“БИРДАМЛИК”НИНГ АЪЗОСИ ВА МАСЛАҲАТЧИСИ ЭДИ

(Маслакдошимиз Абдуманноб Пўлат хотираси)

Бaҳодир Ҳасан “Бирдамлик” халқ ҳаракати раҳбари

Абдуманноб ака ҳақида хотира ёзганларнинг ҳаммаси унинг кўнгли очиқлигидан, мулойим Инсон бўлганидан сўзлайди. Абдуманноб ака менда ҳам шундай илиқ хотира қолдирган. Абдуманноб ака, Жаҳонгир Муҳаммад сингари сафдошлар билан биз Демократик Ўзбекистон конгрессини ташкил этганмиз. У Конгресда фаолият олиб борган пайтлардан ҳам марказчи, ўрта йўл тарфдори бўлиб қолди. Менимча Абдуманноб ака бир юмалаб марказчи, бошқача айтганда Ўрта йўл тарафдорига айланиб қолмаган. Бу
ҳақда узоқ ўйлаган, “Бирлик” халқ ҳаракатидаги фаолиятини таҳлил этган ва охир-оқибат шу хулосага келган. “Биз кўпинча ўзимиз маданиятга чақирмоқчи бўлган одамларга қарата маданиятсизларча гапирамиз”, дегандай мазмунда сўзлаганди. Баъзан мухолифларнинг бир-бирини, ҳукумат раҳбарларини ҳақорат қилаётганини эшитиб ёки ўқиб қолсам, Абдуманноб аканинг шу гапи эсимга тушади. У киши шу йил бошида “Бирдамлик” ҳаракатига ҳам ариза берган ва бизда маслаҳатчи булиб фаолият олиб борганди. У менинг таклифимга бажонидил рози бўларкан, ўзининг сиёсатчи сифатида, кўп йиллардан бери марказчи, бўлиб қолганини алоҳида таъкидлаганди. Абдуманноб ака аризасининг ўзидаёқ ўзига вазифа белгилаб олганди: “Ҳаракатда мени иштироким биринчи
навбатда, Ўзбекистон, минтақа, халқаро саҳнадаги сиёсий вазият таҳлили, Ҳаракат вазифалари, ҳамда ривожланган демократик давлатларда бошпана излаётган сиёсий қочоқ Ватанпарвар, жумладан ва биринчи навбатда “Бирдамлик” аъзоларига, қўлимдан келганича маслаҳатлар билан ҳуқуқий ва бошқача (консултатив) ёрдам бериш бўлиши мумкин, деб ўйлайман”, деб ёзганди у ўз аризасида. Бу аризанинг ўзидаёқ Абдуманноб аканинг бағри кенглиги, билимдонлиги,самимийлиги ўз танлаган йўлидан қайтмаслиги сезилиб турибди. Абдуманноб ака ўз сўзида туриб бизга, ҳаракатнинг бошқа аъзоларига ҳуқуқий ва консултатив ёрдамлар берди… Абдуманноб ака ВВСда, бошқа радиостанцияларда шарҳловчи ёки таҳлилчи мақомида гапираркан, мухолифларига нисбатан ҳам ҳеч қачон ҳақорат, таҳқирлашни англатадиган сўзларни ишлатмас, сиёсатдаги, ҳаётдаги, керак бўлса, инсонлар табиатидаги мураккабликларни ҳисобга олиб, қандайдир, ўзига хос босиқлик билан сўзларди. У ҳам бизлар айтаётган ҳақикатларни айтарди, аммо шунчаки, ялонғоч ҳолда эмас, қандайдир атамаларга “ўраб” гапирарди, шундай сўзлардики, менимча, президентнинг одамлари ҳам ундан хафа бўлмасди. Аслида ҳаммамиз ҳам шу хил йўлга – ҳақикатни мухолифимизга қаттиқ ботмайдиган, аммо бориб етадиган тарзда сўзлашга ўрганишимиз керак. Ҳозирда, менимча, шарҳловчилардан Камолиддин Раббимов, экспертлардан – Суҳроб Исмоилов, Фарҳод Иноғомжоновлар шу услубни эгаллаб боришмоқда… Аммо Абдуманноб Пўлатнинг сиёсатдаги ўрни бўш тургандай. “Жаҳон холи қоларми, ҳеч қачон ақли расолардан”, деган экан, бир шоир. Балки, Абудманноб аканинг ўрини унинг фарзандлари, жиянлари, шогирдлари эгаллар, аммо ўшанда ҳам сафдошимиз, акамиз Абдуманноб Пўлатнинг ўрни билиниб тураверса керак. Афсус, ҳамиша кулиб турадиган, “ғазабини кулги билан” ифодалайдиган, ўзбек жамияти учун сидқидилдан химзмат қилган бир сиёсатчидан, қалбимизга яқин бир акамиздан айрилиб қолдик. Аммо илож қанча, ҳаммамиз ҳам ўтгувчи бандалармиз. Фақат қуқруқ келиб бў кетмасдан, халқимиз учун хайрли ишлар қилишга ҳаракат қилмоғимиз керак… Абдуманноб аканинг жойлари жаннатдан бўлишини Аллоҳдан сўраб қоламиз.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares