Ботир Норбой, Филология фанлари доктори
Сафдошимиз Носир Зокирнинг Ўзбек матбуотининг ҳозирги аҳволи, матбуотда ошкораликнинг йўқлиги тўғрисидаги фикрларига қўшиламан. Айни замонда, мен ҳам, зиёлиларимизнинг, ёзувчи шоирлар ва журналистларимизнинг аҳволи, ўзбек матбуотининг ҳозирги ҳолати ва бунинг сабаблари ҳақидаги баъзи мулоҳазаларимни илгари сурмоқчиман. Рост, ўзбек матбуотининг бугунги холати СССРнинг гуллаб-яшнаган 70 йилларидагиданда хароброқ. Буни ҳатто президент ҳам (журналистларни тўғри гапни ёзишга ундаган бўлиб) қайта-қайта такрорламоқда. Роситдан ҳам, ўша даврда ҳам у ёки бу колхоз раисининг, райком котибининг, биронта амалдор шахснинг кирдикорларини фош этувчи фелъетонлар, шу хил шахслар ва уларнинг феъл-атворидан, камчиликлардан куладиган ҳикоя ва ҳажвиялар чиқиб турарди. Ҳозирда эса, (купинча диндорлар, мухолифат вакиллари ёки ҳуқуқ ҳимоячилари устидан) бўлиб ўтган суд мажлисидан кейин онда-сонда ёзилаётган қуруқ айбловдан иборат юзаки, буюртма мақолаларни ҳисобга олмаганда жамиятдаги иллатларни фош этгувчи, ҳаққоний ёзилган танқидий руҳдаги мақолалар, ҳатто бадиий асарлар йўқ. Бир пайтлар ҳаётнинг қайғули воқеаларига боғишланганлоиги оз бўлсада, сезилиб турадиган шеърлар босилатганди. Ўзи СССР пайтида ғамгин шеърлари учун дакки еган Абдулла Ориф Ёзувчилар уюшмасига раис бўлган давридан бошлаб, “нега ғамгин шеърлар ёзасиз”, деган маънодаги суҳбатоар, мақолалар пайдо бўлди ва бу хил ҳаётий асарлар ҳам кескин камайиб кетди.
Кўпгина сафдошларимиз матбуотнинг хароб аҳволининг сабабларини журналистлар, муҳаррирлар фаолиятидан ахтаришади ва уларни айблашади. Бу қисман тўғри! Аммо ошкораликнинг йўқлигида, ҳаққоний мақола ва помфлетларнинг, фелеътонларнинг чиқмаётганида фақат журналистлар ёки муҳаррирларгина айбдор эмас… Уларнинг камчилиги бу зотларда мустаҳкам эътиқод, ҳақиқат учун кураш ҳиссининг йўқлигидадир. Эътиқоди борлар ҳам ошкоралик шунчаки берилмаслигини, уни Беҳбудий бир пайтлар айтганидай, олиш кераклигини, бу учун назарий ва амалий кураш олиб бориш лозимлигини чуқур тушуниб етмаяпти. Тўғри, бу соҳада мустақилликнинг дастлабки йилларида озми кўпми, амалий ҳаракат қилганлар ҳам бўлди. Карим Баҳриев «Ҳуррият» газетасига муҳаррир бўлиб, танқидий руҳдаги мақолаллар бера бошлади, кейинроқ Абдуқаюм Йўлдошев «Моҳият» газетасида оз бўлсада, яхши материаллар берди, аммо ҳар иккаласини қўпол қилиб айтганда, «думини тугишди», ҳар хил баҳоналар билан ишдан олишди. Уларнинг ўринларига бўлганлар аста-секин шароита мослашиб, газеталар собиқ ва ҳозирги неокоммунистларнинг нашрлариданда хароб аҳволга келди. Шу билан ошкораликнинг сўнги эшиклари ёпилди! Худди шу хил холат (муҳаррирларнинг ноҳақ ишдан олиниши) айтайлик, Болтиқбўйида, Гуржистонда ёки Украинада бўлганида аввалги муҳаррирларнинг ўринларига қўйилганлар олдингиларининг ишини оғишмай давом эттиришган бўларди. Бизнинг журналистларимизда мустаҳкам эътиқод, синмас ирода йўқлиги, юқорининг оғзига қараб туришлари маълум бўлди. Карим Баҳриев ўрнига келган Хуршид Дўстмуҳаммад, Абдуқаюмнинг вориси бўлган Саъдулла Ҳаким газетани юмшоққина нашрга айлантиришди, улардан кейингилар янаям хароб қилишди. Ўзбекистонда ошкоралик учун курашадиган виждонли қаламкашлар йўқ эмас. Чет эллардаги айрим сафдошларимиз айтаётгандек, Ўзбекистон ичида зиёли, журналистлар қолмаган, деган фикрга қўшилиб бўлмайди. Агар Бирдамлик сайтидаги «Кинокамерага айтилган юрак дардлари» номи остида берилган суҳбат-мақоладаги Одил Ёқубов (марҳум), Учқун Назаров, Баҳодир Жалолов, Гулчеҳра Нуриллаева, Бахтиёр Исабековнинг (2005 йили Абдулазиз Маҳмудовга берган интервьюсидаги) фикрларига қулоқ тутсангиз, уларга қойил қоласиз ва зиёлилар, ёзувчи ва журналистлар ҳали ҳам борлигига амин бўласиз. Фақат бу хил зиёлиларга йўл йўқ, уларга минбар йўқлигини эътироф этишга мажбурмиз. Минбар ҳам, худди ошкоралик, озодлик каби берилмаслигини, уни талаб қилиб олиш кераклигини ҳозирча ўзбек журналист, ёзувчи ва танқидчилари чуқур тушиниб етишгани йўқ. Тошкентда яшаб ижод қилаётган: Иброҳим Ҳаққул, Олим Отахон, Зоҳир Аълам, Исфандиёр, Абдулла Шер, Саъдулла Аҳмад, Абдуқаюм Йўлдош, Ҳамроқул Асқар, Нурали Қобул, Ҳалима Худойбердиева, Шаҳодат Исахонова, Нортўхта Қилич, Қозоқбой Йўлдошев, Ҳамидулла Болтабоев, Маҳкам Маҳмуд, Баҳром Рўзимуҳаммад, Рашид Зоҳид, Баходир Карим, (ҳаётининг маълум бир даврида адашган – Омон Матжон, Хуршид Дўстмуҳаммад, Жамол Камол) каби нисбатан тараққийпарвар ёзувчи, шоир, танқидчилар ўз ёғига қоврилиб юргани маълум, аммо уларнинг ошкоралик ва матбуотдаги аҳволни яхшилаш учун нима ишлар қилишаётгани маълум эмас. Зиёли ва журналистларда, умуман халқимизда, кимлардир, ошкоралик, демократия учун курашаверсину, кейин биз унга эагалик қилайлик, деган кайфият йўқ эмас. Борингки, Ўзбек матбуотида бу соҳада иш қилиш қийиндир, аммо Ўзбек тилидаги ўнлаб интернет сайтларида мақола ва асаарларини чоп эттириш, улар билан ҳамкорлик қилиш мумкинку! Жамол аканинг Қирғиз зиёлиларига мурожаати ва Омон Матжоннинг айрим шеърларини ҳисобга олмаганда, интернет сайтлари билан жиддий ҳамкорликни кўраётганимиз йўқ. Ҳолбуки, ҳозир бутун дунё зиёлилари интернет билан боғланганлар…
Гап ошкораликнинг ўзидагина эмас, нимага кераклигида. Ҳукумат ўзича порахўрликни, ошно оғайнигарчиликни, маҳаллийчиликни йўқотмоқчи бўлади, аммо ошкораликсиз, матбуотдаги жиддий чиқишларсиз бу иллатларни йўқотиб бўлмайди.Тўртинчи ҳокимият -ошкоралик жамиятдаги иллатларни фош этишда қўл келади.



