БОЖХОНАЛАРДАН ЎТКАЗИШ МЕХАНИЗМИ МАВЖУД, АММО…

(Воситачи, иш берувчи ва мардикорлар шахсиятида маънавий айниш касали пайдо бўлган)

2-мақола.

Ўзбекистон ва Қозоғистон фуқароларининг воситачилик қилаётган кўплаб фуқоролари маънавиятининг айниб бораётгани нималарда кўринади? Биринчидан, воситачилар пул ҳисобига одамларни бошқаларга сотиб ҳаром йўл билан бола чақа боқишмоқда. Бу ҳол динда ҳам қонунда ҳам таъқиқланган. Воситачилардан кўплари ёлғон гапиришнинг, фирибгарликнинг ҳадисини олишган: иш бор, деб мардикорларни чақириб, уларнинг охирги тийинларини олаётганлар, ўз уйларида текинга ишлатаётганлар, улар ишлаган пулни олиб қочиб юрганлар мавжуд. Жумладан, Чимкентлик У исмли воситачи шу шаҳарга Фарғона водийсидан бориб қурилишда ишлаган 8 кишининг 130 минг тангасини (сал кам 900 долларини) олиб 6 ойдан бери бермай келмоқда. Сайрам туманига қарашли Дербисак қишлоғида ишлаган Наманганлик 3 киши ҳам ойлик маошини олаолмаган.

Воситачилар билиб-билмай бировларнинг қулликка тушиб қолишига сабаб бўлишмоқда. Ҳозирда Қозоғистоннинг ўнлаб ҳудудларида қулликка тушиб қолган ва фақат овқат учун ишлаётган мардикорлар борлиги аниқ ва уларнинг баъзиларигина маълум тасодиф туфайли ошкор бўлмоқда. Масалан, Фарғонанинг олтиариқ туманида яшаган Қ. Мўминов уч йил давомида Чимкент яқинидаги бир қишлоқдаги фермер уйида қулликда ушлаб турилган ва нодавлат ташкилотлардан бирининг ёрдами билан озод қилинган. Шу йил бошларида Хоразм вилоятининг Урганчга яқин бир қишлоғидан 12 киши Қозоғистоннинг Учорол қишлоғига ишга боришган. Уларни ишга олиб борган воситачи паспортларини расмийлаштириш баҳонасида кетиб қолган ва қайтиб келмаган. Бир ойлар чамаси ўтгач мардикорлардан етти киши қочиб кетишга улгурган. Аммо у ерда қолган 5 кишининг тақдири ҳалигача номаълумлигича қолмоқда… Шу хил алданган, қулликка тушган кишиларнинг одамзоддан кўнгли қолиши оқибатида ва ўзларининг эътиқодсизлиги сабаб бўлиб, ҳар хил номақбул ишларга қўл уриши мумкинлиги маълум бўлиб қолди… Масалан, мардикорлардан айримлари ойлик маошини олаолмаса, қурган биноларига шикаст етказишмоқда. Баъзилари иш берувчининг мол мулкини ўғирламоқда, машиналарини олиб қочганлар ҳам учрайди. Баъзилари эса, иш берувчи билан жанжаллашиб унга шикаст етказмоқда. Уз пулини олаолмаган мардикорлар орасида иморатнинг кўзга кўринмас жойларига сасийдиган нарсаларни (масалан хом тухумни) суваб кетиб йиллар давомида бу сассиқдан қутилаолмай юрган оилалар ҳам бор., Бу хил конфликтлар туфайли ҳалок бўлаётган мардикорлар, иш берувчилар ҳам йўқ эмас. Россия ва Қозоғистонда ўнлаб кишилар шу хил қарама қашиликларнинг қурбони бўлмоқда. Жумладан,Жанубий Қозоғстоннинг Сайрам туманига қарашли Манкент қишлоғида бировга ёлланиб ишлаб юрган Тожикистон фуқароси уй эгасини ўлдириб қочиб кетган ва тез орада ушланиб қамалди… Қозоқ ва ўзбек миллатига мансуб авғончи мардикорлар Қозоғистоннинг Чимкентга яқин жойида ишлаган пулларини бермагани учун ўзлари қурган уйларини ёқиб кетишгани ҳақида матбуотда ёзилди. Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг фуқаролари орасида юз бераётган маънавий айниш касалининг олди олинмаса янада ёмон оқибатлар келиб чиқиши мумкин.

Мақсуд ХЎЖАМЁР

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares