Свет йўқ, газ йўқ, ақл йўқ ёки ҳаммасидан бир шингил

– Қаранг, қишда совуқ бўлар экан!
– Гапирманг-эй! Совуқ уйларда, мол ёғидек тўнғлаб ётибмиз. Энди, эсон-омон ёзга чиқиб олсак, уч тўнна кўмир олиб қўяман.
– Э, ҳар йили шундай дейсиз. Қилмейсиз бундай!
– Қиламан!
– Кўрамиз!…
Орадан бир йил ўтди:
– Қаранг, қишда совуқ бўлар экан!
– Гапирманг-эй! Совуқ уйларда, мол ёғидек тўнғлаб ётибмиз. Энди, эсон-омон ёзга чиқиб олсак, уч тўнна кўмир олиб қўяман.
– Э, ҳар йили шундай дейсиз. Қилмейсиз бундай!
– Би йил албатта қиламан!
– Кўрамиз!…
***
Ва орадан яна бир йил ўтди, ва яна аҳвол шундай. Албатта, бу ҳазил.
Лекин ҳақиқат бундан ҳам кулгили. Худога шукр-ки, ярим метр, бир метр қорлар ёғиб бермаябди. Унда ҳолимиз не кечаркин, дейман. Мақолани
шундай ҳазил билан бошлашимнинг сабаби эса бежизмас. Зеро, худдики, қишни совуқ бўлишини илгари тасаввур ҳам қилмаган, Африкадан янги
кўчиб келганлардек, ҳар йили қишни қалтираб, дилдираб ўтказамиз.
Андижоннинг бугунги манзараси бунга мисол: Эрталабдан кечгача, махаллаларда гуруҳ одамлар тўпланган. Ҳаммаларининг оғзида “свет йўқ”,
“газ йўқ”. Бу тўтиё нарсалар, бир ёниб, бир ўчиб, бир пайдо бўлиб, бир йўқолиб, ҳамманинг асосий мавзусига айланган. Қўни-қўшнилардан тортиб,
кўчалару махаллалар, бир-бирлари билан свет (электр куввати) ва табиий газ толашиб, можаро қилишгани қилишган.
Кўчалардан ўтсангиз, ўзингизни, худди, дизели ишлаб турган тепловознинг ичидан ўтаётгандек ҳис қиласиз – ҳамма томондан газ сўрғич моторларнинг овозини эшитасиз. Ҳўш, бу овозлар нимадан далолат?
Ҳа, топдингиз! Озми, кўпми свет бор. Яъни, свет бўлмаса, моторлар ишламайди-да. Лекин улар ишлаяпти. Ҳўш, ишласа нимани тортяпти? Ҳа,
албатта газни! Бинобарин, газ ҳам озми, кўпми бор экан.
Энди муддаога ўтамиз. Ваҳоланки, бу мақолани ёзишдан олдин, шаҳарнинг ярмини, шу жумладан кўп қаватли уйлар қурилган даҳаларни, пиёда
айланиб келдим. Хулосам шуки, биз ҳаммамиз, деярли, ховлиларда яшаяпмиз экан. Дўконга кирасизми, офисга кирасизми, ошхонага кирасизми, хаммасида бир қават эшик ва ойнаси бир қават деразалар.
Қариндош-уруғларнинг, таниш-билишларнинг ҳонадонларини зикр қилсам, нуқул алохида-алоҳида ҳоналар, бир қават эшик ва онаси бир қаватли
деразалар. Даҳлисли уйлар жуда кам, яъни, даҳлислар ҳам алохида хоналарга айланган. Умумий қилиб айтганда, иссиқликни сақлаш деган
тушунча, миямизда, умуман йўқ.
Энди, кўп қаватлик уйлардаги балконларни олайлик. Ҳамма балқонларини ойнаванд ром қилиб, турар жой қилиб олган. Деразаларнинг онаси, албатта, бир қават. Шу ерда шундай мисол келтиришим мумкин. Масалан,
темир эритувчи печларни олайлик. Ичида, минг-иккиминг даража иссиқликларда темир эритилади. Печнинг атрофида совутиш тизими (яъни,
система охлажденияси) бор, ва печни ёниб кетишдан саклаб туради. Энди холисанилло айтинг, 7-ти метрли балкон деразаси, совутиш системаси бўлиб ишлаб турса, қандай қилиб қвартирамиз исийди?
Яҳшиямки оталаримиз, ойнаси икки қават (италянский) деразали, синчли уйларни қуриб қўйган эканлар. Шундай уйларда, шу кунларда кўпчилигимиз
жон саклаяпмиз. Қишдан, албатта, яна эсон-омон чиқиб оламиз, лекин яна парвои-фалак кетоврамиз.
Сибирларни олайлик. Мисол учун, 40 даражали совуқларда, тўрт хонали уйда битта печка бўлади. Эрталаб бир марта, кечкурун бир марта ўт
ёқилади. Ярим пақирдан, бир пақир кўмир билан, уй бир сутка давомида иссиқ туради. Буни биз, деярли, ҳаммамиз биламиз. Лекин бундай иссиқликнинг тежамкорлигидан биз қачон сабоқ оламиз?
Шу ўринда, аввало мутассаддиларимизнинг фикрлаши ўзгариши керак.
Тежамкорлик маданиятимизни оширишга, тарғибот ишларини йўлга қўйиш билан бир қаторда, назоратни ҳам олиб боришлари керак. Буйруқбозлик ва
зўровонликларни назарда тутмаяпман. Масалан, хоқкимиятларда, меъморчилик бўлимларда, турли лойиҳаларни тасдиқлаш чоғлари, арзимас
туюлган, лекин муҳим жиҳат бўлган, иссиқликни сақлаш чоралари кўрилганми, йўқми, эътибор беришса, мақсадга мувофиқдир. Айни чоғда Андижонда ялпи қурилиш ишлари борар экан, бу янада долзарб масала
эканлигини назарда тутиш керак.
Пировард хулоса шуки, муаммолар бир-бирини келтириб чиқариш жиҳатларга эга. Яъни, иссиқликни сақлашни билмасак (ёки хоҳламасак), бизга ҳеч қачон электр қуввати ҳам, табиий газ ҳам етмайди.
***
Саиджаҳон Зайнабитдинов.
“Аппеляция” жамияти.
Андижон, ЎзР
.
13 01 2011

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares