ёпди-ёпди қилиб юборилди.
Бунинг натижасида ЎзМТРК раҳбарияти томонидан бизга нисбатан ҳар
томонлама таҳдид, тазйиқ ва босим кучайиб кетди. Провардида биз Инсон
ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятида ЎзМТРКда, айнан “Ёшлар”
телерадиоканалидаги мавжуд муаммоларга бағишланган матбуот
анжуманини ўтказишга мажбур бўлдик. Натижа бўлмади. Ҳатто, 2010
йилнинг 30 август куни “Озодлик” радиоси орқали Мамлакатимиз
Президенти Ислом Абдуғаниевичга кўмак ва ҳимоя сўраб йўллаган очиқ
мурожаатимиз ҳам жавобсиз, беэътибор қолди. Бунинг оқибатида, биз
ишхонамиздаги, яъни ЎзМТРК, хусусан “Ёшлар” телерадиоканалидаги
мавжуд қонунбузарликларга барҳам берилишини сўраб, 2010 йилнинг 6
декабрь куни Мустақиллик майдонида норозилик пикети уюштирдик.
Қўлимиздаги плакатларда қуйидаги мазмундаги талаб ва муддаоларимиз
баён қилинган эди:

“-ЎзМТРК ва “Ёшлар” телерадиоканалида цензурага чек қўйилсин.
-“Ёшлар” телеканалида маҳаллийчиликка, ижтимоий тенгсизликка чек қўйилсин.
– ЎзМТРК раиси А.Хаджаев ва “Ёшлар” телерадиоканали Х. Нуриддиновлар
ўз лавозимларига нолойиқ деб топилсин ва улар содир этаётган
жиноятлари учун қонун олдида жавоб берсин.
– ЎзМТРК раҳбарларининг жиноятларини босди-босди қилиб келаётган Бош
вазир ўринбосари Абдулла Негматович Арипов истеъфога чиқарилсин!”

Адолат талаб қилиб чиққан ана шу кунимиздан бошлаб биз ЎзМТРК
раҳбарияти томонидан бизга нисбатан бўлган таъқиблар янада кучайдик.
Ҳақиқатни айтиб, минг бир балога гирифтор бўлдик. . Ҳатто бизнинг
фуқаролик паспортимизни ҳам турли йўллар билан Тошкент вилоятининг
Зангиота ва Қибрай туманларидан ҳисобдан чиқариб юборишга ҳам
эришишди. Энг муҳими, уч соат узрли сабабларсиз ишга келмади деган
қўлбола айблов билан ТВ раҳбарияти бизни ноқонуний тарзда ишдан
бўшатишди ҳам. Бироқ “Ёшлар” телерадиоканали директори Х. Нуриддинов
бизни ишдан бўшатиш билан қаноатланмади. Ички ишлар вазирлиги,
Соғлиқни сақлаш вазирлиги каби идоларга расмий хатлар йўллаш орқали
бизни тақиб қилишдан чарчамади. Ҳатто бетоблигимиз сабабли олган
маълумотномамизни ҳам сохтага чиқаришга, Соғлиқни сақлаш вазирлиги
билан ўзоро келишган ҳолда, вазирликнинг босими орқали бизни
даволаган ва бизга бетоблигимиз ҳақида маълумотнома берган
шифокорларни жазолашга ва бизниишдан бўшатишга ҳам муваффақ бўлди.
ЎзМТРК раиси А. Хаджаев ва “Ёшлар” телерадиоканали директори Х.
Нуриддиновларнинг устамонлиги, ўз мансаб ваколатини суистеъмол қилиши
бизнинг ишга тиклаш борасидаги даъво аризамиз кўрилаётган фуқаролик
ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суддида яна бир кара намоён
бўлди. Улар судга босим ўтказиб, биргина суд мажлиси натижасида суд
қарорини ўзларининг фойдасига чиқаришга, бизнинг ишга тиклаш
борасидаги даъвомизни суд томонидан қаноатлантирмасдан қолдирилишига
эришди.
Хуллас, ЎзМТРК, хусусан, “Ёшлар” телерадиоканали
раҳбарларининг ноқонуний ишлари хусусида гапираман, десангиз гап кўп.
Биз мавжуд муаммоларни Президент Ислом Абдуғаниевич қабулига кириб,
шахсан у кишига етказишни, ЎзМТРК, хусусан, “Ёшлар” телерадиоканали
тизимида адолатли текширув ўтказилишини ва қонунбузарлар қонун олдида
жавоб беришини талаб қиламиз.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares