ҚАШШОҚЛАРНИНГ ҚАШШОҒИДИР ЎЗБЕКЛАР

ЭЛТУҒЁН

Жаҳон банкининг Ўзбекистонда қишлоқ аҳолисининг 30 фоизи қашшоқ, дея таъкидланган маълумотини радио орқали эшитиб, ҳайрон қолдим. Бундан республикада ушбу тоифадаги одамларнинг 70 фоизи камбағал бўлмаган ҳамда ўзига тўқ одамлар экан-да, деган хулоса келиб чиқади. Ҳаётда аслидаям шундай бўлса, кошкийди?! Ҳақиқатда эса, мамлакат қишлоқларида яшовчиларнинг камида 75 фоизи йўқсул, муҳтож, ярим оч – ёрти яланғоч эканликларини аниқлаш мақсадида чуқур тадқиқот ўтказиб ўтириш шарт эмас. Бунинг учун уларнинг заҳматли турмуш шароитлари билан танишиш кифоядир.

Халқаро меъёрларга биноан, кунлик даромад жон бошига 2,7 АҚШ долларидан кам ҳолларда инсон қашшоқ ҳисобланаркан.Бошқа жойларни билмадим-у, лекин, Ўзбекистон учун бу-жуда баланд “дор”. Фикримни қашшоқлик чегараси сифатида белгиланган 2 доллар-у 70 цент мисолида исботламоқчиман. Ушбу пулни ҳозирги расмий курсда ўзимизнинг ақчага айлантирсак 4430 сўм бўлади, қора бозор нархида эса, 6000 сўмни ташкил этади.

Ўзбек оилалари катталигини эътиборга олган ҳолда, ўртача 6 нафар аъзоси бўлган хонадонни намуна тариқасида келтириб, айни нуқтаи назардан ёндошиб, расмий курсда ҳисоблаганимиз тақдирда ҳам уларнинг кунлик даромади 26580 сўм, ойлик даромади эса, 797400 сўмга тўғри келмоғи даркор.

Агар, юқоридаги талабдан келиб чиқадиган эсак, қашшоқлик чегарасидаги 6 кишилик оила йилига 9 миллион 568 минг 800 сўм даромад олмоғи керакдир. Амалда эса, бу – 80 фоиз қишлоқликларнинг, ҳатто, тушларигаям кирмайдиган маблағдир. Касбим тақозосига кўра, қишлоқ ҳаётини яхши билганим ва ўзим-да ғирт қишлоқи эканим сабабли буни ишонч билан айта оламан.

Умуман, ўзбекларнинг чор – ночор ҳамда хароб – ябоб тирикчилигини бу ердаги энг кам иш ҳақининг садақадан-да тубан эканидан-да аниқлаш мумкин. Яқиндаги ойлик ўсишидан кейин 49735 сўмга етган (расмий курсда 30 доллар, қора бозор нархида эса, 22 доллардан-да кам, яъни, жаҳондаги энг хароб давлатларникидан-да оз) айни маошни 30 кунга бўлсак 1657 сўмдан тушади. Ҳозирги шароитда бунча ақчага 3 дона ўртача нон сотиб олиш мумкин, холос.

Қисқаси, бир ойлик энг кам иш ҳақи ҳисобига ҳар қандай оилани, ҳатто, қуруқ нон ҳисобигаям боқиб бўлмаслигини айтсак, масала ойдинлашади – қўяди. Нима, инсон бошқа нарса емайдими – киймайдими?! Айни ўринда: “Бундай маош қандай асосда, ёхуд, қайси эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолатда белгиланган?” мазмунидаги ҳақли саволга эса, мутлақо жавоб йўқ. Иш ҳақи билан боғлиқ яна бир гап: 2010 йилнинг декабрь ойида “ойлик”лар 1,1 баравар ошди деб, эълон қилинди, аслида бу – 10 фоиз, деганидир. Иш ҳақларини, атиги, шунчагина кўпайтириш эвазига эса, қанча шов-шув кўтарилганлигини айтмайсизми?!

Мана, шундай вазиятда ўтган йил охирларида Ўзбекистон Иқтисодиёт вазирлиги мамлакатда ўртача ойлик иш ҳақи 553800 сўмга етганини расман эълон этиб қолди. Ўзбекистон мустақиллигининг 19 йиллиги нишонланаётганда сўзлаган нутқида Каримов: “… ўртача ойлик иш ҳақи эса, шу йилнинг (яъни, 2010 йилнинг) охиригача қарийб 500 АҚШ долларини ташкил қилиб, тахминан 14 каррага кўпаяди”, деган ваҳимали янгиликни айтганди. Президентнинг башорати бўйича, ўтган йилнинг декабрида Ўзбекистонда ўртача ойлик маош ўзбек пулига расмий курсда айлантирилганда 820500 сўмга етиши даркор эди. Аммо, бу – тасаввурларга-да сиғмайдиган иддао эди, чунки, ўртача иш ҳақи энг кам ойлик маошдан кўп эмас-оз эмас, 17 (!!!) марта ортиқ бўлиши умуман мумкин эмаслиги Худогаям, бандасигаям яхши аёндир. Мана шу фактнинг ўзиёқ мазкур “юртбоши”нинг даъволари ғирт ёлғон ва таги пуч эканлигини далиллаб турибди.

Ана энди, энг кам иш ҳақидан-да бебаҳра миллионлаб ишсизларнинг ғариб оилаларидаги фожиали аҳволни кўзингиз олдига келтиринг. Улар очликдан ўлмаслик учун ҳар қандай оғир, машаққатли қора меҳнатга, ҳатто, қулликка ҳам тайёрдирлар. Бундайларнинг ўз фарзандларини мактабга юбориш имкониятлариям йўқ, улар иложсизликдан ўз ҳоларига ташлаб қўйилган. Ушбу сабабдан, эгасиз, қаровсиз, тарбиясиз, ярим оч – ёрти яланғоч болалар кўчаларни, бозорларни, безорилар-у жиноятчиларнинг, дайдилар-у тиланчиларнинг, фоҳишалар-у суюқоёқларнинг сафларини тўлдирмоқдалар. Ҳар қандай тирикчилик манбаидан маҳрум этилган ўзбекларнинг эса, қирилиб кетмаганларига қойил қолмоқ даркор.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, халқаро ўлчовларга қиёсан олганда, аксарият қишлоқлик ўзбекларнинг йўқсуллик – бечораҳоллик даражасини номлаш – таърифлаш учун ҳозирча тилимизнинг луғат бойлигида муносиб атама йўқ, илгариям бўлмаган. Негаки, ўзбеклар неча минг йиллик тарихларида бундай ночор – нотавон аҳволга тушмаганлар. Бори эса, шу -қашшоқларнинг қашшоғидир ўзбеклар!

* * *

Пешволар-у ҳукуматдорлар, балки, ўзбекларнинг дурустроқ овқатларни ейишга имкониятлари етмаслигини билганлари боисми, ҳеч қурса, уларнинг кўзлари тўйиб турсин, деган ниятдами – яхши таомларни, фақат, телевизорда намойиш этишга буйруқ берганлар, шекилли. Акс ҳолда, Ўзбекистондагидай, оддий халқ вакиллари, ҳатто, чой – нон билан кун кечиришлари қийин ҳамда мушкул бир вазиятда бундай турли масхараомуз кўрсатувларда турфача тансиқ емакларни кўз – кўз айлаб, аксар, оч – наҳор кишиларнинг устларидан кулмаган бўлардилар. Аслидаям, бундай “томошалар” кўпчиликни таҳқирлаш – ҳақоратлашдан бошқа нарса эмаслиги маълумдир.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares