Камчиликларни ёритиш йўли


Носир Зокир

Ўзбекистон матбуоти ва ахборот воситаларининг деярли барчаси бир хил мазмунда бўлганлиги учун, уларга кўп ҳам эътибор беравермас эканман. Яқинда соғлигим бироз ёмонлашгани сабабли шифохонада даволанишимга тўғри келди. Сал тузалиб қолганимдан кейин айланиб ташқарига чикдим. Шифохонадан сал нарироқда газеталар билан савдо қилувчи дўконча бор экан. У ерда мени яхши танийдиган бир шогирдимизни учратиб қолдим. У ҳол – аҳвол сўрагач ҳозирда «7 кун» деб номланувчи газетада ишлаётганини айтди. Гапни тўғриси мен фақат футболга оид газеталарни ўқирдим. Шогирдимизни кўнгли учун у ишлаётган «7 кун» деб номланувчи газетани 2 ноябр кунги сонини сотиб олдим.

Шифохонага келиб газетани варақлай бошладим. «Таълим тизимига эътиборсизлик» деб номланган макола эътиборимни тортди. Шу мақоладан парча келтирай. Кейин сиз ўқиётган мақолани ёзилишига нима сабаб бўлганлигини ўзингиз тушуниб оласиз.

Мақоладан парча: «11 йил ўқиган йигит ёки қиз оддий нарсаларни тўлиқ билади, деб ҳеч ким кафолат бера олмайди. Зеро, ўрта таълим жараёнида ўқувчилар ўртасидаги фарқ, ким –кимнинг боласи эканлиги янада ёрқинроқ намоён бўлмокда. Кимлардир фарзандига минг-минглаб сарф харажатларига ҳам пул топа олмаяпди. Мактабни битиргач муқим иш жойига эга бўлиш эса хом хаёлдай гап».

Мақоладан парча келтиришни давом этамиз: «Ойлик маошлари жуда ҳам кам булганлигидан, уни ҳам вақтида ололмаётганидан чарчаган ўқитувчилар бошқа ердан иш қидиришга мажбур бўлмоқда».

Мақола давомида журналистларни сўровлари натижалари ҳам эълон қилинган. Унга кўра сўровда иштирок этган 3 минг нафар ўқувчининг учдан икки қисми мактаб таълимини «вақтни бекор ўтказиш» деб билади.

«Таълим тизимига эътиборсизлик» сарлавҳаси остида чоп этилган мақоладан охирги парчани келтирамиз: «Айни пайтда меҳнатга яроқли аҳолиниг анчагина қисми пул топиш мақсадида хорижда тер тўкмоқда. Аҳвол шу даражада давом этаверадиган бўлса, яқин йиллар ичида улар сафига яна минг –минглаб ёшлар қўшилиши мумкин»: Парча тугади.

Ҳурматли сайтимиз мухлислари, «Ие зурку, бизда ҳам айрим камчиликлар ёритила бошлабди. Бўлар экан-ку, э…қоил», дейишга шошилманг. «Таълим тизимига эътиборсизлик» сарлавҳаси остида чоп этилган мақола Тожикистон ҳақидадир. Лекин бу мақолани ўқиган ҳар қандай газета муштарийси «Ахир бу камчиликларнинг аксарияти бизда ҳам мавжуд-ку» дейиши тайин. Агар «7 кун» газетаси ижодий ходимлари шу мақолани чоп этишга журъат этишган бўлса, чексиз ҳурматимиз, олқишларимиз уларга бўлсин. Ахир бу ҳам ҳақиқатни айтишнинг бир йўлида…

Бундай ижодкор йигитларни қўллаб-қувватлаш керак. Ахир қачонлардир бизда ҳам матбуот эркин бўлиши керак-ку. Бу давлатимиз обрўси учун ўта зарур! Ахир қачонгача халқимиз Россия ёки бошқа чет-эл ОАВлари орқали ўзимизда бўлаётган воқеалар ҳақида ахборот оладилар? Ахир буларнинг барчаси ҳам холис ахборотларни тарқатмайди-ку!.
Майли, қандайдир йўллар билан ёш ҳамксбларимиз халққа оз-моз бўлса ҳам камчиликлар ҳақида ахборот тарқатишсин. Биз эса уларни қўллаб-қувватлаб, матбуотимизни тўлиқ эркин бўлишига умид қилиб қолайлик.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares