1992

Гульчехра Нуруллаева

ИЧ-ИЧИМГА ҚОТИЛЛАР
ҒАМ СУРАТИН МИХЛАЙДИ.
ТОЛИБЛАРИМ ОТИЛАР,
ШОИРЛАРИМ УХЛАЙДИ…

Тошкентда отилган талабалар –
менинг бегуноҳ оққушларимга

Тепасида юлдузлари – ўқ,
Ҳилоли – ёй… Инграр бу диёр.
Оҳларингиз эшитгувчи йўқ,
Эшитади фақат тўрт девор.

Бу сим-сиёҳ, изтиробли дам
Чорасизлар ичра чорасиз,
Серфиғонлик, беимконликдан
Шамдай ёниб, тугаб борасиз.

Тингларканман қилич оҳларни,
Кўз олдимга СОТҚИН келади.
Тепамдаги юлдуз – ўқларни
Ҳилол-ёйдан отгим келади…
17. 01. 1992.

ТЕЛБА ДУНЁ

Пушти, қизил гул севиб,
Сафроларга йўлиқдим.
Ватан севиб, эл севиб,
Балоларга йўлиқдим.

Мардим банди жаллодга,
Сўзи забун, нетайин.
Ҳокимларим «ур», «от»га
Тамошабин, нетайин.

Яширай, десам, оҳим,
Борлиғимдан билинар.
Қазиб таназзул чоҳин,
Адибларим бўлинар.

Ич-ичимга қотиллар
Ғам суратин михлайди.

Толибларим отилар,
Шоирларим ухлайди…

… «Бахт берарман Туронга,
Тўктирмасман кўз ёшин…» –
Қўлин қўйиб Қуръонга,
Қасам ичар юртбошим…
25. 01. 1992.

х х х
х

Қўй билдимми бўрини,
Кимга очдим дардимни?
Тутиб бер, деб ўғрини,
Ўғрига ёлбордимми?
Бошин уриб тошларга,
Хўрлашдими мардимни?
Дуч келиб сел ёшларга,
Чинқириб юбордимми?
Қон қусдими фидойи,
Ёлғон босиб гардунни?
… Ўзинг қўлла, Худойим,
Биз – соддадил мардумни…
28. 01. 1992.

ЁДГОР ОБИДНИНГ
ЭВАРАЛАРИГА АЙТГАНЛАРИ

Тиловатдан бенасиб,
Муҳожир урфлар касб,
Ў, бу халқим… наҳс босиб
Ётишларни кўрганман…

Қулоқ қулоқмас балким.
Сўзлаб қурирди ҳалқум.
Шаҳаншоҳми?.. Ўз халқин
Отишларин кўрганман…

Эрк – қуёшим, ойимдир,
Йўл – қиёмат қойимдир,
Ҳибсхона – жойимдир,
Ётишларни кўрганман…

Қарсак урдик ногоҳ биз,
Мустақиллик очди юз,
Қаттиқ нонини бесўз
Тотишларни кўрганман…

Боқсам, ҳамма қаҳрамон,
Талаш лавозим, унвон,
Четга, бўлиб қатағон,
Кетишларни кўрганман…
10.02.1992–1995.

ТУРКИСТОН

Шарқ машъали сен ўзингсан, дедилар,
Алдаб-алдаб, бўлиб-бўлиб едилар,
Куйганларинг ер остида эдилар,
Осмонимда кемтик ҳилол Туркистон,
Тўлиша қол, тўлиша қол, Туркистон!

Ҳолинг кўриб, йиғлай-йиғлай соч ёйдим,
Ўнгланмадим, тоя бердим, кўп тойдим…
Бўлинганлар бўлармикин ҳеч ойдин?
Бўлинишлар нурга завол, Туркистон,
Бирлаша қол, бирлаша қол, Туркистон!

Исми гул-у, гули сўлғин қул – менман,
Қуллигини билмай ўтган гўл – менман,
Айтишим-чун исму жисми гул – менман,
Ўзинг нажот, ўзинг аъмол, Туркистон,
Бирлаша қол, бирлаша қол, Туркистон!

Бўлмай-бўлмай, битта ўрай сочимни,
Лочин бисёр. Ҳамдам кўрай лочинни,
Йўқса, босқин босаверар очунни,
Зорланади мунглуғ аёл, Туркистон,
Бирлаша қол, бирлаша қол, Туркистон!
13. 02. 1992.

х х х
х

Кетай, яшаш – хою хавас, сайлмас менга,
Йўлингизга тўсиқ бўлмоқ – майлмас менга.
Сизни кутар мартабалар, шоҳона базм,
Мени эса – мунгли туроқ, йиғлаган вазн.
Сизни кутар оқ ёқалар, майин қарашлар,
Қўл сиқишлар, такаллуфлар, шонга ўрашлар…
Ҳеч ким мендай «Ҳақиқат!» – деб, тутмас ёқадан,
Даврангизда сўзлар босиқ, осуда қадам.
Адолатнинг ҳаққи учун бўлмайди жанглар,
Руҳингизни аллалагай хушҳол оҳанглар.
Ўқ еган қуш – талабалар олинмас тилга,
Балки қадаҳ тутарсиз ҳам олий қотилга.
Балки сизга тортиқ бўлар янги унвонлар,
Кўринмагай менинг каби юраги қонлар.
«Ватаним…» – деб урарсиз ҳам кўкрагингизга,
Ташвишланманг, кирмагайман кўкламингизга.
Мен борарман, чидай олмай юртим оҳига,
Очлик эълон қилганларнинг қароргоҳига.
Юзим заъфар, сочим тўзғин, уст-бошим юпун,
Лекин руҳим… О, бу руҳим эмасдир забун.
Лавозимлар, унвонларни босиб борарман,
Фарёдларни кўкрагимга осиб борарман.
Ўйламангки, умри кемтик, вужуди ярим,
Сафи оз-у, ори кўплар – юракдошларим.
Ва ногаҳон… келсам агар сиз-ла юзма-юз,
Маъзур тутинг, ўтар бўлсам, айтмай бирон сўз…
14. 02. 1992.

МАҚСУДАГА

Фарғоналик дилбар шоира Мақсуда Эргашева
Хонқиз қишлоғида 19 ёшли Ҳамида исмли келинчак ўзини ёқиб юборганини, қўрғонтепалик 22 ёшли Раъно Ҳаётхон ва Саётхон исмли икки қизалоғи ила ўзини поезд тагига ташлаганини, шоира яшаётган Оқбўйра қишлоғида 23 ёшли Маҳбуба ҳам 8 ойлик чақалоғини бешикка боғлаб қўйиб, ўзи поезд

тагида ҳалок бўлганини айтиб, дардли шеър ёзибди ҳамда шоирлардан андак ўпкаланибди.

Пахта ила боғлиқ, дейми
Ўзбекистон ерлари.
Оташ, дейми, оғриқ, дейми,
Мақсуданинг шеърлари.

Сингилгинам, руҳга табиб
Хонишингдан ўргилай.
Ҳамида, деб, Маҳбуба, деб,
Ёнишингдан ўргилай.

Шаҳид кетган Раъно учун
Гадоси бўлсанг бахтнинг,
Навбатдадир халво учун
Шоирлари пойтахтнинг.

Сингилжоним – покиза руҳ,
Бирлик – сенинг тож-тахтинг.
Нетайинки, гуруҳ-гуруҳ
Шоирлари пойтахтнинг.

Лол боқарман гунг дарёга,
Ёшга қориб шеърларим.
Суви йўқдир, Сирдарёга
Айтай, десам, сирларим.

Шаҳидларим бисёр-бисёр,
Қотиллари ким, дейин?!
Қозиси бор, ҳокими бор,
Одиллари ким, дейин?!

Йиғлагайман, чин қаҳрамон
Кўксин кўрсам яроли.
Қуримасми, деб қўрқаман
Ориятлар Ороли.

Севмасалар Ўзбекистон –
Сувайдоли бу юртни,
Ҳамидадай бўлиб гирён,
Чертгим келар гугуртни.

Кел, Мақсудам, фаришта дил,
Илтижога қўлинг оч.
Алпомишин топсин бу эл,
Биз бўлайлик Қалдирғоч.

Ўтказайлик никоҳ тўйин
Юртга харидор бахтнинг…
… Бўлинсалар майли кейин
Шоирлари пойтахтнинг…
1988 – 1992

х х х
х

Бирликчи дўстларимга

О, дўстларим, сиз ўзингиз пойгакда қолиб,
Елвизаклар сирқиратиб вужудингизни,
Мени бўлса уй тўрига қўш қўллаб олиб,
Имтиҳонлар режасини тузувдингизми?

Назар солсам, укпар ёстиқ, юмшоқ поёндоз,
Оппоқ, ҳарир дарпарданинг гуллари қуюқ.
Осиқ турар наволари бирам шоён соз,
Ботирларим, уй тўрида фақат сизлар йўқ.

Ўлтирганлар сурилишиб, бўшатишар жой,
Мулозимат, тавозедан бўламан мустар.
Исмим айтар чоғларида қўшиб «хон»у «ой»,
Эвазига бедор қалбим суғурмоқ истар.

Исташарки, мен улардай тушиб узала,
Бемор дунё ташвишидан кетсам узоқлаб.
Кўзим олса тахмондаги гулгун сўзана,
Яшай қолсам лоқайдлиг-у ёлғонни ёқлаб.

Тафаккури уйғоқларга бегона улар,
О, дўстларим, тўрдагилар ўхшамас сизга.
Туғён ўлар, унда мардлик, адолат ўлар…
… Шитоб туриб қайтаяпман пойгагингизга…
17. 02. 1992.

АРБОБ АЁЛ

Биз – бир гуруҳ тўмарисчи аёлларни арбоб аёллар мулоқотга чорладилар. Уларнинг бошлиғи, касаба қўмитасининг котибаси: «Нима, бу «Тўмарис» сўзи «тумор» сўзидан олинганми?» – деди.

Уйғонасиз оппоқ чойшабда,
Тунги кўйлак – тунга исъён – оқ.
Этак гирён оёқ тарафда,
Ковушчангиз қиммат, ялтироқ.

Деразангиз олдида узум,
Эгилгандай сизга гардани.
Келинчакнинг очгандай юзин,
Кўтарасиз ҳарир пардани.

Оппоққина дастурхон тўшаб,
Келтирасиз асал, қаймоқлар…
Сизни босмас лашкарга ўхшаб
«Нима ейман?» каби сўроқлар.

Ўғлон ухлар қўшни хонада,
Мамнун ташлаб кўзнинг қирини,
Сиз тўхтайсиз жавон олдида:
«Кийсам экан қайси бирини?»

Бўлмасангиз ҳамки маст-аласт
Навоийдан, Бобур сатридан,
Кўнгил ўсиб турар ҳар нафас
Қимматбаҳо фаранг атридан.

Кўйлагингиз қуёш тўқиган…
Кўзингизда мамнунлик ўти…
Кўчангиздан «нон» деб ўқ еган
Талабанинг ўтар тобути…

Ҳассакашлик сизга бегона,
Авом ичра ўрин олмассиз.
«Вой, болам»лаб соч юлар она,
Кўзларига кўринолмассиз.

Бузмасайди, юз буриб сиздан,
Кайфингизни бирон «бетамиз» …
… Чиқиб орқа эшигингиздан,
Машинага кириб кетасиз…
18. 02. 1992.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares