(Миллионлаб мардикорларнинг орқасидан минглаб воситачилар «тирикчилик» қилишмоқда)
1 МАҚОЛА.
Одам савдоси билан тирикчилик қиладиганларнинг дастлабки фаолияти мардикорлар муқим яшайдиган маҳалла ва қишлоқларда бошланади. Одам савдосининг ҳадисини олган устамон “бригадир”, “прораб”лар ўзлари олган заказлар бўйича, “фалон” жойга бориб ишлайдиган одамларни йиға бошлашади. Сунг ўша Республикага яқин шаҳар ёки тумандаги ўтказиб қўйгувчиларга қўнғироқ қилиб мардикорлар кетишга шай бўлиб тургани ҳақида хабар берилади ва гастрбайтерлар йўлга чиқишади. Ўзларини гоҳ мардикор, гоҳ меҳнат муҳожири деб атайдиган гастрбайтерлар йўллардаги турли постлардан “прораб”лар ёки ҳайдовчилар кўмагида ўтиб (акс ҳолда Ўзбекстон ичкарисидаги чегара постларида ҳоҳлаган жойларига эркин бориш ҳуқуқи Конституцияда гарантияланган ҳар бир фуқародан “қаерга? нимага?” кетаётгани дағал бир суратда сўралади ва мардикорлар емай-ичмай йиққан пулларидан бир қисмини “қистириш”га мажбур бўлишади”) Тошкенти азимга етиб келишади. Устамон “прораб”лар мардикорларни шаҳардаги оммавий транспортларда юришларига йўл қўйишмайди: (сумка кўтарган мардикорни кўрса, ўлган бобосини кўргандай хурсанд бўлиб кетадиган милициянерлар дарҳол қаерга кетаётганини ўша дағал усулда сўраши ва қистир-қистир бошланиши мумкинлиги учун) пойтахтдаги синашта таксичиларга қўнғироқ қилиб, нечта киши бораётгани ва қаерга олиб бориб қўйиш кераклигигача келишиб олишади. Омадлари келиб, блок постлардан омон ўтган мардикорлар божхона ёнида “деклорация тўлдирувчилар”га дуч келишади. Улар ҳар бир мардикордан минг сўм олиб мардикорларнинг саводли қисми ҳам тўлдириши мумкин бўлган деклорацияни тўлдириб беришади. Кўпларининг саводи ғовлаб кетгани учун мардикорлар бу норасмий хизматга дарҳол кўнишади. Шундан сўнг мардикорларни асосий фигура – “объездчик” деб ном олган ва аввалдан келишиб қўйилган ўша ўтказувчилардан бири кутиб олади.Улардан аксарияти “чегарадан ўтишнинг қийинлиги, агар текшириб қолишса, кўп пуллари кетиб қолиши ва ўзоқ муддат туриб қолишларидан “ҳикоялар” айтишади. Аслида чегарадан ўтишга ўзларининг 100 фоиз ҳақи бўлган, ҳаммасининг ҳужжатлари жойида бўлган 99 фоиз мардикорлар “прораб”нинг ёрдами билан бу гапларга лаққа учиб, ўтказувчилар талаб этган пулни тўплаб беришади. “Йўқ, оғайни, мен ҳам Ўзбекистон фуқаросиман, Қозоғистон билан виза системаси жорий қилинмаган, ўзимнинг ўтишга ҳақим бор”, дейишмайди. Улардан аксарияти божхонада ишлайдиган пагонли укаларнинг дағал дўқларидан қўрқишади: “унга бердим нимаю, бунга бердим нима, барибир бўлашишса керак”, деган хаёлда утказувчи билан келишиб қўя қолишади. Қолаверса, ўтказиб қўйувчи “прораб” билан аллақачон шивир-шивир қилган у ёқда мардикорларни кимлар кутиб олишию, кимлар автобусгача олиб боришлари айтилган бўлади. 10, 20, баъзида 30 кишининг паспортини йиғиб олган ўтказувчи мардикорлар билан биргаликда илдам қадамлар билан божхонанинг 1-2-чи постларидан ўтиб паспортларни ва юкларни текширувчи постга етишади. Шу жойда паспортни йиғиб олган ўтказувчи “раҳм қилса” ҳар бир паспортни ўз эгасига беради ва умумий контроллигини қилиб туради…
Ўтказувчилар “Прораб”га Қозоғистонга ўтгач кимга учраш ва нима дейишларгача тушунитиради. Шу орада ўтказувчи Қозоғистондаги “коллегалари”га ҳам қўнғироқ қилиб қанча одам бораётгани, улардан қанча олиш кераклигигача “сообщит” қилади. Ўз юкларинигина эмас, Ўзбекистонлик божхоначилар ва чегарачиларнинг димоғ- фироғини ҳам “кўтариб” олган мардикорлар Қозоғистон чегараси томон қадам қўйишади. Энди қозоғистонлик божхона ва чегарачиларнинг қовоқ димоғию, дўқ пўписаси “юки”ни кўтариш навбати етади. Уларни кўпинча чегаранинг Ўзбекистон томонида кутиб олган Қозоғистонлик ўтказувчи “У ёқда тур, бу ёқда тур”, дея тартибга чақира бошлайди. 1- (аслида 4-) постдан омон эсон ўтишгач, Улар кўпларга: «нега думалоқ печат йўқ», деб дўқ қилишади. Аслида думалоқ муҳр янги паспорт олганларга ёки пропискасини ўзгартирганларга урилади. Аммо бу орада, қозоғистонлик ўтказувчи чегарачига бир нарсалар, деб шивирлайди ва у: “Қозоғистоннинг боври кенгғой” деб ўтказиб юборади. Энди Қозоғистоннинг асосий постларидан бири – паспорт ва юкларни текширувчи ерга яқинлашишади. Мадикорлар кўпайгани сари бу ерда ҳамиша тирбандлик кўрилади. Яна “ундай тур, мундай тур”лар бошланади. Зина бўйлаб борар экансиз, Сизга ўрисчалаб “бесплатно”, қозоқчалаб “тегин” деб ёзилган қоғозни кўрсатишади ва нархини айтишади. Бу миграция қоғозига 1 ёки 2 минг сўм атрофида пул тўланади ва асосий пункт – паспорт ва юклар текшириладиган чиғириқдан ўтилади. Юк текшириш Ўзбекистон томонда ҳам, Қозоғистон томонда ҳам “ўтказувчи”нинг уддабурролигига боғлиқ равишда гоҳ осон, гоҳ қийин бўлиши мумкин… Шу тариқа жонажон Қозоғистон ҳудудига қадам ташландаи. Асосий машмашалар ўша ерда бошланади. Бу ерда Жўшқин тахаллусли бир мардикор ҳам ёзганидай, истаган қозоғистонлик тўдасидан ажралган гастрбайтерга қани паспортингни кўриб қўяйлик, дейиши ва ўзи билан кунлар давомида эргаштириб юриши мумкин. Шу маънода ўтказувчи шу ўринда ижобий рол ўйнайди. Аммо гоҳида воситачилар 2ўз одамлари” учун мўлжаллаган “иш”ни бошқалар илиб кетган, гоҳида иш берувчининг мардикорларни олиб кетадиган одами келмаган бўлиб чиқади… Улар топган-тутганларини еб, бир-икки кун ўша ердаги қўлбола ётоқхоналарда тунашади. Ниҳоят иш берувчининг одами етиб келади ёки шу ердаги «янги прораб»лар уларга янги иш топишади. Иш топганлар ё иш берувчилардан ёки ишга бораётганлардан чўтал олишади. Шундай қилиб, бечора мардикорлар тақдир ҳукмига ҳавола этилади…
Қозоғистон ва Россияда иқтисодий инқироз бошлангандан бери ойлик маошларини олаолмаганлар сони ҳам, энг қизиғи мардикорлар сони ҳам кўпайиб бормоқда. Божхоналардан ўтиш механизми ҳам бинойидай ишлаб турибди. Ўзбекистонлик “прораб” ва ўтказувчилар ҳам, уларнинг қозоғистонлик коллегалари ҳам қозонларини бинойидай қайнатишмоқда. Айримлари шу “прораб”лик ва ўтказиш ҳунарини пухта эгаллаб бир йилдаёқ машинали, уй-жойли бўлиб олишган. Баъзиларини “янги уй”лар кутишмоқда. Чунки, Ўзбекистонда “Одам савдоси” бўйича алоҳида статьялар пайдо бўлган. Ўзбекистонлик айрим “прораб”лар ишловчиларнинг пулларини олиб қаерларгадир гумдон бўлишади. Аммо бир хилларини мардикорлар. Ёки уларнинг аризалари бўйича орган ходимлари тутиб олиб жазо муассаларига рўбарў қилишади. ва улар “прораб“нинг уйли бўлишига, яъни қамалишига ёрдам беришади. Гоҳида тескариси ҳам бўлиб туради: иш берувчидан пул олаолмаган “прораб” мардикорлар ҳужумига дуч келади: аризалар ёзилади, имзолар чекилади, пул олган олмаганидан қатъий назар “прораб” “уй”лик бўлади… Минглаб проараблардан баъзилари “уй”лик бўлсада, гастрбайтерлар ҳисобига кун кўрадиган “прораб”лар, меҳнат ҳақини олаолмаган мардикорлар сони кўпайиб бормоқда…
Хуш, мардикорлар қонуний йўл билан ишлашга ўтишининг, бемалол ишлаб, ойлик маошларини олиб, уйларига бехавотир қайтишининг иложи борми? Иложи бор, аммо буни Худо ҳоҳласа, кейинги мақолада ўқийсиз.
Мақсуд ХЎЖАМЁР



