ИСЛОМ ВА ТЕРРОРИЗМ

Ҳабибулло Ҳаким
“Science progress”
халқаро
(таълимни ривожлантириш)
хайрия фонди раиси

Ушбу рисола биринчи бор эълон қилинганда, тушунчасига қараб ҳар хил тоифа одамлар томонидан ҳар хил муносабат билдирилди. Диндан ҳам, дунёдан ҳам хабари бор зиёли тоифа томонидан жуда самимий, илиқ муносабат билдирилган бўлса, мактабни ҳам ўқимаган, дунёвий илмлардан мутлақ бехабар, фақат бир томонлама диний таълим олган калтабин, мутаассиб “дин ҳимоячилари” томонидан қаттиқ танқид ва жиззакилик билан қарши олинди.
Айниқса, “Ислом ва аҳли китоб”, “Ислом ва демократия” боблари хусусида гарчи жўяли бир хато топиб далил келтириша олмасаларда, умумий тарздаги айбловлар, туҳматлар қилишдан орланмадилар.
Зотан, мен, асл ўзак устига беҳисоб керакли-кераксиз маълумотларни беаёв қўшиб булғанган чашмадан ютоқиб сув ичиб, ахлоқлари ва мақсадлари нотайин ҳолга келган, динни ҳар ким ҳар томонга тортқилаётган замондошлардан бир хил, якдил олқиш ҳам кутган эмасдим.
Лекин то қиёмат боқий Қуръони каримнинг очиқ, сариҳ оятларини ҳеч бир таъвилсиз, халқлар ўртасини яхшиловчи, бир-бирига ҳурмат билан қараш асосларини баён қилувчи жиҳатларини очиқ айтилганига бу “айиқполвонлар”нинг шу қадар талваса, юзсизлик ва жиззакилик билан қарши чиқишлари мени чуқур ўйга толдирди.
Ҳаммадан ҳам, ислом юртларидан паноҳ тополмай, инсонпарвар Ғарб юртларига қочиб бориб, уларнинг беғараз ёрдамларидан фойдаланиб туриб, тузлиққа тупураётган, кўрнамак диндошларимизнинг аҳли китоб ва демократия ҳақида ичи қоралик билан ғаразли ҳақоратлар қилишлари мени ҳайратга солди.
Бундай муносабат, бугунги дарс қилинаётган диний таълимотнинг Пайғамбаримиз с.а.в олиб борган диний таълимотдан нақадар узоқлашиб, бузилиб, умматни олижаноб юксак ахлоқдан бегона, ичи қора, муттаҳам, мутаассиб, зомби қилиб тарбиялаётганлиги ҳақидаги фикрларимни тасдиқлади…
Тўғри, беҳисоб исломий китоблар орасида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Васатия-ҳаёт йўли” асари сингари исломнинг ниҳоятда олижаноб, илғор, дини, ирқи, миллатидан қатъий назар бутун инсониятга яхшилик қилишга ундайдиган, террордан, зулмдан қайтарадиган, илм – фанга тарғиб этадиган таълимотлари ҳақида ёзилган яхши китоблар ҳам мавжуд.
Лекин адоват ва нафратга тўла бузуқ фикрат сингишиб кетган аксар юртдошларимиз ахлоқида, тушунчасида бу тўғри таълимотларнинг таъсири айтарли сезилмайди. Чунки беҳисоб диний китоблардаги бир-бирини инкор этувчи, керакли-кераксиз турфа маълумотларнинг кўплиги одамларнинг энг яхши, илғор фикрлар берувчи китобларга бўлган ишончини ҳам сусайтириб қўйган.
Мазкур китобда Шайх террорнинг нималигини, террорчиларнинг вахшиёна хуружларининг қурбонлари асосан ёш болалар, гўдаклар, оналар, қариялар, турли тинч касб эгалари бўлаётганини, террорчилар эса ўзларини “мужоҳид”, ўзларидан ўлганларини “шаҳид” деб атаётганларини баён қилади.
-“Ислом инсониятга зарар етишига мутлақо қарши. Шунинг учун, бемалол, Ислом террорнинг ҳар қандай кўринишига мутлақо қаршидир, дейиш бизнинг бурчимиздир. Мусулмонлар террорга қарши курашнинг биринчи сафларида бўлиши лозимдир”- деб террорнинг исломдаги ҳукмини, ғирром “жиҳод” эканини, унга қарши туриш шарт эканини баён этади.
Баъзи калтабин “мужтаҳидлар”нинг “айиқнамо хизматлари” туфайли дунё аренасида ислом дини террорни келтириб чиқарувчи, реакцион дин деб танилиб қолди. Дарҳақиқат “мусулмон” ниқобидаги террорчиларининг манфур, ғирром ҳужумларидан кейин ниҳоятда сергакланиб, ҳимоя чораларини мукаммал кучайтирган Ғарб давлатларида фаолият кўрсатолмай қолган террорчи гуруҳлар энди ўзларининг манфур жиноятларини Покистон, Индонезия, Ироқ, Туркия ва Афғонистон каби мусулмонлар юртларида, ўз миллатдошларини портлатиш йўллари билан амалга ошираётгани ҳаммага маълум.
Ваҳоланки, ислом таълимотига мувофиқ инсон ўз жонига ҳам эга эмас, яъни ўзини ўзи ўлдирса ҳам кофир қавмида кетади. Ўз жонидан ташқари сон-саноқсиз бегуноҳ одамлар ҳаётига зомин бўлаётган террорчиларнинг ўзларини “мусулмон”, “ислом лашкарлари” деб аташларига хайрон бўласан киши.
Бу қонхўр ”ислом лашкарлари” ўзларининг ёвуз ниятларига руҳий далдани, асосни қаердан олмоқдалар? Ахир Ислом саломатлик, яхшилик, инсонпарварлик дини-ку?!
Бу ёвуз кучларни руҳлантириб, фатво бериб турган дунёга машҳур, мўътабар шайхул-исломлар борлигини эшитиб баттар хайрон бўласан.
Афсуски, аксар калтафаҳм дин пешволари ҳам, гарчи ўзлари террорга фатво бермасаларда, террорчиларнинг вахшиёна жиноятларини ҳар хил баҳоналар билан оқлашга, уларни гўё мажбурликдан шу ишларни қилишаётганини тушунтиришга уринадилар.
Хўш, бу иккиюзламачилик ва бетайинликнинг сабаби нимада?
Охирги 10-15 йил ичида диний террор анчагина кўпайиб ҳар куни, кунора портлашлар бўлиб турибди. Боз устига бу қонхўрликларнинг аксари мусулмон юртларда биродаркушлик жиноятлари бўлмоқда.
Охирги 50-60 йил орасида Аллоҳ берган энг буюк неъмат АҚЛни керакли жойларга ишлатганлари сабаб ғайриислом юртлар техник тараққиёт, харбий қувват, иқтисод соҳасида жуда катта ютуқларга эришди. Бинобарин, ижтимоий адолат соҳасида ҳам, хатто дини туфайли ўз юртидан қочиб чиққан мусулмонлар паноҳ топаётган, яхши бир юртларга айланди.
Ислом юртлари эса аксинча, Аллоҳ берган АҚЛни ўз ўрнига ишлатмай, асл мақсадни унутиб, воситани ковлаштириш, бир-бирини айблаш, талашиб-тортишиш билан машғул, техник тараққиёт, харбий қувват ва иқтисод соҳаларида жуда орқада қолиб кетишди.
Ижтимоий адолат соҳасида эса Покистонда икки ярим миллион мусулмон, “мусулмон” жангариларнинг “жиҳоди” туфайли қочқин бўлиб бошпанасиз сарсон юраётган маҳалда, бир араб шайхининг ўн тўрт миллион долларга машина нўмерини сотиб олганининг хабари тарқагани аҳволни холис ифодалаб берса керак…
Аслида ислом умматининг бугунги қолоқлиги сабаблари кеча пайдо бўлган сабаблар эмас. Чунки бир маҳаллар ислом уммати илм-фан, тараққиёт соҳасида Ғарбдан илғор бўлган.
Лекин охирги 3-4 асрлардан бери мусулмон уламолар руҳонийлик томонга ўта берилиб, дунёвий илм-фан соҳаларини, гўё дин одамларининг иши эмасдай эътиборсиз ташлаб қўйганлари ва бу соҳадаги муваффақиятсизликларга гўё, ўзларига алоқаси йўқ дунёвий иш деб менсимай қарашлари умматнинг ҳам дунёвий илмларга бўлган интилишини, қизиқишини сусайтириб юборган.
Ўта руҳонийликка берилиш сабаб, аксар мусулмонлар ўз ҳаракатлари ва кучларига ишончларини йўқотиб, самога кўз тикиб мўъжизавий нусрат, ғалаба кутиш билан машғул ва нусратнинг кечикаётганидан хайрон…
Мусулмон юртларида оммавий фикратни, тушунчани шакллантирувчи асосий катта куч бўлган уламоларнинг бундай масъулиятсизлиги ва лоқайдлиги умматни бугунги кундаги хорликка, қолоқликка олиб келиб қўйди.
Ғарб ва ислом жамиятлари ўртасидаги ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва харбий соҳалардаги тафовут яққол сезилиб қолгач, омма фикрида жуда кўп ечимсиз саволлар тўпланиб қолди.
-Нима учун мусулмонлар илм – фаннинг бирор соҳасида илғор эмас?
-Нима учун мусулмон юртлари ичида бирорта илм-фан, техник, электроник жиҳатдан илғор мамлакат йўқ?
-Нима учун энг охирги, энг мукаммал дин вакиллари бу қадар қолоқ, жоҳил, хор ҳаёт кечирмоқдалар?
-Нима учун аксар мусулмон юртлар аҳолиси, ривожланган мамлакатларнинг аҳолиси ишлатиб бўлиб ташлаб юбораётган техникаларни, хатто кийим – кечакларни сотиб олиб ишлатмоқда, сарқитхўрлик билан яшамоқда?
-Нима учун мусулмонлар дунёда деярли ҳеч нарса ишлаб чиқармай, фақат истеъмолчи бўлиб яшамоқда?
-Охират муваффақияти ва жаннатга фақат бу дунёни қўлдан бериш, бу дунёда хор бўлиб, қолоқ бўлиб яшаш билан етиладими?…
Исломнинг асосий ижтимоий қонунларининг ислом юртларида амали йўқлиги, аксинча Европада татбиқ этилаётганини айтсанг, ислом тарихидан 1000-1400 йиллар аввалги ривоятларни келтириб, бундай ижтимоий адолат бизда 14 аср аввал бўлган эканини айтиш билан ҳозирги аянчли аҳволни асл сабабларини яшириб, умматни чучук гаплар билан ухлатиб келаётган уламоларнинг уйқу дориларини таъсири тугаб қолди.
Умматни ҳаётнинг ҳамма жабҳаларида илғорликни қўлдан берган, қолоқ, жоҳил ҳолга солиб қўйишдаги ўзларининг айбларини кимларгадир ағдариш зарурати юзага келди.
Ўз айбини ҳам фазл қилиб кўрсатишга, ўзгаларнинг фазлини ҳам айб қилиб кўрсатишга устаси фаранг бўлиб кетган ислом уламолари бор айбни фантастик даражадаги сиёсий, харбий ва иқтисодий имкониятларга эга бўлган ғайридин “душман” Ғарбга ёки яҳудийларга осонгина ағдариб қўйишмоқда.
Ўз динининг ҳақ дин эканлигига имони мустаҳкам, содда, эътиқодли ёшлар ўз уламоларининг бу ҳийла-найрангларидан бехабар, уларнинг гиж-гижлашларига, алдовларига лаққа тушиб, белларига портловчи моддаларни боғлаб бегуноҳ одамлар орасига кириб, аксар ҳолларда эса ҳимоясиз мусулмонлар орасига кириб портлатиб, ўзларини гўё, Аллоҳ йўлида “шаҳид” деб даъво қилмоқдалар.
Бундай вахшиёна “жиҳод”нинг тўғри эмаслигини, исломга зид эканини тушунган, бу хуружларга қарши уламолар ҳам мавжуд. Аммо мусулмонларнинг бугунги қолоқ, ожиз ҳолатига Ғарб айбдор дейишда аксар уламолар, афсуски ҳамфикрдирлар.
Содда мусулмонларнинг ҳис-туйғуларини ўз шахсий ёки ҳизбий манфаатлари йўлида ишлатишдан заррача ор қилмайдиган реакцион гуруҳлар мусулмонларнинг дунё аренасидаги ночор, қолоқ ҳолатидан аламзадалик туйғуларидан ҳам халқаро террорни ривожлантириш йўлида унумли фойдаланмоқдалар.
Ушбу рисоланинг “Ислом ва аҳли китоб”, “Ислом ва демократия” рукнларига ашаддий қарши чиққан замондош ва юртдошларимизнинг ғирром ҳаракатлари, юзсизлик билан қилган ҳақоратлари ҳам – жоҳилликлари, нохолисликлари ва ўша янгиликка, халқлар ўртасида яхши муносабат бўлишига қарши бўлган, террорчиларнинг ғоявий раҳнамолари бўлган ғирром уламоларнинг жоҳилона фикpларининг юртдошларимиз тилидаги акс-садосидир.
Хусусан, “Ислом ва аҳли китоб” рукнида Аллоҳ таолонинг очиқ оятларига мувофиқ, ўзаро адоватга эмас, ҳурматга, ёмонликка эмас, яхшиликка, одамлар орасини яхшилаш, яхши муносабат ўрнатиш асосларини баёнига бу қадар ашаддий қаршилик, талваса ва жиззакиликнинг асл сабаби, уларнинг террорчиликни ёқловчи асосий баҳоналарининг илдизига болта урилганидир.
Гарчи улар исломнинг саломатлик, яхшилик ва инсонпарварлик дини эканини эътироф этсаларда, аҳли китоблар ҳақидаги оятларни бу рисоладаги алфозда, таъвилсиз тўғри тушуниш, уларни неча юз йиллардан бери ислом умматини аҳли китобларга қарши қайраётган, террорчиликни оқлайдиган асосий ҳужжатларидан маҳрум этади.
Зўр бериб Ғарбнинг “Ичидан чириб бораётганини” башорат қилаётган кўзбўямачиларнинг ёлғонларини фош қилиб қўяди.
Натижада умматни бугунги аянчли аҳволига ўзлари айбдор эканликлари яққол юзага чиқиб, буюк ёлғоннинг юзи очилиб қолади.
Террорчиларнинг ғоявий раҳнамоларидан бўлган бу калтабинларнинг талвасага тушганича бор. Чунки бу ҳақиқатларнинг очилиб қолиши уларни ўз айбларини аҳли китобларга тўнкаб халқни алдашларидаги энг асосий ҳужжатларидан маҳрум этиб қўяди.
Маълумки ҳаёт кураш, мусобақа майдонидир.
Ўзларининг онгсизлиги, танбаллиги, калтафаҳмлиги туфайли ортда қолганлар ўзининг онглилиги, ҳаракати, тиришқоқлиги туфайли олдинга ўтиб кетганларни айбдор қилишлари, улардан ўч олишга ҳаракат қилишлари ҳеч қайси мезонга тўғри келмайди.
Бундай ғирромликни касб қилиб олган “ислом лашкарлари”нинг ғоявий раҳнамолари бўлган иккиюзламачи уламолар эса, ҳар қандай ҳодиса ва қулай фурсатдан иложи борича аҳли китобларни айблаш ва уларни барча мусибатларнинг сабабчиси қилиб кўрсатиш учун фойдаланмоқдалар.
Аллоҳ олдидаги умматдан масъулликларини унутган калтафаҳм уламолар ҳали ҳам халқ орасидан ўсиб келаётган қобилиятли ёшларнинг аксар қисмини халқ тараққиёти, равнақи учун зарур соҳаларга эмас, ўзлари шишириб гигант ҳолатга келтириб қўйишган бидъат масалавозлик ва илмвозлик соҳасига онгли равишда банд этмоқдалар.
Уларнинг саъйи-ҳаракатлари туфайли келажагига бефарқ, тараққиёт ва юксалишдан умидини узган, ўз кучига, қувватига ишончини йўқотган, лоқайд авлод етишиб чиқмоқда. Уларнинг бу холис “айиқнамо хизматлари”нинг ислом умматига бўлган зарари ҳар қандай ташқи душманларнинг зараридан юз чандон ортиқдир.
Ғолиб бўлгим келар доим
Ҳаёт кураш майдонида
Жоним берсам дейманки мен
Пок иймон уммонида

Ғаним турса тиғин чархлаб
Ернинг тўрт томонида
Ғаним эмас, қўйнимдаги
Илонлардан қўрқаман

Тўғри, ислом юртларида оз бўлсада дунёвий ўқув юртлари ҳам мавжуд. У ерлардан халқ эҳтиёжига керакли инженер, химик ва медиклар етишиб чиқмоқда, алҳамдулиллаҳ. Лекин бу ўқув юртлар бирор янгилик ихтиро қилиш, башарият олдида ислом умматини олдинга ўтказувчи кашфиёт қилиш даражасида эмас. Балки ўша Ғарбда ишлаб чиқарилган мураккаб техникалардан фойдаланишни, бузилиб қолса тузатишни эплаш даражасидаги мутахассислар етиштирувчи ўқув юртлардир.
Ваҳоланки, ҳозирги кунда жаҳонда баъзи маълумотларга кўра, диний мадрасалар, ўқув юртлардан ташқари икки юздан ортиқ исломий университетлар мавжуд. Хўш, энг яхши иқтидорли ақлларни, жуда катта маблағларни банд қилиб турган бу илм даргоҳлари ислом умматини бирлаштириш, ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан юксалтириш соҳасида бирор фойдали кашфиёт қиляптиларми?!
Аксинча, бу университетларнинг бирортаси қайсидир масалани тадқиқ этиб, бир хулосани эълон этса, аксар ҳолатларда бошқа университетлар уни аксини исбот қилиш билан овора. Бундай “ижтиҳодлар” умматнинг фикрини бўлиб тафриқага сабаб бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас…
Шу ўринда гапларимиз қуруқ даъво булиб қолмаслиги учун озгина статистик маълумотларни келтирсак:
Ҳозирги кунда ер юзида бир ярим миллиарддан ортиқ мусулмон бор.
Ислом конференцияси уюшмаси (ИКУ) га 57 давлат аъзодир.
Шу 57 давлатда 500 та университет бор. АҚШ да эса 6000 та,
Ҳиндистонда 9000 та университет бор.
Ислом юртларида ҳар миллион одамга 230 олим тўғри келса, АҚШда
4000 , Японияда 5000 олим тўғри келар экан.
ИКУ давлатлари янгилик ва ихтиролар учун ялпи миллий
маҳсулотлари йиғиндисининг 0,2 % ни сарфласалар Ғарб 5% ни
сарфлар экан.
ИКУ давлатларининг ялпи миллий маҳсулотлари йиғиндиси 2
триллион $ бўлиб , АҚШ ники 12 трл $, Хитой 8 трл $, Япония 3,8
трл $, Германияники эса 2,4 трл $ экан…
Демак, ислом умматини назарий ва амалий террорчиликдан қайтаришнинг муҳим йўллар;
-Хато тарзда, ғирром услуб ва мақсадлар билан неча асрлардан бери ички ва ташқи мухолифларга нисбатан ислом уммати қалбига сингдириб юборилган адоват ва нафратни чиқариб юбориш-.
-Ислом уммати қалбига динимизнинг энг олижаноб, кенгфеъл, жамии инсониятга нисбатан раҳм-шафқатли, меҳрибон, камтар, инсофли, хуллас ҳар қандай одам яқинлашишни, улфат бўлишни орзу қиладиган намунали инсонни шакллантирувчи қоидаларини, асосларини сингдириш-.
-Диний илмларни ихчам, асл ҳолига келтириш эвазига бўшаб қолган барча кучларни умматни кўтарувчи реал соҳаларга буриш, уммат учун фойдали ишларга машғул қилиш-.
– Умматнинг онгида, фикрида, тиришқоқлик ва изчил ҳаракат қилишлик билан маълум мақсадларга етиш йўлида ўзига ишонч уйғотиш-.
-Яхшилик, яхшилик ва яна яхшилик қилишга, бошқа халқларнинг айбини санаб ҳақорат қилиш бизнинг эъқтиқод деб эмас, ўзимизни, жамиятимизни ўнглаш, ўзаро ҳамда бошқа халқлар билан яхши муносабат тиклаш бизнинг эътиқод деб тузалишга, ўнгланишга ҳаракат қилишдир-.
Шу ўринда инсоннинг ўзига ишонч билан астойдил ҳаракат қилиши натижасида қандай даражаларга, ютуқларга эришиши мумкинлигини Япония давлати мисолида яққол кўриш мумкин.
Аввало, ҳар қандай мамлакатнинг ижтимоий, иқтисодий равнақи учун энг муҳим омил бўлган инсон ҳуқуқлари ҳимояси юқори даражада таъмин этилгандир. Камҳосил, кафтдеккина территорияда 130 млн. аҳоли яшаб, 95% дан ортиқ хом ашёни четдан ташиб келтирса ҳам, ақлни керакли жойига ишлатиб, дунёдаги энг илғор технологияни ишлаб чиққани, саноатни ривожлантирганлиги сабабли Япония бугунги кунда дунёда АҚШдан кейин иккинчи ўриндаги экономикага эгадир. Халқаро майдондаги мавқеъи ҳам шунга яраша…

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares