ҚОЗОҚНИНГ БАХТИ БОР ЭКАН…

(муҳожирнинг айтганлари)
Мен қари ота-онам ва касал синглим билан Тошкентнинг Юқори Чирқиғида турардим. Ота-онамнинг нафақаси туртталамизга етмас, синглим эса касалдан тузалай демасди.Мана, бир неча йилдан бери (бир пайтлар бизга қўшни бўлган ҳозирда) Чимкентга Ўролмон бўлиб келган бир қозоқ кишига ёлланиб ишлаб келаман. Юқори Чирчиқдалигида ночор турарди, нуқул одамлардан қарз сўраб юрарди, қўлдан келганча ёрдам беришарди. Ўзбекларнинг яхшилигини унутмаган экан, қишлоққа келганда бизнинг аҳволимизни кўриб, раҳми келди. Менга ўзи кредит олганини, мол боқиш билан шуғулланиш имконияти борлигини айтди ва иш таклиф қилди. Чимкентга у билан келдим, каттакон ҳовлиси, сал нарида мол боқадиган қўраси бор экан. Менинг ёрдамимда бизнес қила бошлади: беш олти бузоқ олиб, 4 ёки 6 ой боқтиради, Остона ёки Олмаотадан келиб,молни ўзлари сўйиб, пулини тўлаб обкетишади(ҳар битта молдан 300 минг фойда кўради). Молнинг калласи, ичак човоғи, туёғи бизга қолади. Собиқ қўшним ҳар гапида: “Қозоқни бахти бор экан,Назарбоевдай президенти бор,президентимизга раҳмат, мана, квота берди, азаматлик(фуқаролик) олдим, кредит олдим, машинам, уй-жойим бор”, деб хурсанд бўлади. Мен унга ёлланиб ишлайман. Уйида нима иш бўлса, қиламан, ойига 25 минг тенге, бизнинг пулимизга 400мингдан кўпроқ пул беради. Овқат, (мол сўйилган пайтлари калла-почаси, ичак-чавоғи тозланиб қайнатилади) ётиш туриш (молларга яқин жойда қурилган времянкасида тураман) унинг бўйнида бўлагани учун тенгени ҳар ойда уйга олиб бораман ёки сўм қилиб бошқалар билан бериб юбораман. Уйдагилар ҳам хурсанд. Аммо мен унчалик хурсанд эмасман. “Нега бизнинг юртимизда шундай имкониятлар йуқ, нега ҳамма қўни- қўшниларим чет элларда тентираб юришади, қачонгача шундай бўлади”, деб ўйлайман. Хўжайиним Сарсенбойнинг (илгари Сарсен эди) айтишича, Назарбоев дунёдаги ҳамма қозоқларни чақириб, уй жой берган, яхши яшашга имконият берган. Ўзбекистондан келган қозоқларнинг кўплари Чимкент атрофига ўрнашган, ҳаммаси хурсанд. Сарсенбой: “Назарбоевнинг қони қозоқ, ўзи қозоқ, қозоққа қайишади, жони ачийди, Сизларнинг президентларингизни халққа жони ачимайди”, деб мени уялтиради. Мен баъзан у билан баҳслашаман: “уни ҳам жони ачиса керак, ҳозирча имконияти бўлмаётгандир”, дейман. Унинг жаҳли чиқиб кетади. “Ҳей қандай одамсин, қандай Мўминсин? (Отим Фахриддин у мени кейинги пайтлар Мўмин деб атайдиган бўлди) Жони ачиганда сен жигирма бес мингга бу жерде журармидинг, жони ачиганда Андижанда одамларни қирармиди? Жони ачиганда Ўшда шунча ўзбек ўлармиди”, деб менга бақиради. Яқиндагина қўни-қўшнилардан қарз сўраб юрган одамнинг менга бақириши алам қилади. Аммо тилимни тияман. Бунинг устига ўғли Сакен (ўзбек мактабида бирга ўқиганмиз) ўртоғим, менга “Папам айхайласа, хапа бўма, нервенный бўп қоғонов”, деб мени юпатади. Ўзи қайсидир университетда Информатика курсида ўқийди. Уйга келди, дегунча Компьютерини ёқиб, интернетга киради, ўйин ўйнайди. Яқинда менга “Бирдамлик” деган сайтда яхши материаллар чиқишини, истасам мен ҳам ўқиб туришим мумкинлигини айтди. Мен сайтларингиздан кўп нарсалар ўқиб турадиган бўлдим. Аммо мол-ҳолга қарамасам бўлмайди, Сакеннинг ҳам жаҳли чиқиши мумкин. У ҳам отасига ўхшаб инжиқ бўлиб қолган. Менга Мўминтой қалайсан? Халиям ўзбекнинг жағдайи жақси бўлади, деб журсинми”, деб қўяди. Мен унга, “жақси бўлади”, деб жавоб бераман. У кулади. Аммо ўзим, ўз гапимга ишонмай қолдим. Кечалари “Қачон аҳволимиз яхши бўлади? Қачон бизнинг юртимизда ўзбекка жони ачийдиган одам подшолик қилади”, деб ўйлаб ётаман. Бугун билганларимни компьтерга ёздим. Сакен ёзганларимни Сизларнинг сайтларингизга юборадиган бўлди. Агар чиқарсанглар, Сизларга кўрган, эшитганларимдан ёзиб, кўнглимни бўшатардим. Яхши ишларингизда омад тилаб,
Мўминтой

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares