СЎЗ ЭРКИНЛИГИ ҲАҚИДА

Носир Зокир

Мени 1992 йилгача Наманган давлат театрида ишлаганимни, кўпчилик ғоядошларим билишса керак. Бир куни драматик асардаги салбий образни сахнада ижро этсам, пьеса тугагач, бир йигит «сиз билан гаплашсак бўладими?» деди. У йигит худди КГБ ходимига ўхшарди. Ҳаёлимда, тинчликмикин, деб «ҳа» дедим.

Биз директор хонасига кирдик. У ўзини Ўзбекистоннни чет-элга ахборот тарқатувчи радиосини ходими деб таништирди. Мендан ўйнаган образимни нихоятда табиий ижро этганим билан табриклаб, бу образ устида қандай ишлаганим хақида сўради. Мен ўз-ўзидан Америка ва бошка давлатлардаги «СССР душманлари» хақида гапира бошладим. Радио ходими роса хурсанд бўлди. Мен собиқ иттифоқ юргизаётган сиёсатдан келиб чиқиб, гапирган эдим.

Ўша даврда сиёсат шунақа эди. Одамлар фақат собиқ иттифоқ ахборот воситаларидан бошқа холис информацион маконга эга эмас эдилар ва ўша пайтда СССРда Америка хақида халқ орасида салбий фикр ўйғотиш ананаси авжига чиққан эди. Ҳар бир инсон телевиденияга ёки радиога интервью берса, мазмунни қандай бўлишидан қатъий назар, албатта Америка хақида салбий фикр билдириши керак эди.

Бугун эса сиз билан биз бутунлай бошка даврда яшаяпмиз. Оддий компьютеримиз орқали ҳар қандай тўсиқларга қарамай, хоҳлаган ахборотимизни олишимиз мумкин. Қўл телефонимизни, кимлардир эшитиб турадими, йукми, икки учта кнопкасини боссак, дунёни кезамиз.

Лекин шундай даврда нега расмий ахборот воситалари яқин шарқдаги, ёки хатто Усама Бен Ладенларни ўлдирилганлиги хақида хабар эълон қилмаябди. Биз аминмиз, эртага юқоридаги хабарлар хақида Президент чиқиб гапирса, хамма ахборот воситалари жар сола бошлайди. Бу нима дегани? Хайронмиз. Хозир халқ шунга урганди-ки, мен юкорида айтган совет давридаги вокеадек, одамлар ОАВ-ларига интервью берса, хозирги сиёсатдан келиб чиқиб, гапирадиган бўлди. 20 йилда биз халқни шунга ўргатдикми?

Бир томондан совет даврини ёмонлаймиз, иккинчи томондан унинг сиёсатини хаётимиз мазмунига айлантирамиз. Ким қайси ахборот востасига интервью берса, албатта, хаётимиз фаровон экани, бу мустақиллик шарофати эканлигини айтиб ўтади. Албатта, Ватан хақида хам гапиради. Бу бир хиллик охири одамлар онгини оғмага айлантириб қўйябди. Чунки, қишлоқларда одамлар Ўзбекистон телевиденияларини кўришга мажбур. Бошқа ахборот воситалари йўқ. Одамлар дунёнинг қайсидир давлатида, ўрмонлар ёнганини, сув тошкинини кўради, холос. Кейин, телевизорга чиқиб «Мана, кўриб турибсизлар, дунёда табиий офатлар бўлиб ётибди, бизда тинчлик, шукр килишимиз керак», деб жаврай бошлайди. Энг ажабланарлийси, ҳар замонда Ўзбекистон ОАВ-ларини янада эркинлаш хақида семинарлар, йиғилишлар ўтаётгани хақида кўрсатишади. Қараб туриб, «Ҳой, аввал эркинлаштириб ол, кейин янада эркинлаштириш хақида гапир» дегинг келади.

Албатта, вақт келиб, бу кусирлар йўқ бўлиб кетади. Биз ҳам бошқа давлатлардаги каби, фикримизни очиқ-ойдин гапирамиз. Ошкоралик ва сўз эркинлиги қарор топади ва жамиятимиз ҳар томонлама ривожлана бошлайди, юртимиз етук давлатлар қаторидан ўрин олади. Оллоҳдан сўраймиз, ўша кунларга тезрок етказсин.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares