Ишонувчан юрагим сизни
Баландда, деб ўйлаган эди.
Ёндан қўшиб мақтовингизни,
Дуч келганга сўйлаган эди.
Қуриб юксак хаёл кўшкини,
Деган эди: «Покиза, ўктам…»
… Сидирди-ю кўздан ашкини,
Замин узра тушди у кўкдан…
12. 06. 1992.
х х х
х
«Уйга қачон борасиз?» – деб келган ўғлига жавобан очлик эълон қилиб ётган Ботир Норбойнинг айтганлари:
Майдон аро кирибман,
Тиканлари йўлимда.
Баланд дорда турибман,
Лангари йўқ қўлимда.
Пастга боқсам, қонли кўл,
Наҳанг изғир кўлинда.
Фарёд қилар ўнг-у сўл,
Таваллолар элимда.
Уят-ку жим турмагим,
ХУНХОР номи тилимда.
Қўрқма, болам, қўрқмагил,
Бир бошга бир ўлим-да…
23. 02. 1992.
х х х
х
Элатлар ўз даҳосини
Талотум кезда кўрсинлар.
Шаҳаншоҳлар баҳосини
Ёш оққан кўзда кўрсинлар.
Разолатми – қучоқлашни,
Шижоатми – пичоқлашни,
Йиғиб эл, ўзни оқлашни
Узоқмас, ўзда кўрсинлар.
Шуаро, шеърга рағбат бор,
Шоҳона уйда куйлаш ор.
Бу дунё қанчалар хунхор,
Қон оққан сўзда кўрсинлар.
Улуснинг қиймати қандай?
Зулмнинг тийнати қандай?
Қабоҳат сийрати қандай?
Шўришми?.. Бизда кўрсинлар…
23. 02. 1992.
х х х
х
Сен айтгил: «Орият – танҳо раҳбарим.
Бўлмасман пичоққа бош тутар қўйдай…»
Кўзларимга қайтиб шамс-у моҳларим,
Мен эса пойингга бошимни қўяй.
Сен айтгил: «Эртага ҳамма бўлар мард.
Бугуннинг ростини шу бугун сўйлай…»
Байрамга дуч келиб бу чеҳрайи зард,
Мен эса пойингга бошимни қўяй.
Мунис баҳорига орзиққан пайт гул.
Элга мардлик қайтсин соғинчли, суйгун…
«Муқаннаман», – дегил… «Широқман», – дегил…
Йўқса, мен кундага бошимни қўйгум…
07. 03. 1992.
СИЙРАТ
Такаллуф-ла айламанг хитоб,
Ўйларимга осон кирарсиз.
Сир эмасман. Мен – очиқ китоб,
Сиз бемалол ўқий берарсиз.
Қўлим, сочим, кўзимни ўқинг,
Улар дағал, эмас ҳалима.
Минг ўқиманг, чиқади нуқул
«Ярадорман…» деган калима.
Номим йўйиб сокин маънога,
Уқтирманг ҳам гул эканимни.
Уйғонганман… Айтай дунёга
Мен алданган қул эканимни…
16. 05. 1992.
х х х
х
Қаршимда суҳбатдош кута бошлайди:
Руҳий тинтувлардан қолсайдим ҳориб.
Ватанли юрагим тита бошлайди
Кўксида Ватани бўлмаган ғариб.
Қонун китобидан моддалар ўқиб,
Не-не гуноҳлар-у, не айбни тақир…
… Мен сўзлай бошлайман… Кетади чўкиб
Кўксида Ватани бўлмаган фақир…
Ифтихорга тўлиб аржумандимдан,
Мен унга баттарин толиб кетаман.
Ватансиз, халқсизлар анжуманидан
Халқим, Ватанимни олиб кетаман…
19. 05. 1992.
х х х
х
Маснадидан мамнун, мағрур бош ила
Сиз борсиз шу суюк, ёруғ ҳаётда.
