ХИЗМАТ САФАРИ

Соиб Мухандис

Иш юзасидан шошилинч Қўнғирот шаҳрига бориб келишга тўғри келди. Шўролар даврида кўп борганман у ерларга. Кечқурун поездга
ўтирсанг, эртаси етиб борардинг. Жуда қулай эди. Шуни ўйлаб, поездни суриштиргандим, у ҳозир ҳафтасига икки марта қатнаркан, холос. На илож, автобусда кетишга тўғри келади…
Автовокзалга боргандим, омадни қарангки, тўғри Қўнғиротга борадиган қайсидир корхонанинг машинасига дуч келиб қолдим. Унга чиқдим-у жўнаб кетдим…
Қўнғиротга етиб келганимизда қоронғи тушиб, алламаҳал бўлиб қолганди. Машинадан тушиб, атрофга алангладим. Кўчада деярли одам йўқ ҳисоби. Гоҳи-гоҳида кимдир ўтиб қоларди. Қаерга борсам экан, деб тургандим, нарироқдаги ховли дарвозаси очилиб, бир аёл: “Ака, кеч қолибсиз. Ётоқ жойи керакми? Меҳмонхона қилиб қўйганмиз”, – деб қолди. Шу пайтгача бегона жойда ҳеч ётмаганман. Нима дейишимни билмай, бироз иккиланиб тургандим, ҳалиги аёл: “Қўрқманг, ҳаммаси яхши бўлади”, – дея, яна гап қотди. Шу қоронғида қаерга ҳам борардим. Нима бўлса бўлди. Худонинг ёзгани бўлади-да, деган хаёлда аёлнинг уйига кирдим. Вақт анчагина бўлишига қарамай, хона ичидаги дастурхон атрофида бир эркак, ёш жувон ва беш-олти ёшлардаги қизча овқатланиб ўтиришарди.
Мени кўриб, эркак киши: “Келинг, меҳмон, хуш кўрдик. Биз билан тамадди қилиб олинг. Кейин ётоқхонангизга кузатиб қўямиз”, – деди. “Раҳмат, қорним тўқ”, – дейишимга қарамай: “Жуда бўлмаса, бир пиёла чой ичинг”, – дея, ҳеч қўйишмади. Ноилож ўтирдим. Мени олиб кирган ўрта ёшлардаги аёл уй бекаси бўлса керак, дастурхон атрофидагиларни бирма-бир таништириб чиқди. Эркак киши унинг турмуш ўртоғи, исми Худойберди экан. Ёш жувон келини, қизча эса набираси экан. Ўғли Россияга ишлашга кетган, йилида икки марта келиб кетаркан…

Келин чой узатди. Чойни энди хўпламоқчи бўлиб тургандим, уй соҳиби бирдан қалтирай бошлади. Шунда уй бекаси менга юзланиб: “Сиз хавотирланманг, ҳозир ўтиб кетади”, дея, хонадан чиқиб кетганди, Худойберди мен томон секингина энгашиб: “Биродар, ўн икки минг сўм бериб тургин”, – деб илтимос қилиб қолди. Ётоқ нарҳи олти минг сўм, дейишганди… Худойбердининг аҳволини кўриб, пулни чиқариб бера қолдим. Олди-ю, у ҳам қаергадир ғойиб бўлди. Ёш жувон эса, гўё ҳеч нарса бўлмагандек, қизчаси ёнида хотиржам ўтирарди. Нима қилишимни билмай турган эдим, шу пайт хонага кириб келган уй бекаси эридан хасрат қилиб кетди. Унинг айтишича, эри наркоман бўлиб қолган. Умуман, қўнғиротлиларнинг деярли ярми, шу жумладан аёллар ҳам айни
“касаллик”ка мубтало бўлишган. Ёшлар эса хорижда тирикчилик билан машғул…
Аёлнинг гапи тугамасдан эри ҳам бип-бинойи кириб келиб, ёнимга ўтирди. “Қўшниникига чиқиб келдим”, – деди у. Ноқулай вазиятдан қутилиш мақсадида, энди мен тура қолай, дегандим, Худойберди ётоқхонага мени кузатиб қўяркан: “Сендан қарз бўлиб қолдим. Пулим йўқ. Қандай
узишни билолмаяпман. Хоҳласанг, шу кеча хотиним, истасанг, келиним хизматингда бўлишади”, – деса бўладими… Турган жойимда қотиб қолдим.
Нима дейишимни ҳам билолмай: “Мингдан-минг розиман. Қарз эмассиз. Мен рози… розиман”, – дея, айтилган таклифдан зўрға қутилдим. Ҳар эҳтимол, эшик-деразани маҳкамлаб, чироқни ўчириб, тезда ётиб олдим. Ётибман-у уйқу йўқ. Бир вақтлар гуллаб яшнаган бу юрт наҳотки шу аҳволга тушган бўлса, деган фикр хаёлимдан кетмасди. Тезроқ тонг отса-ю кета қолсам…
Бир амаллаб тонгни ҳам оттирдим. Ғира-ширада уй бекаси билан хайрлашиб, кўчага чиқдим. Анча енгил тортиб, ўзимга келгандек бўлдим. Шу куниёқ барча ишларимни битириб, Нукусга жўнадим. Негаки, бир соат ҳам бу ерда қолишни истамасдим. Қолаверса, Нукусдан Тошкентга жўнаш қулайроқ, транспортлар кўп бўлади…
Нукусга етиб келганимда кеч бўлиб қолганди. Тўғри меҳмонхонага бордим. Меҳмонхона мулозими аёл киши экан. Бир кеча ётишга жой сўрагандим, ходима: “Бемалол. Хоҳлаган қаватнинг хоҳлаган хонасида ётишингиз мумкин.. Меҳмонхона, шу қатори бизлар ҳам шу кеча сизнинг хизматингизда”, – дея, ёнида ўтирган аёлларга ишора қилиб, жилмайиб қўйди.
Бир кечалик ётоқ нарҳи йигирма мингдан қирқ минг сўмгача экан. “Менга арзонроғи ҳам бўлаверади”, – деб, паспортимни узатдим. Ҳужжатларни тўлдириб, хона калитини узатаркан, ходима ёнидагиларни яна кўрсатиб: “Мана буниси қизим. Ёнидагиси келиним. Қандай хизматлар бўлса, бажонидил… Уқалашнинг пири бўлиб кетишган… Ўзим ҳам ёмон эмасман. Пулини келишсак бўлгани”, – дея, қўлидаги ойнасига қараб қўйди. “Раҳмат, раҳмат, жуда чарчаганман”, – дея олдим холос. Хонага қандай чиққанимни билолмайман. Гўё кечаги воқеалар яна такрорланаётгандек эди.

Наҳотки нукуслилар ҳам қўнғиротли аёл айтган дардга чалинган бўлишса?! Даҳшат! Даҳшат!! Тезроқ кетмасам бўлмайди…
Эрталаб тўғри автовокзалга бордим. Самарқандга автобус бор экан. Йўлкира нарҳини йигирма беш минг, дейишди. Фақат автобус пешиндан кейин йўлга чиқишини айтишди. Нукусни яна айланишга тўғри келди. Пешинга яқин вокзалга борсам, йўлкира нарҳи ўттиз беш мингга кўтарилибди. Хайрон бўлиб: “Йигирма беш мингга келишган эдик-ку”, – десам, ҳайдовчи: “Автобус хўжайини мен эмас”, – деб, бир аёлни кўрсатди. Автобус остонасида туриб олган бу аёл: “Йўналишни сотиб олганман. Нарҳи ўттиз беш минг”, – дея, одамларни чиқарарди.
Автобус қўзғолганида соат уч бўлганди. Кун иссиқ, автобуснинг ичи дим ва сассиқ бўлишига қарамай, уйга кетаётганимдан мамнун эдим…
Қоронғи ҳам тушиб қолди. Ҳаво салгина юришди шекилли, нафас олиш пича енгиллашгандек бўлди. Қорнғида атроф кўринмасди. Автобус моторининг бир маромда ғўнғиллаши кишини аллалагандек уйқуни келтирарди…
Бирдан автобус тўхтаб, ҳайдовчининг микрофон орқали овози эшитилди: ”Йўлда милиция постлари бор. Улар барибир автобусни ўтказишмайди. Шу ерда тунашга тўғри келади…”
Аста-секин овозлар тиниб, автобус жимиб қолди. Фақат кимнингдир отаётган хуррак товуши асабга тегарди…
Самарқандга келганимизда пешин бўлганди. Автобусдан тушиб, тушлик қилиб олдим. Хизмат сафаримдан қайтишимда бир кеча бўлса ҳам Самарқандда қолиб, айланиш ниятим бор эди. Қўнғирот – Нукуслардан кейин ниятимдан қайтдим. Йўловчи машиналарнинг бирига ўтириб, Тошкентга жўнадим. ..
Машина темир йўл вокзалининг “Икки қўл” монументигача олиб келиб қўйди. Монумент ёнидан ўтарканман, беихтиёр унинг остидаги ёзувга кўзим тушди. “Юртимизни ёвуз кучлар ва ёмон кўзлардан асрасин” дейилганди унда…

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares