Ахволинг қалай энди мардикор болам,
Юрибсанми соғ-омон уйдан узокда?
Миллионлаб сен каби расвои олам,
Тентирар таркалиб уёқ-буёқда.
Нима кийиб, қайларда ётиб турасан,
Оғир нарса кутариб чиққандир белинг.
Кимдан хақорат, калтак, дўк еб юрасан,
Ёлворасан кимларга гўлдираб тилинг.
Ким сени кутиб олар эшикдан кирганингда,
Кирингни-чи ким ювар, дазмолинг қилар?
Бировларни қўлида зор бўлиб юрганингда
Ким сени эркалатар, бошингни силар?
Иссиқда офтоб уриб, совукда юпун қолиб-
Касал бўлсанг тепангда онанг ўтирмас,
Ишдан келсанг, ҳеч ким сендан хабар олиб,
Овкатингни иситиб, чой дамлаб бермас.
Хозир улғайиш давринг, кучга тўлгансан,
Лекин бутун кучингни олади мехнат.
Айни навбахор пайтинг ғунча бўлгансан,
Лекин ғунча гул бўлмас қопласа зулмат.
Навқирон йигитликнинг гаштини сурмай,
Дилдор билан бахорда этмай сайри гул,
Ўқимай, изланмай, дунёни курмай,
Умринг ўтар, мехнатга яратилган қул.
Кутубхоналар сени бекор кутмокда,
Интернет чархламас тафаккурингни.
Ишсизлик ва қашшоклик ямлаб ютмоқда
Соғлигинг, хавасинг, гулдек умрингни.
Касрлар куриб бердинг кимларгадур,
Лекин ўзингни уйинг чайладан хароб.
Сени зўрлар чакирмас тўй-ошларига,
Сениниг учун порламас осмонда офтоб.
Хатто, ўз ватанингда, Азим Тошканда
Яшириниб юрасан, гуё бир ўғри.
Бугун адолатсизлик вақти экан-да,
Сен учун қаттиқ экан она юрт бағри.
Бунча хор бўлди бугун ўзбек деган ном?!
Юртида хор бўлганлар хар ерда хордир,
Ҳар ерда қуварлар, қиларлар бадном,
Юртига сиғмаганга дунё хам тордир.
Сен ахир бир буюк миллат ўғлисан,
Томирингда Улуғбек, Бобур қони бор.
Сен хам озод инсонсан, тенг хуқуқлисан,
Қачон бўлар иқболинг, бахтинг барқарор?!
***
Маҳбуба Қосимова
Тошкент




