“АЛПОМИШ”ДАН… АЙТМАТОВГАЧА

Абулфайз БАРОТОВ

 Китоб ўқимай қўйган кишилар фикрлашни йўқотадилар.
Дени Дидро

Қирқинчи йилларнинг охирлари эди. Эндигина иккинчи синфга қадам қўйган пайтларим. У вақтларда Ўгат қишлоғидаги бошланғич мактабда 7-синфгача ўқиш имконияти бор эди. Кейин имконияти борлар 12 километрлар чамаси узоқликда жойлашган Қўйтош қўрғонидаги ўн йиллик мактабда ўқишни давом эттириш мумкин эди. Мактабимизнинг камбағалгина кутубхонаси бўларди. Кутубхонадаги китобларнинг кўпчилиги ўзбек тилига ўгирилган рус ва чет эл ёзувчиларининг асарларидан иборат эди. Кутубхоначи бизларга ўхшаганларга, “китоб ўқишга ҳали ёшлик қиласанлар,”- деган баҳонада китоб беравермасди. Катта ёзувчиларнинг китоблари қўлимизга тушиб қолса, ҳаммавақт ҳам унга тишимиз ўтавермасди.
Шундай кунларнинг бирида амаким Олишбой Авалбоев (худо раҳматига олсин) эндигина босмадан чиққан “Алпомиш” достонини олиб келиб қолди. Мен яшаётган Уйлиқма овули Ўгат қишлоғидан 3 километрча узоқликда жойлашганди. Ўгатдаги мактабга қўшни Михлибой, Оришли, пастки Ўгат қишлоқларидан болалар 5-10 километрча йўл босиб қатнаб ўқирди. У пайтларда радио саноқли одамларда бор эди. Ўгат қишлоғидан бошқа қишлоқларга ҳали электр нури етиб бормаганди.
Хуллас, “Алпомиш”нинг дарагини эшитиб. оёғимни қўлга олиб, амакимникига чопдим. Китоб қариндошлар орасида қўлма-қўл бўлиб кетган экан. Бир ойдан кейин менга навбат келди. “Алпомиш” достонини кечалари овулдошларимга қайта-қайта ўқиб бераман. Достондаги қаҳрамонларнинг жасоратларига қойил қолиб, тасаннолар айтамиз. Ҳа, ўшанда Алпомиш, Барчинойларларнинг жасоратлари дунёқарашларимиз эндигина шаклланиб келаётган биздек ўсмирлар учун чинакам қаҳрамонлик эди. Ўсиб-улғайганимиз сари ҳаётимизга янгидан-янги адабий қаҳрамонлар кириб келиб, онгимизда мустаҳкам ўрин олди. Ана шундайлардан бири Николай Островскийнинг “Пўлат қандай тобланди” романидаги Павел Корчагин эди.
Роман қаҳрамони Павел Корчагин инқилобнинг оловли йўлларида қон кечиб кўрсатган жасоратлари туфайли ёшларнинг миллий қаҳрамонига айланганди. Мен 1962 йилда комсомол йўлланмаси билан Жиззах туманидаги “Боғдорчилик” (ҳозирги Пахтакор туманидаги “Пахтакор”) сохозида қурилиш ишларини олиб бораётган “Янгиерсувқурилиш” трестига қарашли 6-“СМУ”да бетончилар бригадасида ишлай бошладим. Ўша пайтларда милиция участкаси идоралари қошида кўнгилли халқ дружиначилари штаби фаолият кўрсатар, ташкилотлар, муассаса ва хўжаликлардан “ихтиёрий-мажбурий” равишда буйруқ билан одам ажратилиб, улар участка нозири билан кечалари навбатчиликка чиқишарди.
1963 йилнинг 1 январидан 2 январига ўтар кечаси учткавойимиз Яхъё Қўзиев Жиззахга зарур иш билан кетганлиги учун, ўша кечаси дружиначилар бригадасига раҳбарлик қилишимга тўғри келганди. Участка нозирининг совхозда йўқлигидан фойдаланган бир гуруҳ безорилар жанжаллашиб, кишиларнинг тинчини буза бошладилар. Бир нечта дружиначилар билан безориларнинг ашаддийларидан биттасини идорага олиб келиб, далолатнома тузаётганимизда, қўлида қурол билан безориларнинг шериклари хонага бостириб киришди. Шерикларим мени ташлаб қочиб қолишди. Безорилар сочма ўқ билан ўқланган милтиғини орқа бўксамга тираб отишиб, ўлди деган хаёлда бир чуқурчага ташлаб кетишган.
Мен опеперация столида ўзимга келганимни эслайман. Оғзимга кимдир резина ниқоб қоплади. “Наркоз” деган овоз эшитилди. Сассиқ ҳиддан нафасим қайта бошлади. Шунда “Пўлат қандай тобланди” романининг бош қаҳрамони Павел Корчагин операция столида наркоз таъсирига берилаётганида, “бир-икки…” деб, санагани ёдимга тушди. Мен ҳам шундай қилдим. Йигирма бешгача санаганим эсимда. Кейин онгимда қандайдир чийиллаган овоз пайдо бўлди-ю, ҳушимдан кетдим.
Ўйғонганимда тепамда кўз ойнакли киши, афтидан жарроҳ бўлса керак, менга тикилиб турарди. “Ҳа, шоввоз, ўйғондингми?- деди у русчалаб юзимгга секингина шапатилаб. Шунда мен унга шундай жавоб жавоб қайтарганлигимни эслайман: “мен Павел Корчагиндек ўлимни енгиб яшайман.” Операция тафсилотидан орадан икки ойдан кўпроқ вақт ўтганидан кейингина хабардор бўлдим. Чунки салкам 70 кун ўлим билан ҳаёт орасида “борди-келди” қилиб ётган эканман. Айтишларича операция олти соат давом этган. Юрагим бир неча марта тўхтаб қолиб, клинник ўлим бошланган. Шунда улар охирги чора сифатида операция столини оёқ томонимда кўтаришганларида, юрагим яна ишлаб кетаверган. Уруш пайтида юзлаб яраланган жангчиларни ёш жарроҳ сифатида операция қилган Николай Васильевич Садовников мен ҳақимда. “гоҳ тўхтаб, гоҳ уриб кетаверадиган бундай телба-тескари юракни урушда жарроҳлик пайтимда ҳам кўрмаганман,”- деган экан.
Мен бир ярим йилда 5 марта оғир операцияни бошимдан ўтказиб, касалхонадан ногирон ва абгор ҳолда уйга қайтдим. Ҳатто 7 синфни битирганим тўғрисида шаҳодатномага ҳам эга эмасдим. “Осмон узоқ-ер қаттиқ”,- деганларидек, ноилож уйда ўтириб қолдим. Ана шунда Этил Лилиан Войничининг “Сўна” романи қўлимга тушиб қолди. Фавқулодда ирода соҳиби бўлган асар қаҳрамони Артур Бертон худди Павел Корчагиндек юрагимдан жой олди. Ана шу қаҳрамонлар мени тушкунликдан сақлаб қолиб, ҳаётга муҳаббат, келажакка ишонч уйғотди. Максим Горькийда ҳам маълумот бўлмаган. Унинг “Менинг университетларим” асарини қайта-қайта ўқиб чиқдим. У “Олий маълумот”ни Қозон шаҳридаги новвойхоналарда оддий ишчи сифатида, дарёда қатнайдиган пароходларда кочегарлик қилиб олган. Мендан минг йилда ҳам Горький чиқмайди деб, қўл қовуштириб ўтиришимдан фойда йўқ. У вақтларда кутубхоналарда зўр китоблар тўлиб ётарди. Ҳар куни эшак миниб Ўгат қишлоғи марказидаги кутубхонага йўл оламан. Камида иккита китоб ёздириб олиб, икки кунда яна кутубхонада ҳозир бўламан.
Кейин ижода қўл урдим. Биринчи машқим “Исроилга жин тегибди”, деган ҳажвия эди. Бош қотириб ўтирмай, ҳажвия қаҳрамонларини қавми-қариндошларимнинг исми билан номлаб қўя қолдим. Ҳажвиянинг сюжети шундай эди: бош образ Исроил менга ота бир, она бошқа опачамнинг эри, яъни жондек азиз почча бўлади. Яна бир образ -Ҳалима чечам, Олишбой амакимнинг хотини, бегона эмас. Қишлоғимиздаги довруқли Бувнар фолбин оғзи бус-бутун Исроил поччамизнинг оғзини ҳажвиямда қийшайтириб қўйганимдан кейин, уни сўйилган хўроз билан савалаб, даволашга тушади, “ҳув-ҳуввлаб дев бўлсанг ҳам чиқ, жин бўлсанг ҳам чиқ, жўна бу ердан”- деб, оламни бошига кўтаради, Ҳалима чечам эса, бу воқеани бутун қишлоққа достон қилиш учун, уйма-уй изғийди.
Ҳажвиям Ғаллаорол, Бахмал ва Булунғур туманлараро “Коммунист” газетасида босилиб чиққанидан кейин, чамамда обрўйим Горькийникидан ҳам ошиб кетди-ёв. Поччам аввал менинг “шарофатим” туфайли опачамни ўласи қилиб калтаклади. Мени болахонадор қилиб икки соатча сўкибди. Ҳалима чечам шайтонлаб қолган. Бувнар фолбин эса ҳушидан кетиб, сал бўлмаса у дунёга рихлат қилишига оз қолибди. Ишқилиб почча мени ур калтак-сур калтак қилмади. Уйимга қариндошлар келиб нега бундай қилганимни сўрашганларида, “бу, бадиий асар, дунёда Ироиллар. Ҳалималар, Бувнар фолбинлар кўп,”- деб, жавоб берганман.
Хуллас, шундан кейин аччиқ тили туфайли “Сўна” лақабини олган Артур Бертон Италиянинг Венециясидан жанубий Американинг Перуси деган жойига қандай жўнаб қолган бўлса, мен ҳам шу тариқа Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманига бориб қолдим. Туман давлат банкида бошқарувчилик қилаётган қариндошимиз Шукур Сафаровнинг ёрдами билан “Коммунизм байроғи” туман газетасига тех-котиб бўлиб ишга жойлашдим. Ойлигим 50 сўм. Дунёда менда бахтли одам йўқ. Тинмай ёзаман, ёзганларимнинг бир бир нусхасини вилоят газетасига ҳам юбориб турибман. У ерда ҳам чиқаяпти. Олишбой амаким, гарчи хотини Ҳалима чечамни ҳажвия қилган бўлсам ҳам, 8,9,10-синфларда ўқиган деган табель тўғрилаб олиб келиб берди. Кечки 11-синфни тугатдим. Кутилмаганда мени вилоят “Ленин йўли” (ҳозирги “Зарафшон”) газетасига ишга таклиф қилиб қолишди. Ўн биринчи синф маълумотим билан газетага адабий ходимлик вазифасида ишлай бошладим. Кейин Самарқанд Давлат университетининг филология факультетига сиртдан ўқишга кириб талаба бўлдим.
Ана шундан кейин “Алпомиш,” Пўлат Қандай тобланди”, “Сўна” сингари асарлар қаҳрамонлар сафига Чингиз Айтматовнинг мустаҳкам иродали, ўз мақсадлари учун чинакам курашувчи қаҳрамонлари қўшилди. Адибнинг “Жамила”, “Бўтакўз,” “Юзма-юз,” “Биринчи муаллим” “Алвидо Гулсари,” “Байдамтол соҳилларида” сингари асарларини ўқиганимга қирқ йилдан ошган бўлса-да, асар қаҳрамонлари ҳануз менга ҳамдард-ҳамфикр бўлиб, ҳаётимда яшаб келаяпти. Чингиз Айтматов Гулсари деган от тимсолида оддий халқнинг қисматини қаламга олган. Отни эгасидан ташқари раис минади, тумандан келган вакил минади ва бошқа турли-туман раҳбарлар миниб, ундан ўз манфаати йўлида фойдаланади. Ёзувчи меҳнаткаш халқнинг оғир қисматини ана шу йўсинда тасвирлайди.
Айтматов асарларидаги салбий қаҳрамонларини тарбиялаб ўтирмайди. У ёвуз одамни ҳеч қачон тарбиялаб бўлмайди, уни инсофга чақириш ҳам бефойда, ёвузликка қарши фақат шафқатсиз кураш олиб бориш лозим, -деган ғояни олдинга суради.
Ҳозир шиддатли тараққиёт даврида яшаш бизга насиб этди. Оммавий-ахборот воситалари чексиз ривожланиб, интернет деган мўъжиза ҳам ҳаётимизга кириб келди. Сон-саноқсиз китоблар босмадан чиқиб турибди. Фақат бу китобларнинг кўпчилигида эътиқодларини, керак бўлса ҳаётларини ўз халқининг бахтли келажагига бахшида этадиган қаҳрамонлар жуда камдек назаримда. Алпомишлар, Павел Корчагинлар, “Сўна”даги Артур Бертонлар, Айтматов қаҳрамонлари наҳотки энди эртакка айланиб қолган бўлса деб, ўйлайман баъзан.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares