Саиджаҳон Равоний: ТОҒЛАР

Владимир Висоцкийдан, таржима
устоз Ёдгор Обид домлага бағишлов

Шаҳарларга гирдоб, кўйларга тошқин,
Биз яна ноилож қайтамиз албат,
Қайтамиз албат!
Забт этган тоғлардан тушамиз мискин,
Қояларда қолиб қалбимиз абад,
Қалбимиз абад.

Бас қилинглар, бунинг бефойда баҳси –
Исботладим ўзим, ўзимга шаҳсан:
Тоғлардан муайян тоғлардир яҳши,
Тоғлардан муайян тоғладир ахсан, *
Мен ҳали кўрмаган,
Мен ҳали чиқмаган!

Ким истар қолишни ғуссада ёлғиз?!
Ким зид ўз қалбига кетишни хоҳлар,
Кетишни хоҳлар?!
Забт этган тоғлардан тушамиз лек биз…
Тушар-ку ерга хоҳ олампаноҳлар,
Олампаноҳлар.

Бас қилинглар, бунинг бефойда баҳси –
Исботладим ўзим, ўзимга шаҳсан:
Тоғлардан муайян тоғлардир яҳши,
Тоғлардан муайян тоғладир ахсан,
Мен ҳали кўрмаган,
Мен ҳали чиқмаган!

Ўйғотиб қанча рой, умид, куй, мавзу,
Қоялар қолишга бизларни қистар,
Бизларни қистар!
Биз лек қайтамиз (бир йилга ё мангу),
Чун қайтишга мудом бизлар хокистар,
Бизлар хокистар.

Бас қилинглар, бунинг бефойда баҳси –
Исботладим ўзим, ўзимга шаҳсан:
Тоғлардан муайян тоғлардир яҳши,
Тоғлардан муайян тоғладир ахсан,
Мен ҳали кўрмаган,
Мен ҳали чиқмаган!

1966
*****
Андижон
17 12 2010

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares