БУГУНГИ КУН МАНЗАРАСИ

Клара Жўраева

Бугунги кун Ўзбекистонда тинчлик-фаровонлик қарор топган. Бозорлар, дўконлар озиқ овқат-у кенг истеъмол моллари билан тўлиб-тошган. Лекин ушбу тўкинчилик остида, амалдорларимиз сира тан олгиси келмас, кўплаб ижтимоий муаммолар мавжуддир, ва уларнинг кўлами кўпайса кўпаймоқда, камаймаябди.

Масалан, бизда 2 ёшгача болалар нафақаси 1 ойга 96 минг сўм миқдорда, бола 2 ёшга тўлгунча бериб турилиши керак экан. Бунинг 6 ойлигини махала котиблари, хажжатларни қабул қилиб, пул чиқартириб берганлари учун ўзлари олишар эканлар. Бу ҳақда, ўзим шу йилга махала комиссия аъзоси бўлиб, билдим.

Ҳозир янги қонун чикарилиб, ҳар бир оилага 3 (уч) бошдан қора мол боқиш мажбурияти юклатилган эмиш. Лекин 1 кг шўлҳа давлат бахоси арзон кўрсатилсада, бундай нархда сотувда йўқ. Бозорда 1килоси 900 сўмдан сотилади. Экин майдони йўқ, ҳамма ерларни сотиб бўлишган, ем-хашак учун бир қарич ҳам ер йўқ. Бундай аҳволда, кишилар қандай қилиб мол боқишади?

Ун масаласи, махалада ҳар бир оилага 3 ойда 36 минг сўмдан бир қоп ун берилади. Лекин уннинг сифати жудаям паст. Бу унга тоза Қазоқистоннинг тоза унини аралаштирилмаса, умуман, истеъмол қилиб бўлмайди. Шунинг учун Қазоқистон унига талаб кучли. Лекин бу уннинг баҳоси эса 1 қопи 75 минг сўмдан юқори. Ойлик маоши 85 минг сўм бўлган одамлар учун бу жуда қиммат нархдир. Қазоғистонда бу унлар бизнинг 20 сўмимизга тўғри келар экан.

Бундан ташқари, Қазоғистон ахолисининг маошлари биздан икки-уч баравар юқори, нархлар эса биздан икки-уч баравар арзон экан. У ёққа бориб арзонроқ баҳоларда савдо-сотиқ қилиб келишни истовчиларга эса, чегаралар пухта ёпилган. Фақат довлатнинг ўзининг одамлари бориб келиб, ўз манфаатида катта-катта фойдалар кўришмоқда. Оддий фуқароларнинг ахволидан, ҳеч кимнинг ташвиши йўқ.

***

“Бирдамлик” ХХ

Самарқанд бўлими

14 04 2011

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares