Ботир Норбой, Филология фанлари доктори
НОЁБ РЕЖИССЁР, ОПЕРАТОР ВА ИЖОДКОР
(Абдулазиз Махмудовнинг 60 йиллигига)
Давоми
ВОҚЕАНОМА СЎНГИ.
МЕНИНГ АРХИВИМДАН: 1989 йил,15 апрел.Тошкентнинг Навоий кўчаси.Соат эрталабки 9. Жигули,Газ-24 автомобиллари турна қатор.
Автобуслар тутатиб ,трамвай ва троллейбуслар тарақа-турқ қилиб қатнаб турибди. Йўлкаларда серташвиш пиёдалар ўйчан юрибдилар.Ўзбекистон Агро-саноат Қўмитаси биноси олдида элликтача пикетчилар туришибди.Улар ишчилар,талабалар ва хизматчилар бўлиб барчаси Бирлик Халқ Ҳаракатининг аъзоларидир.Улар бу ерга ўз етакчилари шоир Муҳаммад Солиҳни қўллаш учун келишган.Чинорга бириктирилган плакатда «Бюллетенга депутатликка номзодларнинг барчаси киритилсин» деб ёзилган.
Диктор:”26 мартдан СССР халқ депутатлари сайлови бошланган бўлиб,Совет Иттифоқи раҳбарияти томонидан Ўзбекистонга 107 депутатлик мандати ажратилган эди. Муҳаммад Солиҳ 117 Октябр миллий-ҳудудий сайлов округидан депутатликка даъвогар етти номзоднинг бири эди”.
Агросаноат қўмитасининг мажлислар зали.Саҳнада Лениннинг бюсти.
Ҳайъатда ўша етти номзод ўтирибди.Улар орасида Муҳаммад Солиҳ ва унинг асосий рақиби «Узбекгидроэнергострой» трести бошқарувчиси Акром Эргашовлар ҳам бор.Зал ҳар бир даъвогарнинг уч-тўрт нафардан ишончли кишилари ва ҳар бир номзоднинг 5-7 нафардан овоз бериш учун мандатли вакиллари билан тўлган. Кўпчиликни эса партия -хўжалик фаоллари ташкил этиб, улар райком қарори билан округ мажлиси томонидан овоз беришда иштирок этиши учун таклиф қилинганлар эди (айнан мана шу мандатлилар хайрихоҳлиги ёки ёқтирмаслиги депутатликка номзоднинг ишини ҳал қилади). Ёзувчи ва шоирлардан Одил Ёқубов, Омон Матчон, Миразиз Аъзам, Шукрулло,Гулчеҳра Нуруллаева ва журналист Исмат Хушевлар Муҳаммад Солиҳнинг ишончли вакиллари сифатида қатнашдилар. Буларнинг айримларида овоз бериш учун мандат бўлса ҳам ,бу кўпчилик овозини йиғиш учун жуда ҳам камлик қилар эди.Муҳаммад Солиҳ жим ўтириб эшитаётган зал минбаридан ўзининг сайловолди дастурини ўқимоқда: «Мен Сизларга пахта яккаҳокимлигини тугатаман деб ваъда беролмайман! Лекин бу бало билан ўзимни аямай курашишга ваъда бераман.Мен сизларга озиқ-овқат дастурини амалга ошираман, деб ваъда беролмайман, бироқ сиз бошқа халқлар орасида ғурур билан ўзбек номини кўтариб юриб, улар билан ўзингизни тенг кўраолишингиз учун бутун кучимни сарфлайман, ҳатто лозим бўлса, лавозим ва имтиёзлардан воз кечаман. Брежнев замонида яйраб – яшнаган кимсалар, энди биз Брежневнинг қурбонлари эдик демоқдалар, Рашидовнинг ялоқлари эса,Рашидов бизни қийнаган эди деб биздан мукофот кутишяпти! Ҳақиқатан ҳам, Сталин майиб қилган, Брежневнинг ҳақоратини эшитган, Рашидовдан туртки еганлар бир четда жим туришибди, зотан, ҳақиқат ҳимояланишни билмайди, у ўзини оқламайди,чунки бу унинг шаънига тўғри келмайди. Худога шукрлар бўлсинким, бу кўзбўямачилар тўдаси фош этилди.Шукрлар бўлсинким, кўзини ёғ босганларга ёввойи бўлиб кўринган халқ бу кун уйғонмоқда. Миқдор ўзгариши сифат ўзгаришига олиб келади. Номус ва шараф туғи қайта кўтарилмоқда. Фақат у ерим лат еди, бу ерим қонади , деб нолиманг. Шилинган тиззангиз, юлинган юзингизни шараф деб билинг».
Диктор: “Муҳаммад Солиҳнинг нутқи самимий ва ҳаяжонли бўлди.Аммо шоирни москвалик десантлар билан бўлиб турган ҳокимият талашиш можароларида олабўжи кўрсатиб, ундан фойдаланаётган миллий номенклатура, айни пайтда у билан ҳам ҳокимият бўлишишни истамасди”.
Навоий кўчаси. Йўлкалар чеккаларидаги чинорлар жажжи куртаклар чиқарган. Агро-саноат қўмитаси биноси олдида «Халқнинг овози -Муҳаммад Солиҳга!”, “Кўзингни очиб қара! Муҳаммал Солиҳ – халқнинг ўғлони!», ”Муҳаммад Солиҳ учун овоз берайлик!” деб ёзилган транспарантлар кўтариб пикетчилар турарди.
Маҳалла вакили, округ йиғилишига танлаб юборилган Миробид Иноятовнинг гапларини эшитинг: «Мен Октябр районидаги Литвин маҳалла қўмитасиданман. Биринчидан, бизнинг ва қўшни маҳаллалардан бу ерда ҳеч ким йўқ. Иккинчидан, биз энди етиб келганимизда, бизга кечикдингиз, дейишди.Учинчидан, бошқа маҳалла, ташкилот ва муассасалардан сайлаб юборилганларни эса мандатингиз йўқ , деб округ мажлисида овоз бериш учун қўйишмаяпти. Райкомда эса ҳеч ким йўқ. Эрталаб тўққизда улар жойларга тарқаб кетишибди”. Фатхулла Жўраевнинг гапи:”Биз Кўкча маҳалласиданмиз. Маҳалла қўмитаси маълумтномаси билан (муҳри билан! ) келдик. 117 сайлов участкаси ходимларига учрашдик, лекин бизга мандат беришмади. Бироз муомала қилиб, зўрға биттамизга таклифнома ундирдик,у ўшаниси билан мажлисга кириб кетди .Бироқ унинг ҳам мандати йўқ, овоз бера олмайди”.
1989 йил,15 апрел, соат 11. Биз Тошкент шаҳри Киров район Советининг маъмурий биноси олдидамиз.Агросаноат олдидаги каби бу ерда ҳам Бирлик харакатининг фаоллари йиғилишиб турибди.Диктор: «Абдураҳим Пўлатов номзоди қўйилган 598- Киров ҳудудий-сайлов округида ҳам айни шу ҳолат.” Киров ижроия қўмитаси биноси фойеси. Мажлислар залининг берк эшиклари олдида қоровул турибди. Бир неча бирликчилар мажлислар залига ўтказиб юборишга кўндирмоқчи бўлиб қоровулни ўртага олишган. Бироқ оддий фуқаролар кийимидаги милиционерни кўндириб бўлармиди! Авиасозлик заводи ишчиси Гулхумор Полвонова: «Абдураҳим Қаюмович Пўлатов бизнинг депутатликка номзодимиз. Ижроқўм аъзолари мажлислар залига махсус тайёрланган одамларини киритиб юборишди ,бизларни эса қўйишмаяпти. Биз бу ерда шунинг учун турибмиз.Ошкоралик, демократия дейишиб, эшикни ичидан маҳкамлаб ўзлари овоз бериб ётишибди. Мана қаранг”-деб эшикни дастасидан тортиб очмоқчи бўлиб кўрсатди…
Диктор:»Шу бугунги кун бюрократия сайловда ким хўжайин эканлигини мухолифатга кўрсатиб қўйди”.
Транспорт(Улов) институти ўқитувчиси Маҳмуд Иноқовнинг гаплари:”Овоз беришда амалдорларга,уларнинг манфаатларига хизмат қиладиган танлаб олинган кишиларгина қатнашмоқдалар. 271-мактаб депутатликка номзод қилиб Муҳаммад Солиҳни ва Абдураҳим Пўлатовни кўрсатди. Райкомнинг учинчи секретари мактаб раҳбариятини чақириб олиб, қайдномани бекор қилиб янгисини ёзишга мажбур қилган ва яна уларга дағдаға қилиб айтганки, сизнинг номзодларингиз округ комиссиясидан ўта олмайдилар деб”.
Киров ижроқўмининг мажлислар зали. Тўрда Лениннинг бюсти ва ол рангли матога “Решения ХХУ11 съезда КПСС в жизнь!» деб ёзилган.СССР халқ депутатлигига номзод етти киши ҳайъатдан ўрин олган.Асосий даъвогарлар Абдураҳим Пўлатов ва Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.Залда эса бўлажак депутатларнинг ҳар бирининг уч-тўрттадан ишончли вакиллари,Киров райкомининг секретарлари, ижроқўм ходимлари, район фаоллари-аниқроғи синовчи- сайловчилар ( ҳукумат номзодларига овоз берувчилар! ) ҳамда йигирма-ўттиз нафар таклиф этилган тарафдорлар.
Пўлатовнинг ишончли вакиллари: шоир Жамол Камол, олим Олим Каримов, олим Тоҳир Каримов, рассом Азиза Маматова.Таклиф этилганлари: академик Бек Тошмуҳамедов, ўқитувчи Қаҳрамон Ғуломов ва яна мандатли бир неча киши.
Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг ишончли вакиллари: Ўрта Осиё ва Қозоғистон диний назорати муфтиларнинг ўзгармас муовини Юсуфжон Шокиров , диний бошқарманинг бир неча муллалари ва православ черкови руҳонийси. Маҳаллий мачит имомлари ва уларнинг қавмлари залдагиларнинг чорагини ташкил этарди.
Диктор: “Абдураҳим Пўлатов масаласи бу борада ҳал бўлган эди. Ибтидоий онгли маҳаллий киши учун саллали инсон мухолифат етакчисидан кўра обрўлироқдир. Ҳукуматдагилар буни жуда яхши билишарди. Бу айнан ўшаларнинг кўрсатган ҳунари эди. Бунда қатнашганларнинг барчаси «Дастлабки демократик сайлов”номли драманинг иштирокчиларига айланди.Бу спектаклни саҳналаштириш бир ойча олдин,яъни махсус хизматлар Ўрта Осиё ва Қозоғистон Диний Назоратида тўнтариш бўлгандай кўрсатиб, курсига Муҳаммад Содиқ Мамаюсуповни ўтқазган палладан бошланган бўлса ажаб эмас.Энди бор кучини,саллали. итоатли кишини Кремл съездлар саройи курсисига ўтқазиб, уни бу ерда қайта қуриш бўлаётганининг бир ажойиб далилига айлантириш учун сарфламоқда эдилар. Ҳали бу ҳолваси. Қолганини кейинроқ айтаман”…
Абдураҳим Пўлатовнинг ишончли вакили шоир Жамол Камол чиқишидан: “Мен парламентга бунча ишчи,бунча колхозчи ва сут соғарлар депутат бўлиши керак, деган мавжуд фикрга қўшилмайман. Парламент -мамлакат мияси.Унга энг ақллилар, заковатлилар, идроклилар касбидан қатъий назар сайланмоғи дурустдир. Биз муфтий нутқини мароқ билан тингладик.Бу кишини биз депутат қилиб сайлашимиз керак. Абдураҳим Пўлатовнинг нутқини мароқ билан эшитдик, бу кишини ҳам депутатликка сайлашимиз лозим. Афсуски ,ўрин битта. Менга қолса, Абдураҳим Пўлатовни ва ҳурматли муфтийни танлаган бўлардим.
Диктор:”Саллага эҳтиром фақат авомгагина хос бўлмай, мухолифатнинг маърифатли вакилларига ҳам тааллуқли эди.Пўлатовнинг ишончли вакили Абдураҳимнинг рақиби бўлган муфтий Муҳаммад Содиқнинг фазилатлари ҳақида шунчалик берилиб, чўзиб гапирдики, номзоднинг бошқа ишончли вакилларига ажратилган вақтни “еб қўйди”. Сўнгида эса,барча залда ўтирганларни ҳар иккала номзодга овоз беришга чақирди. Мана, Жамол Камол нутқи ниҳоясини эшитинг: “Тарозининг бир палласига карамни иккинчисига пахтани қўйиш адолатданми? Депутат мана шу ҳақида гапирмоғи керак. Мен сизлардан Абдураҳим Пўлатовга овоз беришингизни , айни чоғда овозингизни ҳазрат муфтийга беришингизни илтимос қиламан. Жаноби олийларининг улуғ фикрлари бор. Ҳаёт бу чексиз ўрмон ва бу ўрмоннинг эгаси бор. Шунинг учун динни ўрганиш , Худога эътиқодни ўрганиш жуда-жуда муҳимдир!”Пўлатов тарафдорлари юзида ҳайратланиш(Муфтий қавмларидан эса гулдурос олқиш).
Биз яна Навоий кўчасидамиз,бу ерда агросаноат мажлислар залида 117-сайлов округининг округ мажлиси бўляпти.Минбарда ёзувчи Одил Ёқубов: “Шуни айтишим керакки,Муҳаммад Солиҳ ҳақида жуда кўп гаплар юрибди, шуларнинг орасида тўғри гаплар бўлиши ҳам мумкин, жудаям бўлиши мумкин.Умуман олганда, Муҳаммад Солиҳ ўта истеъдодли шоир.У совет ҳукумати, партиямиз, ишчилар синфи учун, миллий маданиятимиз равнақи учун қайғуради. Менимча, бунинг ҳеч қандай ёмон томони йўқ. Агар бирон чалкашликлар юз берган бўлса, бу фақат унинггина эмас, айрим оммавий ахборот воситаларининг ҳам чалкашлигидандир”.
Диктор:”Ёзувчи Одил Ёқубов йиғилишдагилар олдида қулоқсиз боланинг отасидай оқланиш йўлини тутди. Тескаричи газеталар мухолифат етакчисини ёмон отлиқ қилиб қўйганлигидан мажлисда ўтирганлар унга душманларча муносабатда эдилар”.Округ мажлисига раислик қилувчи
(бўлғуси Тошкент шаҳар ижроқўм раиси) Шоиноят Шоабдураҳмонов танаффус эълон қилади.
Навоий кўчаси.Пикетчилар камерани ўраб олишган. Орқада агросаноат биносининг юз томони.”Бюллетенга ҳамма номзодлар киритилсин!”ёзувли плакат. Шоир Мирза Кенжабек гапиради:”Агар Киров райкоми ҳовлисидан тўртта автобусда қандайдир одамларни олиб келганини билмаганимда шум ният ҳақида гапирмаган бўлардим.Шу автобусларнинг бирида мен ҳам келдим ва бу кишиларни тайёрлаган ташкилотчиларни ҳам кўрдим.Менинг фикримча, айнан мана шу округ мажлисида демократия бузиляпти.Чунки махсус тайёр ланган кишилар халқ кўрсатган номзодларга эмас,балки олдиндан танлаб олинган номзодларга овоз берадилар». Журналист Исмат Хушев гапи: «Залда гиж – гижловчи саволлар берадиган кишилар ўтиришибди.Шу йўл билан йиғилиш қатнашчиларини Муҳаммад Солиҳга қарши қайрамоқдалар. Ҳозир унинг ҳолати бир мунча оғир.Албатта, Ўзбекистонда биринчи бор бундай сайловлар ўтказилишининг ўзи яхши. Шунинг билан бирга аён бўлдики,биз бундай сайловларга тайёр эмасмиз.Ўртоқлар! Депутатликка номзодларнинг барчаси сайлов бюллетенларига киритилиши тўғри бўлади.Мен Муҳаммад Солиҳ билан гаплашдим, у айтдики, умид йўқ , деб. Вазият мураккаб.Уерда райком секретарлари ўтирган эмиш.Майли, биз ҳам жим қараб турмаймиз”.
Агросаноат биносининг кираверишидаги устунлар орасида бир тўда амалдорлар туришибди.Улар Муҳаммад Солиҳни қувватлаб транспарантлар кўтариб турган пикетчиларга қараб истеҳзо билан мийиғида кулиб қарайдилар.
Мажлислар зали. Шоир Шукрулло нутқ сўзламоқда:”Бюрократизм билан ким курашади? Биз Сталин шахсига сиғинишни фош қиламиз.Унинг бугунги кўринишлари билан ким курашади?…Дарсликлар ёмон аҳволда! Қишлоқдаги аёлларимиз оққонга чалинган! Болалар сариқ касалига гирифтор этилган! Булар билан ким курашади?…”
Диктор: «Шоир Шукруллонинг чиқиши ишончли ва ҳаёжонли бўлди,бироқ бюрократия аллақачон ”Узбекгидроэнергострой» трести бошлиғи Акром Эргашев ваЎрта Осиё, Қозоғистон мусулмонлари диний назорати муфтиси Муҳаммад Содиқ Мамаюсуповларни танлаб қўйган эди. Округ мажлислари эса, юқорида айтганимдай, “ сайловлардаги” демократия ва қонунийликни” намойиш этадиган иккиюзлама бир ўйин эди. Яна шоир Шукрулло нутқидан: «Депутатлар ўз халқининг муаммоларини еча оладими? Партиянинг муаммоларини ҳал қила оладими? Ошкоралик ва қайта қуришга ҳисса қўша оладими? Биз, аввало, кишиларимизни ахлоқий тарбиясига эътибор беришга муҳтожмиз. Муҳаммад Солиҳ бизнинг маънавий тараққиётимизга хизмат қилар экан, демак, у депутат сифатида ўз вазифасини ўтаган бўлади.”
Шоир Шукрулло мансабдорларни, мухолифатдан лоақал бир депутат ўтказишга ундаб, кўндирмоқчи бўлиб турсин, биз сиз билан Россия ва Болтиқбўйи томон йўл олайлик.
МАРКАЗИЙ ТЕЛЕВИДЕНИЕ ВОҚЕАНОМАСИ
Россия.Москва.Елцин ўз тарафдорлари орасидан туртиниб ўтмоқда.Тан қўриқчилари кишиларни у ён-бу ён суриб жонли ўтак ҳосил қилиб унинг юришига ёрдам бермоқда. Барча баробар “Елцин! Елцин! Елцин! деб олқишламоқда.Одамлар қўлида Елцинни қўлловчи жуда кўп транспарантлар бор. Сайлов участкалари. Елцинга берилган овозларни ҳисоблашмоқда.
Литва. Вилнюс. Черков майдони.Литва аҳолиси минбарга кўтарилаётган Витаутас Ландсбергисни гуллар ва қарсаклар билан олқишламоқда. Саюдиснинг раҳбари микрофонга етиб келгач, қўлидаги қизил гул дастасини силкитиб халқни олқишлайди.
Диктор:”Россияда сайлов демократик мухолифатни партиянинг ишдан туширилган фаоли Борис Елцин теварагида уюштирди.Литвада бўлса,халқ депутатлари сайловида Саюдис тўлиқ ғалаба қилди”.
Россия.Москва.Кремлнинг съездлар саройи.Горбачёв Литва делегациясига ниманидир уқдирмоқчи бўляпти,унга жавобан литвалик депутатлар ялписига съезддан чиқиб кетишади. Ватандошлари орқасидан Литва коммунистик партиясиниг биринчи секретари Алгирдас Бразаускас ҳам чиқиб кетади.
Диктор: « СССР халқ депутатлари биринчи съездида Горбачёвнинг депутатларни ўз йўлига солиш уринишига жавобан Литва вакиллари съездни ташлаб чиқиб кетдилар.Ватандошлари орқасидан Литва раҳбари Алгирдас Бразаускас ҳам минбарни тарк қилди. Партия номенклатурасининг қулоқ қоқмас парламент сайлаб олиш режаси барбод бўлди”.
ВОҚЕАНОМА ОХИРИ.
ЎЗ АРХИВИМ: 1989 йил, 28 май,соат 10. Тошкент.Пушкин кўчаси,1-уй,Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси. Шоирлар Шукрулло, Миразиз Аъзам ва Пирмат Шермуҳамедовлар одам билан лиқ тўла фойега киришади.Уюшманинг мажлислар залида йиғилиш. Минбарда Абдураҳим Пўлатов, у қурултойнинг кун тартибини эълон қилади. Залда ўтирганлар ичида Ёзувчилар уюшмаси аъзоларидан: Одил Ёқубов, Мамадали Маҳмудов,Гулчеҳра Нуруллаева, Дадахон Ҳасанов, Эркин Воҳидов, Омон Матчон, Ботир Норбоев, Аҳмад Аъзам, Усмон Азимов, Зоҳир Аълам, Носир Зокир, Хайрулла Қосимовлар бор. Композитор лардан Зоҳид Ҳақназаров,рассомлардан Баҳодир Жалолов ва Азиза Маматовалар, олимлардан :Бек Тошмуҳамедов,Олим Каримов,Темур Валиев, Файзулла Исҳоқов, Дамин Нарзиқуловлар, олий ўқув юртлари ўқитувчиларидан: Шуҳрат Исматуллаев, Абдуманноп Пўлатов,Тоиба Тўлаганова,Толиб Яқубов,Тоҳир Каримов,Маҳмуд Иноқовлар ҳамда талабалар етакчиларидан Асқар Абдуллаев,Шавқиддин Жўраев ва бошқалар иштирок этмоқда.Қурултой делегатлари ҳаракатнинг дастури ва низомини муҳокама қилишмоқда.Ҳайъат олдида фаоллари томонидан тайёрланган Бирлик халқ ҳаракатининг дастур ва низомининг ўзбек ва рус тилларидаги бир қанча лойиҳалари турибди.
Лойиҳалардан бирига «ЎЗБЕКИСТОННИНГ ТАБИАТИ, МАЪНАВИЙ ВА МОДДИЙ БОЙЛИКЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ “БИРЛИК” ҲАРАКАТИНИНГ ДАСТУРИ” деб ном берилган.Унинг ёнида Ўзбекистонда вужудга келган сиёсий вазият таҳлил этилган “Бирлик” дастури тезислари бор. Олим Дамин Нарзикулов якун ясайди ва овоз беришга ўтишни таклиф қилади.Қурултой қатнашчилари мамнун эдилар.Очиқ овоз бериш йўли билан дастур ва низомни тасдиқлашади.Стол устига низом ва дастурнинг охирги таҳрири қўйилди.Бу 1990 йилда Тошкентда “БИРЛИК -ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ҲАРАКАТИ, ДАСТУР ВА НИЗОМ» номи билан нашр этилган янги рисолача.
Диктор:”1989 йил 28 майда Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси мажлислар залида “Бирлик Халқ Ҳаракати”нинг таъсис қурултойи бўлиб,Марказий Кенгаш,Марказий Кенгаш Ҳайъати ва унинг раиси этиб техника фанлари доктори Абдураҳим Пўлатов сайланди.Дастур ва Низоми тасдиқланди. Ҳаракатнинг мақсади Ўзбекистон халқларини бирлаштириш ва мустақил демократик, ҳуқуқий давлат тузиш учун халқнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишдан иборат.Низом ва Дастурга иккинчи ва учинчи қурултойларда киритилган тузатишлардан сўнг охирги таҳрири кейинги йилда-1990 йилда нашр этилади.”
МАРКАЗИЙ ТЕЛЕВИДЕНИЕ ВОҚЕАНОМАСИ
Биринчи канал «Время” дастурининг диктори Фарғона вилоятида юз берган оммавий тартибсизликлар ҳақида гапиради.Марказий телевидениенинг Ўзбекистондаги ўз мухбири Мухтор Ғаниевнинг репортажи.Экранда месхети туркларининг ўртанган уйлари ва Фарғона аҳолисининг ташвишли қиёфалари акс этган лавҳалар.Ўз кўзи билан кўрганларнинг интервюлари.Аскарлар дубулға ва совутлар кийиб олган. Қочоқлар лагери. Фожеа қурбонларининг дафн маросимлари.Фарғонанинг аэропорти.Тиббий ёрдам ортиб учиб келган оғир юк кўтарар учоқлар.
ВОҚЕАНОМА ОХИРИ
ЎЗ АРХИВИМДАН: “Ферганская правда” газетаси.Биринчи саҳифада СССР халқ депутатларининг биринчи съездидан хабарларнинг ёнида ҳукуматнинг Фарғона вилояти аҳолисига мурожаати чоп этилган.Бошқа репортажларнинг сарлавҳалари қуйидагича:»Ўз кўзи билан кўрганлар назарида”,”Марғилон фожиаси воқеаномаси”,”Юрак изтироби ила”,”Қувасойдаги ҳақиқат»,”Қўқон осмони куйдиради”,шунинг билан бирга Муҳаммад Солиҳнинг “Виждонни чорлайман» мурожаати ҳам босилган.
Диктор: «4 ва 5 июн кунлари-биринчи съезднинг иш кунлари Фарғона вилоятида месхети туркларини оммавий қирғин қилиш содир бўлди. Қувасойда “турклар қилган ваҳшийликлар” ҳақидаги миш-мишлар бунга туртки бўлди.Ақлдан озган оломон олдида ва матбуотда мухолифат етакчиларининг чиқишлари самара бермади.Оломонни жиноятчилар бошқарар эди. Қўқонда ҳукумат томонидан еттинчи ва саккизинчи июнда уюштирилган бегуноҳ кишиларни қирғини бу фожианинг якуни бўлди”.
1989 йил,9 июн.Қўқон шаҳридаги касалхона.Бино пештоқида:”ЯШАСИН СОВЕТЛАР- ХАЛҚ ҲОКИМИЯТИНИНГ ҲАҚИҚИЙ ОРГАНИ!»деган ёзувли қизғиш рангли транспарант осилган. Палаталар саккизинчи июнда шаҳар ижроқўми биноси олдида ташкил этилган митинг жабрдийдалари билан тўлиб тошган.Шифохонага келганларнинг барчаси ўқотар қуроллардан яраланган. Бир қанчаси реанимацияда ётишибди. Маҳаллий моргнинг семон полида 20-25 ёшли бир неча мурдалар яланғоч ҳолда қўйилган…
1989 йилнинг 3 сентябри .Тошкент.Пушкин кўчаси. Тинимсиз машиналар оқими .Консерватория рўпарасидаги «Уголок”кафеси ёнида вақтнинг шафқатсиз тез ўтиши рамзидай чиғириқ айланади. Ҳозир Герман Лопатин кўчасидамиз.СССР халқ депутати Владимир Золотухин хонадони. Кичик ҳажмли хонадоннинг миттигина залида тушлик дастурхони теварагида “Бирлик” аъзолари Абдурашит Қутбиддинов,Маъмура Усмонова,Мирраҳмат Муҳаммедов ва уй эгаси Володя Золотухин хотини ва болалари билан ўтиришибди.
Диктор:»Ўзбекистонда СССР халқ депутатлигига қўлбола сайловни ташкил қилган партия номенклатураси чалкашликка йўл қўйди.Бутун диққатини мухолифат етакчиларини номзод ёки депутат бўлиб қолмаслигига қаратиб,бирмунча ботир ва мустақил кишилар мамлакат парламентига ўтиб қолганини пайқамай қолишди.Ана шундайлардан бири Володя Золотухин эди.У эскидан маҳаллада яшаб келаётган руслар наслидан бўлиб,ўзбек тилини билар ва анъаналаримиз,маданиятимизни қадрлар эди…”
-Ўзбек тилининг мақомига сизнинг муносабатингиз?- деган нозик саволни бердим Володяга.-“Ўзбек тили сўзсиз давлат тили бўлмоғи шарт!-деб иккиланмай жавоб берди Володя. Ҳатто КПСС Марказий Комитетининг сиёсий дастурида ҳам шундай дейилган.Менимча,халқ қайта қуришга қўшилиб,дастур яратиб, раҳбариятга кескин ва ўткир саволларни беришини табриклаш керак.Бу мамлакатимиздаги ўзгаришлардан келиб чиқадиган табиий демократик жараёндир. Ушбу ҳодисалардан бизнинг раҳбариятимиз нега чўчиб қолганини мен тушунмайман. Кишиларимиз,ифода учун узр сўрайман, пода бўлишни истамай қолганидан,мамлакат ва республика ҳаётида фаол иштирок этиш йўлига ўтганидан фақат хурсанд бўлиш лозим.Барибир ,кимларгадир бу хуш ёқмаса керак-да!”
Диктор: «Бу ҳолатнинг изоҳи жўнгина. Маҳаллий номенклатура ҳеч ким билан,ҳатто москвалик десантлар билан ҳам ҳокимликни бўлишмоқчи эмасди.Мана бу буюртма мақолаларга бир қаранг”.
Стол устида маҳаллий газеталар: «Правда Востока” ва “Совет Ўзбекистони”. Уларда «Боши берк кўчадан чиқиш йўлини биламизми?”,”Бир мақола устида мулоҳазалар”,”Плюрализмми ёки курси шаъними?” “Қўмсаш”,”Генераллар ва норасмийлар”.
Диктор: «Генерал Дидоренконинг ёвлари фош қилишда тортиниб ўтирмадилар.Маҳаллий ва келгинди партия мафиоз гуруҳлари орасида қоронғи иқтисод назорати учун қақшатқич кураш бошланган эди.Бу мақолалар улкан айсбергнинг арзимас бир учи , бир-бирига қараб ириллашларнинг зўрға илғаб олинадиган акс садоси эди ,холос…
1989 йил 3 сентябр.Тошкент.Горкий боғининг ёзги кинотеатрида Қаҳрамон Ғуломов раислигида мунозара клубининг йиғилиши бўляпти. Юзтача киши йиғилган.Улар орасида Толиб Ёқубов,Абдурашит Қутбитдинов,Зиёдулла Зиёмов ва бошқа фаоллар ҳам бор.Абдуманноп Пўлатов тил ҳақидаги қонун лойиҳасига бағишлаб 10 сентябрда Ленин майдонида бўладиган митинг ҳақида эълон қилади.
Диктор: »Тил масаласида ўзаро ёвлашган партия-мафиоз гуруҳлари орасида келишмовчиликлар йўқдай кўринади. Икки томон ҳам иккитиллилик тарафдори эдилар.Икки томон ҳам ҳокимият ва пулга боғланмаган тушунчалардан йироқ эди.Мухолифат учун эса,ўзбек тилига давлат тили мақомини олиш маънавий қайта туғилишнинг асосий унсури эди”.
Стол устида «Бирлик”нинг низоми ва дастури рисоласи ,ўзбек тилига бағишланган мунозарали мақолалар чоп этилган ва “Давлат тили ҳақидаги қонун”ни муҳокамасида фаол қатнашишга ундовчи чақириқлари ифода этилган “Бирлик”нинг қўлбола газетаси.
Диктор: «Ушбу ҳаяжонли мавзуни “Бирлик”нинг норасмий газетаси саҳифаларида муҳокама қилиш ва мунозара қилиш ўн минглаб кишиларни бирлаштирди”.
“Бор-йўғи бир ҳафта қолди.Имкон қадар кўпроқ одамга хабар бериш керак”,-деб бўғилади орденларини қаторлатиб тақиб олган уруш фахрийси.-Биз ўз маданиятимиз,она тилимиз ҳимоясига отланганмиз.Шунинг учун ҳам ҳамма митингга келиши шарт-деб унга қўшилади бошқа бир киши.-Митингга биз ўз бошлиқларимизни ҳам таклиф қилишимиз ва чақириқ эълонларида уларнинг фамилияларини ҳам ёзиб қўйишимиз лозим,яъни фалончи раҳбарлар ҳам иштирок этади деган маънода,-деб давом эттиради фахрий мўйсафид.
Бир четда турган Зиёдулла Зиёмов бор овози билан :-Автобус парклари директорларига 10 сентябр куни вилоят аҳолисидан биронта ҳам кишини шаҳарга олиб кирмаслик ҳақида буйруқ берилган!-деди.
-Шунгаям баҳсми?-қизишиб кетди соқолли чол,- фақат ўзбек тили мақоми ҳақида қонун қабул қилинар экан,бунда бошқа миллатларнинг тил ҳуқуқларига зарар етмаслиги масаласини муҳокама қилишимиз ҳам керак…”
Тошкент кўчаси .Енгил автомашиналар,автобус,троллейбуслар зув-зув қатнамоқда.Ўтакларда қўлларида тўрва халталарини кўтариб,етишмовчилик муаммоларини зиммасига олиб елиб-югураётган пиёдалар шоша-пиша ҳаракат қиладилар.
Диктор:”Шошиб қолган партия раҳбарияти митингдан бир неча кун олдин Ўзбекистон Компартияси Марказкомида ҳаракат фаолларини қабул қилиб,10 сентябрдаги митингда мухолифат муҳокама қилмоқчи бўлган барча масалаларни ҳукумат ижобий ҳал қилишини ваъда қилиб,митинг ўрнига “Бирлик” етакчилари телвидение орқали чиқиши таклиф қилинган эди”.
ЎЗБЕК ТЕЛЕВИДЕНИЕСИ ВОҚЕАНОМАСИ
Кўрсатув: «Долзарб мавзў”.Кўрсатув бошловчиси Турсун Қоратоев думалоқ стол атрофида ўтирган Бирлик Марказий Кенгаши Ҳайъати аъзоларини бирма-бир таништириб чиқади: шоира Гулчеҳра Нуруллаева,олим Дамин Нарзиқулов,ёзувчи Зоҳир Аълам,журналистлар-Аҳмад Аъзам,Фахриддин Худойқулов ва Ҳаракатнинг раиси олим Абдураҳим Пўлатов.”Бирлик»нинг дастури,мақсади ва вазифалари ҳақида қатнашувчиларнинг ҳар бири билан қисқа суҳбат бўлиб ўтгандан сўнг,бошловчи кўрсатувнинг асл мақсади-бирликчилар билан телесуҳбат сабабига йўналтиради. Сўз Абдураҳим Пўлатовга берилади:
« Бугунги кунда республика раҳбариятига республика аҳволини биладиган,аҳолининг ачинарли ҳолатда эканлигини англайдиган,ҳалол ва виждонли кишилар келди.Улар биз билан диалог қилиш зарурлигини айтиб, биз томон қўл чўзмоқдалар. Бу бизни қувонтиради.Кўпчиликка маълумки, 10 сентябрда ўзбек тили мақоми ва Фарғона фожиасининг ечилмаган муаммоларига бағишланган юз минг кишилик митинг режалаштирилган эди.Аммо бугунги кунда вазият ўзгарди-туннелнинг нариги бошида нур кўрина бошлади ва биз 10 сентябрдаги митингни қолдиришга қарор қилдик. Шунинг учун телеэкран қаршисида ўтирган митингга келишни ўйлаб қўйган бизга хайрихоҳлар,”Бирлик” аъзолари ва фаолларига мурожаат қиламизки,митингни ўтказиш вақтинча қолдирилади”.
Диктор: “Шундай қилиб, 10 сентябрга режалаштирилган митинг қолдирилди.Моҳиятан айёр ва мағрур ҳокимият ўзининг бирон-бир ваъда,мажбуриятларини бажармади.Шунинг учун ўзини ҳокимият билан айнан деб болаларча ўйлаган “Бирлик”ҳам,ёзувчи-шоирлар ҳам Марказ гегемонлигига қарши курашда маҳаллий партия мафиясининг оддий бир қуроли эканлигини намойиш қилди”.
ВОҚЕАНОМА ОХИРИ
ЎЗ АРХИВИМДАН:1989 йилнинг 24 сентябри.Тошкентнинг марказидамиз.Ленин метросидан чиқадиган жойда,майдоннинг қаршисида уч мингга яқин бирликчилар йиғилиб туришибди.Бу ерга вилоятлардан талабалар ва уларнинг Тошкент шаҳри ҳамда вилоятлардаги катта ёшли хайрихоҳлари тўпланишган. Худи шундай гуруҳлар Ўрдадаги Анҳор кўприги устида,Пахтакор стадиони томонидан келинадиган Анҳор кўпригида,Ўзбекистон кўчасининг Ленин музейи ва Тошкент меҳмонхонаси оралиғида,Милиция мактаби ёнидаги Навоий ва Ленин кўчалари тўқнашган жойида ҳам тўпланган бўлиб,уларнинг барчасининг йўли милиция томонидан тўсилган эди.Ўша пайтдаги жорий қонунга мувофиқ,митинг белгиланган кундан икки ҳафта олдин Тошшаҳар ижроқўмига тегишли ариза берилиб,24 сентябрда Ленин майдонида митинг ўтказишга рухсат сўралган эди. Муҳокама қилинадиган масалалар кўрсатилиб,барча вилоятларга тарқатилган ҳам эди.Бироқ митинг ўтказишга бир кун қолганида ҳокимият рад жавобини берди ва бу ҳақда телевидение орқали эълон ҳам қилинди.Бу ерга йиғилганларнинг кўпчилиги рухсат этилмаган митингга келганлигини билмас эди. “Ленин майдони» метро бекатидан чиқиш жойи майдонга олиб келадиган бошқа барча кўчалар каби тўсиб қўйилди…Ленин кўчаси сариқ «Икарус”лардан ҳосил қилинган узун девор билан тўсилиб,Ленин майдонига ўтиладиган туннелни милиция ўраб олганди. Тротуарда милиционерлар қўлни қўлга бериб жонли занжир ҳосил қилиб турарди.Метрога киришдаги мармар бордюр устида икки нафар талаба “Ўзбек тилим-жону дилим” ёзувли транспарант кўтариб турибди. Келинг,митинга келганлар билан гаплашиб кўрайлик.
“Ўзбек тили муаммоларини ҳал қилишга ваъда берганларига ҳам уч ҳафта бўлди,-деб бошлади микробиология институтининг илмий ходими Муътабар Аҳмедова,-Биринчи сентябргача «Бирлик”ни рўйхатдан ўтказишни ваъда қилгандилар,аммо ҳануз рўйхатга олмадилар,ҳалигача банкда ҳисобимизни очишмади.Қачонгача қуруқ ваъдалар билан қорнимизни тўлдиришади?”
“Ҳамма нарсанинг холис -ҳалол ўлчови бўлиши керак,-дейди уруш ва меҳнат фахрийси Мадамин Султонов,-тўқсон фоиз турки тилли аҳоли нима учун ўн фоиз аҳоли кайфиятига қараб яшаши керак? Шу адолатданми? Нега биз ўз еримизда ҳурматга лойиқ эмасмиз?Нима учун биз ўз фикримизни баён эта олмаймиз?
Кўчанинг қарама-қарши томонида,”Икарус”лар орқасида ,Ленин ҳайкали фонида қўлларига қизил латта боғлаб олган дружинникларнинг узун сафи пайдо бўлди.Булар Чкалов номидаги Тошкент авиация заводининг рус тилли ишчилари эди. Уларнинг қаторида Ўзбекистон Компартияси Марказкомининг юқори мансабдорлари,КГБ ва ИИМ зобитлари.Уларга яқин жойда милиционерлар қуршовида Бирликнинг бир гуруҳ фаоллари ижроқўм амалдорлари билан нималарнидир тортишмоқда. Сал олдин ҳокимиятдагилар митинг ташкилотчиларидан йигирматача талабани қўлга олишган эди.
Энди тезда уй-уйларига тарқалишни талаб қилишяпти.
”Асқар Абдуллаевсиз мен ҳеч нарсани ҳал қилолмайман,-деб жавоб беради “Бирлик”нинг ёшлар қаноти етакчисининг ўринбосари Шавқиддин Жўраев.-Унга қараб катта амалдор:-Биз кеча сизларни рухсат этилмаган митингга чиқманглар деб телевизор орқали огоҳлантирдик,-дейди.
– Одамларнинг ярми телевизор кўрмайди, бошқа бирлари масаланинг моҳиятини тушунмагандир,сизлар эса йўқ жойдан тўполон чиқаряпсиз.
-Биз сизларнинг кишиларингизга ижроқўмнинг рад этган қарорини топширдик.
-Бизнинг оммага тезда таъсир қила оладиган оммавий ахборот воситаларимиз йўқ-ку!-жавоб берди Абдураҳим Пўлатов.Унинг ёнида шоир Муҳаммад Солиҳ,физик Дамин Нарзиқулов,журналист Анвар Усмонов,композитор Зоҳид Ҳақназаров,ўқитувчи Маҳмуд Иноқов ва мухолифатни тазйиққа олганлар бошчиси Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси милиция полковниги Ураим Абдуганиевлар турарди.
-Митинг ман этилгани ҳақида нега ижроқўмнинг масъул кишиларидан бири эмас,айнан диктор гапиради?-қизишиб гапирди Пўлатов. -Қамалган талабаларни қўйиб юборишмагунича биз тарқалмаймиз!
-Қўйворамиз деб ваъда бердиларми,қўйворишади, – деб Муҳаммад Солиҳ Абдураҳимни тинчлантирмоқчи бўлади.
-Йўқ,қўйворишмайди,мен уларнинг гапига ишонмайман,-жавоб беради Абдураҳим.
-Менинг машинамда борамиз,-полковник Абдуғаниев талабаларни озод қилишга сўз беради,-Акс ҳолда бу ерда тўполон бўлади”.
Диктор: «Эҳтимол,мухолифатнинг энг обрўли икки кишиси: қизиққон Аблураҳим ва мулоҳазали Солиҳ ўртасида расман биринчи чиқишмаслик шу ерда қайд қилинган бўлса керак.Шу тарзда Бирлик халқ ҳаракатида илк дарз кетиш кузатилди.Бунинг замини эса фақат тактик хусусиятга эга бўлмай ,балки ғоявий зиддиятдан озуқланар эди.Бу ҳақда кейинроқ батафсил тўхталаман…”
Метродан юз метрлар чамаси нарида дарахтлар панасида милициянинг сарғиш панжарали автобуслари яширинган эди.Улардан 1940 йил намунали пўлат дубулға кийган,резина калтак ва қалқон билан қуролланган махсус хизмат аскарлари мўралаб-мўралаб қўйишарди.Автобусларда ва яқин иморатлар томларида жосусчалар фотокамералар ва видеокамералар билан турарди.Оломон орасида махсус хизмат агентлари ва қулоқлари фуқаро кийимида изғишарди. Улар бу ёруғ ва очиқ юзли инсонлар жамоаси орасига сингиб кета олмайди, уларни бу ерга юборганларнинг ўзи каби булар ҳам бу ерда бегона.Уларни чўчиб турган олазарак кўзлари,тикилиб кузатувчи назаридан осонгина пайқаса бўлади.
Нима билан тугашини кутиб турган минглаб одамлар милициялардан қурилган девор олдида қотиб турарди.Милиция девори ортида автобуслардан қурилган яна бир девор бор эди.Унинг ортида эса,авиация заводидан келган дружинниклар шай турарди.Буларнинг барчаси Ленин майдонидаги маҳаллий бюрократиянинг уяси -баланд бинода қарор топган ва жамланган ў т м и ш ни қўриқлар эдилар. Улар Ленин санамини ,»Аврора” крейсерининг неон ёритгичли тасвири ва 1917 ёзуви билан безанган “Искра” кинотеатрини қўриқламоқда эдилар.
Диктор:”Шу бугунги кундан бошлаб “Бирлик” партия-мафиоз гуруҳлар таъсиридан чиқа бошлайди ва унинг етакчилари пишиб,маҳаллий ҳокимият ва халқнинг қадриятлар тизими ҳар хил эканлиги,манфаатлари қарама-қарши эканлигидай аччиқ ҳақиқатни тушуниб етадилар. Ҳокимиятдагиларнинг барча ҳатти -ҳаракатлари ,бошиданоқ,амалдорлар томонидан тайёрланган давлат тили ҳақидаги қонун лойиҳаси муҳокамасида аҳолини иштирок этдирмасликка қаратилган эди.
Бугина эмас!!! Инсонлар бу ерга бизнинг бечора еримизда-ҳукмронлар доим ёлғон гапириб келган еримизда ҳам ошкоролик бўлармикин ,деб сўрагани келишганди.Улар бу ерга Фарғона ва Қўқон ҳақида ҳақиқатни қурбонларнинг ўз оғзидан эшитишга келгандилар. Улар бу ерга пахта яккаҳокимлиги ситамлари,болалар меҳнати азоблари ҳақида дод дегани қадам қўйгандилар.Армиядаги окачилик(дедовшчина) ва аскарларимизнинг ўлдирилиши аламларини,миллий камситилиш хорликларини,бир бурда нонга зорликларини изҳор қилишга келгандилар.Тўғри ,орадан салгина вақт ўтиб ушбу қурбонталаб муаммоларни муҳокама қилишга тўғаноқ бўлганлар бир думалаб миллий ватанпарварлар қиёфасига кириб,анъанага мувофиқ тарихни қайта ёза бошлайдилар ва бунда улар ўзларини демократия,мустақиллик учун курашганлар ҳамда қайта қуришнинг илк қадамларини отган кишилардан деб уқтирадилар.Лекин жаноблар,ҳали кун ботиб,сизнинг тонгингиз отгани йўқ.Тарихни ғолиблар ёзадилар,бироқ сиз ғолиб эмассиз!”
БИРИНЧИ ФИЛМ ОХИРИ
Сенарий муаллифи: Абдулазиз Маҳмудов
Таржимон : Бахтиёр Исабек



