Ботир Норбой, филология фанлари доктори.
Бумеранг нима эканлигини билмаганларга тушунтирайлик: бу шундай нарсаки, отганингиздан кейин дарҳол беркинишингиз керак, чунки, у айланиб келиб отган одамга тегади ва уни яралайди. Мухолифатчи шоир Юсуф Жумага отилаётган тошлар менга бумерангни эслатди. Таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Толиб Ёқубов ҳам бир мақоласида айтганидек, Юсуфнинг ўзбекистонлик ғанимлари, ҳокимиятга яқин кишилар уни ёмонлаш компаниясини давом эттирмоқдалар. Зебо Эргашева деган, бир пайтлар Вилоят Хокимиятида ишлаганини иддао этаётган кимса Юсуф Жумага бир қатор қитмир саволлар билан мурожаат этгани ҳам бу ҳужумнинг давом этаётгани белгисидир. Юсуф Жуманинг оиласини ва болаларини шахсан таниганим учун бу саволлардан баъзиларига холис бир киши сифатида жавоб бермоқчиман. Зебо Эргашева: “Юсуф Жума, эшитимизга қараганда 2007 йилнинг 20 май куни ўғлингиз Машраб дўсти Имомов Азизбек билан ҳамқишлоғингиз Рузиев Эргашнинг емлаб қўйган қўчқорини ўғирлаб бозорда 50 мингга сотиб юборган экан, бечора хали ҳам қўйини пулини ололмай юрган эмиш. Кейин бу жинояти фош бўлиб ўғлингиз қамоққа олинган экан. Шу гапларга аниқлик киритиб берсангиз, қандай қилиб сиздай одамни ўғли бундай харом нон ейишга ўрганган”, деб савол беради. Аввало, бу саволнинг жавоби ижобий ёки салбийлигини билмай туриб, бир инсонни “харом нон ейишга ўрганган” дейишнинг ўзи ахлоқсизликдир. Бу ҳали жинояти тасдиқланмаган кишини жиноятчи дейиш билан баробар.
Иккинчидан, Зебо Эргашева агар холис бўлса, Машрабнинг тағин ўз ўртоғи Имомов Азизбек билан гўёки “қўй ўғирлаган”ини саналаригача қаердан билади? Бир пайтлар, менга Юсуф Жуманинг ўғли Машраб ўзининг қамалиш тарихини гапириб берган эди. Унинг сўзларидан маълум бўлишича ўша қўй эгаси Машрабдан қарз бўлган ва қарз эвазига қўйини берган. Кейинчалик судга ҳам худди шу хил тушунтириш ёзиб берганига кўплар гувоҳ. Янглишмасам, ўша одам ёзиб берган тушунтириш хати нусхаси Юсуф Жума оила аъзоларида ҳозир ҳам сақланади ва Юсуф Жума оила аъзолари Зебо Эргашевани (агар у шу атрофда бўлса) ўзларига туҳмат қилган шахс сифатида судга беришлари ҳам мумкин.
Зебо Эргашева яна бир саволида: “Диссидент шоир бўлганлигингиз учун давлат томонидан доимий таъқиб қилинганингизни айтиб келасиз, Қоракўл тумани аҳолисининг гапларига кўра, оддий аҳоли 5-10 гектар ер ололмай юрган пайтда, Сизни 60-70 гектар фермерлик ерингиз бўлган экан. Бундан ташқари, Ласетти, Нексия, Дамас, Москвич автомашиналарингиз ҳам бор экан. Айтингчи, қандай қилиб доимий таъқибда юрган одам шунча нарсага эришиши мумкин.”
Менинг жавобим: Қоракўл тумани аҳолиси орасида Юсуфнинг дўстлари ҳам, душманлари ҳам бор. Унинг шахсий душманларига таяниб берилаётган бу савол мантиқсиз. Мени билишимча, Юсуф Жуманинг беш ўғли бор. Улардан вояга етганлари алоҳида яшашган. Ва натижада уч оилага учта фермер хўжалиги очишган. Ҳар бирига қонуний равишда 20 гектардан ер берилган. Жами 60 гектар ерлари булган. Улар (балки қўшилишиб, балки алоҳида) ерларида сидқидилдан ишлашган. Ҳеч кимга пора беришмаганлиги учун ҳам маълум бойликлар орттиришган. Зебо Эргашева айтаётган автомашиналар ўша ҳалол пулга келганлиги аниқ. Балки мухолифатчи Юсуф Жумага бу ерлар ҳокимият томонидан унинг “жим юриши”ни таъминлаш учун берилгандир. Лекин у ўша пайтда ҳам “Озодлик”ка берган интериьюларида, мухолифатчи фермер деб атарди. Агар у ҳақиқатга эмас, бойликка ўч одам бўлганида ерини экиб, жим юрган бўларди. Аммо у (ва фарзандлари) баъзиларга ўхшаб, халқ билганини қилсин, менга, нима, деб ҳақиқатдан юз ўгириб жим юргани йўқ. Маҳаллий ҳокимиятнинг, шу жумладан юқори доирадаги раҳбарларнинг кирдиклорларини тинимсиз фош этиб келган. Агар шу хил фош этишлари бўлмаганида Юсуф Жума ҳам, унинг ўғиллари ҳам қамалмасди.
Собиқ ҳокимият ходими ўзини гўёки демократия дўстидай тутади. “Ўзбекистон халқ ҳаракати” тузилиб мухолифат бирлашаётган бир пайтда Сиз бирдан сирли равишда қамоқдан озод бўлиб АШҚга тезда келдингиз, ёки Сиз ҳам мухолифат орасига атайлаб уни парчалаш учун махсус юборилдингизми”, дейди. Юсуф Жумани яқиндан билган биронта одам Зебо Эргашевага ўхшаб унга шу хил савол билан мурожаат этиши мумкин эмас. Юсуф ёки унинг ўғиллари (беайб парвардигор, деганларидай), балки, ҳаётларида айрим кичик хатоларга йўл қўйишгандир (айтайлик, Алишер яқинда ёзган бир мақоласида Муҳаммад Солиҳни асос келтирмай туриб, танқид қилиб ўтадики, мен унга қўшилмадим). Аммо Юсуф Жума ва унинг ўғиллари асосан ҳақиқат учун курашиб келган, халқ манфаати улар учун асосий мезон бўлган. Агар Ўзбекистонда Юсуф Жума оиласи каби оилалар юзтагина бўлганда, юртимизга, ўша Зебо Эргашева (гўё орзиқиб) кутаётган демократия тезроқ қадам ранжида қилган бўларди.
Юсуф Жума ва унинг оиласига қилинаётган ҳужумлар ортида МХХ турибди, деган гаплар бор. Агар ростдан ҳам шундай бўлса, МХХ Ўзбекистондаги юқори доираларнинг зарарига ишлаётган бўлади. Чунки, Юсуф Жума ва унинг оиласи асос эътибори билан кўп масалаларда ҳақ! Унга отилган тошлар ижтимоий маъно касб этади ва бумеранг каби айланиб, Юсуф Жумага адолатли муносабатда бўлмаган ва бўлмаётган ҳокимият вакилларига тегади.



