ЎЗБЕКИСТОНДА «ДАН»ЧИЛАРГА ЧОР-АТРОФДАН «ҲУЖУМ»ЛАР УЮШТИРИЛМОҚДА

Наврўз байрами арафасида Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманида постда турган Давлат автомабил назорати (ДАН) мулозимлари қонунга риоя этмай келаётган енгил машинани тўхтатишган. Ҳайдовчи ва тўртта “йўловчи”нинг мастлиги маълум бўлгач ДАНчилар протокол тўлдира бошлашган. Сўнг тартиббузарлар оддий одамлар эмаслиги, МХХ (Миллий хавфсизлик хизмати) мулозимлари эканлиги маълум бўлган. Аслида, бу хил вазиятларда “қарға-қарғани кўзини чўқимайди”. Аммо МХХчилар ўзларини “ёмон” тутишгани учунми ёки ДАНчилар “қуда томон” ўзларини ушлаб беришларидан чўчибми, аҳдларидан қайтишмаган. Машина жарима майдончасига олиб борилиб, МХХчилар ҳақида хабар ҳам берилган. Айтишларича (бунга ишониш қийинроқ), МХХчилар эртасигаёқ ишдан ҳайдалган. Аммо ДАНчиларга яқин манбанинг хабар беришича, МХХ бошлиқларидан бири, туман ДАНчиларининг бошлиғига: “яхши иш қилмагани ва бунинг учун таъзирини ейиши аниқлиги”ни айтган. ДАН бошлиғига яқин ўша манбанинг айтишича, шу воқеадан кейин уч-тўрт кун ичида бир туманда навбатда турган 8та ДАНчи МХХ ходимлари томонидан пора билан қўлга олиниб ишдан ҳайдалган.

Март ойи охирларида Ички ишлар вазири Б. Матлубов шахсий машинасида Самарқанддан қайтаётганда Сирбарё вилояти постларидан бирида тезликни оширгани учун ДАН ходими томонидан тўхтатилган. Ўз вазирини танимаган ДАНчи пора устида қўлга олинган. Натижада ўша куни Сирдарё вилояти худудларида навбатда турган ДАНчилардан анча-мунчаси ишдан ҳайдалиб, бир қанчаси устидан жиноий иш очилган.

Умуман, анчадан бери ўзбекистонда ДАНчиларга муносабат ўзгарган. Республиканинг “отохон” газеталари ҳам гоҳ-гоҳ ДАНчиларнинг кирдикорлари ҳақида ёзиб туришади. Газетада ўзлари ҳақида мақола чиққан пайтлари ДАН ходимлари анча сергак тортиб туришади. Аммо “яралар” эскиргач яна порахўрлик ва қонунбузарлик давом этаверади…

ДАН ходимлари давлат ишида ишлайдиган оддий кишилардан бир неча баробар кўпроқ маош олишларига қарамасдан порага қаттиқ ўрганишган. Муҳим постларда ва трассаларда навбатда турган ДАНчиларнинг ҳар бири 100 $, бундайроқ жойларда турганлар киши бошига 70-80 $ ишлашмаса хўжайинлари олдига бориш қийинроқ кечишини ҳикоя қилишади. Бирлари: «бир сменда уйига 50 $ олиб бормаган ДАНчи – ДАНЧИми, пул олиб бормасанг, уйдагилар ҳам хафа бўлади», деб кулишади. ДАНчилардан аксарияти ўзларига берилаётган 500-600 минг сўмни кам деб билишади ва пора олишларига “моянанинг камлиги”ни асос қилиб кўрсатишади. Ажабо, ДАНчилар бир ойда оладиган ойлик маош учун оддий меҳнаткаш икки-уч ой ишлайди, ДАНчилар бир сменада “топган” пулни топиш учун эса, оддий ишчи бир ой, мардикорлар эса икки ой ишлайди… Демак, “ҳужум”лар “бекор”га эмасга ўхшайди. Бироқ, бу хил “ҳужум”лар кўплаб ДАНчиларни пора олишдан тўхтатиши қийин. Ўрганган кўнгил ўртанса ҳам қўймайди, дейишадику!

Тоҳир Тошкандий.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares