“БОЛАЛАР ҚЎЗҒОЛОНИ”

            (Ҳажвия)

 

        Абулфайз БАРОТОВ

 

            Мен сизга айтсам, бу кўҳна оламда қўзғолонлар кўп бўлган. “Жиззах қўзғолони,”    Саид Ахмаднинг “Келинлар қўзғолони” дегандай. Аммо лекин яқинда, узоқ элларнинг бирида, Шабистон деган гўзал шаҳарчада жойлашган шифохонада катталар эмас, балки болалар қўзғолон кўтаришди. Эшитиб ишонмайсан киши. Шароитнинг йўқлиги жондан ўтиб кетганидан кейин ҳар нарса бўларкан.

            Энди болаларни қўзғолон  кўтаришга нима мажбур қилганлигини айтиб ўтсак. Улар даволанаётган шифохонанинг “Болалар бўлими”да шароит ўта ночор эди. Масалан, болаларнинг кийимини  қуритадиган жойнинг йўқлиги анчагина муаммоларни келтириб чиқарарди. Иситиш батареяларнинг устини болаларнинг иштончалари босиб кетарди.Ҳатто кийимларни қуритиш учун печкаларнинг устига ҳам  осиб қўйишарди.Бундай  лаш-лушлар у ёққа, бу  бу ёққа ўтганларга халақит бераверганидан сўнг оналар билан  санитарка ва ҳамширалар ўртасида  даҳанаки жанг бошланди.

            Ҳой, болаларингизнинг кийимларини  батареялар устидан дарҳол олиб ташланглар,-деб, буйруқ беришди ҳамшира-ю,-санитаркалар.

            -Олмаймиз. Олсак, қаерда қуритамиз?-жавоб қайтаришди оналар.

            -Қаерда қуритишларинг билан неча пуллик  ишимиз бор.-Батареялар усти қорайиб кетди.

            -Қораядими, кўкарадими, бизларга нима. Кийимларни қуритадиган жой топиб беринглар.

            Бу, шифохонада бўлиб турган даҳанаки жанжалнинг бир кўриниши. Жанжалнинг бошқа кўриниши ҳам бор. Шифохона қошида “Тез ёрдам” бўлими бор. Шифохонага ётқизиладиган беморлар ана шу бўлим орқали “сараланади”. Касалининг турига қараб, “Жарроҳлик”, “Ички касалликлар”, “Юқумли касалликлар” ва бошқа бўлимларга юборилади. Кейинги пайтларда “Тез ёрдам” “хурмача қилиқ” чиқарди. Бу ерга олиб келинган бемор бола, у ичбуруғ касалига йўлиққанми, сариқ касалига чалинганми, кўзи оғриятими – қаторлаштириб “Болалар бўлими”га юбораверишади. У ерда эса бемор болаларни “сартировка” қилавериб шифокорлар чарчашди.

            Ана шундай сабабларга кўра болалар қўзғолон кўтаришга мажбур бўлишди. Улар аввалига қўғолонни қай тарзда амалга оширишга келишиб олишди. Олти ойликдан икки ёшаргача бўлган болалар жойларида ётганлари  ҳолда оёқларини типирчилатиб, дод-фарёд кўтарадиган, қолганлари қўлларига нима илинса ўша билан тўғри келган нарсаларни тақиллатиб, уввос тортишга келишишди.

            Шундай қилиб, “Ўзинг учун ўл етим ёхуд шароит учун кураш” шиори остидаги қўзғолон эрта тонгда, ҳамма ширин уйқуда ётганида бошланди. Осмон қоқ иккига бўлиниб кетгандек бўлди. Бу қий-чувдан даҳшатга тушган оналар ҳушидан кетишди.

            Ҳушдан кетмай бўладимими, ахир. Ширингина ухлаб ётган болалар бирданига фарёд солиб, ғужанак бўлганларича у ёқдан бу ёққа ағнайверса. Ёки полни дўпиллатиб, қўлларида вилка-қошиқ, темир косалар билан тўғри келган нарсани тақиллатиб, уввос солиб  туришса. Оналар фарзандларимиз жинни бўлиб қолишибди деган хаёлга боришиб, улар ҳам фарёд уришга тушишди.Хуллас, биргалашиб ҳамма жойни танг қилиб юборишди.

            Эси тескари бўлиб кетган навбатчи ҳамшира шошганидан коридорда ағнаб тушди. Бир амаллаб ўрнидан тура сола телефонга ёпишди.Бўлим мудирига воқеа ҳақида хабар берди. Ўрта бўйли ғўлабирдан келган аёл ранги-қути учиб, ялангоёқ ҳолда касалхонага югуриб келди. Қараса, ҳамма ёқда дод-фарёд, гўё қиёмат қойим бўлгандек.

            Бўлим мудири ақлли аёл эди. У болаларни дон-дилидан яхши кўрар, уларни даволашдек шарафли ишга бутун ҳаётини бахшида этгани учун ҳам уларнинг тилини яхши тушунарди. Ҳозир у бу шовқин-сўронни ўт ўчириш машинаси билан  сув сепиб ҳам тинчита олмаслигини билди. Шартта бош шифокорга хабар қилди.

            Офтобда пешонаси ялтираб кетадиган бош шифокор бироз энкайиб тезда етиб келди. Во, ажабо! Худди муъжиза юз берди-я. Бош шифокорни кўрган болалар шартта дод-вой қилишдан тўхташди.Бўлим мудири унинг қулоғига нимадир деб шивирлади. Бош шифокор бошини бир дам ликиллатиб турди-да, сўнгра икки қўлини кўксига қўйганича, юзи кунгабоқардек яшнаб болаларга гапира бошлади.

            -Эй, ўртоқ жажжи бемор болалар, хотиржам бўлинглар. Сўрғичларингни сўриб, кашаларингни еб, дори-дармонларингни  ичиб давру-давронларингизни суриб тинчгина ётаверинглар. Бугундан бошлаб барча камчиликларнинг калласини сапчадек узаман. Ҳозирроқ камида 80 та тувак топиб келмасам, розиман, қип-қизил калга айланай. Бошлиқлар ҳузурига бораман, шароитимизни яхшилаб беринглар деб, аюҳаннос соламан. Ишқилиб ҳал қиламан. Тойчоқларим, ширинларим, шакарларим, асалларим, новвотларим… Ҳаммаси зўр бўлади. Оқ халат кийган шифокор опажонларингизнинг  бугундан бошлаб тилидан фақат бол томиб туради. Бошқа дод-вой солманглар, жажжиларим, Мени шарманда қилиб қўясизлар. Ахир, бош шифокор деган номим бор-а. Фамилиямга “вич” сўзини қўшиб чақиришади.О, бўталоқларим, ундан  айрилсам, нима деган одам бўламан-а.

Хуллас, бош шифокор ана шунақа гаплардан анча гапирди. Овози гоҳ баланд, гоҳ паст бўлиб эшитилиб турди.Бир вақт гапидан тўхтаб бундай қараса,болалар туғри келган жойда думалаб ухлаб қолишибди.Фақат оналари  бош шифокорнинг огзига тикилиб қолишганди.

Бош шифокор у ёқ бу ёққа секингина аланглаб қаради-да, хонадан сирғалиб чиқиб кетди. Шундай қилиб дунё – дунё бўлибдики, Шабистон шаҳарчасида биринчи марта болалар қўзғолон кўтариб, ўз ҳақ-ҳуқуқлари учун ана шундай курашган эдилар.

       

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares