ЎН ЙИЛ МУҚАДДАМ

Баҳодир Чориев

3-қисм

Мен бу икки, ўзини ўйлайдиган кимсани бирига иш бериб, бирига эса озгина ер бериб овозини ўчирсам бўлар еди. Аммо ўзимнинг виждонимга, принцпларимга ва энг муҳими акциядорлар манфаатларига қарши бормадим. Уларнинг барча тухматларига чидаб, келган текширувчилар билан қонун доирасида гаплашиб, қайтариб юборар эдим. Баъзиларини ҳурматларини жойига қўйишга ҳаракат қилиб, яқин чойхоналарнинг бирига, бир паёла чойга бош ҳисобчи, бошқа ҳодимлар ёки ўзим таклиф қилиб, хайрлашиб кузатиб юборардик.

Шу ерда бир ҳолат бор эди. Чой ичиришдаги ҳар бир харажатни ўзим ёнимдан тўлар эдим, ҳеч қачон бирор маратоба жамият ҳисобидан фойдаланмасдим. Мехмонлар чой ичиб кетишар, хафта охирида ўзим вақт топиб, чойхона харажатларини тўлаб қўяр эдим. Буни ҳамма аъзолар билишарди ва бошида анча ҳижолат тортишдилар, кейинчалик бу холатга кўникиб қолишдилар.
2000 йил 25 феврал куни ўтказилган жамиятнинг йиғилишида, мен вақтинчалик раис лавозимига тайинландим. Кейин апрел ойидаги Умумий йиғилишда кўпчилик овоз билан “Кеш” ҳиссадорлик жамиятининг раҳбарлигига сайландим.

Туман раҳбарлари, ИИБ бошлиғи, ҳамда туман прокурори мени қонуний йўллар билан олишга кучи етмаслиги сабаб, шикоятчиларнинг аризаларига эътиборларини кучайтиришди. 2000 йилнинг июн ойининг ўрталарида туман ИИБ терговчиси Тиловов томонидан менинг устимдан жиноий иш қўзғатилди. Жиноий ишни очиб қўйиб, эплолмасдан, ишни туман прократурасига ўтказди.

Прокурор ёрдамчиси Акмал Мухаммадиев билан суҳбатимиз қаттиқ тортишувлар билан кечди. У бир неча йиллик бухгалтерия ҳисоботларини сўраб, текширувлар ўтказишига қаттиқ туриб олди. Мен эса бухгалтерия хужатларини бермасдан, фақат шикоятга доир хужжатларни беришимни, акс ҳолда уларнинг ноқонуний текширувлари жамият иқтисодига, ҳамда одамларнинг кайфиятига салбий таъсир қўрсатишини айтдим. Шунда Мухаммадиев: “Чориев бунча ҳалқпарвар бўлмасангиз, нима президент бўлмоқчимисиз”, деб устимда кулди. Шунда мен “Худо этса, бўламан ҳам”, деб унга жавоб қилдим. У менга туя ҳақида бир мақолни айтди, кейин мендан қўшимча хужжатларни ололмаслигини билиб, ўз идорасига мени қайта чақиртиришини айтди.

Дарҳақиқат, 2000 йилнинг сентябр ойининг ўрталарида мени туман прократурасига чақиришди. У ерда вилоят прократурасини махсус терговчиси Шерматов билан суҳбат бўлиб ўтди (Шерматов бир неча йилдан сўнг автотранспорт фалокатида дунёдан кўз юмган экан). У ўзини жуда олижаноб кўрсатиб, ноқонуний иш олиб бормаслигини менга (мен сўрамасам ҳам), таъкидлаб ўтди. У ўзига менда ишонч ўйғотганлиги сабаб, унга барча бухгалтерия хужжатларини (кейинчалик) бердирдим.

Терговчининг ишига аралашмай, унга шароит яратиб бериб, ўз фаолиятимни давом эттирдим. Бу паллада пахта терим мавсуми борарди. Мен туман ҳокими Шухрат Алланазаровга Давлат буюртмасидан чиқариш тўғрисида қарор чиқариб беришни, бир неча маротаба эслатдим. У менга: “Чориев, сиз бу ерда янги Америка очманг”, каби гаплар билан, ишни орқага суришга харакат қилар эди.

Хуллас, 2000 йилнинг ноябр ойида Шаҳрисабз туман ҳокимлиги томонидан “Кеш” акциядорлик жамияти бутунлай давлат буюртмасидан чиқарилди. Биз жуда хурсанд эдик.Тезда барча ички имкониятлардан фойдаланиб 300 га ер майдонига арпа, 50 га ер майдонига эса буғдой экдик. Ғалла майдонларининг ғаллалари бир текисда униб чиқиши бизларни янада қувонтирган эди.

2001 йилдаги бозордаги ғалла нархи 100 сўмга етишини прогноз қилган ҳолда 2001 йил учун иқтисодий режаларни ҳисоблаб чиқдик.2001 йилда ғаллачиликни ўзидан 150 миллион сўм, қолган соҳалардан эса 200 миллион сўм даромад, жами 350 миллион даромад кутилаётган эди. Ишчилар касаба кўмитаси билан келишиб, 2001 йилда жуда катта миқдорда мукофотлаш ҳақида режаларимиз бор эди. Шу мукофотлар ичида битта ТИКО русумли янги автомобилнинг борлиги сабаб ишчиларнинг меҳнатга,хусусий мулкчиликка нисбатан анча қизиқишлари ортиб, уларнинг ижобий томонга фикрлари ошган эди.

Бизнинг иқтисодий ютуқларимиз туман ва вилоят раҳбарларига тинчлик бермай қўйган эди. Вилоят прокуратураси 2001 йилнинг 2 январида мени қамоққа олишга қарор қилди. Вилоят раҳбарлари вилоятдаги прокуратура ҳодимлари билан келишиб олганлари кейинчалик менга ҳам равшан бўлди.

Қонун бўйича вақтинчалик қамоққа олинган шахс прокурор санкциясигача қамоққа олинди деб, судгача эса жиноятчи деб ҳисобланмайди. Қамоққа олинишимнинг иккинчи кунида туман ҳокимлиги, вилоят ҳокимлиги билан биргаликда “Кеш” акциядорлик жамиятининг асосий акциялари қўлларида бўлган акциядорлар иштирокисиз, Акциядорлик жамиятлари ҳақидаги қонунга хилоф равишда қўшма йиғилиш ўтказдилар. 4 январ 2001 йилда бўлиб ўтган қўшма йиғилиш ташаббускори туман ҳокими Шуҳрат Алланазаров(бир неча йилдан кейин юрак хуружидан вафот этди) бир неча қонунларни билиб туриб оёқ ости қилди.

1. Менга ҳали прокурор санкцияси берилмаган эди. Бундай ҳолатда ҳатто акциядорлар ҳам ташкилий йиғилишларни ўтказмайдилар. Бу ҳолда прокурор санкцияси кутилади. Мен тўлиқ қамоққа олинганимдан кейин ташкилий йиғилишлар менинг иштирокимсиз қилиниши керак. Йиғилиш куни мени қамоқда қолишим масаласи ҳал бўлмаган эди.

2. Ҳоким акциядорлик жамиятининг кузатув кенгаши розилигисиз ёки иштирокисиз жамиятнинг ички ишларига аралашди.

Ушбу қўшма йиғилишда менинг ўрнимга Келдиёр Шоназаровни “сайлаб”, тайинлаб кетишди. Кейинчалик бу шахс туман ҳокимининг топшириғи билан давлат билан янги шартномалар тузиб, барча ғаллани давлатга топшириб юборди. Жамиятни яна давлатга, маҳаллий амалдорларга қарам қилиб, уни мол- мулкини жадаллик билан талон-тарож қилишга катта ҳисса қўшди.

2001 йил 5 январ куни мени СИЗОдан вилоят прокуратурасига санкция олиш учун олиб келдилар. Терговчи барча қоғозларни кўтариб бир неча соатга вилоят прокурори олдига чиқиб кетди. Мени ўша вақтда бирдан бир умидим прокурордан эди. Умидим, унга барча воқеаларни айтиб, менга қўйилаётган айблар жиноятчиликка ётмаслигини, жамиятдан бир сўм ҳам ўзлаштирмаганимни, жамиятни иқтисодий кўтарганимни тушунтирмоқчи эдим.

Афсуски, вилоят прокурори мени қабул қилмади, ҳатто ёрдамчи прокурори Умаров ҳам мен билан суҳбат ўтказмасдан мени қамоқда қолишимни чўзувчи санкцияга қўл қўйиб берган эди. Шундан кейин мен вилоят бўйича ҳеч бир қонун устиворлигига эришиб бўлмаслигини ўз тажрибамда кўрдим.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares