Абулфайз Бapoтoв
Зарбдор туманининг Бўстон шаҳарчасига кираверишдаги очиқ майдондан якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкаси ажратилганида, “Дом”ларда яшаётган одамлар 6 сотих ер майдонига эга бўлиш учун навбатга шошилишди. Кейин уйнинг фундаменти учун мошин-мошин тош олиб келишди, лойга беланиб ғишт қуйишди. Имконияти борлар кўч-кўронларини кўтариб, янги уйларига кўчиб ҳам киришди. Ана шундайлардан бири шаҳарчанинг Ибн Сино кўчасида яшовчи Раҳмонқул Ёқубов эди.
Раҳмонқул 80-йилларда Булунғурнинг Қирқаҳмад қишлоғидан Жиззах чўлига кўчиб келиб, янги ташкил топган совхозлардан бирида хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари, кейин маҳалла фуқоролар йиғинига раислик қилди. Бўстон шаҳарчасидан “Дом” сотиб олиб, кўчиб келганига ҳам ўн йилча бўлиб қолди. Раҳмонқул ўтган йили шаҳарчанинг кун ботар томонидан биринчилардан бўлиб уй қуриш учун ер участкаси олди. Ёзи билан иккала ўғлини ёнига олиб, ғишт қуйди, девор кўтарди. Кейин Россияда мардикорлик қилиб юрган катта ўғли ҳам келиб, улар сафига қўшилди. Тўртталаси биргалашиб икки қаватли уй барпо этишиб, кўчиб киришди.
Уйига ҳали газ тармоғи тортилмаган, хоналар электрлаштирилмаган бўлса-да, Раҳмонқул ўзинининг ана шу шароитидан мамнун. Ошхонасига баллонли газ олиб келган. Ота-боболаридан қолган қора чироқни пориллатиб ёқиб ўтирибди. Қандай яшаяпсиз?- деб сўрасангиз, мия дам олаяпти,- дея кулиб жавоб беради. Жиззах-Ховос катта йўли ёқасида жойлашган чўлқуварларнинг маъмурий маркази Бўстон илгарилари ўзининг меъморий кўриниши жихатидан фақат тумандагина эмас, балки Жиззах вилоятда ҳам саноқли гўзал масканлардан бири эди. Кейин “Дом”лар атрофида турли-туман ноқонуний қурилишлар кўпайиб кетиб, шаҳарча кўркига путур ета бошлади. Шаҳарчадаги кўплаб маданий-маиший хизмат объектлари ва иншоотларни хусусийлаштириб олган баъзи бир тирноқ ичидаги тадбиркорлар кейинчалик бу биноларни бузиб, материалларини қаёққадир ташиб кетиб, бу жараённинг тезлашишига ўзларининг “муносиб ҳиссаларини” қўшдилар. Шаҳарчанинг илгариги кўринишни тиклаш учун уриниб кўрилди. Ўзбошимчалик билан қурилган турли-туман, паст-баланд қурилишларни бузиш ишлари бошланди. Афсуски, бу иш ҳам чала қолиб кетди.
1976 йилда Бўстон шаҳарчасига асос солинган пайтда, катта йўл ёқасидаги ўн гектарча майдон очиқ қолдирилиб, келгусида бу ерда катта боғ барпо қилиш мулжалланганди. Кейин уч гектарча ерга мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилиб, боғ яхши ривожлана бошлади. Мустақилликнинг дастлабки йилларида боғга эътибор сусайди. Оқибатда уч гектарлик боғ таназзулга учради. Сувсизликдан қовжираб қолган дарахтлар қирқилиб тандирга ўтин, қурилишга материал бўлди..
Президентимиз 2009 йилни –Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили деб эълон қилганлиги муносабати билан, қишлоқ инфратузилмасини тубдан ўзгартириш борасида қатор дастурлар амалга оширила бошланди. Жумладан, қишлоқ туманларида ҳар жихатдан қулайликларга эга бўлган, замонавий уй-жой бинолари қад кўтармоқда. Пахта ва ўрмон хўжаликларига алоқадор бўлмаган бўш майдонлардан якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкалари ажратиш ва уй-жойларни меъморий жихатдан замон талабларига жавоб берадиган тарзда барпо этиш шартлиги белгилаб қўйилди. 2011 йилдан бошлаб, Бўстон шаҳарчаси жойлашган катта йўл ёқасида ҳар томонлама қулайликларга эга бўлган 20 та замонавий уй-жой бинолари қуриш режага киритилди. Ҳозир қурилиш ишлари олиб бориладиган массивда дастлабки ишлар- ер майдонларини текислаш, биноларга таъмал тоши қўйиш ишлари олиб борилмоқда.