Кўзидаги аччиқ-аччиқ ёш ила
Мен борман шу куюк, оғриқ ҳаётда.
«Сабр! Сабр!!» – дейсиз, улкан сабрлар
Бўлиб борар экан тобора жимит.
Сизни йиғлатмайди нечун қабрлар?
Қандай ёрлиқларни қилгайсиз умид?
Кўрган эдингиз-ку мен тўккан қонни,
Айтинг бир ошкора, бир мардона сўз:
Кўрмасликка олиб қақшаган жонни,
Қандай ёрлиқларга тикмоқдасиз кўз?
19. 05. 1992.
х х х
х
Маломатлар узун-узунлашмоқда,
Қабоҳатлар тизим-тизимлашмоқда.
Тик бошларни эгмоқ иштиёқида
Ажаб, қай кимсалар «ўзим»лашмоқда.
Юраксизни полвон, жўмардни эса
«Шуҳратларга ўч» деб исмлашмоқда.
Бир ён – ақли қисқа, дасти узунлар…
Бир-бирин «сиз»лашиб, базмлашмоқда.
Бир ён «халқим» деган оғриқли саслар
Насрлашмоқдадир, назмлашмоқда.
Кошки эди, айтсам: «Адл-у адолат
Шукур, она юртда расмлашмоқда…»
30. 08. 1992.
х х х
х
Азоб ичдинг ютум-ютум,
Тўкилгани бағрингда.
Куйламайсан… Созинг бутун,
Умринг кечар яримта.
Чирқираган «оҳ»ларинг мўл,
Куйлайверсанг бўларди…
… Ўқ отмаса соз чертар қўл,
Фотиҳ қандоқ ўларди.
Букун эса тўй-тўйлайди
Масрур-масрур қўшиқлар,
Пана излаб кураш пайти,
Энди жасур қўшиқлар.
Жилмаясан истеҳзоли,
Сўз айтмоқни ор, дейсан.
Умрни бут айлар толе
Бизларга ҳам бор, дейсан.
Нечоғ хуштаъм, нечоғ хушбахт,
Ойдан, кундан ёруғ у.
Кўкармоққа кутар фурсат,
Тупроқдаги уруғ у…
30. 08. 1992.
х х х
х
Ҳаво булутланиб, қовоқ уяди,
Чақмоқ замзамасин кўнглим суяди.
Ёмғир шаррос қуйиб, деразам тўсар,
Руҳим майсалари қиқирлаб ўсар…
Шамол эшигимни очиб ёпади,
Мени меҳр ила ошно топади…
Тун бостириб келар, чўчитмоқ бўлиб,
Мен пешвоз чиқаман қошига кулиб…
ГУЛнинг иштиёқи, НУРнинг шаҳдиман,
Қасдма-қасд ўсувчи тут дарахтиман…
30. 08. 1992.
ФОЛ
Ёғдулари тилло-ю кумуш
Кечангизнинг, кундузингизнинг.
Беталофат буржларда, демиш
Мунажжимлар юлдузингизни, –
Тун ичидан шодон чиқасиз.
Омадлисиз. Чўлда сардоба
Сизни чорлаб, чиқмагай сароб.
Яшаркансиз, тутиб зардоблар,
Тегрангизда қурбонлар сероб, –
Хун ичидан сарбон чиқасиз.
Тасир-тусир… Қий-чув… Оҳ-воҳлар…
Ҳаёт – банди илинган япроқ…
Изғир ёлғон, изғир гуноҳлар…
Не-не қилмиш гувоҳи – тупроқ… –
Дом ичидан ҳоқон чиқасиз.
Буюкликка соҳиблар сероб.
«Маним» – дейсиз бундай толени.
Адолатнинг кўзига қараб
Айтар бўлсам сезгим фолини,
Шон ичидан бешон чиқасиз…
Қурбон чиқасиз…
04. 09. 1992.
Гульчехра Нуруллаева




