1993

Гульчехра Нуруллаева

ЯХШИ-ЁМОН ЎША-ЎШАДИР,
РОСТУ ЁЛҒОН ЎША-ЎШАДИР.
ТУЛПОРЛАРИМ МУНКИЙДИ, ЭВОҲ,
ЙЎЛЛАР ҲАМОН ЎША-ЎШАДИР.

БИРИНЧИ ЯНВАР ШЕЪРИ

Тошлар тегавериб, қонталаш сийнам
Мени тўшагимдан юлқийди саҳар.
Ташқари боқаман. Дарахтлар шийдам.
Оппоқ қорга муштоқ сим-сиёҳ шаҳар.

Юлдузлар бемажол. Юлдузлар сариқ.
Маъюс сатрларни шивирлайди тил…
… Ақалли қорни ҳам тутар-да дариғ,
Бўсағамда турар кулиб Янги йил…
04. 01. 1993.
х х х
х

Кечаги ниҳоллар дарахтдир букун,
Кечаги маҳзунда фараҳдир букун,
Менинг тафаккурим карахтдир букун,
Сен ҳамон гўдаксан, кўнглим-а, кўнглим.

Озроқ табассумга эҳтироминг бут,
Ишончинг неча бор қақшатса-да ҳут,
Кечаги кўрганинг фириблар унут,
Сен ҳамон гўдаксан, кўнглим-а, кўнглим.

Дунёга меҳрни кўчирсам, дейсан,
Шафқат булоғидан ичирсам, дейсан,
Топтаб ҳўрладилар – кечирсам, дейсан,
Сен ҳамон гўдаксан, кўнглим-а, кўнглим.

Насиб бўлгаймикин кўрку малоҳат?
Насиб бўлгаймикин таъбу тароват?
Насиб бўлгаймикин дуркун балоғат? –
Гўдаксан, гўдаксан, гўдаксан, кўнглим.
04. 01. 1993.

АЛЬБОМИНГИЗГА

Сиз каби бўлгандай мен нур адоси,
Мен каби сизга ҳам торми кенг маъво?

Мен-ку эркинликнинг мажнун гадоси,
Сизга маҳбусликни кўрайми раво?!

Йўлларингиз очиқ, азизим, очиқ.
Исталган хоҳишга қайта берингиз.
Менми?.. Ўйламангиз… Мен – маҳзун қўшиқ…
Сиз шод қўшиғингиз айта берингиз.

Дунё кемтигидан юрагим кўмир,
Дунё сийратига тиларман исмат.
Йиғлаб-йиғлаб севмоқ – менгадир умр,
Йиғлаб-йиғлаб ёзмоқ – менгадир қисмат.

Кимда кўрар бўлсам маҳзуна боқиш,
Оҳин оҳим билан ўчирсам, дейман.
Мен – қалби тузоқда питирлаган қуш,
Сизни кенгликларга учирсам, дейман…
04. 01. 1993.
ҲАДИК

Йўлнинг чалғишидан ҳадигим,
Халқнинг қарғишидан ҳадигим.
Боғимга оралар зарпечак,
Барглар сарғишидан ҳадигим.

Гул бош эгмоғидан ҳадигим,
Афсус чекмоғидан ҳадигим.
Истиқлол юз очган юртимга
Итлар тегмоғидан ҳадигим…
06. 01. 1993.

х х х
х

Уфқ қизаради тўкилган қондан,
Ўзига ўт қўяр муроди сароб.
Сен эса ожизсан, куйсанг-да чандон,
Бағринг ғажий бошлар ваҳший бир азоб.

Қайдадир мусофир юрибди дарддош,
Бошин ҳижолат-ла кўтарар офтоб.

Ичинг куйдиради кўзга қалқмас ёш,
Сени ғажий бошлар ваҳший бир азоб.

Нега? Нега?? Нега??? – сўрайсан ҳар он.
Ҳисобсиз саволлар мулзам, бежавоб.
Қафасдаги қушдай бўласан гирён,
Бағринг ғажий бошлар ваҳший бир азоб.

Сенга ачинаман, куйгунчак қумрим,
Оҳи – оқар дарё, лойқа, сершитоб.
… Билолмадим, қанча қолдийкин умринг,
Ахир мудом ғажир ваҳший бир азоб…
06. 01. 1993.

х х х
х

Ботқоқ зумда қуриган мисол,
Мурда гўрдан кўтаргандай бош,
Бир мўъжиза рўй берса, алҳол,
Юз кўрсатса юз бурган қуёш,
Нур, ҳаяжон югурса илдам
Қадим Турон далаларига,
Оқ либослар тикилса гулдан
Муродимнинг болаларига,
«Ўзбекка ҳам борми иноят?» –
Бўғиларкан шеър ҳижоларим,
Кошки, кошки бўлса ижобат
Йиллаб айтган илтижоларим,
Улуғвор руҳ, шукуҳли ҳисдан
Қўрқоқлар ҳам бўлсалар ботир,
Айта олсам: « ОТА ТУРКИСТОН
ЎЗИН ТАНИБ УЙҒОНАЁТИР!»
06. 01. 1993.

х х х
х

Не боис дил ғамга ғарқ? – деб ёзгандим,
Борми кўҳна ғамга шарҳ? – деб ёзгандим.

Кўнгил осмонимда кўринар-ку барқ,
Нечун ғамим қувмас барқ? – деб ёзгандим…

… Ҳамон ўшал мақом, тарҳ, деб ёзяпман,
Ҳамон бад манглайи ярқ, деб ёзяпман…
Бесаноқ жавоҳир соҳибаси-ю
Қачон ёшин артар Шарқ? – деб ёзяпман…
06. 01. 1993.

х х х
х

Оқшом қўнар ним-нимгина,
Фурсат ўтар ўкинмай…
Кир юваман жим-жимгина,
Асабларим тўкилмай.

Баҳмал парда салқиларин
Текислай, деб тортаман.
Ҳозир ювган санчқиларни
Сочиқ олиб артаман.

Ювган кирим – уюм-уюм,
Дазмоллашни бошлайман.
Ўтар туним… Оғрир ўйим…
Саҳарга кўз ташлайман.

Ўкинтириш – машқи экан,
Фурсат ўтар ўкинмай…
Кимдир: «Умр – китоб», – деган…
… Китоб қолди ўқилмай…
08. 01. 1993.
х х х
х

Гулдурак, чақинлар кўкимга тушди,
Ярамга туз сепмоқ чекимга тушди.
Бани кимса бирдай чекса, девдим, оҳ,
Ажабким, оҳ оҳи тўкинга тушди.
Улкан дардларимни мазах айламоқ
Дарди ушоқларга текинга тушди.

Илтижо айладим, шиддат бўлинг, деб,
Нигоҳим нигоҳи сукунга тушди.
Ажаб, наволарим бенаволарга,
Ажаб, муҳаббатим ҳукмга тушди.
Озми дилни дилга кавшарлагувчи?.. –
Кукун-кукун бағрим кукунга тушди.
Ноумид, оғриниб, кўзимни олсам,
Кўзларим полапон эркимга тушди.
Кеча уҳлоқ эсам, айб айлама, дўст,
Қалбим инқилоби букунга тушди…
09. 01. 1993.

ИТОАТНИНГ ИСТИБДОДГА
АЙТГАНЛАРИ

(«Сиз… Сен… У…» туркумидан)

Сизга шаъни маликми қисмат?!
Салом эмас, аликми қисмат?!
Бизга – айтар ҳасрати ичда,
Ўксиги пардаликми қисмат?!
Сизга – кибри етти қат осмон,
Озори ердаликми қисмат?!
Бизга – кўзи қасидаларда,
Юраги дарддаликми қисмат?!
Сизга – макр, бизларга эса
Умиди марддаликми қисмат?!
Чидам охир демасми сизга:
«Етар, саркардаликми қисмат?!»
10. 01. 1993.

ЯНА АЛЬБОМИНГИЗГА

Ачинманг, азизим, ачинманг сира,
Ногоҳ тиниб қолса кўксимда дукур.
Оҳ, нечоғ доносиз, нечоғ бокира,
Оҳ, нечоғ телбаман, нечоғ ношукур…

Озорларим сизга бўлди зиёда,
Мунис кўзингизда кўринмасин нам.

Бу бемор дунёда, қаттол дунёда
Нима бўпти, битта кажбаҳс бўлса кам?

Шеърий вазнимизда боқийдек аруз,
Тавозе – урфимиз қадимдан-қадим.
Оҳ, лекин чиқмади мендан дилафрўз,
Нетайки, мажнунтол бўла билмадим.

Шаҳд айтинг, қоп-қаро либосин кийиб,
Ёдингиз ёдимга бўлганда банди:
«Ҳаммага бахт тилаб, ҳаммага куйиб,
Битта менинг бахтим бўлолмаганди…»
11. 01. 1993.

х х х
х

Сиз умрингиз оғриқ кунларин
Қўшиб-бичиб оширмагайсиз,
Ҳамда унинг ёруғ кунларин
Ёмон кўздан яширмагайсиз.
Ошкор барвақт уйғонганингиз,
Шу тупроқни суйганларингиз,
Ҳамроҳингиз сўзига учиб,
Макри боис тийғонганингиз…
Юрагингиз оҳи ҳам ошкор,
Кўзларингиз моҳи ҳам ошкор.
Ҳамроҳингиз боёнлик истаб,
Сизга қазган чоҳи ҳам ошкор.
Жигар-бағри ўйилган найсиз,
Шу фарқ биздан ўздирган сизни.
Шоирсиз-у кўп ҳам ёзмайсиз,
Ёлғон шеърлар бездирган сизни.
Орингиз бор бир Ватанчалик,
Бир халқчалик қарорингиз ҳам…
Ақлингиз бор олқишга молик,
Сиздан дуркун ағёрингиз ҳам…
Сизга букун боқмагай замон,
Букунингиз руҳсиз, барорсиз…
… Ўкинмангиз, эртангиз томон
Улкан бўлиб кетиб борарсиз…
11. 01. 1993.
х х х
х

Шу парча вужуднинг муштдай жони бор,
Шу муштдай жонига қанча моне бор.
Айтари қўшиқмас, беадад фиғон,
Куйлаган они йўқ, куйган они бор.

Умр наҳри агар ол бўлса, билинг:
Дил-дили ёввойи тиғлардан тилим.
Яшаш – сирли сўқмоқ, тиш ўтмас илм,
Бағридан наҳрига оққан қони бор.

Онглар тўкислиги – унинг муроди,
Йўллар текислиги – унинг муроди,
Диллар эгизлиги – унинг муроди,
Дастурхонда қотган парча нони бор.

Қанча йил яшади овози майиб,
Тугабди экан, деб қўймангиз айб,
Кошки кичик қалби кетса кенгайиб,
Ахир унинг улкан Туркистони бор.
13. 01. 1993.

ЯНА ТАҒИН АЛЬБОМИНГИЗГА

Сиз жуда тозасиз, сиз жуда сезгир,
Мени ўзимдан ҳам яхши билурсиз.
Сизсиз атрофимда истибдод изғир,
Руҳимга ҳурликни ўргатган ҳурсиз.

Келинг, кела қолинг… Мусофир оним
Сизни қаршилайин Ҳизр ўрнида.
Сиз – менинг суянчим, жон-у жаҳоним!..
Яна нима деяй узр ўрнида?!
13. 01. 1993.

СОВҒАЛАР

(болалар учун ҳазил)

Турмушимиз тинч, тўкин,
Пешонамиз силашар.

«Ойнайи жаҳон» ҳар кун
Бизга совға улашар.

Ҳамма кичик одамга
Катталарнинг раҳмати,
Акам билан адамга
Каспаровнинг шаҳмати.

Бувимиз ва бобомиз:
«Концерт бизга…» – дейишар.
Ойимиз ва опамиз
«Бурда моден» кийишар.

Мен ва боғча синглимга
Ўзбекнинг «учар от»и.
Бели оғрир бувимга
Об-ҳаво маълумоти…
14. 01. 1993.

ЧУМЧУҚЧА

1.

Емак излаб, сакрай-сакрай,
Сарсон бўлдинг, чумчуқча.
У ён, бу ён қарай-қарай,
Гирён бўлдинг, чумчуқча.

Келиб қолдинг, излаб-излаб,
Гавмиш сигир остига.
Надир тушди ногоҳда «тап»
Ушоқ тананг устига.

Жимиб қолдинг.
Ўлмоқми жўн?! –
Ерга сингиб ётардинг…
Қимирладинг бироздан сўнг,
Бошингни ҳам кўтардинг.

«Чирқ-чирқ»ладинг…
Фарёд-алам
Дов эмас-ку, чумчуқча.

Барча сени булғовчи ҳам
Ёв эмас-ку, чумчуқча…

2.

«Чирқ-чирқ»ладинг…
Ўз-ўзингни
Қўйдинг зумда фош этиб.
«Чирқ-чирқ»ладинг…
Овозингни
Мушук қолди эшитиб.

Эшитди-ю зорларингни,
Елиб келди қошингга.
Ўз ёнингга чорларингни
Билиб келди қошингга.

Панжа чўзди…
Бўлма ҳуррам,
Севинма, бас, чумчуқча.
Барча қўлин чўзгувчи ҳам
Дўстинг эмас, чумчуқча…
3.
Чангалида олтин бўлдинг,
Кумуш бўлдинг мушукка.
Кушандангни кейин билдинг –
Емиш бўлдинг мушукка.

Кўтарардинг оёқни ҳам,
Бошингни-ку кўтардинг…
Оҳ, чумчуқчам, эҳ, чумчуқчам,
«Чирқ-чирқ» қилиб нетардинг?!.
18. 01. 1993.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares