РАБОТДАН ЧИҚҚАН ЧЕМПИОН

Эшитганмисиз?

Абулфайз Бaротов

Бир неча йиллардан бери, Зарбдор тумани, Бустон шаҳарчасидаги «Янгиобод» маҳала фуқоролар йиғини раиси бўлиб ишлаб келаётган Мусурмон Тоғаев бир вақтлар от спорти бўйича усталикка номзодлик даражасига етишган эди.

1977 йиллар эди. Ўшанда Мусурмон ўрта мактабни тугаллаганига эндигина бир йил бўлганди. Жиззах туманидаги 76 «Работ» – от заводида чопиқир қорабайр отлари боқиларди. Ҳа, илгарилари қорабайр отлари ҳақида қўшиклар куйланган, айникса уруш йиллари бу отларнинг донғи достон бўлганди.

Мусурмон тез-тез от заводида бўлиб, синаб курилаётган қорабайр отларини томоша килишни яхши кўрарди. Гоҳида ўзи ҳам отга миниб, мусобақаларда қатнашарди.

От заводининг отчилик бўйича бош зоотехниги (марҳум) Жўра Чалабоев отнинг устида худи қуйиб қўйгандек ўтириб олган Мусурмонни кўриб, уни олдига чақирди.

– От спорти мусобакасида қатнашишни истайсанми? – деди у сочлари усиб елкасига тушган, жуссаси кичик ўсмирга.

Мусурмон қувониб кетди.

– Ундай бўлса келавер. Мен тайинлаб қўяман, сенга от беришади.

Ўша йиллари бу отлар баҳордан то кузгача бутун Республика миқёсида Тошкент отчопарида синаб кўриларди. Шундай килиб, 1977 йилнинг кузида Тошкент отчопарида Тошкент от заводидан, Қозоғистоннинг Сариёғоч от заводидан, Тошкент от спорти мактабидан, Қашқадарё от заводидан, Жиззах туманининг Навоий номли колхозидан олиб келинган чопқир корабайр отларнинг мусобақаси ўтказилди.

Ишонасизми, ана шу синовларда қўлга киритилган совринларнинг 60 фоизини 76 «Работ» от заводида парваришланган чопқир қорабайрлар қўлга киритган эди.

Кейин Мусурмон армия хизматига кетди. 1979 йилда армия хизматидан кайтиб келиб, Тошкент кооператив техникумига укишга кирди. Талабалик пайтларида бирон кун ҳам канда қилмай отчопарга бориб, синовларда қатнашиб турди.

– Чавондозликда махсус ғолиблик дипломини олганман, – деди Мусурмон Тоғаев ўша кунларни чуқур энтикиш билан эслар экан. -1000 метрдан 3 километрлик масофагача бўлган мусобақада кўп марта ғолибликни қўлга киритганман. Кейин эса отлар камайиб кетди. Ҳозир эса умуман қорабайр зотли отлар бўлганлигини кўпчилик ёшлар билмайди ҳам.

Ҳа, техника тараққиёти отларни гўё бир четга суриб ташлагандай. Работда отлар бор, лекин уларнинг илгариги шуҳратини тиклаш қийин. Ривожланган мамлакатларда от спортига ката эътибор берилади. Бизда ҳам шундай бўлиши керак.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares