Қишлоғингиз тарихини биласизми?
Муҳокама, мунозара, мунасабат
Абулфайз Бapaтoв
Мен бир неча йиллар муқаддам бу мавзуни кўтариб, газетада чиқиш қилган эдим. Аммо ҳеч қандай натижа бўлмади. Туман раҳбарлари мен ўртага ташлаган таклифга ҳатто қизиқиб ҳам қўйишмади.
Орадан бир неча йил ўтиб, туманга шу ерда ўсиб-улғайган ёш йигит биринчи раҳбар бўлиб ишга келгандан сўнг, менинг юрагимга умид учқунлари пайдо бўлди. Афсуски, биринчи раҳбар илгариги раҳбарларга ўхшаб мен кўтарган мавзуга бефарқ қараб қўя қолмади, балки қаттиқ эътироз билдириб, қайтага гап-сўзни кўпайтириб юборди. Туман хокимининг нега бундай йўл тутганига тушуниш қийин эди.
Аслида бу фикр мустақилликка эришганимизнинг дастлабки йилларида пайдо бўлганди. Ўша йиллари «Узбекистон адабиёти ва санъати» газетасида Жиззах вилоятидаги Зарбдор туманини “Тешиктепа” тумани деб аташ хакида фикр билдирилган эди. Чунки эски атамалар номларини ҳаётга жорий этиш учун имконият пойдо бўлганди.
Мен «Тешиктепа» атамаси туман тарихига мутлоқо алоқаси йўқ эканлигидан бошламокчиман гапимни. Бунинг учун ҳозирги кунда туман маркази ҳисобланган Оқбулоқ қишлоғи тарихи ҳақида маълумот берсак чакки булмас.
Жиззах-Ховос ката йўлининг йигирма иккинчи километрида, шундоққина йўл четида кичкинагина овулга дуч келасиз. Бу, Оқбўйра овулидир. Уни «Водакачка» деб ҳам аташади. Овулнинг жануб томонидан бошланган қўриқдан бир тегирмон сув отилиб чиқиб ётибди. Бундай чул уртасидаги ёнбағирликдан оқиб чикиб ётган бу тиниқ сув Зомин тоғларидан келаётган бўлиши мумкин. Бундай дейишимизга асос бор: худи шу ердан Зомин тоғларигача қиялик бошланади. Мазкур булоқ сувида билинар-билинмас шўр таъмини сезиш мумкин, лекин истеъмол қилса булади. Демак, сув кенг чўл қатлами остидан сизиб оқиб келаётгани учун озроқ шўрланган бўлиши мумкин.
Булоқ суви Пахтакор тумани худудида жойлашган Тесқара деган жойгача оқиб борган. Ўша ердан Арнасой кўлига борадиган зовур сувларига қўшиб юборилган. Демак, бир вақтлар сув 60-65 километр масофагача оқиб борган.
Оқбўйра овулининг шимолий-шарқ томонида Бой эшон, Сармон, Бўрончи, Қорабош овуллари жойлашган. Оқбулоқ қишлоғи ана шу овуллар таркибида вужудга келган гўзал маскандир.
Айрим манбаъларга қараганда, Оқбулоқнинг тарихи 200 йилдан ҳам нарига бориб тақалади. Ҳозир қишлоқда яшаётган аҳолининг аждодлари Зомин томонларидан кўчиб келганликлари маълум. Чунки илгариги замонларда одамлар бир ерда муқум яшамай, қаерда сув, ўт мўл бўлса, ўша ерга кўчиб бориб яшаб кетаверган.
Юқорида тилга олганимиз булоқ суви кечаси ой ёруғида, оппоқ бўлиб кўринади. Балки, Оқбулоқ деган ном анна шундан келиб чиққандир. Ҳозир булоқ суви оқадиган ката ўзанда ката зовур қазилиб, бу ернинг кўркига путур етказилган. Илгарги замонларда Оқбулоқ қишлоғи қўриғида мўл-кўл қовун-тарвузлар, ғалла етиштирилган. Гуркираган боғ-роғлар кўзни қувонтирган.Куз фаслида қовун сайили, ҳосил байрами авжга чиққан. Оқбулоқлик Норбой полвон Эрматовни шу ернинг халқи жуда яхши эслайди. У кишининг елкаси ҳеч качон ерга тегмаган. Самарқандда бўлиб ўтган бир сайлдаги курашда Норбой полвон рақибининг иккита ковурғасини синдириб юборган.
Оқбулоқ қишлоғида инқилобгача (давлат тунтаришгача), 800 дан ортиқ оила истиқомат қилган. Ҳозир қишлоқ анча кенгайган. Унинг атрофида саноат корхоналари, кўплаб маданий-маиший муассалар, ташкилотлар қад кўтарган. Шу ўринда туман маркази билан бирлашиб кетган «Юксалиш» (“Ударниик”) хўжалиги ҳақида ҳам икки оғиз гапирсак. Мазкур давлат хўжалиги 1928 йилда ташкил топган. Бу ердан ўтган темир йул инқилобдан олдин қурилган бўлиб, 1917 йилда бу ердаги станцияга Николай пошшонинг генерали Ломакин номи берилган. 1977 йилда Ломакин номи ўзгартирилиб, станция Зарбдор номи билан атала бошланди. Кейин ташкил этилган янги туманга хам Зарбдор номи берилди.
Энди «Тешиктепа» номи қандай пайдо бўлганлиги ҳақида тўхталамиз. Николай пошшо даврида, худи шу темир йўл ўтган Ломакин станциясида баландлиги 45 метрлик сув тўплагич иншооти барпо этилган. Мазкур иншоот пишиқ ғиштдан айлана шаклда чиройли қилиб қурилган. Энг тепасида чир айлана тешиклари бор. Ана шу тешиклардан теварак-атроф кузатиб турилган. 1894 йилда барпо этилган бу минорани маҳаллий халқ «Тешиктепа» номи билан атаб келишган.
Ҳозир мазкур сув иншоотидан фойдаланилмайди. Унинг ёнида замонавий сув тўплагич минораси қурилган. Илгарилари Ломакин станциясига Оқбўйра овулидан қувур тортилиб,тоза ичимлик суви олиб келинган. «Водокачка» деган ном ана шундан қолган.
Маълумки, собиқ совет тузуми даврида маъмурий ҳудудларга ном бериш борасида ниҳоятда юзаки ва бирёқлама, фақат ҳукумрон мафкура манфаатларидан келиб чиқиб иш тутилган. Бу масалада мазкур ҳудудда яшаётган аҳоли, жамоатчилик фикри ҳам, ҳудуднинг тарихи, табиати, одамларнинг ўзига хос анъана ва қадриятлари ҳам мутлақо эътиборга олинмаган. Мустақиллик йилларида туманга раҳбарлик қилганлар эса, ҳудуд аҳлида тарихий хотира, миллий ўзлик ва ғурур-ифтихор туйғуларини уйғотадиган омилларга эътибор қаратиш ўрнига, имкони борича ўзларини четга олиб, “оч қулоғим-тинч қулоғим,”-қабилида иш тутдилар. Натижада, “Бўстон,” “Янги Бўстон,” “Зарбдор,” “Янгиобод,” “Меҳнатобод” сингари тарихий номларга алоқаси бўлмаган жой номлари болалаб кетди.
Мана шундан ҳам кўриниб турибдики, Зарбдор туманини «Тешиктепа» номи билан аташга ҳеч қандай асос йўқ. Зарбдор деган ном эса кечаги «ура-урра» замонларнинг маҳсули эканлиги бугун барчага маълум.
Демак, тарихий номларни тиклашга ҳукуматимиз катта эътибор қаратган ҳозирги дамда Зарбдор туманини Оқбулоқ номи билан аташга тўлиқ асос бор, деб ўйлаймиз. Оқбулоқ қишлоғи инсон иродаси ва матонати билан бир вақтлар қақраган чўл бўлган жойда мағрур қад кўтариб турибди. Жуда кўп ажойиб инсонларнинг номи, орзу-умидлари, келажаги шу жаннатмакон қишлоқ номи билан чамбарчас боғланган. Биз бундан кўз юммаслигимиз лозим.



